Қайднома

Қидирув

Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!

Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!

  19.12.2019 01:56
  0
  541
Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!

Яқин ўтмишда ёрқин ўйинлари эвазига Англиянинг энг иқтидорли футболчиси мақомига лойиқ кўрилган Деле Алли табиийки, кўпчиликнинг диққат марказида бўлганди. Мулоқотларнинг бирида у Жозе Моуриньо хусусида салбий фикр билдирганди: «Бу мураббий билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилишга мажбур эмаслигимдан мамнунман».

Таажжубки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Деле Аллининг ишлари юришмай қолди, мухлислар уни унута бошладилар. Ана шу мураккаб вазиятда футболчини ана шу ўзи хушламайдиган мураббий оёққа турғазди.

Деле Аллининг кўринмай қолганини ҳатто АПЛни мунтазам равишда кузатиб бормайдиган мухлислар ҳам сезиб улгуришди. Охирги икки йил ичида ҳужумчи диққат марказидан четда қолганди. Шу давр мобайнида Англиянинг ноёб иқтидори унвони Жейдон Санчога ўтиб кетди, терма жамоадаги мавқе борасида Кейн ва Стерлинг Аллидан анча олислаб кетишди. Ўтган мавсум Деле атиги 8 марта майдонга тушиб, 5та гол билан кифояланди.

Ҳа, шикастланишлар кетма-кетлиги мавсумни муолажалар билан ўтказишга мажбур этди. Икки йил аввал АПЛга яшиндек чақнаб келган ҳужумчи энди сояни эслатарди. Бу ёқда жамоада йиғилиб қолган муаммолар ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади - орқа чизиқ вакилларининг суст қўллаб-қувватлашлари, кетиш тадоригини кўраётган Эриксеннинг тушкун кайфияти, Кейн сермаҳсуллигининг тушиб кетиши...

«Ливерпул»дан қабул қилинган мағлубият (1:2)дан кейин инглиз телевидениесининг икки етакчи экспертлари - Гари Невилл ва Рой Кин Аллини танқид қилишди. «Деле ўз фаолиятидаги энг ёмон учрашувни ўтказди. Бу барча футболчилар учун сабоқ бўлиши керак. Кимки ғалабага чанқоқликни йўқотиб қўйса, Алли каби бир-икки йил ичида бор маҳоратидан жудо бўлади. Аллига кўзгуга разм солиш ва тегишли хулоса чиқаришни тавсия этаман», - деди Кин.

Невилл ҳам шу мазмунда фикр билдириб, ҳозир Деле аввалги иқтидорининг ярмини ҳам намойиш эта олмаётганини таъкидлади. Ҳужумчи бу танқидга «Эвертон» дарвозасини ишғол этиш билан жавоб қайтариб, голни Андрей Аршавин услубида кўрсаткич бармоғини лабларига текказиш орқали нишонлади. Балки шу ҳаракати билан у экспертларни тилга эрк бермасликка даъват этгандир.

Маурисио Почеттино доимо Аллини ҳимоя қилар ва унга ўхшаган иззатталаб футболчилар мухлислар мамнун бўладиган ўйинни кўрсатишга қодир эканликларини кўп таъкидлаганди. Бироқ аргентиналик мутахассисни истеъфога чиқаришди, унинг ўрнини эгаллаган Жозе ўзи учун бош масалани аниқлаган ҳолда ишга киришди: жамоа етакчиларига нима бўлган?

Хусусан, мураббий Эриксенга ўй-фикрларини бир ерга жамлаб, асосий мақсадини белгилаб олишни маслаҳат берди. Афтидан, Кристиан тез орада жамоани тарк этса керак. Шунингдек, Моу Кейн, Алдервейрелд, Уинкс, Дайер ва ҳатто жароҳат олган Льорис билан яккама-якка суҳбатлашди. Мураббий уларни жамоада қолишга даъват этди. Дастлабки машғулотни мураббий барча шогирдларига қуйидагича мурожаат билан бошлади: «Муваффақият йўлида мен сизнинг отангиз, дўстингиз, истаган кишингиз бўлишга тайёрман».

Деле Алли билан эса ғоят қизиқ воқеа бўлиб ўтди.

«У билан илк машғулот пайтида гаплашдим, - деди «Беназир» дастлабки матбуот анжуманида. - Унга яқинлашиб, сўрадим: «Яқинда майдонда Делени кўрдимми ёки унинг укасини?» У эса Деле эканлигини айтди. «Яхши, гарчи шундай экан, Деледек ўйна», дедим унга жавобан. Салоҳият жиҳатидан у фантастик ўйинчи».

Албатта, Аллига устознинг найзадек ўткир кесатиғи таъсир этдими ёки «Беназир» уни қандайдир дармондори воситасида қувватлантирдими, бизга номаълум. Аммо кейинги беллашувда Деле ҳақиқий Делега айланди: аввал Сон, кейин Моурани самарали узатма билан таъминлади.

Кейин ЕЧЛда «Олимпиакос» дарвозасини забт этиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётган «Тоттенхэм»ни ўйинга қайтарди ва «камбэк»ни бошлаб берди. Унинг ортидан «Борнмут»га қарши баҳсда Алли «дубль» қайд этди, «МЮ» дарвозасига гол урди. Моу раҳбарлигидаги 4 учрашувда ҳужумчи 4та гол ва 1 «ассист»ни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Почеттино давридаги 10та учрашувда у атиги 3та «ассист» билан кифояланишга мажбур бўлганди.

Саноқли ҳафталар ичида Моу томонидан амалга оширилган ўзгаришлар Аллини тўла-тўкис оёққа турғазди. Ҳозир таянч ҳудудида Уинксга мавсум бошидан бери захирада қолиб кетган Дайер кўмаклашмоқда. Натижада Алли ортга чекинмаган ҳолда, ўзининг севимли позициясида тўп суриш имкониятига эга бўлди. Боз устига, унинг Кейн билан ҳамкорлиги АПЛдаги сермаҳсул дуэтни вужудга келтирди.

«Мен унга қаерда ўйнаши кераклиги, бўш ҳудудлардан унумли фойдаланиш усуллари, ҳимоя чизиғидаги ҳаракатларини ипидан-игнасигача шошмасдан тушунтирдим. Энди у мен кўришни истаган ўйинни намойиш эта оладиган Аллига айланди», - деди мураббий.

«Моуриньо томонидан қайд этилаётган натижалар ортиқча изоҳга муҳтож эмас. У кўпгина совринларга сазовор бўлган тажрибали мутахассис. Биз билан бирга эканлигидан мамнунман. Ҳамкорлигимиз бошланганига кўп бўлгани йўқ, аммо у ёқимтой инсон эканлигига амин бўлдим» - бу Деле Аллининг эътирофи.

Бироқ Интернет ҳеч нарсани унутмайди. Шу боис, қитмир мухлислар ижтимоий тармоқларни титкилаб, «Реал»нинг ёқимсиз ўйинларидан қаттиқ таъсирланган 16 ёшли Аллининг 2012 йилда Моуриньо шаънига йўллаган танқидий фикрларини қидириб топишди: «Моуриньони такаббур ва қўрс инсон деб ўйлайдиган ёлғиз мен эмасман, деб ўйлайман. Бундай табиатли кишидан яхши мураббий чиқмайди. У билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилмаслигимдан мамнунман».

Шубҳа йўқки, охирги эътирофи Деле Аллининг португалиялик мутахассис ҳақидаги фикри батамом ўзгарганини кўрсатиб турибди. Ҳа, тишлар ортидаги тилни ишлатишда доимо эҳтиёт бўлиш керак. Акс ҳолда, тишлар уни жазолаши ҳеч гапмас. «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деб бежиз айтишмаган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz