Қайднома

Қидирув

Лионель МЕССИ: «Худо ҳаққи, 32 ёшда эканлигимга ишонмайман»

Лионель МЕССИ: «Худо ҳаққи, 32 ёшда эканлигимга ишонмайман»

  12.12.2019 08:59
  0
  477
Лионель МЕССИ: «Худо ҳаққи, 32 ёшда эканлигимга ишонмайман»

Фаолияти давомида 6-марта «Олтин тўп» соҳибига айланган Лионель Месси бу борада ашаддий рақиби - Криштиану Роналдудан ўзиб кетди. Тақдирлаш маросими арафасидаги анъанавий интервью чоғи чинакам камтарликни намойиш этган аргентиналик даҳоча 7-соврин ҳақида умуман ўйламаслигини таъкидлади. Унинг учун асосийси - яшил майдонда шунчаки, чопиш эмас, балки иложи борича самарали тўп суриш. Ҳар ҳолда, Лео France Football ҳафталиги мухбирлари билан суҳбат жараёнида бу масалага алоҳида тўхталди.

 «Ҳозир фаолиятим чўққисидаман»

- Бунга қадар нақ 4 йил давомида «Олтин тўп»дан четда қолганингиз алам уйғотгандир...

- Йўқ, қандайдир алам ҳақида гапириш ўринсиз. Зеро, бу йиллар бир зумдек ўтди-кетди. Алам қиладигани бошқа - шу давр ичида ЧЛда ғолиб чиқолмадик. Энг ёмони, бунга фақат ўзимиз сабабчимиз.

- 6та «Олтин тўп»дан қай бири қадрлироқ?

- Ҳар бири ўз қийматига эга. Аслида мен учун жамоа муваффақияти ҳамиша 1-ўринда туради. Ахир шахсий ютуқлар айнан жамоавий натижалар ортидан келади. Яна саволга келсак, қайсидир «Олтин тўп»ни алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Ҳозир ҳаётим ва фаолиятим чўққисидаман - 3 нафар фарзанд отасиман. Қувончимни улар билан баҳам кўришни истайман. Айниқса, тўнғич ўғлим - Тьяго билан. Зеро, у соврин аҳамиятини яхшироқ тушунади.

- Хўш, сиз учун қай бири қимматлироқ - «Олтин тўп»ми ёки ЧЛ кубоги?

- Табиийки, иккиси ҳам. Ахир бу совринлар бир-бирига узвий боғлиқ. Агар ЧЛда зафар қучсангиз, «Олтин тўп»ни қўлга киритиш имкониятингиз сезиларли даражада ошади. Лекин такрор айтаман, асосийси - жамоавий ғалаба.

- Дастлабки «Олтин тўп»ни 10 йил аввал қўлга киритган эдингиз. Ортда қолган даврни қандай баҳолайсиз?

- Тўғриси, фаолият ривожини таҳлил қилиш анча мураккаб. Биринчидан, бунга вақт йўқ - бутун диққат-эътиборим ҳозирги воқеалар билан банд. Иш шу қадар кўпки, озгина бўшашишнинг асло иложи йўқ. Ўйлайманки, бутсамни михга илгач, ҳаммасини бирма-бир кўриб чиқиш имконияти туғилади.

- Навбатдаги муваффақиятни алоҳида нишонлайсизми? Бу гал 10 йил аввалгидан кўпроқ меҳмон тўпланса керак...

- Ҳар сафар «Олтин тўп» олганимда, аввало, жамоадошларим, оила аъзоларим ва дўстларимга миннатдорчилик билдираман. Тан оламан, улар унча кўп эмаслар, аммо жуда қадрдонлар. Ҳозирги ғалабамни ҳам хурсандчилик ва айниқса, оғир кунларда ёнимда бўлган яқинларимга бағишлайман.

- Байрамда болалар ҳам иштирок этишадими?

- Бундай қувончли дамларда уларни унутиш мумкинми? Фарзандларим ҳамиша ёнимда туришларини истайман.

- Ўғилларингиз қандай муҳим совринга эга чиққанингизни теран англашадими?

- Тўнғич фарзандим Тьяго 7 ёшда,демак, у барчасини яхши тушунади, 4 ёшли Матеонинг тушунчаси анча оз, Чиро эса энди 1,5 ёшда.

- 4 йил «Тўп»сиз қолганингиз бу галги зафар қадрини оширадими?

- Йўқ! Яна ўша гап - ҳар бир «Тўп» мен учун бирдек қадрли. Унга қаторасига 4 марта эга чиқиш, 10 йилдан сўнг яна қўлга олиш - ҳайратланарли. Ҳар ҳолда, 10 йил оралиғида юксак савияни сақлаб туриш осон эмас. Муҳими, менга ўта кучли рақобатчиларни ортда қолдириш насиб этди. Очиғи, ўтган йили Криштиану Роналду бу борада менга етиб олганида, бирозгина ранжигандим.

- Совриндан четда қолган Роналдунинг нақадар аччиқланишини тасаввур қила оласизми?

- Бу ҳолатни ҳар ким ўзича қабул қилади. Билганим - юксак савияли футболчи мағлубиятга кўниколмайди.

- Демак, сиз ҳам совринсиз қолганингизда, роса аччиқлангансиз...

- Ҳа, лекин нима учун шундай бўлганини билардим. Бунинг асосий сабаби - жамоам ЧЛда ғолиб чиқолмади. Криштиану эса бу турнирда бир неча марта зафар қучди. Демак, у «Олтин тўп»га ҳақли эди.

- Шунга қарамай, кўпчилик сов-ринга сизни муносиброқ кўрганди. Овоз бериш жараёни тўлиқ адолатли эканлигига шубҳа уйғонмадими?

- Бу борада баҳслашиш ноўрин. Кимгадир Криштиану ёқади, бошқасига Неймар ёки Мбаппе. Ҳар ким ўзича ҳақ. Демак, ҳаммаси адолатдан. Ахир Роналду «Олтин тўп»ларни ўғирлаб олмади-ку.

- Айтингчи, Роналду «Олтин тўп»лар сони бўйича сизга тенглашгач, қанчалик жаҳлингиз чиққанди?

- Тан оламан, бироз хафа бўлдим. Ахир олдин мутлақ рекордчи эдим, кейин ёнимга шерик қўшилди...  

- Мана, энди яна мутлақ рекордчисиз - бошқа ҳеч кимда 6та «Тўп» йўқ. Бу барча замонлар ва халқларнинг энг яхши футболчиси эканлигингизни англатадими?

- Бир нарса дейишим қийин-ов... (кулади). Турли даврларда буюк футболчилар тўп суришган. Айтингчи, уларни ўзаро қандай таққослаш мумкин? Ростини айтсам, футбол тарихидаги энг яхши футболчини айтишга ожизман.

- Ҳар ҳолда, Пеле, Марадона, Кройфф каби афсоналар ёнидан жой олишга ҳақлисиз. Бунга қўшиласизми?

- Ҳеч қачон кимгадир етиб олиш ёки уни қувиб ўтишни мақсад қилмаганман. Фақат ўз фаолиятимни ўйлайман. Уни тугатганимдан кейингина тарихдаги ўрним хусусида бош қотиришим мумкин. Буюклар сафидан жой олганим жуда ажойиб. «Олтин тўп»лар сонининг 1-2 ёки 6та эканлиги муҳим эмас. Чунончи, буларсиз ҳам қадримни яхши биламан.

- Ҳозир 32 ёшдасиз. Роналду эса яқинда 35 ёшга тўлади. «Абадий» рақобат ниҳоясига етмоқдами?

- Йўқ. Ҳамонки, майдонга тушаётган эканмиз, курашишда давом этамиз. 10 йилдан буён гоҳ мен олдинга чиқяпман, гоҳ у. Футбол тарихида бундай рақобат кузатилган эмас. Икки иқтидорли футбочининг ноёб беллашуви.

«Ҳар йили бошҚа

клублардан таклифлар оламан»

- Сизнингча, агар «Барса»дан бошқа жамоага ўтганингизда ҳам,  шунча «Олтин тўп» олишга муваффақ бўлармидингиз?

- Мураккаб савол. 13 ёшимда «Барса» тизимига келганман ва бу клуб мен учун дунёдаги энг яхшиси. Зеро, жамоа барчасини берди. Шундай экан, қайсидир жамоага кетиш ҳақида ўйлашим ўринсиз. Энг муҳими, «Барселона» - мен ва оилам учун энг мақбул клуб. Шаҳар ҳам худди шундай.

- Роналдунинг айтишича, сиз учун ҳам қулай шароитдан воз кечиш вақти келган эмиш...

- Унинг нега бундай дегани сабабини билмайман. Ўзидан сўраб кўриш керак...

- Наҳотки, янги жамоада синовдан ўтиш ўзингиз учун қизиқарли бўлмаса...

- Йўқ. Фақат «Барселона»да ўз ўйинимни намойиш этиш ва ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида тараққиётга эришиш ниятидаман. Боз устига, ота бўлгач, зиммамга оила масъулияти ҳам тушди.

- Бироқ яқинда бундан 5 йил муқаддам жамоани ўзгартириш ҳақида ўйлаганингиз ҳақида гапиргандингиз...

- Ҳа, шундай. Лекин бу истак футбол эмас, балки шахсий сабаблар туфайли юзага келганди. Ўшанда мураккаб даврни бошдан кечирдим. Муҳими, Барселона аҳолиси ва клуб ёрдами билан ҳаммаси ортда қолди.

- Кейинчалик кетиш истаги қайта  такрорланмадими?

- Ҳеч қачон!

- Аммо турли жамоалар, жумладан, Англиядан таклифлар олганингизни инкор этолмайсиз.

- Ҳар йили таклифлар олишим рост. Кўплаб жамоалар мени ўз таркибига чорлайди, гарчи асл мақсадимни яхши билсада. Демакки, клублар вакиллари шунчаки, ўз истакларини изҳор этишади, фикрим ўзгариб қолишига умид боғлашади, чоғи.

«Ливерпулда 1 йил

аввалги хатони

такрорладик...»

- 32 ёшни уриб қўйганингизга қарамай, ҳамон ажойиб спорт формасидасиз. Яна ўйин услубингиз доимий ўзгаришда - ҳозиргиси 10 йил аввалгисига ўхшамайди. Бунга қандай эришяпсиз?

- Ҳар йили ўз олдимга юксак мақсадларни қўяман ва қайсидир хусусиятимни такомиллаштиришга интиламан. Қолаверса, жамоага янги футболчилар қўшилишади. Шу жиҳатлар ўйинимга ўзгариш киритишни талаб этади

- Аввал қанотда ўйнардингиз, энди марказда...

- Аслида ҳамиша марказ ҳудуди ўйинчиси бўлганман. «Тўққиз»лик эмас, ҳужумчи орти позицияси. Асосий таркибга қўшилганимда, Франк Райкаард мени ўнг қанотга сурди. Гвардиола эса яна марказга қўйди. Умуман, айнан марказни ўз позициям сифатида кўраман. Райкаард шунчаки, мени ўзгача футболга ўргатмоқчи бўлганди.

- Аслини олганда, сизга бошланғич таркибда қайси позицияда майдонга тушишнинг ортиқча аҳамияти йўқдек.

-  Тўғри. Бундан ташқари, доимо эркин ҳаракатланиш имконига эгаман.

- Хави вақтида шундай деганди: «Месси амалга оширган ишни қилолмайман, аммо у мен ва Иньеста иккимиз бажарадиган юмушларга қодир». Энди Хави ҳам, Иньеста ҳам жамоада йўқ. Уларнинг вазифасини ҳам бажаришга тўғри келяптими?

- Йўқ. Тўғри, баъзан анча ортга қайтиб ўйнашга мажбурман. Доимо ўйин марказида бўлишим ва ҳужумларни ташкил этишда фаоллик кўрсатишим эса уларнинг ҳаракатларини эслатади. Фарқи шуки, икки буюк ярим ҳимоячи даврида асосан рақиб дарвозаси яқинида тўп сурардим.

- Лео Месси кўпроқ ташкилотчими ёки тўпурар?

- Ҳамиша ўзимни ташкилотчи ролида тасаввур қилишга ўрганганман. Қолаверса, ҳеч қачон марказий ҳужумчи позициясида тўп сурмаганман. Хуллас, соф ҳужумчи эмас, балки гол уришни ёқтирадиган яратувчиман.

- Иньеста ва Хави жамоадан кетишгач, «Барселона» ЧЛда бирор марта зафар қучмади. Балки жамоага шундай  футболчилар етишмаётгандир?

- «Ливерпул»га қарши кечган ярим финалнинг жавоб учрашувида жамоага нима бўлганини тушуниш қийин. Мавсумдаги ягона омадсиз ўйин. Тўғри, бир неча кундан кейин Испания кубогини «Валенсия»га бой бердик. Тўғриси, Англиядаги омадсизлик (3:0, 0:4) Римдагисидан (4:1, 0:3) ҳам аламли бўлди. Ҳар 2 ҳолатда жавоб учрашуви арафасида 3та тўп устунлигига эга эдик. Яъни хотиржам тўп суриш имконияти бор эди. Боз устига, Ливерпулга Римдаги аччиқ тажриба билан йўл олдик. Бироқ яна хатога йўл қўйдик...

«ОёҚда Қувват бор экан, ўйнашда давом этаман»

- Футболчи Мессининг фуқаро Мессига таъсири қай даражада? Бу таъсир қарама-қарши эмасми?

- Ўйлашимча, майдонда уйдагига қараганда, тамоман ўзгача инсонман. Машғулотлар жараёнида меҳнаткаш киши қиёфасига кираман, уйда табиий ҳолатимга қайтаман.

- Демоқчисизки, майдонда кескин ўзгарасиз...

- Ҳа, майдонга тушгач, футболдан бошқа ҳаммасини унутаман. Ўйиндан имкон қадар кўпроқ завқланишни хоҳлайман, ўзимга хос ҳаракатлар, импровизацияга зўр бераман. Майдон ташқарисида эса вазмин, содда, оилапарвар инсонман.

- Шу ёшда ҳам футболдан лаззатланиш яхши. Наҳотки, футбол сиз учун ҳамон ўйин мақомини йўқотмаган бўлса...

- Айнан шундай. Футболга муносабатим ўзгарса, дарҳол кетаман. Доимо завқ олиш учун тўп сурганман. Бу борада омадлиман - энг ёқтирган ишим билан шуғулланяпман. Фақат битта фарқ бор: ёшлигимда футбол билан яшардим, ҳозир ўйин қандай натижа билан тугашидан қатъий назар, уйда уни бутунлай унутаман.

- Ўзгариш қачон рўй берди?

- Тьяго дунёга келганидан кейин. Бунгача ўйин қовушмаган пайтлар кун бўйи ҳеч ким билан гаплашмай юрардим. Энди оилам ҳаммасини унутишимга ёрдам бермоқда.

- Йиллар ўз таъсирини кўрсатяптими? Фаолиятингиз ниҳоясига етиб бораётганини ҳис этасизми?

- Ростини айтсам, йўқ. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ваҳоланки, жароҳат туфайли чемпионат стартида майдонга тушолмадим. Мана, аста-секин савиямни тикладим. Худо ҳаққи, 32 ёшда эканлигимга ишонмайман.

«Эртанги кун - мен учун келажак»

- Сизнингча, Месси ва Роналду эрасидан кейин «Олтин тўп» кимга насиб этади?

- Бу борада қандайдир тушунчага эга эмасман. Иқтидорли футболчилар, унутилмас воқеалар, танловга таъсир ўтказадиган омиллар кўплиги боис, тахмин қилиш жуда қийин.

- Бироқ бу йил соврин ЧЛда ғолиб чиққан «Ливерпуль» аъзосига эмас, сизга насиб этди...

- Хави билан Иньеста ҳам  барча мавжуд совринларни ютишганига қарамай, «Тўп»га етишолмаганлар. Кимдир ЧЛ ёки ЖЧда ғолиб чиқиши, баъзан ҳар 2 нуфузли унвонни қўлга киритиши, аммо «Тўп»дан бенасиб қолиши ҳеч гап эмас. Нима учун? Сабабини билмайман.

- Терма жамоа билан ЖЧда ғолиб чиқиш эвазига нечта «Олтин тўп»дан воз кечишингиз мумкин?

- Фаолиятимдаги бирор совринни алмаштириш ниятим йўқ. Уларни «Барса» билан қўлга киритдим. Албатта, Аргентина терма жамоаси сафида нимагадир эришишни истайман - бу доимий орзум. Лекин Яратган нимани лозим топса, шуни беради.

- ЖЧ-2022да иштирок этишни режалаштиряпсизми?

- Ҳеч нарсани режалаштираётганим йўқ. Шу пайтгача олдиндан режа тузган эмасман. Табиатан шундай одамман.

- Энди 7-«Олтин тўп» ҳақида ўйлайсизми?

- Асло. Ҳозирги кун билан яшашга одатланганман. Эртанги кун - келажак. Ундан узоғини кўзламайман.

А.АҲМЕДОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz