Қайднома

Қидирув

2 ойлик "қуруқ" ўйин ёки Элдор«Ростов» хатолари "қурбони"га айланмоқдами?

2 ойлик "қуруқ" ўйин ёки Элдор«Ростов» хатолари "қурбони"га айланмоқдами?

  12.12.2019 05:38
  0
  479
2 ойлик

Россия терма жамоасининг асосий ҳужумчиси Артём Дзюба РПЛ 17-турида «Рубин» дарвозасини ишғол қилиб, тўпурарлар пойгасида 10тадан гол урган Элдор Шомуродов ва Александр Соболевга етиб олди. «Зенит» форвардининг бундай натижага эришиши нисбатан осон кечди. Чунки унинг «Ростов» ва «Крилья Советов»даги амплуадошлари «қуруқ» ўйинларни давом эттиришаётганди.

Сўнгги марта РПЛнинг жорий мавсуми кашфиётларига айланган ҳужумчилар 2 ой аввал гол уришганди. 5 октябрда Соболев «Сочи» билан баҳсда «дубль» қайд этган бўлса, бир суткадан сўнг Элдор ЦСКА дарвозасини ишғол қилди. Кейинчалик, 17-турни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, россиялик форвард 5та ўйин ўтказди, ўзбекистонлик футболчи эса 6 марта майдонга тушди. Аммо уларнинг иккиси ҳам тўп киритишни уддалай олишмади. Хўш, РПЛ биринчи даврасининг энг яхши мерганларига нима бўлди? Championat.com 18-тур арафасида ушбу мавзуни муҳокама қиларкан, ҳамюртимизнинг гол уришдан тўхтаб қолганига қандай омиллар сабаб бўлганини тушунтиришга уринди.

 

Голсиз серия бошланишидан аввал «Ростов» форварди ҳужумнинг якунловчи қисмида ўта совуққонлик билан ҳаракат қилаётганди. Футболчига тўпни рақиб дарвозасига йўллаш учун яримта имкониятнинг ўзи етарли бўлаётганди. Буни статистика ҳам исботлаши мумкин: РПЛнинг дастлабки 12та тури бўйича Шомуродовдаги урилган ва кутилган голлар (XG) фарқи катта эди. Мавсум бошида ундан ўртача 5,8та гол кутилгани ҳолда, Элдор 10 марта тўп киритганди.

Шунга қарамай, вақт ўтгани сари ушбу тафовут қисқариб, форварднинг реал даражасига яқинлашиб қолди. Албатта, октябрь бошидан буён Шомуродовда кўп имкониятлар кузатилмади (6та ўйинда 0,61 XG), шунга қарамай, у яхши спорт формасида бўлганида, шундан ҳам унумли фойдаланарди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи учун «Динамо»га қарши кечган баҳс имкониятларни кўкка совуриш бўйича энг асосий ўйин бўлди. Ўша учрашувда Элдор рақиб дарвозаси томон бешта зарба йўллади ва Валерий Карпиннинг таъбири билан айтганда, учта голли вазиятдан фойдалана билмади. Дастлаб у жарима майдончасининг чап томонидан туриб тўпни тепди, кейин Ионовнинг узатмасини қабул қилди ва ниҳоят, дарвозадан тахминан 11 метр узоқликдан зарба йўллашда адашди.

Бироқ ушбу форварднинг омадсизлигига асосий сабаб ундаги реализациянинг йўқлиги эмас. Шомуродов имкониятлар танқислигидан азият чекмоқда. Бунга биринчи навбатда, ҳужумчининг омадсиз очилишлари, иккинчидан эса, жамоадаги шерикларининг ишончсиз ҳаракатлари сабаб бўлмоқда.

Элдор деярли барча голларини дарвозага юзма-юз турган ҳолда урган. Ё тўп билан қарши ҳужумга ўтган ёки гол сезиш қобилиятини ишга солиб, жарима майдончаси ичида ҳимоячиларни ғафлатда қолдирган.

«Ростов»нинг асосан октябрь-ноябрь ойидаги ўйинларида Шомуродов бир қарасангиз, жарима майдончаси ичида ҳаддан зиёд пассив ҳаракатланган бўлса, бошқа вазиятларда орқароққа қайтиб, тўпни дарвозага тескари турган ҳолда қабул қилган. Баъзан Элдор бўш ҳудудларни топиш ва у ерга ўз вақтида кўчиш салоҳиятини йўқотгандек тасаввур уйғонмоқда. Мазкур ҳолатда «Динамо» билан ўйинни истисно сифатида қабул қилиш мумкин.

Ниҳоят, ҳужумчи муваффақиятли очилганда, шериклари ё уни эътибордан четда қолдиришган ёки сифатли узатма бера олишмаган. «Урал» билан ўйиннинг иккинчи бўлимида кузатилган вазиятлар ушбу фикрнинг яққол исботидир.

72-дақиқада Попов икки рақибини алдаб, жарима майдончасига яқинлашди ва тўпни ўнг томондан очилган Ионовга оширди. Алексей вазиятни кескинлаштиришга ошиқди. Ўша вазиятда Попов «Урал»нинг икки ҳимоячисини ўзи билан эргаштириб, Шомуродовга очиқ ҳудуд яратди. Якка ўзи қолган Элдор пас кутди, аммо тўп Саплиновга узатилди ва у ҳимоячи билан курашиш оқибатида гол уролмади. Макзур ҳолатда Ионов ё техник хатога йўл қўйган ёки хавбекка узатма йўллаш орқали нотўғри қарор чиқарган.

Сўнгги пайтларда «Ростов»нинг ўйинида бундай ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Шундан келиб чиқсак, Шомуродовдаги сермаҳсулликнинг йўқолишига, қайсидир маънода, «сариқ-кўклар» ҳужумининг якунловчи қисмида кўп хатоликлар кузатилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
***
Айтганча, Франциянинг «Лион» клуби вакиллари ўтган ҳафта «Спартак» - «Ростов» ўйинини бевосита стадионда кузатишди. Маълум бўлишича, улар «Ростов»да тўп сураётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳаракатларини баҳолашган. Бу ҳақда Betting Insider «Ростов»даги ишончли манбаларга таяниб хабар берди. Қўшимча қилинишича, 24 ёшли футболчимизга Испаниянинг «Севилья» клуби ҳам қизиқмоқда. Айтиш жоиз, Шомуродов Россия Премьер-лигасида 10та гол ва 6та самарали узатма билан «Гол } пас» тизимида Артём Дзюбадан кейин 2-ўринда бормоқда. Асосийси, Элдор 2019 йил ҳисобидан Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 10та гол урди. Эслатма, Шомуродов «Ростов»да 2017 йилдан буён тўп сурмоқда.

«Спорт Экспресс» нашри тарқатган хабарга кўра, Франция­нинг «Лилль» клуби вакиллари ҳам айнан «Спартак» - «Ростов» ўйинини кузатиш учун Москвага ташриф буюришган. Улар Ростов жамоасининг икки нафар футболчиси - Элдор Шомуродов ва Матиас Норманн ҳаракатини кузатишган. Маълум қилинишича, «Лилль» спорт директори Луиш Кампуш ҳужумчимиз ўйинига юқори баҳо берган.

Дарвоқе, футбол статистикаси билан шуғулланадиган WhoScored сайти Россия Премьер-лигасининг дастлабки қисми (19та тур) бўйича энг яхши 10 нафар футболчи рўйхатини эълон қилди. «Зенит» ҳужумчиси Артём Дзюба ушбу рейтингда 1-ўринни эгаллади. Россиялик футболчи ҳозирга қадар 11та гол урди ва 9та голга ассистентлик қилди. 2-ўрин эса «Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга насиб этди.

РПЛнинг энг яхши футболчилари (WhoScored сайти талқини)

1. Артём Дзюба («Зенит»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов»)

3. Александр Соболев («Крилья Советов»)

4. Гжегож Криховяк («Локомотив»)

5. Сардор Азмун («Зенит»)

6. Никола Влашич (ЦСКА)

7. Евгений Луценко («Арсенал»)

8. Максимилиан Филипп («Динамо»)

9. Жорже Деспотович («Оренбург»)

10. Алексей Ионов («Ростов»)

 

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz