Қайднома

Қидирув

Тақвимбузар турнир

Тақвимбузар турнир

  16.12.2019 04:28
  0
  374
Тақвимбузар турнир

Ҳозир 2019 йилнинг декабри. Роппа-роса уч йилдан сўнг Қатарда жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади. Футболчилар мазкур турнирга қандай ҳолатда боришади, улар ўйнаётган клублар тақвими қандай тузилади - бу келажакда ҳал этилиши лозим бўлган энг долзарб масала бўлиб турибди.

ЖЧ-2022 нега ёзда ўтказилади?

Дастлаб 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган Қатарда стадионларни совутадиган махсус тизим ишлаб чиқиш режалаштирилган, шу тариқа футболчиларни жазирамадан асраш кўзда тутилганди. Бусиз ўйнаб бўлмасди - ёзда ушбу мамлакатда ҳаво ҳарорати 40-50 даражага кўтарилади.

Кондиционер масаласи ҳал этилмади, шу боис ФИФАнинг олдида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим савол турарди - мундиални эрта баҳорга сурган маъқулми ёки кечки кузга? Баҳор варианти дарҳол кун тартибидан олиб ташланди - февралда қишки Олимпиада ўтказилади, апрелда эса мусулмонлар Рамазон рўзасини тутишади. Ҳаттоки, 5 майдан 4 июнгача давом этадиган тақвим ҳам тузилди, аммо бу ғояни кўпчилик маъқулламади.

Охир-оқибат ЖЧ-2022нинг бошланиш ва якунланиш санаси маълум бўлди: мусобақа 21 ноябрдан 18 декабргача давом этади. Бу даврда Қатардаги кундузги ҳаво ҳарорати 25 даражадан ошмайди, одатда.

Нега бу мундиал тақвим бўйича энг ноқулайи?

Мисол тариқасида яқинда Россия­да ўтказилган ЖЧни оламиз. У 14 июнда бошланди. Турнир стартидан тахминан уч-тўрт ҳафта аввал топ лигаларда мавсум тугади. Мусобақа финалидан тахминан уч ҳафта ўтиб (15 июлда) янги мавсум бошланди. Шу тариқа тахминан 2,5 ой клуб футболини унутишга тўғри келди.

Тасаввур қилайлик, мавсум-2022|2023 ҳозирги мезонлар асосида ўтказилади. Агар клублар ноябрь бошидан тахминан январнинг 20-санасига қадар ўйин ўтказишмаса, ўз-ўзидан қуйидаги саволлар туғилади:

* Еврокубоклар гуруҳ босқичларидаги учта тур ўйинлари нима бўлади?

* Куз - терма жамоалар учун саралаш баҳслари ўтказиладиган фасл, ўша пайтда Евро-2024 квалификациясига старт берилган бўлади. Мазкур учрашувларни нима қилишади? Ёки бу вақт­да Миллатлар лигаси бўлиб ўтади - у нима бўлади?

* Асосий масала: чемпионатлар нима бўлади? Топ лигаларда тахминан 9та (!) тур ўтказилиши керак-ку. АПЛни гапирмаса ҳам бўлаверади - у ерда 13та тур баҳсларини кўчиришга тўғри келади.

Қандай вариантлар кўриб чиқилмоқда?

Инглизлар бу ҳақда аввалдан ўйлаб кўришди. Daily Mail нашрида чоп этилган мақолада АПЛ тузган режалар батафсил кўрсатиб ўтилган.

ЖЧ арафасидаги сўнгги ўйинлар 12 ноябрда - Қатардаги турнир бошланишидан 9 кун аввал ўтказилади;

Мундиал финалидан 8 кун ўтиб - 26 декабрдан АПЛда мавсум давом эттирилади;

Мавсум ўртасида икки ҳафталик танаффус бўлмайди, чемпионат эса одатдагидан бир ҳафта аввалроқ бошланиб, бир ҳафта кейинроқ якунланади;

Бу АПЛ ва Чемпионшипга тааллуқли. Клублар бундай таклифдан хабардорлар, муносабат ҳам ижобий бўлмоқда;

3 ва 4-дивизион тақвими ўзгаришсиз қолади.

Бошқа лигалар бўйича лойиҳалар ҳозирча маълум эмас. УЕФА якуний қарорни 2021 йилдан аввалроқ чиқармаслиги ҳақида хабар берган. Айт­ганча, бу пайтга келиб учинчи еврокубок - Конференция лигаси ҳам пайдо бўлади, шундай экан, евротурнирлар қатнашчилари сони ортади.

Англия режа тузиб бўлди.

Қолганлар-чи?

Агар ҳаммаси ҳозирги ҳолатида қолса, шуниси аниқки - тақвимни фақат ортга суришга тўғри келади. Биринчи навбатда, бу евротурнирлар ва терма жамоалар саралашига тааллуқли, шунингдек, миллий чемпионатлар ҳам ЖЧ туфайли вужудга келадиган танаффусни қандайдир йўл билан компенсация қилишлари лозим. Саралаш баҳслари ёки еврокубоклар гуруҳ босқичини қиш фаслига суришга кўпчилик рози бўлмаслиги турган гап, бу УЕФАга ҳам маъқул эмас - об-ҳаво шароити бутун Европа бўйлаб барча ўйинларни ўтказиш имкониятини беришига қараб, тақвим тузиш учун жиддий бош қотиришга тўғри келади.

Бир-икки ой ортга суриш - ягона вариант. Бунда нима бўлади?

* Еврокубоклардаги гуруҳ ўйинлари июлда бошланиб, октябрь ўрталарида якунланади. Саралаш баҳслари ёзда ўтказилади, мусобақанинг дастлабки раундларида қатнашадиган клублар эса курашга май ойидан (ҳозир дастлабки учрашувлар июнь охирида бошланади, бу муддатни ҳеч бўлмаганда бир ярим ой ортга сурамиз) киришишлари керак бўлади.

* Терма жамоалар июль, август ва сентябрда ўйин ўтказишади.

* Ички чемпионатлар, жумладан, иссиқ мамлакатларда ҳам максимум июнь охирида бошланиши лозим.

Бунинг ортидан келадиган ноқулайликлар талайгина. Мазкур ҳолатда мавсум-2021|2022нинг ҳам эртароқ якунланишини таъминлашга тўғри келади. Нари борса, апрель охирида ёки имкон қадар бундан ҳам эртароқ.

Клублар тақвимини терма жамоалар ўйинлари тўхтатади, бунинг оқибатида куз фаслида камида учта тур баҳслари ўтказилмайди. Учта тур - уч ҳафта дегани. Иқлим шароитини инобатга олсак, 2022 йили терма жамоаларнинг куз фаслидаги ўйинларидан воз кечиш муаммони ҳал этишда асқотиши мумкин - тақвимни бу қадар ортга суришга эҳтиёж қолмайди.

* Мазкур ҳолатда еврокубоклар гуруҳ босқичини август ўрталарига суриб, ўйинларни ҳар икки ҳафтада ўтказиш мумкин - шунда октябрь ўрталаригача улгурса бўлади.

* Чемпионатларни июль охирида бошласа бўлади. Ушбу вариантда маҳаллий кубок учрашувларининг иккита раундини ўтказиш имкони туғилади, 2023 йилнинг январь ойи ўрталарида эса лигалардаги баҳсларни давом эттириб, айрим турларни ҳафта ўрталарига белгиласа бўлаверади.

* Аммо бу ҳолатда терма жамоалар ўйинида муаммо туғилиши мумкин. Яъни УЕФА қайсидир йўл билан ҳам Миллатлар лигаси, ҳам Евро-2024 саралашини 2023 йилда ўтказишга мажбур бўлади. Албатта, агар Евро-2020 саралаши формати сақланиб қолса. Терма жамоалар умумий ҳисобда Миллатлар лигасида 6тадан («А» ва «В» гуруҳидаги жамоа­лар 4дан), саралашда 10тадан ўйин ўтказишлари керак. Демак, бир йилда 16та дам олиш кунларини ажратишга эҳтиёж туғилади. УЕФА мазкур ҳолатда клублар билан қандай келишади - мутлақо тушунарсиз.

Навбатдаги мундиалгача уч йил бор. Англиядагилар, кўриб турганингиздек, бундан муаммо кўришмаяпти. Бироқ ФИФАнинг жаҳон чемпионатини ноябрь-декабрь ойларига суриши, аввало, УЕФАга катта юк бўлади - ушбу ташкилот зиммасида евротурнирлар ва терма жамоалар саралаш баҳслари ташкилотчилиги турибди. Ўйлаб кўриш учун икки йил муддат бор. Ноқулайликлар ҳаддан зиёд кўп.

  Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz