Қайднома

Қидирув

Абрамовичнинг «Челси»си сотилмайди

Абрамовичнинг «Челси»си сотилмайди

  21.12.2019 01:40
  0
  346
Абрамовичнинг «Челси»си сотилмайди

Машҳур олигарх Роман Абрамович «Челси»нинг навбатдаги харидорларини ҳам ранжитди - «Клуб сотилмайди!». Бу сафарги таклиф, The Wall Street Journal нашри тарқатган хабарга кўра, АҚШлик молиячи Тодд Белидан чиққан. 46 ёшли бизнесмен ноябрь ойининг иккинчи қисмида Абрамовичнинг вакиллари билан учрашган, аммо айтилган сумма уни қониқтирмаган - аниқ рақамлар ҳозирча аён эмас. Тўғри, The Wall Street Journal музокаралар давом эттирилиши ҳақида ёзди, бироқ унинг ўтказилиш жараёнида махфийлик кузатилиши мумкин. Белининг матбуот котиби эса Америка ва Англия матбуоти берган саволларга жавоб қайтармаяпти.

Ноябрнинг биринчи ярмида Англиянинг The Telegraph нашрида чоп этилган мақолада Абрамович «Челси»нинг харидорларига у қадар жиддий қарамаётгани ва клубни тарк этиш нияти йўқлиги ҳақида ёзилганди. Боз устига, ҳозир, Спорт арбитраж суди лондонликлардан трансфер тақиқини олиб ташлагач, Абрамович январь ойидаги ва келгуси йилнинг ёзидаги трансферлар ойнасида таркибни кучайтириш учун 150 миллион фунт ажратишни режалаштирмоқда.

Бели ким?

У америкалик машҳур молиячи, спорт бизнесига алоқадор. 2012 йили Бели АҚШнинг асосий спорт брендларидан бири - MLBда қатнашувчи «Лос-Анжелес Доджерс» жамоасини сотиб олган инвесторлар гуруҳи аъзоси. Ўшанда келишув суммаси 2,15 миллиард долларни ташкил этганди. Айни пайт «Доджерс» Forbes талқинига кўра тузилган энг қимматбаҳо спорт брендлари рейтингида 10-ўринни эгаллаб турибди. 2019 йил бўйича клубнинг молиявий ҳолати 3,3 миллиард долларга баҳоланган. Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган Бели 2015 йили Eldridge Industries деб номланувчи инвестиция фондига асос солди.

«Челси»га яна кимлар

харидор?

Белининг «Челси»ни сотиб олиш бўйича йўллаган таклифи - сўнгги бир ярим йил мобайнида кенг оммага маълум бўлган тўртинчи таклифдир. Бундай мурожаатларнинг энг яхшиси Яқин Шарқдаги бизнесменлар консорциумидан тушган, улар 2018 йилнинг охирида 2,5 миллиард фунт тўлашларини билдиришганди. The Telegraph маълумотларига кўра, яна икки потенциал харидорни «Стэмфорд Бридж»ни 1,2 миллиард фунтга реконструкция қилиш лозимлиги чўчитди.

«Билишимча, ҳеч ким клубни сотмоқчи эмас. Жаноб Абрамовичнинг бирор маротаба «Келинглар, «Челси»ни сотувга тайёрлаймиз», деганини эшитмадим. Сиёсий вазият туфайли айримлар бу клубни қулай нархда сотиб олиш мумкин, деб ўйлашади. Ҳа, таклифлар тушяпти, аммо мурожаатчиларга айтадиган гапимиз йўқ», - деди «Челси» директорлар кенгаши раиси Брюс Бак The Guardian нашрига берган интервьюсида.

«Челси»нинг нархи Қанча бўлиши мумкин?

2003 йилнинг июлида Абрамович «кўклар»ни 140 миллион фунт (ўша пайтдаги курс бўйича 223 миллион доллар)га сотиб олганди - у давр учун бу Англия футболи тарихидаги энг қиммат клубнинг сотилишини англатарди.

2010 йили «Челси» Forbes талқинига кўра тузилган энг қимматбаҳо спорт брендлари рейтингида 46-ўринда турганди - 658 миллион доллар.

2015 йилга келиб «аристократлар» мазкур рўйхатда 31-поғонага кўтарилиб олишди - 1,37 миллиард доллар.

2019 йилнинг июлида эълон қилинган рейтингда эса «Челси» 32-ўринни эгаллади - нарх 2,58 миллиард доллар, сўнгги йилда бу кўрсаткич 25 фоизга ошганди. «Кўклар»нинг операцион даромади 127 миллион долларни ташкил этди.

Яъни юқорида айтиб ўтилган Яқин Шарқдан тушган таклиф бугунги бозор ҳолатига мос келади. Аммо кўриниб турибдики, Абрамович «Челси»ни янада яхшироқ сумма таклиф этилгандагина сотиши мумкин.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz