Қайднома

Қидирув

Шайхнинг 8 клуби

Шайхнинг 8 клуби

  10.12.2019 21:23
  0
  424
Шайхнинг 8 клуби

«Манчестер Сити» хўжайини Шайх Мансурга тегишли City Football Group компанияси Ҳиндистоннинг «Мумбай Сити» клубини сотиб олди. Ташкилот 65 фоиз акциялар соҳибига айланди, 35 фоизи эса аввалги эгалари ихтиёрида қолди. «Мумбай Сити» шайхлар харид қилган 8-жамоага айланди. Championat.com уларнинг ҳар бири ҳақида маълумот берди.

«Манчестер Сити» (Англия)

2008 йили шайх Мансур «Манчестер Сити» акцияларининг катта қисмига эга бўлди. Бир йилдан кейин эса қолган 10 фоизни ҳам сотиб олиб, клубнинг тўлақонли хўжайинига айланди. «Шаҳарликлар» мавсум-1967|1968дан буён ғалабалар нималигини билмай, АПЛ ўртамиёнасига айланиб қолишганди. Футбол билимдонлари чемпионлик бир ёқда қолиб, жамоанинг элитани тарк этишини тахмин қилишди. Аммо 2008 йилдан ҳаммаси ўзгарди.

«Сити» тўрт марта мамлакат чемпионига айланди, Англия Лига кубогини қўлга киритди, уч марта Суперкубок соҳиби бўлди. Дастлабки йилиёқ Манчестернинг мовий қисмига 12 нафар янги футболчи келди, улар орасида Компани, Робиньо, Сабалета ва бошқалар бор эди. АПЛдаги клублар мухлислари бу ўйин тезда шайхнинг жонига тегиб, «Сити»ни ўз ҳолига ташлаб қўйишидан умидвор бўлишди. Улар янглишгандилар. «Шаҳарликлар» хўжайини Англия қудратли футбол корпорация тузишнинг дебочаси эканлигига ишора қилди. Шайхнинг бошқарувида клуб беш йилдан буён фақат «плюс»га ишлаяпти.

«Нью-Йорк Сити» (США)

2013 йили City Football Group «Нью-Йорк Янкис» бейсбол клуби билан ҳамкорликда MLSда жамоага асос солди — «Нью-Йорк Сити». Бу клуб европалик юлдузларни трансфер қилгани билан машҳур, улардан айримлари - Лэмпард ва Пирло кабилар фаолиятларини айнан Нью-Йорк­да якунлашди. Давид Вилья ҳам ўша ерда тўрт йил тўп сургач, кейинчалик Японияга кўчиб ўтди. Ҳозир таркибда юлдузлар йўқ. Гарчи яхшигина бюджетга эга бўлсада, «Нью-Йорк Сити» ўзининг замонавий стадионига эга эмас. Хўжайинлар клуб учун янги стадион қурилиши ҳақида анча олдин гапиришганди, бироқ бу ваъда бажарилмаяпти. Жамоа ҳамон бейсбол аренасида ўйнамоқда.

«Мельбурн Сити» (Австралия)

2014 йили «Сити» эгалари «яшил қитъа» клубини 12 миллионга сотиб олишди. У пайтлари жамоа «Мельбурн Сторм» деб номланарди, хариддан ярим йил ўтиб, атама ўзгарди. Австралиянинг энг яхши тўпурари Тим Кэхилл маълум муддат «Мельбурн»да тўп сурган, 28 ўйинда 11та гол урганди. Ҳатто Давид Вилья ҳам Австралия клубида ўйнаган, жароҳатлар сабаб у ерда Кэхиллдан камроқ ўйин ўтказганди. Айни пайт «Мельбурн» Австралия олий лигаси турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда.

«Сичуань Цзюню» (Хитой)

Бу жамоа Хитойнинг учинчи даражали дивизионида қатнашади, шу боис мантиқий савол туғилади: «Сити» хўжайинларига ушбу клубни сотиб олишдан нима наф? «Манчестер Сити» ижрочи директори Ферран Сориано шундай жавоб берди: «Хитой - эътиборимизни тортаётган жуда муҳим футбол бозори. Биз клубга узоқ муддатли ва керакли мададни берамиз, маҳаллий иқтидорларни етиштиришда кўмаклашамиз». Ҳозирча истеъдодли футболчилар тарбиялангани сезилмаяпти, аммо ҳаммаси олдинда. Зеро шайхлар бу клубни 2019 йил бошида оталиққа олишганди.

«Йокогама Ф. Маринос» (Япония)

Япония клуби жадвалда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Ёзда бу жамоа ҳатто «Манчестер Сити» билан ўртоқлик ўйини ўтказди ва икки ло­йиҳанинг ўзаро тўқнашуви хўжайинни қувонтирди. «Сити» ўшанда кутилганидек ғалаба қозонди (3:1). Ҳозирча Япония клубида юлдуз футболчилар йўқ, лекин бир жиҳатга аниқлик киритиш керак - жамоа тўлиқлигича City Football Group вакилларига тегишли эмас. Компания фақат 20 фоиз акцияга эга, қолган 80 фоизи Nissan автосаноати ихтиёрида.

«Торке» (Уругвай)

Монтевидео клуби Уругвайнинг иккинчи дивизионида қатнашади. У «шаҳарликлар» хўжайинлари томонидан 2017 йили сотиб олинган. Кутилишича, бу келишув келгусида «Манчестер Сити»га Жанубий Америкадаги скаутинг хизматини ривожлантиришда асқотади.

«Жирона» (Испания)

2017 йили City Football Group «Жирона»нинг 44,3 фоиз акциясини сотиб олди. Худди шундай улуш - 44,3 фоизи Girona Football Group ихтиёрида: бу компания «шаҳарликлар» устози Хосеп Гвардиоланинг укаси Пере Гвардиолага тегишли. Акцияларнинг қолган қисмига «Жирона» мухлислар ассоциацияси эгалик қилади. «Сити» ва «Жирона» ҳамкорлиги тезда кўзга кўринди. Гвардиола қисқа муддатда беш нафар ёш ўйинчини Испания клубига жўнатди: Пабло Маффео, Алеш Гарсия, Дуглас Луис, Марлос Морено ва Ларри Кайоде. АПЛ гранди ёрдамида кучайган «Жирона» айни пайт Испания иккинчи дивизиони турнир жадвалида 5-поғонада бормоқда.

Шайхларнинг янги хариди ҳақида қисқача

«Мумбай Сити» Ҳиндистон Суперлигасида ҳозир 7-ўринни эгаллаб турибди. 2014 йили асос солинган клуб актёр Ранбир Капур ва унинг иш бў­йича шериги Бимал Парехага тегишли бўлган. Келишув шартларига кўра, Капур ва Пареха клубдаги 35 фоизли улушни сақлаб қолишади. «Мумбай Сити»да юлдузлар йўқ, бироқ 2014 йили мазкур жамоада Швеция термасининг собиқ сардори Фредрик Юнгберг ва уругвайлик Диего Форлан тўп суришга улгуришган.

Бу қонунийми?

УЕФА бир нечта клубнинг ягона ташкилотга тегишли бўлишини қўллаб-қувватламайди. Бу аслида мантиқан тўғри - ахир ушбу жамоаларнинг вақти келиб ўзаро тўқнаш келишлари эҳтимоли йўқ эмас-ку.

Аммо юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, шайх Мансур клубларининг географияси максимал даражада кенг. Уларнинг ҳаммаси нафақат турли мамлакатлардан, балки катта қисми бошқа қитъалар шарафини ҳимоя қилишади. Европада бундай клублар атиги иккита («Жирона» акцияларининг назорат пакети бошқа кишига тегишли), худди шунчаси Осиёда, Жанубий ва Шимолий Америка, шунингдек, Австралияда ҳам биттадан. Шундай экан, ушбу масалада ташвишланишга ҳожат йўқ. Ҳозир энг асосийси - ўз вақтида тўхташ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz