Қайднома

Қидирув

Тулпор «соя»сидаги тойчоқ

Тулпор «соя»сидаги тойчоқ

  16.12.2019 08:05
  0
  355
Тулпор «соя»сидаги тойчоқ

Футболдаги ёзилмаган қоидага кўра, ҳар қандай клуб чинакам оила мақомида бўлмоғи лозим. Фақат ўйинчилар, мураббийлар, хизматчилар ва раҳбарият аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан иш юритса, кўзланган марра албатта забт этилади. Мазкур ақида маъжозий маънода айтилган бўлсада, унга сўзма-сўз амал қиладиганлар ҳам йўқ эмас.

Дарҳақиқат, футболчи фарзандларини ўз жамоаларига жалб этаётган мураббийларга бир қатор мисоллар келтириш мумкин. Бу кўринишдаги «оилавий пудрат»нинг оқибати қандай якунланишини олдиндан айтиш қийин. Лекин кўпинча ота-боланинг футболдаги ҳамкорлиги кутилган натижани бермайди. Масалан, Зайниддин Зидан «Реал»га қайтганидан кейин ўғли Люкага ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини берганди. Ёш дарвозабон «Уэска»га қарши баҳсда 2та гол ўтказиб юборди. Бироқ унинг бахтига «Қироллик клуби» Карим Бенземанинг сўнгги дақиқалардаги голи эвазига ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Шундан кейин кичик Зидан «Расинг»га ижарага юборилди, Мадридга қайтиш-қайтмаслиги ҳозирча номаълум.

«Пудратчи» мураббий жамоани тарк этса, унинг «тойчоғи» ҳам ортидан йўл олади. «Химки» ўринбосарлари сафида тўп сурадиган Михаил Тихонов отаси Андрей Тихонов билан Россияни кезиб чиқди. «Спартак» юлдузи мураббийлик соҳасига ўтгач, ўғлини ўзи билан олиб юришга одатланди. «Краснодар», «Енисей» ва «Крилья Советов» мухлислари оилавий дуэт ҳамкорлигига гувоҳ бўлишди. «Тулпор» танаффус олишга мажбур бўлганида, «тойчоқ» тўсатдан ПФЛ-Марказда тўп сура бошлади.

Берлиннинг «Герта»сидаги муносабат сал бошқачароқ - собиқ мураббийларнинг зурриёдлари оталари ортидан кетиб қолишмайди. Аввал ёшлар жамоаларида устозлик қилган Пал Дардай 2015-2019 йилларда асосий таркибни бошқарди. Унинг ўғли Палко эса айнан отасининг даврида асосий таркибдан жой олди. 2018 йилнинг 28 апрелида дебютини нишонлаган ярим ҳимоячи 12 марта майдонга тушган бўлсада, самарали ҳаракатларни амалга ошира олмади. 2019 йилнинг июнида катта Дардай жамоани тарк этди, Палко шундан кейин бирорта ўйинда иштирок этмади. Аммо эндигина 20га чиққан футболчи учун кейинроқ ўзини кўрсатиш имконияти бор. Қолаверса, унинг укаси - Мартон Дардай ёшлар жамоасида тўп сурмоқда.

Пал Дардай ўрнини эгаллаган хорватиялик Анте Чович ҳам Берлинга ёлғиз келмади - ўғли Морис «Герта» таркибидан жой олди. Аммо отаси даврида дебютини нишонлашга улгурмади, Анте Чович 5 ойлик фаолиятдан сўнг ноябрь ойида истеъфога чиқарилди.

Қизиғи шундаки, Пал Дардай ва Анте Чович «Герта»да ёнма-ён тўп суришганди, ўғлонлари ҳозирча асосий таркибдан муқим жой эгаллашни уддалай олмадилар.

Германия терма жамоаси сафида жаҳон ва Европа чемпиони унвонларига сазовор бўлган таниқли дарвозабон Андреас Кёпке ҳам ўз вақтида «Герта» шарафини ҳимоя қилганди. Яқинда у «Кекса хоним»ни қабул қилган Юрген Клинсманн мураббийлар штабига қўшилди. Таажжубки, унинг фарзанди Паскаль ҳам Берлин клубида тўп суради. Лекин унинг жамоага келиш тарихи бошқачароқ: 24 ёшли ҳужумчи 2-Бундеслига вакили «Эрцгебирге»даги самарали иштироки туфайли отасидан бир йил аввал «Герта» таклифига сазовор бўлганди. Балки ўғлининг пойтахтда эканлиги туфайли катта Кёпке «Герта» таклифига рози бўлгандир. Табиийки, ўтмишда донг таратган таниқли пос­бон Клинсманн штабида ёш дарвозабонлар билан шуғулланади. Қизиғи шундаки, бош мураббий ҳам «оилавий пудрат» вакилига айланишга яқин турганди. Бироқ «Герта» клуби ва АҚШ терма жамоаси дарвозабони Жонатан Клинсманн шу йилнинг ёзида «Санкт-Галлен» жамоасига ўтиб кетди. Катта Клинсманн Берлинга ярим йил кечикиб келди. Хуллас, «Герта» оилавий клуб. Энди кимнинг навбати?

 Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz