Қайднома

Қидирув

«Олтин бола» мураббийидан миннатдор

«Олтин бола» мураббийидан миннатдор

  10.12.2019 19:14
  0
  391
«Олтин бола» мураббийидан миннатдор

Жоау Фелиш Golden Boy соҳибига айланди. Ушбу соврин ҳар йили Европанинг 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчисига топширилади. Мукофот 2003 йили Tuttosport газетаси томонидан таъсис этилган - ғолиб «кўҳна қитъа»даги барча спорт журналистлари берган овозларга кўра аниқланади. Жорий йил Фелиш 332 балл тўплаган бўлса, иккинчи ўриндаги Жейдон Санчо 175та овоз жамғарди. Ҳақли ғалаба, аммо Жоаунинг гапларида бир аҳамиятли жиҳат бор. «Бу «Атлетико» футболчисининг иккинчи марта шундай совринга эга чиқиши эканидан бахтиёрман. Ўз навбатида, «Бенфика» клуби ва унинг мураббийи Бруну Лажи мен ва оилам учун кўп нарса беришгани учун миннатдорман», - деди Фелиш. Ушбу футболчи ёзда «Бенфика»дан «Атлетико»га 126 миллион евро эвазига ўтганди. Мазкур трансфердан бир йил аввал у иккинчи жамоадаги оддий йигит эди, уни кўпчилик танимасди. Бундан ярим йил аввал уни Лажи ҳам танимасди.

Футболчи ва мураббийнинг

идеал иттифоқи

Фелиш «Бенфика»нинг «асосий»сига мавсум-2018|2019 бошида қўшилди. Ўшанда иккинчи жамоага Бруну Лажини мураббий этиб тайинлашди. У Фелиш билан анча вақтгача тўқнаш келмади. Лажи «Бенфика» ёшлари билан ишлаётганда, Фелиш «Порту»да эди. Фелиш «Бенфика»нинг ёшлар жамоасида ўйнаганда, Лажи Англия клубларидаги мураббийга ассистентлик қилаётганди. Фелиш «Бенфика»нинг асосий жамоасидаги дебютини Руй Витория мураббий бўлиб ишлаётган пайт нишонлаган.

Мавсумнинг кузги қисмида «Бенфика»нинг ишлари қовушмади, шу боис, 2019 йилнинг 3 январида (Фелишнинг «Атлетико»га сотилишидан ярим йил аввал) Лажига биринчи жамоа бошқаруви ишониб топширилди. Ўшанда мураббий ва футболчи илк бор танишишди, кейинчалик эса «Бенфика»нинг муваффақияти ва Фелишнинг ўсишига биргаликда гувоҳ бўлишди. Лажининг ўзи ҳам анча малака оширди, обрў орттирди - «Бенфика»нинг асосий жамоасидаги фаолият унинг учун дастлабки мустақил тажриба бўлганди.

Кейинчалик Лажи айнан Фелиш сабаб «Бенфика» тактикасини ўзгартирганини айтганди: «У эркинроқ ўйнаши учун 4-3-3 моделини 4-4-2га алмаштиргандим. Бу услуб тез иш берди. Жоау билан ишлашни бошлаганимда, унинг бир хислатини сездим: унга бошқаларнинг нима деб ўйлаши аҳамиятсиз эди. 60 минг киши Фелишнинг ўйинини трибуналардан кузатарди ва у ҳар доим бунга эътибор қаратмасди».

«Атлетико»га кетишдан аввал Фелиш Португалия чемпионатида 15та гол уриб, 7та «ассист» муаллифига айланди. Буларнинг бари Лажи келганидан сўнг амалга оширилди. Шунга ўхшаш ҳолат еврокубокларда ҳам кузатилиб, Фелишни янги «Бенфика»нинг биргина ажойиб ўйинидаёқ ҳамма таниб олди. Янгиланган схема ва ишонч йигитчанинг самарадорлигида асосий омил бўлди. Лажи келишидан аввал Жоау кўпроқ захира ўриндиғида қолиб, голлар урмасди. Кейинчалик эса ўзини кўрсатди.

Фелиш Португалия лигасида

2019 йилнинг 3 январигача: 7та ўйин (иккитаси асосий таркибда), 2та гол, 1та самарали узатма.

2019 йилнинг 3 январидан кейин: 19та ўйин (ҳаммаси асосий таркибда), 13та гол, 6та самарали узатма.

Еврокубокларда:

2019 йилнинг 3 январигача: Чемпионлар Лигасида 3та ўйин (1таси асосий таркибда), 0 гол, 0 самарали узатма.

2019 йилнинг 3 январидан кейин: Европа Лигасида 6та ўйин (5таси асосий таркибда), 3та гол, 1та самарали узатма.

Фелиш «Бенфика»дан кетгач, Лажи уни кўп марта эслади: «Унинг муваффақиятлари мени умуман ҳайрон қолдирмаяпти. Фелиш - юқори савияли ўйинчи. Унинг фаолиятидаги бир қисм­га айланганимдан хурсандман. Унга энг яхши тилакларимни билдираман, чунки у шунга лойиқ». Лажининг «Бенфика»даги иқтидорларга нисбатан бундай мулойим ва оқилона ёндашуви сабабли жамоанинг бош­қа ёшлари ҳам ўсишда давом этишмоқда.

Golden Boy-2019 ғолиби аниқланишидан бир неча соат аввал Лажи ҳам ўзига тегишли совринга эга бўлди: «Бенфика» билан Португалия чемпионати ва Суперкубогида зафар қучгани учун уни «Йил одами» деб топишди. Мазкур ҳолатда биргина ёмон жиҳат бор: мураббий Фелиш билан шу ярим йил мобайнида ишлади, холос. Шу боис, уни Португалияда олиб қолиб, ҳеч бўлмаганда яна бир мавсум ҳамкорлик қилиш нияти бор эди.

Шунга қарамай, Фелиш билан ишлаш унинг учун яхшигина тажриба вазифасини ўтади. Энди Лажи Жоаунинг мисолида ёшларга тўғри шароитлар яратиш ва мослашиш учун вақт кераклигини кўрсатмоқда. Лажи шу тариқа асосий жамоада гол уришни уддалай олмаётган 20 ёшли Жотуни танқидлардан ҳимоя қилмоқда: «Бу имконият масаласидир. Фелиш қанча вақтга эга бўлгани-ю, кейинчалик иккинчи даврани қандай ўтказганига бир қаранг».

 

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz