Қайднома

Қидирув

Ўзгача ва қизиқарли танлов ёхуд шринкалик журналист кимларга овоз берганди?

Ўзгача ва қизиқарли танлов ёхуд шринкалик журналист кимларга овоз берганди?

  12.12.2019 03:13
  0
  376
Ўзгача ва қизиқарли танлов ёхуд  шринкалик журналист кимларга овоз берганди?

Шри-ланкалик журналист Ҳазиф Марикар «Олтин тўп» сўровида ўзгача танлови билан эътибор қозонмоқда. Лионель Месси эса навбатдаги «Олтин тўп» учун аввало, Кук ороллари ва Гондурас вакилларига миннатдорчилик билдириши керак. Виржиль ван Дейк Европада тенгсиз. Аммо дунёнинг қолган қисми бош индивидуал совринни яна аргентиналик даҳога муносиб кўрди...

* * *

Агар Океания вакиллари сўровда иштирок этишмаганида, Виржиль якуний ҳисоб-китобда Леони 1 балл­га ортда қолдириб, Фабио Каннавародан кейин «Олтин тўп» ютган биринчи ҳимоячига айланарди. Бироқ улар қатнашишди ва Месси энг яқин таъқибчисидан 7 баллга ўзиб кетди: 686га 679. Танлов тарихига қарасак, икки етакчи ўртасида бундай кичик фарқ 1996 йилдан буён кузатилмаётганди. Ўшанда германиялик Маттиас Заммер бразилиялик Роналдодан атиги 1 очко кўп жам­ғарган эди.

* * *

Тушунарли бўлиш учун эслатиб ўтамиз: ҳар бир эксперт 15 баллни 5 нафар футболчига тақсимлаб берган: 1-ўрин учун - 5 очко, 2-ўрин учун - 4 очко, 3-ўрин учун - 3 очко, 4-ўрин учун - 2 очко, 5-ўрин учун - 1 очко. 193та анкетанинг атиги яна 1таси Виржиль ван Дейк фойдасига ишлаганида эди, у Лионель Мессидан олдинга жойлашарди. Мисол учун, Гондурас вакили Франциско Антонио Риваснинг олтин қалами Леони 1-ўринга қўйган ҳолда, ван Дейкни кучли 5таликка киритмади. Агар у нидерландиялик ҳимоячини дастлабки 3та ўриндан бирига қўйиб, Мессини «унутиб» қолдирганидами, ҳозир жаҳон футболи «Олтин тўп»нинг янги соҳибини олқишлаётган бўларди.

* * *

Эътиборли томони, 69 нафар журналист Виржиль ван Дейкни 1-ўринга лойиқ кўрган бўлса, Лео Месси 61та анкетада 1-қаторни эгаллади. Бу нимадан далолат? Мессининг машҳурлигидан, албатта. Мана, аргентиналик юлдуз 1-ўрин сони бўйича ютқазганига қарамай, якунда совринга эга чиқди. Чунки ван Дейк ёки Криштиану Роналду фойдасига овоз берганлар ҳам Лео­ни унутишмаган.

* * *

Виржиль ван Дейкка айнан ҳали етарли даражада машҳур эмаслиги панд берди. Ҳар ҳолда, Гондурас, Экваториал Гвинея, Яман, Чад, Ливия, Мадагаскар, Мозамбик, Косово ва Кук ороллари вакиллари анкеталарида нидерландияликка жой топилмади. Қисқаси, «ўзга дунё»да Мессини билишади, ван Дейкни эса йўқ.

* * *

Месси 1-ўринда, ван Дейк 3 ёки 4-қаторда. Бундай ҳолатга чидаш мумкин, аммо ҳар иккиси бюллетенга «сиғмай» қолишини қандай тушуниш керак? Агар фақат европаликлар анкеталарини ҳисобга олсак, ван Дейк (231 балл) аргентиналик юлдуз (194 балл)ни ишонч билан ортда қолдирди. Нидерландиялик ҳимоячи Осиёда ҳам ғалабага эришди - 155:134. Лекин Месси дунёнинг қолган қисмида яққол устун: Шимолий Америкада 102 балл (ван Дейкда 86 балл), Жанубий Америкада 47 балл (ван Дейкда 39 балл), Африкада 187 балл (ван Дейкда 154 балл) ва ниҳоят, Океанияда 22 балл (ван Дейкда 14 балл) тўплади. Месси якунда ван Дейкдан 7 очко кўп олганини назарда тутиб айтсак, барчасини қайсидир маънода Кук ороллари, Фижи, Тонга, Папуа — Янги Гвинея, Вануату ва Соломон оролларидан йўлланган жавоблар ҳал қилгандир...

* * *

Энди энг оригинал анкета ҳақида. У Шри-Ланка вакили Ҳазиф Марикарга тегишди. Диққат қилинг, ушбу журналист ўз талқинидаги кучли бешликка на Месси ва ван Дейк, на Роналдуни киритди. Марикарнинг ажабтовур танлови: Трент Александер-Арнольд, Пьер-Эмерик Обамеянг, Антуан Гризманн, Роберт  Левандовски, Марк-Андре тер Штеген. Яна бир томони, Шри-ланкалик амаки биринчи марта ўзини кўрсатаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, Марикар 2018 йили Эден Азар, ундан олдингисида эса Леонардо Бонуччини 1-ўринга қўйганди. Умуман, у шу 3 йил оралиғида мегаюлдузлардан фақат Криштиану Роналдуга бир бора ҳиммат кўрсатган, шунда ҳам, португалияликни атиги 4-ўринга қўйган. Лео Месси эса 3 йил ичида Ҳазифдан лоақал 1 очко олмади...

* Балл бўйича айтсак, Месси асосий таъқибчисини 686:679 кўринишида ортда қолдирди. Яъни бечора Виржиль ван Дейк­ка атиги 7 балл етмади.

* Фоиз бўйича олганда, икки пешқадам ўртасидаги фарқ янада кам кўринади. Яъни Лео атиги 0,25 фоиз кўп очко олди. Такрор айтсак, энг минимал фарқ охирги марта 1996 йили кузатилганди. Ўшанда Маттиас Заммер атиги 1 очко ҳисобига Роналдони доғда қолдирганди.

* 1-ўринлар ҳисоби бў­йича айтсак, ван Дейк аргентиналикдан устун келди - 69:61.

* 3-ўрин билан чекланган Криштиану Роналду (476 очко) пешқадамдан нақ 210 балл ортда қолди. Атиги 17 нафар журналист португалияликни 1-ўринга қўйди. Дейлик, Садио Мане ҳам айнан 17та анкетада 1-ўринда кўрсатилди.

* Фақат африкаликлар овозини инобатга олсак, Виржиль ван Дейк ҳаттоки, Сенегал миллий жамоаси ҳужумчиси Садио Манедан ҳам ортда қолди.

* ФИФА рейтингининг дастлабки 20та поғонасида бораётган терма жамоалар мамлакатларидан келган жавобларга қарасак, 9та анкетада ван Дейк, 5тасида эса Месси 1-ўринга қўйилган. Агар рейтингнинг охирги 20та жамоасини олсак, бунисида Месси 9:7 ҳисобида устун.

* Виржиль ван Дейк европаликлар танловига кўра, Мессини 37 балл ортда қолдирди. Лео эса Африкада асосий рақибидан нақ 33 очко кўп олди.

 

«Олтин тўп»-2019: якуний ҳисоб-китоб

1.         Лионель Месси                    («Барселона», Аргентина)            686 балл

2.         Виржиль ван Дейк               («Ливерпуль», Нидерландия)       679 балл

3.         Криштиану Роналду            («Ювентус», Португалия)             476 балл

4.         Садио Мане                         («Ливерпуль», Сенегал)               347 балл

5.         Муҳаммад Салоҳ                 («Ливерпуль», Миср)                    178 балл

6.         Килиан Мбаппе                    («ПСЖ», Франция)                        89 балл

7.         Алиссон Беккер                   («Ливерпуль», Бразилия)             67 балл

8.         Роберт Левандовски           («Бавария», Польша)                   44 балл

9.         Бернарду Сильва                («Манчестер Сити», Португалия)  41 балл

10.       Риёд Маҳрез                       («Манчестер Сити», Жазоир)        33 балл

11.       Френки де Йонг                   («Барселона», Нидерландия)       31 балл

12.       Раҳим Стерлинг                   («Манчестер Сити», Англия)         30 балл

13.       Эден Азар                           («Реал», Бельгия)                        25 балл

14.       Кевин де Брюйне                 («Манчестер Сити», Бельгия)       14 балл

15.       Маттейс де Лигт                  («Ювентус», Нидерландия)          13 балл

16.       Серхио Агуэро                    («Манчестер Сити», Аргентина)    12 балл

17.       Роберто Фирмино               («Ливерпуль», Бразилия)             11 балл

18.       Антуан Гризманн                 («Барселона», Франция)              9 балл

19.       Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль», Англия)                 8 балл

20-21.  Пьер-Эмерик Обамеянг       («Арсенал», Габон)                      5 балл

20-21.  Душан Тадич                        («Аякс», Сербия)                          5 балл

22.       Сон Хюн Мин                       («Тоттенхэм», Ж.Корея)               4 балл

23.       Уго Льорис                          («Тоттенхэм», Франция)               3 балл

24-25.  Марк-Андре тер Штеген       («Барселона», Германия)             2 балл

24-25.  Калиду Кулибали                («Наполи», Сенегал)                     2 балл

26-27.  Жоржиньо Вейналдум         («Ливерпуль», Нидерландия)       1 балл

26-27.  Карим Бензема                    («Реал», Франция)                        1 балл

28-30.  Жоау Фелиш                        («Атлетико», Португалия)            0 балл

28-30.  Донни ван де Бек                 («Аякс», Нидерландия)                 0 балл

28-30.   Маркиньос       («ПСЖ»)           0 балл

 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz