Қайднома

Қидирув

Италияда Янги «сенсация»: «Кальяри»нинг иштирокига нима дейсиз?

Италияда Янги «сенсация»: «Кальяри»нинг иштирокига нима дейсиз?

  18.12.2019 05:51
  0
  469
Италияда Янги «сенсация»: «Кальяри»нинг иштирокига нима дейсиз?

«А» серия турнир жадвалига назар ташларканмиз, «Милан»нинг қуйи поғоналарда бораётгани ёки «Наполи»нинг ўзига келолмаётганига ажабланмаймиз. Бу клубларнинг муаммолари ҳаммага яхши таниш. Боз устига, Чемпионлар Лигаси даражасига кўтарилган деб ҳисобланаётган «Аталанта» ҳам барқарорликни йўқотди. Ҳақиқий «сенсация» айни пайт тўртинчи, яъни ЕЧЛга йўлланма берадиган ўринни эгаллаб турибди. «Кальяри» - ороллик ўртамиёна «Аталанта»нинг муваффақиятини такрорлаш ниятида.

Мавсум бошланишидан аввал бу жамоанинг юқорига - Европа Лигаси йўлланмасини берадиган жойга интилишини тахмин қилгандик. Стартдаги дастлабки икки турдан сўнг, «Кальяри» бирорта ҳам очко ололмагач, башоратимиз оптимистик руҳда бўлгандек туюлди. Лекин ўша вазиятда натижага эмас, умумий ҳолатга эътибор қаратиш керак эди. «Брешия» (0:1) ва «Интер»га (1:2) қарши баҳсларда Роландо Маран шогирдлари ёмон таассурот қолдиришмади - уларга шунчаки, омад етишмади. Эътиборлиси, ҳозиргача, 12 тур мобайнида «Кальяри» бошқа ютқазмади.

Оролликлардаги ишонч босқичма-босқич ортиб борди. «Наполи» (1:0) ва «Рома» (1:1) билан ўйинлардаги ижобий натижалар ҳам вазият тақозосидан келиб чиқди, омад қарзини узаётгандек эди, гўё. «Аталанта» (2:0) ва «Фиорентина» (5:2) устидан қозонилган ғалабалар ҳақида эса бошқачароқ фикр билдириш мумкин. Эндиликда «Кальяри» ажойиб футбол намойиш этадиган агрессив жамоа сифатида таассурот қолдирмоқда. Айниқса, «скуадра виола»нинг тор-мор этилиши ўзгача бўлди, сардинияликлар ўйин давомида 5:0 ҳисобида олдинда боришди.

Аввалги турда «Сампдория»га қарши кечган баҳс Италиянинг жорий мавсумидаги энг шиддатли ўйин­лардан бири бўлишга даъвогар. «Кальяри» 0:2 ҳисобида ютқазаётганди, сўнгра кўриниш 1:3га ўзгарди, аммо бу жамоанинг характери ҳам бор. 70-дақиқадан кейин қойилмақом «камбэк» бошланди ва уни ҳакам қўшиб берган дақиқаларда Альберто Черри ўз голи билан якунлаб берди - 4:3. Бу голлар прагматик футбол тарафдори бўлган Клаудио Раньери бошқарувидаги жамоа дарвозасига урилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Асосийси, «Кальяри» иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш ёқимли (ҳаттоки, улар учун омадсиз кечган «Лечче»га қарши баҳс (2:2)ни ҳам, ўшанда рақиблар мағлубиятдан қутулиб қолишганди). Хўш, Сардиния ороли шарафини ҳимоя қилаётган клуб ниманинг эвазига бундай кўрсаткичларни қайд этмоқда?

 

«Нинзя» Қайтди

Ража Наингголаннинг «Кальяри»га меҳри бўлакча. Бу футболчи мазкур клубда «А» сериядаги дебютини нишонлаган, катта фаолиятга йўлланма берган муваффақиятли тўрт мавсумни ўтказган. Уни маҳаллий мухлислар ҳам яхши кўришади, бельгияликни жорий йилнинг ёзида Кальяри-Эльмас аэропортида ажойиб тарзда кутиб олишди. Умуман, Ража бу жамоага мажбурликдан қайтди. Можароларга ўч «Нинзя» Конте бошқарувидаги «Интер»га мос тушмади - уни ҳатто ёзги тайёргарликларга ҳам қўшишмади. Яна бир муҳим фактор - рафиқасининг саломатлиги. Онкологик хасталик туфайли у қадрдон Сардиниясида бўлишни хоҳлади, шу ерда даволанмоқда. Яхшиямки, клубнинг имкониятлари ҳам футболчиникига мос тушди - «Кальяри» унга 3 млн. еврога тенг йиллик маош белгилаган.

Эрнинг қийин вазиятда турмуш ўртоғи ёнида бўлиш қарори ҳар тарафлама тўғри бўлди. Аввалги икки мавсумни кўнгилдагидек ўтказолмаган Наингголан чин маънода ажойиб формага кириб олди. Қисқа муддатли адаптация жараёнидан сўнг унга оптимал позицияни топиб беришди: у ҳужумкор ярим ҳимоячи чизиғида ўйнаяпти. Ража рақиб дарвозасига яқин ўйнаш асносида, ҳам шерикларига кескин узатмалар бериш, ҳам зарба йўллаш имкониятига эга бўлмоқда. Узоқ масофадан «пушка»ни ишга солиш - унга хос сифат. СПАЛ билан ўйинда урган чиройли голи, «Фиорентина» билан баҳсдаги эффектли ҳаракати, «Сампдория»га қарши учрашувдаги ерлатиб йўлланган зарба - биз «Рома»да порлаган қадрдон Наингголанни кўряпмиз.

Бундай юлдузнинг борлиги бутун жамоани руҳлантирмоқда. Таркибда «А» сериянинг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси ўйнаркан, бу ҳаммага ишонч бағишлайди. Чеппителли жароҳат олганда сардорлик боғичи Ражага топширилгани ҳам бежиз эмас. «Нинзя» - ҳақиқий етакчи.

 

Ярим ҳимоядаги

барҚарорлик

Муҳими, илҳом бериш керак бўлган футболчилар бор. Жорий мавсум «Кальяри» майдон марказида ажойиб ўйнамоқда. Ёзда клуб Николо Бареллани «Интер»га сотиш ор­қали яхшигина даромадга эга бўлди ва унинг ўрнини дарҳол тўлдиришга эришди. Ижара асосида Наингголан олинди, шунингдек, хорватиялик Марко Рог ўсишга эришмоқда, 23 ёшли уругвайлик Найтан Нандес эса «Бока Хуниорс»дан 18 млн. еврога харид қилинди. Ажойиб футболчи. Бўйи унчалик баландмас (172 см.), шунга қарамай, чапдаст, техникаси ҳам чаккимас. У ўнг қанотга кўчишни, у ердан эффектли узатмалар йўллашни ёқтиради.

Бундай қўллаб-қувватлаш таъсирида ҳужумчи Жоао Педронинг ҳам янги қирралари очилди. Унинг ёши 27да, 2014 йилдан буён «Кальяри» шарафини ҳимоя қилмоқда, аммо авваллари бунча кўп гол урмаганди. Зеро олдин иккинчи ҳужумчи сифатида асосан ҳужумларни ташкил этувчи вазифасини бажарарди. Ҳозир бразилиялик аввалги амплуасида қолган бўлсада, ҳужумларни якунлаш имкониятига эга бўлмоқда, баъзан мўъжизалар сабабчисига айланмоқда. Унинг «Сампдория» дарвозасига урган голи бунга яққол мисол.

 

Энг яхши алмаштириш

Мавсумлар оралиғида кадрлар билан боғлиқ масала анча ижобий ҳал этилди. «Кальяри» жароҳатлар сабаб бирданига икки асосий футболчиси - дарвозабон Алессио Краньо ҳамда энг яхши тўпурар (ўтган мавсум 16та гол) Леонардо Паволеттидан айрилди. Уларнинг йўқлиги жиддий муаммо сифатида қабул қилинаётганди, бироқ ҳар икки футболчининг ўрни ўз вақтида тўлдирилди.

Дарвозага Робин Ольсен қўйилди. Швециялик бу кипер «Рома»да муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Кальярида бундай босимга яқин ҳам бормаяпти. Унинг «сэйв»лари эвазига, агар xG (кутилган голлар) кўрсаткичи бўйича таққосласак, «Кальяри» бешта камроқ тўп ўтказиб юборди. Ольсенда ҳаттоки, «Стадио Олимпико»да собиқ жамоасига қарши ўйнаш имконияти ҳам пайдо бўлди.

Ҳужумда Жованни Симеоненинг ишлари юришмоқда. Тўғри, бу футболчи кўплаб қулай имкониятларни кўкка совуради. «Кальяри»да «Чолито» тўпурарлик салоҳиятини намо­йиш этяпти, дейиш мушкул, аммо керакли пайтда рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда, ўзини жамоада жуда қулай сезяпти. Хусусан, собиқ клуби - «Фиорентина»га тўп киритиб, «бинафшалар»ни ранжитди. Тақдир тақозоси билан, ўша пайтда «скуадра виола» деярли марказий ҳужумчисиз қолганди.

 

Бу «Кьево» эмас

Нега кечаги «қолоқ»лар янги жойда бу қадар муваффақият қозонишмоқда? Ҳамма гап уларга тўғри муносабат билдираётган мураббийда. Роландо Мараннинг инсонийлик сифатларига «Кальяри»да тўп суришга улгурган Дарио Срна ҳам юқори баҳо берганди. Маран «Кьево»да ишлаган пайтида ҳам кутилганидан яхшироқ ўйин кўрсатадиган жамоа шакллантира олишини кўрсатганди. Унинг шогирдлари оддий-прагматик услубда тўп суришган: мустаҳкам мудофаа, кўп курашлар, «иккинчи қават»дан урилган голлар. «Кальяри» ҳам ўтган мавсум худди шу йўналишдан борди, аммо эндиликда юқори савияли ярим ҳимоячиларга эга бўлгач, жамоа ўйини нисбатан ўзгарди.

«Кальяри» айни пайт «Ювентус» ёки «Наполи»дан кўпроқ гол урмоқда. Бу Наингголан ва Жоао Педронинг ўзаро тушуниб тўп суришлари хосиласидир. Маран тактикага бироз ўзгартириш киритиб, 4-3-1-2 схемасини 4-3-2-1га ўзгартирди, «иккилик» айнан юқорида номи қайд этилган футболчилар ҳисобига тузилди. Бундан ташқари, қанотлар ҳам анча фаол, ҳужумларнинг 75 фоизи айнан шу чизиқлар орқали уюштирилмоқда: мазкур ҳолатда чап қанот ҳимоячиси, трансфер ҳуқуқи «Ювентус»га тегишли бўлган Лука Пеллегринининг ўсишга эришганини эътироф этиш даркор. Жамоа тезкор ҳужумлар ташкил қилишга уринмоқда, айниқса, вертикал узатмаларга катта эътибор берилмоқда. Тўпни эгаллаб туриш - аниқ Маранга тааллуқли эмас (46,8 фоиз). Бироқ олдинги чизиқда Паволеттининг ўрнини Симеоне эгаллагач, ҳужумлар нисбатан вариатив тус ола бошлади.

«Кальяри» президенти Томмазо Жулини ҳозирча Чемпионлар Лигаси ҳақида ўйламаяпти. «Турнир жадвалига қарамаяпман», - деди у ушбу мавзуда берилган саволга жавоб қайтараркан. Аслида, мутасадди буларнинг барини беш йил аввал башорат қилганди. 2014 йилнинг сентябридаги чиқишида «2020 йилда (клубнинг бир асрлик юбилейи) жамоа бемалол «кучли бешлик»ка яқинлашиб олиши»ни таъкидлаганди. Ўшанда бу гапларни кўпчилик ўхшамаган ҳазил сифатида қабул қилган, чунки «Кальяри» мавсум охирида «А» серияни тарк этганди. Энди вазият мутлақо ўзгача. Оролликлар элитага қайтгач, таниқли фахрийлар (Боррьелло, Бруну Алвеш, Падоин, Срна) ёрдамида кучлилар сафидаги ўринларини сақлаб қолишди. Ўз навбатида, жамоа ўз тарбияланувчилари (Барелла, Краньо)га эга бўлди, тажриба, ёшлик, юқори савия ва ажойиб мотивацияни уйғунлаштиришга эришди. Балки «Кальяри» ЧЛ йўлланмасини берадиган поғоналар учун асосий даъвогар эмасдир, лекин барибир, орол жамоаси «А» серия олий дивизионидаги кўпчиликнинг таъзирини беришга улгурди.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz