Қайднома

Қидирув

Дарвозабонлар рейтинги қандай? СУПЕРЛИГА-2019 ГОЛКИПЕРЛАРИГА НАЗАР

Дарвозабонлар рейтинги қандай? СУПЕРЛИГА-2019 ГОЛКИПЕРЛАРИГА НАЗАР

  20.12.2019 01:09
  0
  384
Дарвозабонлар рейтинги қандай? СУПЕРЛИГА-2019 ГОЛКИПЕРЛАРИГА НАЗАР

Миллий чемпионатимиз якунига бағишланган навбатдаги статистик-таҳлилий мақола дарвозабонларга дахлдор. Айтиш ўринли, Суперлига доирасидаги жами 182та ўйиндан 86тасида икки жамоа ёки улардан бири ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бош­қача ифода этсак, 96та учрашувда ҳар икки тараф камида 1та гол урди. Демакки, шунча баҳсда дарвозабонлар гол қабул қилишдан ўзга чора тополмадилар. Умуман олганда, 14та жамоа миллий чемпионат баҳсларида жами 35 нафар голкипер хизматидан фойдаланди. Улар орасида 24та ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланган Ўткир Юсупов ҳам, охирги тур учрашувининг иккинчи бўлимида 45 дақиқагина ишончга эга бўлган 25 ёшли Азамат Аҳмедов ҳам бор.

Ўткир ЮСУПОВ («Навбаҳор»). Жорий мавсум энг узун «қуруқ» серия (423 дақиқа) қайд этган кипер. 2018 йилги мавсумда «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилган Ўткир чемпионат-2019 1-туридаёқ собиқ жамоасига дуч келди. Умуман, Юсупов 24та ўйиндан 8тасини «қуруқ» ўтказди, қолганларида 19та гол қўйиб юборди. Диққатга сазовор томони, «Навбаҳор»нинг Ўзбекистон миллий жамоасига номзод дарвозабони аввалги мавсум ҳам айнан 8та учрашувда рақибларга гол уриш имкониятини бермаганди.

Жавоҳир ИЛЁСОВ («Локомотив»). 2015-2017 йиллар оралиғидаги мавсумларда тегишлича 1, 18 ва 29та ўйинда «Машъал» дарвозасини қўриқлаган 25 ёшли Жавоҳир бу сафар «Локомотив» кипери сифатида 1-21-турлар оралиғида алмаштиришсиз ўйнади. Кейин Игнатий Нестеров дисквалификациядан қутулди ва Илёсов ортга чекинди.

Игнатий НЕСТЕРОВ («Локомотив»). Самвел Бабаяннинг «Локо» рулидаги сўнгги ўйинларда айнан Игнатийга ишонч билдиргани алоҳида эътирофга лойиқ. 36 ёшли Нестеров бунга жавобан футболни соғинганини ишончли ҳаракатлари билан исботлади. Унинг 3та ўйиндан иборат «қуруқ» серияси янги мавсумда давом этса, ажабмас.

Асилбек ОМОНОВ («Сурхон»). Чемпионат давомида 11та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Асилбек 5та сариқ карточка ҳам олди. «Сурхон» якунланган мавсум ўз майдонида биргина «Насаф»га ютқазди - 1:3. Жамоанинг Термизда бу қадар ишончли ўйнаганида, Омоновнинг ҳиссаси ҳам катта. Умуман, охирги бир неча мавсумларда қатор клубларда ўйнаган Асилбек айни пайт чемпионатимиздаги энг рақобатбардош киперлардан бири ҳисобланади. Унга ўсмирлик ва ёшлик пайтиданоқ халқаро ареналарда орттирилган тажриба жуда қўл келмоқда. Омоновнинг орада биринчи лигада ўйнаганини ҳам унутмаслик керак. Муҳими, у юқорига одимлашда давом этяпти. Олдида турган нав­батдаги довон - терма жамоа!

Ботирали ЭРГАШЕВ («Динамо»). Самарқанд клуби 13-24-турларда оғриқли мағлубиятлар сериясига дуч келди. Бунда Ботиралининг «улуши» қанча? Саволга фақат «Динамо» мураббийлари холис жавоб беришлари мумкин. Умуман, ўзига хос характерга эга поплик дарвозабон кейинги йили яна катта клубларда кўриниш берса у қадар ажабланмасдик. Ҳар ҳолда, унинг потенциалини 2018 йилнинг январида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бор бўйича кўрганмиз.

Александр ЛОБАНОВ («Металлург»). Бирон бир ўйинда 2тадан ортиқ гол қўйиб юбормаган кипер. «Металлург» иккинчи давра бошида ишончли одимладики, бунда Лобанов бевосита фаол қатнашди. Тўғри, миллий жамоамиз собиқ дарвозабони 20та баҳсдан атиги 6тасида гол қўйиб юбормади. Саша ҳам чемпионатни худди Игнатий каби 3та «қуруқ» ўйин билан якунлади.

Элдор СУЮНОВ («Пахтакор»). Терма жамоамиз дарвозабони 11та ўйиндан 8тасида гол қабул қилмаган ҳолда, Санжар Қувватовга қарши рақобатда бироз устун кўринди. Ҳа, Санжарда ўйинлар сони кўпроқ, қўйиб юборилган голлар бўйича солиштирсак, Элдорда катта устунлик бор.

Санжар ҚУВВАТОВ («Пахтакор»). Чемпион жамоанинг 15та ўйинида роппа-роса 15та гол қўйиб юборган Қувватовнинг чемпионат стартидаги ҳаракатларида айтарли қўпол хатолар кузатилмади. «Пахтакор» учун энг оғир ўйинлар айнан дастлабки 8та турда бўлгани ва Санжар уларда икки устун орасини анча ишончли қўриқлаганини инобатга олсак, бу киперни ҳали ҳисобдан чиқариш ярамайди.

Хуршид ХЎЖАЕВ («Бухоро»). Катта футболга 2005 йили «Пахтакор» сафида қадам ташлаган Хуршид 7-12-турлар оралиғида «Бухоро»нинг асосий посбони сифатида кўзга ташланди. Умуман, у жами 8та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 14 марта тўп олиб чиқди. «Қуруқ» учрашувлари сони - 2та.

Суҳроб СУЛТОНОВ (АГМК). Тўғриси, Суҳроб АГМК ўйинига мослашишда анча қийналди. 18та ўйинда -23та гол, дастлабки 10та турда 6та мағлубият - булар 29 ёшли кипер учун катта синов.

Милан МИТРОВИЧ («Сўғдиёна»)23та ўйиннинг 9тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Милан айниқса, Жиззахда «Бунёдкор» ва «Локомотив»га қарши кечган баҳсларда ўзгача ишонч уйғотди.

 

Таклифлар. Футболимизни ривожлантиришни, уни мутлақо янги босқичга чиқаришни истасак, Максим Шацкихдек ҳужумчилар баробарида Павел Бугало каби голкиперлар ҳам тайёрлашимиз керак. Дейлик, терма жамоаларга дарвозабон етказиб берган клубларни алоҳида рағбатлантириш тизими жорий қилинса, яхши бўларди. Муҳими, бизда дарвозабонлар мураббийлари ва соҳанинг ўзига хос мактаби бор. Ёшлар лигаси ва Про-лига жамоалари олдига дарвозабонларга боғлиқ алоҳида талаблар қўйилса, яна яхши. Чунончи, клублар ёш дарвозабонларни тоблаб бориши шарт. Тўғри, айни пайт Суперлигада ҳам иқтидорли ёш пос­бонлар кўп, лекин уларга барқарорлик етишмаяпти. Ҳар ҳолда, Павел Бугало ва Игнатий Нестеровдан сўнг яққол кўзга ташланадиган кипер кўринмаяпти. Осиё клубларига дарвозабонларни ҳам жўната бошлаш учун баъзи чоралар қўллаш талаб этилади, албатта. Терма жамоанинг янги-эски мураббийлар штаби ҳам дарвозабонларни йиғинларга чақиришдан олдин уларнинг айни техник кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиши зарур. Чунки Осиё гранд­ларига қарши баҳсларда икки устун масаласида хотиржам бўлолмаяпмиз.

 

Суперлига-2019: дарвозабонлар статистикаси

Т|р.        Дарвозабон                      Клуби               Гол   Ўртача  Ўйин

1         Ўткир Юсупов                    «Навбаҳор»          -19      -0,79        24

2         Милан Митрович               «Сўғдиёна»           -25      -1,09        23

3         Асилбек Омонов               «Сурхон»             -25      -1,14        22

4         Ботирали Эргашев            «Динамо»             -38      -1,73        22

5         Жавоҳир Илёсов               «Локомотив»        -16      -0,76        21

6         Александр Лобанов          «Металлург»        -18      -0,90        20

7         Суҳроб Султонов              АГМК                    -23      -1,28        18

8         Виталий Мирний                «Андижон»           -30      -1,67        18

9         Абдувоҳид Неъматов        «Насаф»               -18      -1,06        17

10       Раҳим Давронов                «Бухоро»             -21      -1,24        17

11       Евгений Черемисин           «Қизилқум»          -28      -1,65        17

12       Санжар Қувватов               «Пахтакор»          -15      -1             15

13       Абдумавлон Абдужалилов                            «Бунёдкор»       -17       -1,21     14

14       Мурод Зуҳуров                 «Бунёдкор»          -16      -1,23        13

15       Ислом Абдуллаев             «Қўқон-1912»        -17      -1,42        12

16       Элдор Суюнов                  «Пахтакор»          -3       -0,27        11

17       Умид Эргашев                   «Насаф»               -9       -1             9

18       Артём Макосин                  «Қизилқум»          -20      -2,22        9

19       Хуршид Хўжаев                 «Бухоро»             -14      -1,75        8

20       Руслан Матниёзов             «Андижон»           -7       -1             7

21       Зафар Сафоев                  «Металлург»        -8       -1,33        6

22       Боян Кнежевич                  «Қўқон-1912»        -14      -2,33        6

23       Игнатий Нестеров              «Локомотив»        -1       -0,20        5

24       Музаффар Абдуллаев      «Қўқон-1912»        -7       -1,40        5

25       Сардор Қобулжонов         «Сурхон»             -8       -1,60        5

26       Акбар Тўраев                    АГМК                    -11      -2,20        5

27       Низомиддин Зиёвуддинов АГМК                    -3       -1             3

28       Ширинбой Абдуллаев       «Сўғдиёна»           -4       -1,33        3

29       Шоҳруҳ Эшбўтаев             «Динамо»             -4       -1,33        3

30       Шоҳруҳ Раимов                 «Динамо»             -5       -1,67        3

31       Сарвар Каримов                «Қўқон-1912»        -7       -2,33        3

32       Дилшод Ҳамроев              «Навбаҳор»          -4       -2             2

33       Азамат Аҳмедов                «Сурхон»             0        0              1

34       Акмал Ортиқов                  «Андижон»           0        0              1

35        Нодир Ашурматов             «Бухоро»            -2         -2            1


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz