Қайднома

Қидирув

Лоран БЛАН: «Гвардиола билан баҳслашиш бефойда»

Лоран БЛАН: «Гвардиола билан баҳслашиш бефойда»

  11.12.2019 03:09
  0
  269
Лоран БЛАН: «Гвардиола билан баҳслашиш бефойда»

Франция терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Лоран Блан яқинда France Football нашрига интервью берди. Суҳбат давомида ҳамкасблари ҳақидаги саволларга жавоб берган мутахассис асосан Хосеп Гвардиоланинг фаолиятига тўхталиб, унинг буюк мураббий сифатида кўзга кўринишига нима сабаб бўлганига урғу берди.

ЮҚОРИДАН УЗАТМА ЙЎҚ! ФАҚАТ - ПАСТДАН

- Хосеп Гвардиола билан бир мавсум бирга тўп сургансиз, мураббийлик фаолиятини ҳам деярли бир хил вақтда - 2007 йилда бошлагансизлар. Ушбу ҳамкасбингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Пепни тушуниш, унинг футбол фалсафасини англаш учун, аввало, футболчилик даврида қандай бўлганини билиш даркор. Гвардиола - биринчи навбатда «Барселона» демакдир, ушбу клубнинг қадрдон фарзанди. Генлари бир хил. У шу клуб учун яралган, нафақат футболчи сифатида ўйнаш, балки мураббийлик фаолиятини ўша ерда бошлаш учун ҳам. Пеп учун бундан яхшироқ жамоа йўқ эди. Аммо ўша пайтлардаги «Барселона» асосан Кройфф номи билан боғланган, шу боис, бошқача гапириш ҳам мумкин. Йохан Гвардиола учун илҳом бағишловчи отадек бўлган, уни тарбиялаган, ўргатган, ўз ғояларини сингдирган... Кройфф билан кўришгани Пепнинг бахтидир. Гарчи  Гвардиола  футболда ҳамиша бир нарса - ЎЙИНни энг муҳим деб билган бўлса ҳам.

- Шу мавзуга батафсилроқ тўхталсангиз...

- У таянч нуқтасида ўйнаган, аммо плеймейкер вазифасини ўтаган. Яъни бутун жамоанинг ўйинини бошқарган, умумий ҳолатни яққол кўриб турган: қаерга очилиши кераклиги, қайси ҳудудга кўчиши... Машғулотларда эса қайсидир машқлар ўйиндаги вазиятларни керакли даражада изга сола олмаслигини сезса, норози бўларди. Масалан, тўпнинг асосан «иккинчи қават»да сақлаб турилиши унга ёқмасди. Пасларнинг фақат ва фақат пастдан узатилишини хоҳларди. Мураббийлик фаолиятини бошлаганда, айнан шу жиҳатни шогирдларига уқтиришга уринди. Юқоридан узатма йўқ, иккинчи рақам остида ўйнаш йўқ! Мазкур ҳолатда ўйин ажойиб тарзда ташкил этилади ва у дарвозабон позициясидан бошланади. Ҳайрон бўлишингиз табиий, аммо қисқа пасга асосланган ҳужумни айнан киперлар бошлаб беришади. Пепдан сўраб кўрсангиз, унинг учун энг муҳими дарвозабон масаласига аниқлик киритиб олиш эканлигини айтади. Ўша кипер оёқ билан яхши ўйнаши, комбинацияларда қатнашиши, ҳужумни бошлаши, жамоа олдинга интилганда тўғри жой танлаши керак. Айнан шундай хислатлар муҳим, Гвардиола учун дарвозабоннинг қанчалик юқорига сакраши, унинг яхши реакцияси иккинчи даражали масала.

- Пепнинг замонавий футболда тутган ўрни қанақа? У назарияга қандай янгиликларни киритди?

- Гвардиола ўзининг футболдаги концепциясини «Барселона» бош мураббий сифатида ўтказган тўрт йили (2008-2012) давомида шакллантирди. Машҳур ўйинлар ёдимда: «Реал» Мадридда 6:2 (2009 йил 2 май), «Ноу Камп»да 5:0 (2010 йил 29 ноябрь) ҳисобида мағлубиятга учратилган, Чемпионлар Лигаси финаллари (2009 ва 2011 йилларда «Манчестер Юнайтед»-га қарши) - бу ҳақиқий санъат намунаси эди! Албатта, мураббийлик фаолиятини оддий клубда бошламади - «Барселона» буюк жамоа. Албатта, ихтиёрида Лионель Мессидек футболчи бўлган. Албатта, марказда Хави, Серхио Бускетс ва Андрес Иньеста сингари ўйинчилар тўп суришган. Аммо уларни ким бирлаштирди, уларга ўша пайтдагидек футбол ўйнашни ким ўргатди? Ишонинг, бундай услубда тўп суришни ҳамма ҳам уддалайвермайди. Тўпни сақлаб туриш, уни тезкорлик билан олиб қўйиш, шеригига қулай узатмалар бериш, майдон бўйлаб жойни тўғри алмаштириш осон эмас. Бунинг учун муайян техник даража талаб этилади. Ушбу услубни қўллашга уринган жамоалар жуда кўп, аммо уддалай олишмаган - чунки ҳам техник, ҳам жисмоний жиҳатдан тайёр бўлишмаган. Техника - чидамлиликсиз ҳеч нарса эмас. Хави, Бускетс ва Иньестанинг ўйинини кўриб, шундай тасаввур уйғонардики, гўёки улар бир-бирларини кўзлари юмуқ ҳолатда ҳам тушунаётгандек эдилар. Худди шундай. Ўйиндан кейин эса уларнинг 11, 12 ва ҳатто 13 километр масофани босиб қўйишгани ойдинлашарди.

УНГА ТЎПНИ ЎЗИДА КЎП

САҚЛАЙДИГАН ФУТБОЛЧИЛАР КЕРАК

- Гвардиолани мураббийлик ишидаги инқилобчи дейиш мумкинми?

- Ҳақиқий революцияни 1960-1970 йилларда (Ринус) Михелс амалга оширган. Кейинчалик Кройфф ҳам унинг изидан борди. Гвардиола эса ўша ғояларни ривожлантириб, уларни янги шарт-шароитларга, бошқа чемпионатларга мослаштирди. «Барселона» нима дегани? Бу юқори прессинг, рақиб ярим майдонида тўпни олиб қўйиш. Тўғри, жамоа услуби фақат шу билангина чекланмайди. Бироқ айнан шу принципни Пеп ҳамиша базавий деб билган. Унга доимо ақлли, техник салоҳияти юқори, ўйинни яхши ўқий оладиган, жойини тўғри ўзгартирадиган йигитлар керак бўлган. Уларнинг бўйи, гавда тузилишига аҳамият бермаган. Асосийси, Гвардиола талаб қилган футболни намойиш этишлари керак. Вақт ўтгани сари маълум бўлдики, юқори савияли футболчиларнинг ҳаммаси ҳам бундай ўйинга мослаша олмас экан. Пеп «Манчестер Сити»да ишлашда давом этаркан, бундай футболчилар ушбу клуб таркибига қўшилмайдилар. Улар бошқачалар. Гвардиолага асосий вақтини тўп билан ўтказадиган, яъни ўйин суръатини туширадиган ўйинчилар керак. Бу жуда аниқ мезон. Техника бобида эса, албатта, унинг шогирдлари беназирлар, ҳаммасини автоматик тарзда амалга оширишади.

- Унинг бошқа савиядаги футболчилар билан ишлай олишига кафолат йўқ...

- Қачондир шундай жамоада фаолият юритадими, билмайман. Тўғри, у қийналади, лекин ишончим комилки, ҳар қандай ҳолатда ҳам футболдаги принципларига содиқ қолади. Ҳозирча топ савиядаги клубларни бошқариб келяпти ва даражани пасайтиради, деб ўйламайман. Унинг жамоалари ЧИРОЙЛИ футбол кўрсатишлари керак, бунинг учун эса даражаси юқори ўйинчиларга эҳтиёж туғилади. Улар билан ишлаш осонроқ. Бошқа томондан, савияли футболчилар орасида «Мен ҳимоявий услуб тарафдориман, қарши ҳужумларда тўп суришни маъқуллайман», деганларни кўрмадим. Ҳар доим ўйинни бузишдан кўра, уни ташкил этиш ёқимлироқ бўлган.

- Агар бундай ҳаракатлар натижага эришишда асқотса-чи? Ахир муҳими - ғалаба қозониш-ку, қандай услуб билан бўлса ҳам...

- Албатта, Гвардиола футболчилик даврида ҳам фақат ғалабани кўзларди. Аммо ютуқни турли йўллар билан қўлга киритиш мумкин. У футболнинг қувонч бағишлашини ҳам хоҳларди. Энди менга сўнгги 10 йил давомида учта бир-бирига ўхшамайдиган мамлакат - Испания, Германия, Англияда ишлаб, кўплаб турнирларда ғолиб чиққан бирор-бир мураббийни мисол қилиб кўрсата оласизми? Ҳамма ерда унинг жамоалари шиддаткор футбол намойиш этишган, халқ шунинг эвазига стадионларга борган. Бундай натижаларга эришганлар бошқа йўқ! Бу билан қолган мураббийлар ниманидир нотўғри қилишяпти, демоқчимасман, ҳар кимнинг ўз қарашлари бор - кимдир бошқача футбол эвазига ғалаба қозонади ва бундан роҳатланади. Ўша Диего Симеоне («Атлетико» устози) жамоаси ҳимояланиб, рақибни қарши ҳужумларда жазолашидан завқ олади. Бундай муносабатни ҳам ҳурмат қилиш керак. Бир масалада унга ҳамфикр бўлишим мумкин: тўғри ҳимояланиш - муҳимлик жиҳатидан тўғри ҳужум уюштириш билан тенг. Шунга қарамай, ўйлашимча, ҳақиқат Гвардиола томонида.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» -ПЕП ИШЛАГАН ДАВРДАГИ«БАРСА»ГА ЎХШАЙДИ

- Пеп «Барселона»дан кетгач, унинг ҳеч бир жамоаси Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритолмади. Нима деб ўйлайсиз, нега шундай бўляпти?

- Албатта, «Барселона» ва «Реал» сингари клубларда ишласангиз, Чемпионлар Лигасида зафар қучиш имконияти кўпроқ бўлади. Пепнинг ўзи ҳам буни тушуниб етди. Ахир Пеп бошқарувидаги «Бавария» унинг услубини давом эттираётган «Барселона»га қарши баҳсда «қоқилди», кейинчалик Мадриднинг «Реал»и ва Симеоненинг «Атлетико»сига имкониятни бой берди. Аммо ишончим комилки, яқин беш йил ичида Европа футболидаги об-ҳавони «Манчестер Сити» аниқлайди - «шаҳарликлар» Гвардиола билан ёки усиз ҳам ЧЛда ғолиб чиқишади. Ахир Пеп жамоа ўйинини шакллантириб қўйди - унга қадар бир неча йиллар аввал «Сити»ни «кўҳна қитъа»да кўпчилик яхши билмасди. Гвардиоланинг номи ушбу клуб тарихига абадий муҳрланди - жамоа ички чемпионатда фантастик натижаларга эришмоқда. Ҳаммасини Чемпионлар Лигаси билан ўлчаш нотўғри.

- Унинг «Барселона»си билан «Манчестер Сити»сининг фарқи нимада?

- Фақат ўйинчиларда фарқ бор, тартиб эса ўша-ўша. Бугунги «Сити»нинг ўйинини томоша қилиб, беихтиёр ўйлаб қоламан: «Ахир бу Пепнинг давридаги «Барса»нинг ўзгинаси-ку!» Йигитларнинг футболдан завқ олаётганликлари шундоққина сезилиб турибди. У футболчилар психологиясини ўзгартирди, ҳал қилувчи позицияларга керак ўйинчиларни топиб қўйди: дарвозабон, ўйинни мустаҳкамлайдиган таянч ярим ҳимоячиси, ҳужумкор ярим ҳимоячи ва энг сўнгги чизиқдаги ҳужумчи. Бу жамоанинг ўзаги, умуртқаси.

- Мураббий Гвардиоладаги яна қайси жиҳатларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин?

- У ажойиб мотиватор, гапиришни, ўргатишни билади. Ҳатто, унинг жамоасига қўшилишдан аввал юлдуз ҳисобланганлар билан ҳам тил топишади. Чунки ихтиёрингда бундай ўйинчиларнинг борлиги муваффақият қозонишинг аниқлигини англатмайди.

- Гвардиола ғояларининг тўғри эканлигини «Барселона» орқали исботлаб қўйди, шундай бўлсада, мунтазам ижодий изланишда...

- Ярим йил аввал Пеп билан кўришдик. Унга футбол мавзуида суҳбат таклиф этсангиз, мусоҳаба узоқ чўзилиши турган гап! Унинг хаёли тўлиқлигича футбол билан банд. Бир жиҳатдан бошқасига кўчади, қизишиб кетади, у билан баҳслашиш бефойда, ҳар доим ўз фикрини далиллар билан исботлашга уринади. Ёки аксинча, сиз билдирган ғояларни ривожлантириш пайида бўлади. Унинг фикри хаёлдан кетмайди: жамоа ўйинини яна, яна ва яна яхшилаш керак. Бунинг учун ҳаракатни кучайтириш лозим. Яъни у янгидан-янги йўналишларни, қандайдир янгича жиҳатларни топиши керак... Бош мезон эса ўзгаришсиз қолаверади. Мабодо, қачондир у таклиф этаётган принциплар шубҳа остига олинса - Гвардиола футболдан воз кечади!

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz