Қайднома

Қидирув

Футболимизга мутлақо янгича муносабат

Футболимизга мутлақо янгича муносабат

  12.12.2019 01:04
  0
  405
Футболимизга мутлақо янгича муносабат

- Шер, майдонга туширишса, гол урармидинг?

- Урардим! Гол уриш учун жону жаҳонимни аямасдим.

- Сенга ишонаман, дўст!

- Шерга битта зўр бутса бўлса, тамом - любой рақибга дам беради...

Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоқотга миллий терма жамоамиз Саудия Арабистони футболчиларига имкониятни бой берган учрашувнинг сўнгги дақиқаларида гувоҳ бўлгандик. Ўша куни 26-секторда, биздан олдинги қаторда ўтирган мухлислар балки бу суҳбатни эслашар. Изғиринни унутган, ялангбош, ёқавайрон йигит ёнидаги норғул шеригини туртиб, саволга тутганди ўшанда. Спорт сумкасини бақувват қўллари билан ғижимлаётган шерик эса майдондан кўз узмай, қатъий жавоб қайтарган, нарироқда ўтирган ўрта ёшли, ширакайф мухлис эса шанғи овозда уни қўллаб-қувватлаганди.

 

Футболимиз тақдирига дахлдор минг-минглаб баҳс-мунозараларнинг ёрқин намунаси бўлган бу воқеликни бежиз ёдга олмадик. Ҳақиқатан ҳам, футболимиз ҳозиргача адолатсизлик ва коррупция исканжасида қийналди. Тўғри, миллий чемпионатимиз ўтказилаверди, терма жамоаларимиз халқаро майдонларда тўп сураверди, озми-кўп юлдузлар ҳам порлайверишди, анча-мунча натижалар қўлга киритилди. Буни эътироф этмаслик - инсофсизлик, албатта. Энг қийин вазиятда ҳам жонкуяр мураббийлар, чинакам истеъдодлар ўзларига йўл излашди, футболни ташлашмади. Афсуски, бундайлар кам. Яқинда олий ўқув юртини аъло баҳоларга битирган бакалавр коррупция туфайли магистратурада ўқимаётганини норози оҳангда сўзлади. «Шунча очиқлик сиёсатидан кейин-а?! Наҳотки, уларда қўрқув бўлмаса?!» - дея ажаблансак, у тушкун аҳволда давом этди: «Футбол майдонида, мухлислар кўз ўнгида қилинаётган «иш»­лар олдида магистратура қабулидаги коррупция нима бўлибди?»

Ҳа, футболимиз шундай мураккаб воқелик ичра яшаб, бир амаллаб тараққиётга интилди. Аммо чидам, сабр-тоқат тугаб бораётганди. Миллий терма жамоамизнинг охирги икки ўйинига келган мухлислар миқдоридаги фарқ лим-лим тўлган сабр косаси ифодасидир. Мамлакатимиз футбол тизимидаги муаммолар ҳосиласи сифатида бош жамоамиз ЖЧ-2022 саралаши дастлабки босқичида икки бора ютқазди. Хўш, минглаб мухлислар нима сабабдан Фаластин термасига қарши «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган учрашувга келишмади? Уларда фидойилик фазилати етишмайдими? Йўқ, аксинча! Стадионга ташриф буюрган мухлисларни ол­қишлаган ҳолда айтамизки, ана, ўша агрессив «бойкотчи»лар футболимизни уйқудан уйғотмоқдалар. Улар пичоқ суякка етиб боришини кутиб ўтирмайдилар, муаммолардан кўз юммайдилар. Айрим мутасаддиларга эса стадионга қанча мухлис ташриф буюришининг қизиғи йўқ. Уларга кун ўтса, қорин тўйса, мушукларини биров «пишт», демаса, бас! 3 йил аввал бошланиб, тобора кучга тўлиб бораётган ўзгаришлар шиддати энди бу каби ҳолатларга асло тоқат қилмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанада сўзлаган маърузасида халқ ишончини, халқаро миқёсдаги эътирофларни мус­таҳкамлаш йўлида барчани, хусусан, оммавий ахборот воситаларини янада фаолликка, очиқликка чорлади. Демак, энди эскича яшаб бўлмайди, Қарор ва Фармонлар қоғозларда қолиб кетмайди. Энди мақсад ҳам, марра ҳам ўзгача ва янгича. Жумладан, футболимизга муносабат ҳам мутлақо бошқача. Футболимиз тақдирига дахлдор муҳим Фармон номидаги «мутлақо» сўзига эътибор қаратдингизми? Фармонда футболимизни янги босқичга эмас, балки мутлақо янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда. Биз тушундикки, ҳаддан зиёд қатъиятни ифодалаш ва буни тегишли мутасаддилар ва мухлисларга етказиш учун айнан шу сўздан фойдаланилган. Фармонда қайд этилган схема, концепция ва «йўл харита»сига биноан белгиланган вазифалар ижроси ҳозирданоқ, яъни янги йилни кутиб ўтирмай бошланади. Ота-оналар эндиликда истеъдодли фарзандларини етаклаб, шаҳарма-шаҳар кезмайдилар. Мактаблар, спорт мактаблари ва профессионал футбол мактаблари лигалари ўртасидаги узвийлик ўз-ўзидан ҳақиқий истеъдодни терма жамоалар таркиби сари етаклайди. Ишлаб чиқилган схема, концепция ва «йўл харита»си амалда кучини кўрсатса, шундай бўлиши муқаррар. Демоқчимизки, ҳаммаси ЎФА раҳбарияти, шахсан Равшан Эрматовнинг қатъиятига боғлиқ. У эса «Мухлислар орзиқиб кутган Фармонга имзо чекилди. Уни ҳаётга татбиқ этолмасак, футбол бизни кечирмайди!» - деди «ойнаи жаҳон»да халқимизга қарата. Шундай самимий сўзларга ишонмай бўладими?! Ишонамиз ва қўллаб-қувватлаймиз!

Қаранг, Оле-Гуннар Сульшер бемисл ишонч эвазига ва қайтариб бўлмас ишончсизлик кайфияти бўй ростламаслиги учун аввал Жозе Моу­риньони, кейин эса Хосеп Гвардиолани енгди. Мураббийлик бобидаги «болакай» Сульшер янада дадил одимлаши учун Моу ва Пеп каби «кит»лар устидан ғалаба қозониши шарт эди. «МЮ» ҳар қанча довруқли бўлмасин, бу ишни уддалаш ёш мураббий учун анчайин муҳимлигини аксарият мухлислар тушуниб туришарди. Мана, Сульшер сэр Алекс Фергюсон кўз ўнгида ўта мураккаб имтиҳонни аъло баҳога топширди. Бизни натижалар ва ўйинлар эмас, балки шу жараённинг кечиши кўпроқ ҳайратлантирди. Демак, имконсиздек туюлган вазиятларда ҳам ғолибона наъра тортиш мумкин. Равшан Эрматов ҳам ЎФА раҳбариятида мисли Сульшер ҳолатида. У ҳам кучли тўсиқларни енгиши даркор. Сульшердан фарқли равишда, Эрматовга бу борада Президент Фармони мададкор!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz