Айни пайт Бразилия футболининг бош ҳужумчиси Неймар эмас, балки Италияда омадсизликка юз тутишга улгурган ва махсус парҳезга «ўтирган» йигит, шекилли. Мана, у «Фламенго»нинг Либертадорес кубоги ва Бразилия миллий чемпионатида зафар қучишида асосий роллардан бирини ижро этди. Айниқса, Либертадорес кубогидаги ғалаба «Фламенго» учун тарихий аҳамиятга эга. Зеро, донгдор клуб нақ 38 йилдан буён ушбу нуфузли совринга етишолмаётганди. Бу йил ниҳоят, азалий орзуни рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитлар юзага келди: савияли таркиб (Филипе Луис, Рафинья, Диего, Витиньо), нисбатан заифлашган рақиб («Ривер Плейт»нинг асосий қуроли - фақат бош мураббий Марсело Гальярдо)... Финал учрашуви бошланиши арафасида кўпчилик таркибида Габриэль Барбоза (ёхуд Габигол) жавлон ураётган «Фламенго» ғалаба қозонишини тахмин қилганди. Ҳа, ҳамма вақтида еврофутболни забт этиш ниятида Италияга йўл олган, лекин омадсизликка учраб, ортга қайтган Барбозани олдиндан финал қаҳрамони сифатида кўрди...
«Кўҳна Қитъа»гааъёнлар Қуршовида
«Интер» раҳбарияти 2017 йилнинг ёзида бош мураббий Роберто Манчини билан хайрлашиб, унинг ўрнига Франк де Бурни таклиф этди. Нидерландиялик мутахассис эса дастлабки матбуот анжуманидаёқ мақсадга кўчиб қўя қолди: «Интер»да иқтидорли ёшлар етарли. Биринчи галдаги вазифам - уларнинг асосий таркибдан жой олишларига кўмаклашиш. Бундан ташқари, самарали фаолиятни таъминлаш учун ёш футболчилар сафини кенгайтиришни истайман». Ёзги трансферлар мавсуми мураббий фикрларини тасдиқлади (аслида Манчини ҳам таркибни ёшартириш хусусида кўп гапирганди). Қисқаси, «Интер» бир қатор иқтидорларни сотиб олди: Жоау Марио (23 ёш, трансфер суммаси - 40 млн. евро), Жанлука Капрари (22 ёш, трансфер суммаси - 8,25 млн. евро), Додо (24 ёш, трансфер суммаси - 7,8 млн. евро), Марцело Брозович (23 ёш, трансфер суммаси - 5 млн. евро). Шунингдек, Манай, Камара, Кризетиг, Димарко ва Ньюкури ҳам миланликлар сафидан жой олишди. Бразилиялик ноёб иқтидор Габриэль Барбоза учун эса 30 млн. евро тўланди. Таажжубки, шунча харид самарасиз кетди, аниқроғи, фақат Брозович талаб даражасида тўп суришни уддалади, холос. Габигол эса «Интер» тарихидаги энг омадсиз трансфер кампаниясининг бош антиқаҳрамонига айланди. Ваҳоланки, ўша даврда «МЮ», «Севилья», «Боруссия» Д., «Лион» каби таниқли клублар унга харидор бўлганди. Чунончи, Габигол чиндан ҳам, ноёб иқтидори билан кўзларни қамаштирганди. У «Интер»да илк кунданоқ ҳаммани ҳайратга солди: клуб офисига ўзи олдиндан ижара асосида олган дабдабали автомобилда келди, жамоа юборган ҳайдовчи эса айтилган манзилдан футболчини тополмай, ортга қайтди. Бундан ташқари, шартнома остига имзо чекиши билан Миланга унинг хусусий дизайнери, хавфсизлик хизмати раҳбари ва физиотерапевт шифокори етиб келишди. Ана шу шифокор Габиголнинг саломатлиги хусусидаги саволлари билан «Интер»даги касбдошларини роса зериктирди. Бинобарин, бундай маълумотлар кўпинча сир сақланади.
Барбоза билан ҳамкорлик қилган барча мутахассислар, жумладан, «Сантос» клуби ва Бразилия ёшлар терма жамоаси мураббийлари, функционерлар нуқул унинг ноёб иқтидори ҳақида гапиришганди. Кака, Робиньо, Неймар каби юлдузлар фаолиятини бошқарган уста агент Вагнер Рибейро эса Габиголни энг иқтидорли мижози сифатида эътироф этганди. Бироқ миланликларда ўзгача таассурот юзага келди. Франк де Бур жамоанинг асосий ҳужумчиси - Мауро Икардидан воз кечолмасди, чунки италиялик ҳужумчи бразилиялик касбдошидан кўра ишончлироқ эди. Хуллас, мураббий Габриэлга ўнг қанотда тўп суришни таклиф этди. Ҳужумчи эса аччиқланиб, бундан бош тортди. Кейинчалик Пиоли ҳам Барбозани қанотда ўйнатишга уриниб кўрди. Бироқ ўзаро суҳбатлардан бирор-бир натижа чиқмади. Аксинча, мураббий шогирдини машғулотларда дангасалик қилганликда айблашга тушди, футболчи эса устози малакасига шубҳа билан қарай бошлади. Оқибатда Габигол ўриндиққа «михланиб» қолди. У «А» серия мавсуми давомида 23 марта «заявка»дан жой олиб, фақат 9та учрашувда майдонга тушди, боз устига, бу учрашувларда жами 111 дақиқа ҳаракатланди, холос. Барбоза бунинг таъсирида асосан футболдан ташқарида ўзини «кўрсата» бошлади:
- Машғулотларга кечикишга одатланди, мутассаддиларнинг панд-насиҳатлари наф бермади.
- Учрашув арафасида оқшомни тунги клубда ўтказгани учун 10000 евро миқдорида жарима билан «мукофотланди».
- «Сампдория»га қарши баҳсда бош мураббий Пиолини сув идиши билан «ўқ»қа тутди.
- 2017|2018 йиллар мавсумини «А» сериянинг энг ёмон футболчиси мақомида якунлади.
Пиолидан кейин жамоага вақтинча мақомида устозлик қилган Стефано Векки ҳам бразилиялик легионер кўнглига йўл тополмади. «Лацио»га қарши беллашувда мураббий уни майдонга туширмоқчи бўлди, Габигол эса 2-3 дақиқа ўйнашга кўнмай, кийиниш хонасига йўл олди. Бир томонда футболчининг агенти ҳам ҳужумга ўтди: «Габигол билан доимий алоқадаман. Мен фақат мижозимни таҳқирламасликларини истайман. У нима учун майдонга тушмаяпти? Ҳаттоки, «Интер» раҳбарияти ҳам буни изоҳлай олмади. Жамоа сафига энди қўшилган пайти формаси жойида эмаслигини баҳона қилишганди. Эндичи? Ҳақиқат шуки, унга имконият беришмаяпти».
Бесамар ижара ва...
Охир-оқибат, «Интер»даги самарасиз 1 йилдан сўнг Барбоза учун ижара келишуви бошланди. Бироқ «Бенфика»да умуман майдонга тушмади, аммо бир қатор ҳангомалар қаҳрамонига айланди. Жумладан, машғулотлардан бирида Жардел билан чиқишолмади, кейинчалик Руи Витория унга ўзини Габигол, деб аташни тақиқлаб қўйди. Хуллас, ҳужумчи Португалияда узоқ вақт қолмади, лекин «Сантос»га қайтгач, бирданига ўзгарди - 35та учрашувда 19та гол! Мана, Барбоза энди «Фламенго»да даҳо даражасига кўтарилди: Бразилия чемпионатининг энг яхши тўпурари, Либертадорес кубоги турнири бош қаҳрамони! Ҳа, Бразилияда Габиголнинг футболга муносабати тубдан ўзгарди: тунги клублар ва бошқа кўнгилочар базмлардан воз кечди, асосий вақти ва эътиборини спорт формасининг талаб даражасида ушлашга қаратди.
Яна Габиголга айланган футболчи энди португалиялик Жорже Жезусни фаолиятидаги энг муҳим шахслардан бири сифатида эътироф этмоқда. Мураббий «Фламенго»даги илк мулоқот чоғи янги шогирдининг ўтмиши, Европадаги саргузаштларига умуман қизиқмаслиги, ундан фақат юксак савияда ўйин кутишини таъкидлаган ва бунинг учун фақат футболга эътибор қаратиши лозимлигини тушунтирган экан. Шу суҳбатдан кейин Барбоза ташқи кўриниши ва гавдаси хусусида жиддий бош қотириб, диетолог билан боғланди. Натижада шифокор белгилаб берган таомларни тамадди қилишга одатланди. Нонуштага 2 дона тухум, папайя ва сули ёрмаси, тушлик ҳамда кечки таомга товуқ ёки балиқ гўшти. Албатта, турли сабзавотлар билан бирга. Муҳими, футболчи турли ширинликлар, спиртли ичимликларга чек қўйди. Яна суткасига 9-10 соат ухлашга одатланди. Шунингдек, организмни чиниқтириш ва қувватлантиришга ёрдам берадиган бир қатор машқлар бажариш баробарида массаж қабул қила бошлади. Натижада вазни деярли ўзгаришсиз (77 кг.) қолди, лекин ёғ миқдори 13,9 фоиздан 9 фоизга тушди.
Ҳозирги Габигол - «Фламенго»нинг энг ёрқин юлдузи. У якунланган мавсум жамоа сафида 38 марта майдонга тушиб, 31та гол урди, 10та самарали узатма муаллифига айланди. Либертадорес кубоги финалидаги мўъжизани эса ўз мухлисларига қўшимча бонус сифатида ҳадя этди. Габигол «Ривер Плейт»га қарши кечган ҳал қилувчи беллашувнинг охирги 5 дақиқасида бор маҳоратини тўлиқ намойиш этди: мувозанатни тиклади, кейин жамоасини олдинга олиб чиқди, голни Лионель Месси услубида нишонлагани учун иккинчи сариқ карточка билан жазоланди ва майдонни барвақт тарк этди. Очиғи, бундай драматик саҳна кўриниши аҳён-аҳёнда кузатилади. Шу аснода Габриэль Барбоза АПЛ ва Ла Лиганинг бир қатор вакиллари эътиборини яна ўзига қаратди. Лекин ҳужумчи бошқача ўй-хаёллар билан банд: «Фламенго»да ғоят бахтиёрман. Ҳа, кўплаб жамоаларнинг мени кузатаётгани ёқимли, албатта. Лекин фақат «Интер»га қайтиш ниятидаман. Асосий мақсадим шу - «нерадзурралар» билан катта ғалабалар таъмини тотиб кўриш».
Барбоза «Интер»дан кетгач, кейинги 2,5 йил давомида клуб шаънига бир оғиз ножўя гап айтмаганини алоҳида таъкидлаш керак. Қаранг, у энди Италияга қайтиш ва ушалмаган орзуларини рўёбга чиқаришга тайёрлигини эълон қилди. Фикримизча, мантиқан адолатли режа. Айни пайт «Интер»га Габиголдек сермаҳсул мерган ортиқчалик қилмаса керак. Ҳар ҳолда, Мауро Икарди Париж шаҳзодасига айланиб улгурди, Конте эса де Бур эмас. Хуллас, ташаббус кўрсатиш навбати «Интер» мутасаддиларида. Ким билади, балки Барбозанинг ташрифи январда амалга ошса, «нерадзурралар» ниҳоят, «Ювентус»нинг ҳукмронлигига нуқта қўйишар? Балки шу тахминнинг исбот топиши «пентакампеонлар» мутасаддиларини Габиголга жиддийроқ эътибор қаратишга ундар? Ана шунда Бразилияда Неймардан қолишмайдиган моҳир ҳужумчи пайдо бўлганига шубҳа қолмайди. Ҳозирча у Неймар ролига даъвогар...
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20