Қайднома

Қидирув

Рейтинг: ДРИБЛИНГ ҚИРОЛЛАРИ

Рейтинг: ДРИБЛИНГ ҚИРОЛЛАРИ

  13.12.2019 10:08
  0
  478
Рейтинг: ДРИБЛИНГ ҚИРОЛЛАРИ

Футболда кенг тарқалган ақидага биноан, ҳар бир учрашувнинг «қаймоғи»ни таблодаги ҳисоб белгилаб беради. Натижа жуда муҳим ва зарур эканлигини инкор этмаймиз, лекин миллионлар ўйинининг чинакам шайдоси учун бунинг ўзи камлик қилади. Ваҳоланки, ҳар қандай беллашув замирида совринларга элтувчи ғалаба ва очколар ётади. Бироқ баъзан ўз вазифасини уддалаётган жамоа мухлисларини йўқотиб қўяди. Сабаби - зерикарли ўйин. Ўз фаолияти давомида икки марта Фабио Капелло раҳбарлигида тўп сурган ва икки марта Испания чемпиони унвонини қўлга киритган мураббийни истеъфога кузатган «Реал» фикримизга яққол мисол бўла олади.

 

Мусобақани фақат натижа учун кузатадиган мухлисларга енгил атлетика ва итлар пойгаларини тавсия этамиз. Футбол каби жамоавий ўйин-лар, аввало, кишиларга эстетик завқ бағишлаш учун яратилган. Ҳар бир шоуга иштирокчиларнинг якка ва жамоавий ҳаракатлари эвазига намойиш этиладиган жозибали саҳналар кўрк бағишлайди Тўпни замбаракнинг ўқидек учириб юборувчи зарбалар, муқаррар голдан сақлаб қолувчи сэйвлар, ўта нафис комбинациялар ва албатта, дриблинг. Чиройли услуб ёрдамида рақибни доғда қолдириш - серзавқ ҳодиса. Бу алдамчи ҳаракат бир неча марта такрорланса-чи?

Футбол тарихидаги буюк голлардан бирини Диего Марадона 1986 йилги жаҳон чемпионатида амалга оширган. Аргентиналик қирол шиддатли рейди давомида беш нафар рақибини алдаб ўтиб, Англия дарвозасини забт этганди. Тўғри, айнан ўша учрашувда юз берган «илоҳий қўл» воқеаси кўпроқ эсга олинади.

Орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, яшил майдонда яна сеҳрли чап оёққа эга бўлган энг ёрқин дриблинг соҳиби пайдо бўлди. Унинг фамилияси ҳам «М» ҳарфи билан бошланади, аммо кейинги ҳарфлари бошқача: Месси - Марадона эмас.

Лионель Месси - буюк дриблингчи, янги аср дриблёрлари қироли. 2007 йилнинг апрелида у «Барселона» сафида Марадонанинг инглизлар дарвозасига урган голидан андоза олган ҳолда, «Хетафе» дарвозасини ишғол этганди. Ўшанда 19 ёшли бўлажак юлдуз юзлаб алдамчи финтлар ва голларнинг дебочасини амалга оширганди. Кейинги фаолияти давомида Лео ўз режаларини ортиғи билан адо этди.

Қизиғи шундаки, айнан 2006|2007 йиллар мавсумида ҳозир футбол оламининг эътирофига сазовор бўлган Opta тизими ўз фаолиятини бошлаб, жамоалар ва футболчиларга оид маълумотларни тўплашга киришди. Ана шу муассаса бизга Мессини шунчаки қуруқ сўзлар эмас, балки расмий фактларга асосланган ҳолда қироллик мақомига кўтариш имконини берди. Ўша мавсумдан ҳозирги пайтгача аргентиналик ҳужумчи ҳаммадан кўпроқ - 1880та алдамчи ҳаракатларни амалга оширди. У энг яқин таъқибчисидан 660 баллга илгарилаб кетган. Дриблинг самарадорлиги ҳам жуда юқори - 57,2 фоиз.

Бу борада Леонинг собиқ жамоадоши Андрес Иньестанинг кўрсаткичи 60,9 фоизга тенг. Лекин ярим ҳимоячи асосий эътиборини узатмаларга қаратгани сабабли, унда дриблинглар сони оз.

Умуман, алдамчи ҳаракатлар сони бўйича фақат Эден Азар минглик маррага ета олди. Бельгиялик юлдуз Леодан анча ёш бўлгани боис, ўйинлари сони анча кам, аммо битта мавсумдаги кўрсаткич бўйича ҳам ортда бормоқда: аргентиналик даҳо ҳар мавсум ўртача 145та алдамчи ҳаракатни амалга оширса, Эденда бу 111тага тенг. Европа дриблингчилари етакчи ўнлигидаги футболчиларнинг 7 нафари (Месси, Азар, Агуэро, Роналду, Хоакин, Иньеста, Неймар) Ла Лигада ўйнашган ёки ўйнамоқдалар. АПЛдаги ўйинлари орқали мухлисларга қувонч улашаётганлар сони 5 нафар (Азар, Агуэро, Роналду, Бен Арфа, Фирмино).

Европа топ-чемпионатларининг 13 йил ичидаги энг яхши дриблингчилари:

1. Лионель Месси («Барселона») - 1880та; самарали ҳаракат - 57,2 фоиз

2. Эден Азар («Реал») - 1220; 57,1

3. Франк Рибери («Фиорентина») - 939; 47,9

4. Серхио Агуэро («Манчестер Сити») - 832; 46,6

5. Криштиану Роналду («Ювентус») - 816; 44

6. Хоакин («Бетис») - 798; 50,9

7. Хатем Бен-Арфа (клуби йўқ) - 770; 50,6

8. Андрес Иньеста («Виссел Кобе») - 739; 60,9

9. Роберто Фирмино («Ливерпуль») - 736; 56,8

10. Неймар («ПСЖ») - 734; 50,2

Дриблинг қироллари рўйхатидаги етакчи учликни якунлаб турган Франк Рибери ўзининг финтларини асосан «Бавария» таркибида амалга оширган. 4-поғона аргентиналик Серхио Агуэрога тегишли. Ўнликда Бразилиядан ҳам икки нафар футболчи жой олган. Ажабланарли жиҳати шундаки, Роберто Фирмино Неймарни 2 баллга бўлсада ортда қолдирмоқда. Бундан ташқари, алдамчи ҳаракатларнинг самарадорлиги ҳам «Ливерпуль» вакилида юқорироқ. 5-ўриндаги Криштиану Роналду Мессига нисбатан 1064 баллга ортда қолмоқда.

 

2019|2020 йиллар мавсумининг пешқадамлари

Жорий мавсум рўйхатида Месси етакчи ўнликда эмас. Чунки жароҳат туфайли бир қатор учрашувларни ўтказиб юборди. Лекин 7та ўйинда 30та дриблингни намойиш этганини эътибордан қочирмаслик керак. Демак, қирол тахтга қайтади. Тўғри, Леонинг таъқибчилари ҳам анойи эмаслар. Жумладан, 12 учрашувда 55та алдамчи ҳаракатни уддалаган «Кристал Пэлас» вакили Вилфрид Заха рўйхатни бошқариб бормоқда. Ўртача кўрсаткич бобида ҳам у (4,58) Мессидан (4,29) олдинда бормоқда.

1. Вилфрид Заха («Кристал Пэлас») - 55

2. Юсуф Атал («Ницца») - 44

3. Эмилиано Буэндиа («Норвич») - 41

4. Адама Траоре («Вулверхэмптон») - 40

5. Анхель Ди Мария («ПСЖ») - 39

6. Денис Суарес («Сельта») - 39

7. Набиль Фақир («Бетис») - 39

8. Жереми Бога («Сассуоло») - 38

9. Николя Пепе («Арсенал») - 36

10. Жонатан Иконе («Лилль») - 35

11. Гаэтано Кастровилли («Фиорентина») – 35


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz