Қайднома

Қидирув

Игорь ЗОНИЧ: «2та ФИНАЛ САЛОҲИЯТИМИЗДАН НИШОНА»

Игорь ЗОНИЧ: «2та ФИНАЛ САЛОҲИЯТИМИЗДАН НИШОНА»

  14.12.2019 01:22
  0
  366
Игорь ЗОНИЧ: «2та ФИНАЛ САЛОҲИЯТИМИЗДАН НИШОНА»

Мана, Ўзбекистон футболида илк марта ўтказилган Лига кубоги турнири ҳам тарих зарварақларига муҳрланди. Финал ўйинида АГМК ва «Пахтакор» жамоалари футболчилари чинакам голлар шоусини намойиш этишди. Ҳа, «шерлар»нинг яққол устун эканликлари шундоқ сезилиб турди ва бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Суперлиганинг якуний палласида анча мазмунли футбол кўрсатган Олмалиқ клубига эса нимадир етишмади. Муҳими, ёзги трансферлар палласида Миржалол Қосимов жамоасига қўшилган футболчилар ўйинни кучайтира олишди. Жумладан, Элгужа Григалашвили чемпионат баҳсларининг ўзида 7та гол урган бўлса, Эркин Бойдуллаев марказдаги бўшлиқни ёпди. Шунинг ҳисобига барча чиқзиқларда яхшигина рақобат юзага келди, турдан турга футболчиларда ўзаро тушуниб тўп суриш даражаси яхшиланиб борди. Шу тариқа АГМК сўнгги турларга келиб, ажойиб спорт формасига кирди. Олмалиқликлар ҳаттоки, чемпионатни турнир жадвалининг 6-поғонасида тугатишлари мумкин эди. Бироқ «Бухоро»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳакам томонидан белгиланган ўта шубҳали пенальти барчасини бузиб юборди ва АГМК 8-ўрин билан чекланди. Алоҳида айтиш керак, мавсум бошида жамоа билан шартнома тузишган легионерлар - Миролюб Костич ва Марко Зочевич кутилган даражада ўйин намойиш этолмаган бўлсалар, иккинчи даврадан АГМК шарафини ҳимоя қила бошлаган Игорь Зонич аксинча, нисбатан барқарор тўп сурди. Биз Лига кубоги финалидан сўнг айнан черногориялик футболчини суҳбатга чорлаб, унинг таассуротлари билан қизиқдик.

 

- Игорь, аввало, бугунги ўйин ҳақида гаплашсак. Учрашув финалга унча мос кечмагандек...

- Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? «Пахтакор» - яхши шаклланган кучли жамоа. Ўйин рақиб учун қандай ўтганини билмадим, аммо биз жуда қийналдик. Қисқаси, «Пахта­кор»га айтарли қаршилик кўрсатолмадик. Албатта, натижадан хафамиз. Лекин футболда шундай кутилмаган зарбалар, оғир ҳолатлар ҳам учраб туради. Муҳими, муваффақиятсизликлар олдида эсанкираб қолмаслик керак. Ўйлайманки, ушбу мағлубиятни тезда унутамиз. Тан оламан, рақиб ўйинни тўлиқ назорат қилди, хавфли вазиятлар яратди, голлар урди. Биз ҳам иккинчи бўлимда роса ҳаракат қилдик, бироқ... Дейлик, бир қатор яхши вазиятлардан фойдаланолмадик. 90 дақиқа давомида 8та гол урилгани эса, финал томошабоплигини оширгани тайин. Айниқса, бетараф мухлислар катта завқ олишди, менимча. Бор гап шу. Яна нима дердим, «Пахтакор»ни «требл» билан табриклайман. Жамоа бунга ҳақли ўйин кўрсатди. Биз эса мағлубиятни тан олишга мажбурмиз...

- АГМК сафига иккинчи даврада қўшилдингиз. Жамоа ўйинига тўлиқ мослашиб олдингизми?

- Янги жамоага мослашув жараёни маълум вақт талаб этиши ҳеч кимга сир эмас. Янги футболчилар, ўзгача муҳит... Умуман олганда, бу борада унча қийналмадим, яъни ҳаммаси қисқа муддатда ўз жойига тушди. Жамоа ва мураббийнинг ўйин услубига аста-секин кўникдим. Ўзи АГМК аҳил оила мисоли бирлашган. Ҳамма ягона мақсад сари интилади. Клуб совринлар ютишни хоҳлайди ва ҳамиша шунга интилади. Дейлик, бу йил 2та соврин ютиш имкониятини ҳосил қилгандик. Афсуски, мамлакат кубоги ва Лига кубоги финалида мағлубликни тан олдик. Лекин ҳаёт давом этади, бу билан тўхтаб қолмаймиз.

- Жамоадаги келажагингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Бу ҳақда кейинроқ гапирганим маъқул. «Пахтакор»га қарши баҳсдан сўнг футболчиларга таътил берилди. Таътил тугагач, клуб раҳбарияти ва мураббийлар билан барчасини бафуржа кўриб чиқамиз.

- Мураббий ҳақида...

- Миржалол Қосимов - ажойиб устоз. У ҳақда фақат ижобий фикр билдиришим мумкин. Ўз ишининг устаси, ўта талабчан. Ҳар бир футболчидан максимал куч билан тўп суришни талаб қилади. Гарчи жамоа бу йил соврин ютолмаган бўлсада, унинг қўл остида ажойиб таркиб шаклланди. Бу ерда ҳамма фақат футбол ҳақида ўйлайди. Ортиқча масалаларга эътибор қаратишга тўғри келмайди. Барчаси аъло. 2та финалда ўйнаганимиз жамоамиз салоҳияти чакки эмаслигидан далолат. Ўйлайманки, мавсум давомида деярли ҳар бир рақибга муносиб кураш тақдим этдик. Фақат айрим учрашувларда омад юз ўгирди. Агарда яратилган вазиятлардан унумлироқ фойдаланганимизда, мавсумни анча юқори ўринда тугатардик.

- Миллий чемпионатимиз савия­си, ўйинлардаги муросасизлик ва кескинлик даражасини қандай баҳолайсиз?

- Кўрдимки, Ўзбекистон Суперлигасида рақобат чакки эмас. Дейлик, ҳаттоки, «Пахтакор» ҳам айрим учрашувларда роса қийналди. Айниқса, турнир жадвалининг қуйи қисмида ҳақиқий «интрига» юзага келди. Ҳар бир очконинг қадри баланд. Биргина ғалаба ёки мағлубият жамоанинг турнир жадвалидаги ўрнига катта таъсир қилиши мумкин. Мана, биз 6-ўринни банд этишимиз ҳеч гап эмасди. Лекин охирги турда мағлубиятга учраб, 8-поғона билан чекландик. Зеро, бу ўйин рақиб учун финалдан-да муҳим эди.

- Черногория термасининг халқаро майдондаги ҳолатига қандай муносабат билдирасиз?

- Аниқ фикр айтишим қийин. Умуман олганда, жамоа ўйини ёмон эмас. Лекин бундан кўпроғига интилиш керак. Чунки мамлакатимизда иқтидорли футболчилар кўп, уларга имконият бериляпти. Ўйлайманки, натижалар ҳам секин-аста ижобий томонга ўзгаради.

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz