Қайднома

Қидирув

Саламат Қутибоев: «Муҳаммадиев «Бухоро» ўйинига ранг-баранглик киритди»

Саламат Қутибоев: «Муҳаммадиев «Бухоро» ўйинига ранг-баранглик киритди»

  13.12.2019 09:18
  0
  408
Саламат Қутибоев: «Муҳаммадиев «Бухоро» ўйинига ранг-баранглик киритди»

Мавсум якунларига кўра, Муҳсин Муҳаммадиев бошқарувидаги «Бухоро» кучлилар сафида қолишни уддалади. Бу борада бухороликларга омад ҳам кулиб боқди: ҳал қилувчи сўнгги турда ўз майдонларида АГМКни мағлуб этишди. Албатта, тожикистонлик мураббийнинг иккинчи давра бошланмасидан аввал келгани фойда келтирди. У жамоани ҳал қилувчи босқичга ўзи истагандек тайёрлади, таркибга легионерлар жалб этилди. Айрим учрашувларда етакчилардан очко олинди. «Бунёдкор»га қарши сафарда кечган баҳсда дуранг таъминланди, Қаршининг «Насаф» клуби сўнгги сониялардаги гол эвазига таслим этилди. Демак, «Бухоро»нинг элитада қолишига бош сабабчи - мураббий. Шунингдек, жамоа етакчилари, хусусан, Саламат Қутибоевнинг меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиш даркор. Яқинда ушбу футболчидан интервью олдик ва у якунланган мавсумда олган таассуротларини биз билан ўртоқлашди.

- Аввало, «Бухоро»нинг Суперлигада қолгани билан табриклаймиз. Жамоа бунга қай даражада ишонди? Умид сўнгги сонияда сўнишини шу тариқа яна бир бор исботладинглар...

- Табрик ва эътибор учун раҳмат. Суперлигада ўрнимизни сақлаб қолишимизга охиригача ишондик, асло тушкунликка тушмадик. Агар майдонга ёмон кайфиятда тушганимизда, натижалар ижобий бўлмасди. Мураббийлар штаби бизни ҳар бир ўйинга ҳам руҳан, ҳам жисмонан муносиб тайёрлади. Қандай вазиятда эканлигимизни тушуниб тургандик. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳар бир очко ва голнинг аҳамияти биз учун ўта юқори ҳисобланарди. Якунда олдимизга қўйилган вазифани уддалаганимиздан хурсандмиз.

- Бунда мураббийнинг ҳам улуши бор...

- Чиндан ҳам, элитада «жон» сақлаб қолишимизда Муҳсин Муслимовичнинг ҳиссаси катта бўлди. Барчасига шу инсоннинг ўзи югурди, бизлар учун жон куйдирди, қўлидан келган барча ишни қилди, бор билим-маҳоратини ишга солди. Турли тактикалар ва услубларни жорий қилди, ўйинга ранг-баранглик киритди. Муҳаммадиевнинг тажрибаси катта, футболчи сифатида қандай клубларда тўп сурганини кўпчилик яхши билади.

- Айни дамда Бухорода болалар футболига муносабат қандай?

- Эътибор анча кучаймоқда, бунинг натижасида истеъдодли футболчилар етишиб чиқмоқда. Жумладан, жамоамиздаги Беҳруз Шодмонов ва Анвар Жўраев каби ёшлардан келажакда яхши футболчи чиқади, деган умиддаман.

- Назаримда, «кўҳна шаҳар»да иқтидорларни етиштириш секинлашгандек. Сизнингча, Бухородан яна Улуғбек Бақоев, Шавкат Саломов, Жасур Ҳасанов кабилар чиқармикан?

- Буни вақт кўрсатади. Ёшлар учун ҳозир барча шарт-шароитлар яратилган. Замонавий майдонлар бор. Бу, албатта, уларнинг фойдасига ишлайди. Умид қиламанки, Бухоро футбол мактаби тарбияланувчилари яқин келажакда Суперлиганинг энг кучли клубларида ўзларини намоён этишади.

- Кейинги мавсумда «Бухоро» қайси ўринлар учун курашади?

- Албатта, фақат юқори поғоналарни кўзлаймиз. Бу осон бўлмайди, лекин ҳаммаси ўз қўлимизда. Қолаверса, рақобат ҳам аввалгига нисбатан анча кучайган. Лекин хавотирга ҳожат йўқ, зеро рақобат бор жойда ўсиш ва ривожланиш бўлади. 

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz