Қайднома

Қидирув

Сергей Арслонов: «Халқаро тажриба боланинг ўсишида муҳим аҳамиятга эга»

Сергей Арслонов: «Халқаро тажриба боланинг ўсишида муҳим аҳамиятга эга»

  17.12.2019 09:59
  0
  403
Сергей Арслонов: «Халқаро тажриба боланинг ўсишида муҳим аҳамиятга эга»

«Спартак» Тошкент клубининг катта мураббийи, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтказилган «Дўстлик кубоги»да олтин медалларга эга чиққан жамоа устози, мазкур турнир ташкилотчиларидан бири Сергей Арслонов яқинда spartaktashkent.com сайтига интервью бериб, мусобақа якунлари бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

- Турнирдаги ғалаба билан табриклаймиз! Шогирдларингиз «Дўстлик кубоги»да бош совринни қўлга киритишларини таъминлаш учун уларни қай тариқа руҳлантирдингиз? Мусобақа сиз ва жамоангиз учун қандай кечди?

- Турнирнинг болаларга тааллуқли жиҳати ҳақида гапирсам, улар бир олам завқ олишди, унутилмас ҳаяжонли лаҳзалар ва ижобий таассуротларга эга бўлишди. Чунки мусобақанинг ўзи юқори савияда ташкил этилди. Яшаш учун қулай шароитлар, спортчилар учун махсус таомномалар яратилди. Иштирокчилар ҳақида гапирсак, тайёргарлик ва маҳорат даражаси бўйича бир хил рақибларнинг танлангани турнирнинг икки карра қизиқарлироқ ўтишини таъминлади. Ҳар бир жамоа чиройли ўйин кўрсатиб, фақат ғалабани кўзлади. Яъни ҳар бир қатнашчи мусобақада ўз олдига юқори мақсадларни қўйди.

Шу боис, барча иштирокчилар ташкилотчилик, жамоалар даражаси, футбол майдонларининг сифатидан мамнун бўлишди. Ёш қатнашчиларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюрган футбол ихлосмандлари, мураббийлар, ота-оналар, меҳмонлар ҳам турнир ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиришди.

Бевосита жамоамизнинг мусобақадаги иштирокига келсак, таъкидлашим мумкинки, бу айримлар учун дастлабки сафар эди. Баъзи янги футболчиларимиз ўз ҳудудларидан ташқарига чиқишмаганди. Бу каби саёҳатлар болалар учун каттагина мактабдир, айниқса, мусобақа халқаро мақомда бўлса. Гуруҳ босқичи ҳақида гапирсам, у жуда қийин ўтди. Ярим финал ҳам ўз номига яраша тарзда кечди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида омад бизга кулиб боқди. Муносиб ўйин, унутилмас ғалаба. Ва албатта, финал. Ҳар доим йигитларга, футболчиларга, шогирдларимга бундай пайтларда алоҳида руҳлантиришнинг имкони йўқлиги, «финал» сўзининг ўзи кўп нарсадан далолат бераётганини кўп таъкидлайман. Ҳам интилиш, ҳам ғалабага бўлган ирода, ҳам характер аҳамият касб этади. Бу ҳар бир спортчи, футболчи учун жуда кучли ибора саналади, мазкур ҳолатда болаларни илҳомлантириш учун мотивация бериш шартмас. Финалда бизга қарши ўйнаган жамоа билан гуруҳда аранг дуранг қайд этгандик. Аммо ҳал қилувчи баҳсда иштиёқ, жўшқинлик, ғалабага бўлган ишонч ва ирода сезилди. Футболчиларимиз ҳаммасини аъло даражада уддалашди. Шундоққина кўриниб турарди: йигитлар майдонга биринчи ўринни эгаллаш мақсадида тушишганди.

- Турнир дастури қандай? У яна ўтказилса, жамоангиз унда қатнашадими?

- Дастур анчайин қизиқарли бўлди, муҳими, болалар зерикиб қолишмади. Экскурсиялар уюштирилди, арқонли йўлакка чиқишди. Биринчи куни шунингдек, барча мураббийлар учун йиғилиш ўтказилди. Танишиш ва суҳбатлашиш учун кофе-брейк ташкил этилди, сўнгра махсус тақдиот орқали турнир қоидалари билан таништирилди. Бейжиклар, мусобақанинг расмий тўплари, ташкилотчилик асослари ёзилган ҳужжатлар тарқатилди. «Дўстлик кубоги» якунлангач, мураббийлар ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди. Барча қатнашчилар, болалар устозларини қўллаб-қувватлаш учун мазкур учрашувга ташриф буюришди. Ишқибозларнинг кўплиги ҳам қатнашчиларга ҳузур бағишлади. Ушбу жараёнда илиқ муҳит ҳукм сурди. Сўнгра кичикроқ зиёфат уюштирилди. Турнир якунлари бўйича барча жамоалар тақдирланди. Ҳар бир футболчи медаль олди. Ҳеч ким ранжимади. Мураббийлар ва меҳмонларга совғалар топширилди. Ўша ерда бўлганларнинг ҳар бирига эътибор қаратишга уриндик.

- «Спартак» мунтазам равишда турли халқаро турнирларда қатнашади. Бу ёш футболчиларнинг ривожланишларига қандай таъсир кўрсатмоқда?

- Ҳа, «Спартак» имкон қадар хорижга чиқиб, халқаро турнирларда қатнашишга ҳаракат қилади. Ҳаммаси қандай таклифлар тушишига боғлиқ, биз аввал бир таркибни, кейин бошқасини олиб борамиз. Яъни ҳар бир болакайга, унинг тайёргарлик даражаси қандай бўлишидан қатъий назар, халқаро тажрибани тақдим этишга ҳаракат қиламиз.

Бундан кўзланган мақсад нима? Биринчи навбатда, таъкидлаш жоизки, ҳар бир сафар боланинг мустақил ривожланишини таъминлайди. Бу жуда муҳим. Йиғинга келган ёш футболчилар бошқа режимга ўтишади, яъни жамоавий, спорт тизимига. Бола кунни алоҳида тартиб асосида ўтказади. Уни мураббийлар назорат қилиб туришади. Бу ерда овқатланиш режими ҳам бошқа, егуликлар уйдаги таомлардан мутлақо фарқланади. Биз кўпинча болаларга коммуникацион муносабатда бўлишга эътибор қаратамиз.

Бола шу тартибга кўникади, кейин эса, уйга борганда, худди шу режимга амал қилади. У мустақил бўлади, сўзамоллиги ортади. Йиғинларда тез-тез назарий машғулотлар ўтказамиз, ўйинларни муҳокама қиламиз - шаҳарда ташкил этиш қийин бўлган нарсаларни амалга оширишга уринамиз. Турнирлар ўтказилаётган жойда ҳаммамиз биргамиз, бизга конференц-зал ажратилади. Бу болаларнинг ўйин бўйича ўсишини таъминлайди. У жуда катта миқдорда маълумотлар олади, қўшимчасига, ҳар бир йиғилишимиз диалог тарзида ўтказилиши ҳам диққатга молик. Биз болаларнинг гапиришни ўрганиши, жавоб бериши, гарчи нотўғри бўлса ҳам ўз фикрини билдира олишини хоҳлаймиз, шунга интиламиз. Табиийки, бундай турнирлардан кейин уйига борган болаларнинг ўзгарганини ота-оналари дарҳол пайқайдилар.

Ўйин режимига келсак, бунинг ҳам ўзига хос «плюс» томонлари бор. Биринчидан, бу тажриба орттириш демакдир. Ҳар бир сафар пайтида бизда етакчилар пайдо бўлади. Яъни шаҳар чемпионатларида унчалик кўзга ташланмаганлар айнан халқаро турнирларда ўзларини кўрсатишади. Бундай ҳолат бир неча марта кузатилган: иккинчи ва учинчи гуруҳ футболчилари хорижга чиқиб келишганидан сўнг сезиларли ўсишга эришишган ва Тошкентга қайтгач, уларга асосий гуруҳдан жой ажратганмиз. Бу жуда муҳим. Болаларнинг жуда кўп қирралари очилмоқда, халқаро тажриба орттиришмоқда. Ҳар бир саёҳат, хорижда ўтказиладиган турнирлар - боланинг ривожланишида улкан аҳамият касб этади. Улар нафақат спортчи, балки инсон сифатида ҳам ўсишга эришадилар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz