Айни пайт Франция жанубида яшаётган собиқ футболчи ўз вақтида АПЛнинг 6та клубида тўп сурган, шундай экан, унинг айтадиган кўп гаплари бор. У фаолиятидаги қайси лаҳзалардан ибрат олди? Луи Саа журналистларга интервью бераркан, шу ва бошқа мавзуларда гапирди. Айниқса, унинг айтишича, агар биринчи бўлимда қулай вазиятда гол уролмасанг, яхшиси, танаффус вақтида кийиниш хонасида Фергюсондан яшириниш маъқулроқ экан.
- Ўсмирлик чоғларингизда машҳур Клерфонтен академиясига бордингиз. Ўша йиллар нимаси билан ёдингизда қолган?
- У ерни жуда яхши кўрардим. Тьерри Анри ва Николя Анелька сингари футболчилар билан бирга шуғулланарканман, ўйлардим: «Ажабо, шундай қойилмақом ўйинчилар билан бирга машғулот ўтказаётганимга ишонгим келмайди!» Мазкур ҳолатда ҳам профессионал бўлиш салоҳиятим борлигига ишонардим. Николя мен кўрган йигитлар орасида энг иқтидорлиси эди. Ўйлашимча, у дейлик, Криштиану Роналду сингари қаттиқ меҳнат қилмасди. Шунга қарамай, футбол тарихидаги энг яхшилардан бири бўлиши мумкинлигини тушунганман. Тьерри Анри ҳам ундан ёмон эмасди, у ўз имкониятларидан унумлироқ фойдаланиши билан ажралиб турарди.
- Ижара асосида «Ньюкасл»да ўтказган даврингиз ҳақида нима дейсиз?
- У ерда тўп суришдан роҳатланганман. Эндигина 20га тўлгандим, «Метц»да кўплаб муаммоларга йўлиққанман, бу клубни тезроқ тарк этиш ҳақида ўйлаганман. Ўша кезлари «Ньюкасл»дан яхшироқ жамоани топишим амримаҳол эди, клубда афсоналар бор эди: мураббий - Руд Гуллит, сардор - Алан Ширер. Мазкур клубда атиги 6 ой ўйнаганман, аммо шунинг ўзи Англия мен учун энг керакли жой эканини тушуниш учун етарли бўлган. Шу боис, бир йилдан сўнг «Фулхэм»га ўтганман.
- Данкан Фергюсондан қўрқмаганмисиз?
- Тўғри, унинг феъл-атворидан хабардор эдим, лекин ортиқча ёмон иш қилганини кўрмаганман, менга ҳамиша яхши муносабатда бўлган. Эндигина жамоа сафига қўшилганимда, у жароҳатланганди, бироқ 1999 йилги Англия кубоги финалигача тикланди ва менинг захира ўриндиғида қолиб кетишимга сабабчи бўлди. Воқеаларнинг бундай ривож олишини кутмагандим.
- «Фулхэм»га ўтганингизда, жамоа Биринчи дивизионда ўйнарди. Фаолиятингиз тўлиқлигича қуйи лигаларда ўтиши мумкинлигидан чўчимаганмисиз?
- Албатта, бу қарорим таваккал эди, кейинчалик нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Бироқ мен табиатан позитив одамман, ушбу масалада ортиқча ташвишланмаганман. Агар бирданига АПЛ клубига ўтганимда, етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаслигим мумкин эди. Қолаверса, илк мавсумингизда 40та гол урсангиз, ишончингиз ортавераркан. Гўёки, мени ҳеч ким тўхтата олмайдигандек туюлганди, жамоа билан бирга ишлашдан завқ олиш мумкинлигини англадим. Ўша ондан эътиборан тақдирим ўз қўлимда эканлигини тушунганман: астойдил меҳнат қилсам, ҳеч ким менга халал беролмайди.
- Клубда қулайликни ҳис қилишингизга қарамай, «Фулхэм»ни тарк этишни хоҳлагансиз. Агар ўша даврга қайтиб қолсангиз, ўзингизни бошқачароқ тутармидингиз?
- Ўйлашимча, олдида янги имкониятлар очилганини кўрган ҳар бир киши ўзини шундай тутади. Четдан туриб баҳо бериш осон, буни ўша ҳолатга тушганларгина ҳис эта олади. «Манчестер Юнайтед»да тўп суриш менинг орзуим эди. Ҳаммаси бинойидек кечишини истагандим, лекин муаммоларга йўлиқдим... Менга бир нарсани ваъда қилишганига қарамай, аслида бошқача ҳолат гувоҳига айланганман.
- «Фулхэм»дагилар дастлаб кетишингиз мумкинлигини айтиб, кейин қарорларини ўзгартиришганми?
- Ҳа, худди шундай бўлган. Биз робот эмас, инсонмиз, демакки, кимдир аввал айтган сўзининг устидан чиқмаса, муносабатингиз ижобий бўлмаслиги турган гап. Сэр Алекс билан суҳбатлашганимда, у «МЮ»га ўтиш ниятим бор-йўқлигини сўради. Шундай буюк юлдузлардан таклиф олганда, рад жавобини бериб бўлмайди.
- «МЮ» таркибига мустаҳкам жойлашиш учун янада кўпроқ тер тўкишингизга тўғри келишини билармидингиз?
- Ҳа, «Юнайтед» сафига қўшилиш ўзига хос қўнғироқ, ҳаракатга ундайдиган чақирув эди. Мазкур ҳолатда биргина иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Бу ерда гап кўникмалар ва техникада эмас, балки бошқалардан кўпроқ ишлашга тайёрмисиз, шуни аниқлаб олиш керак эди. «МЮ»нинг машғулотларини кузатарканман, кўзларимга ишонмасдим. Йигитлар жуда катта куч билан ишлашарди. Бу борада Криштиану Роналдуга етадигани бўлмаган. Баъзан унинг ҳам одам эканлигига шубҳаланардим! Кўп нарсаларга эришган футболчилар билишади - меҳнатсеварликсиз иқтидорнинг ўзи билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Масалан, сайёрамизнинг энг кучли теннисчилари тўпга яхшироқ зарба бериш ёки техникалари юқорилиги учун ажралиб туришмайди. Гап шундаки, улар бошқалардан кўпроқ тер тўкишади. Криштиану ҳамиша буни тушунган. Айримларда кўп гол урган пайт ўзларига бўлган ишонч ортади, нимадир ўхшамай қолса, тушкунликка тушадилар. Бу ҳолат Роналдуга ёт эди, у ҳамиша барқарор тўп сурган. Фаолиятим мобайнида ўз кучига бу қадар ишонадиган бошқа футболчини кўрмаганман. Биласизми, унинг мақсад сари интилиши поездга ўхшайди, ҳеч нима уни тўхтатолмайди. Жуда таъсирланганман.
- Сэр Алекс бирор маротаба сизга танбеҳ берганми?
- Бир неча марта шунақа ҳолат бўлган, аммо ҳар доим вазиятни тўғри қабул қилишга интилганман. Фергюсон нимадир деса, биринчи нав-батда сизни руҳлантиришни мақсад қиларди. Эсимда, «МЮ»даги иккинчи ўйинимда шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. «Эвертон»га қарши баҳсда биринчи бўлимдан кейин 3:0 ҳисобида олдинда бораётгандик, мен «дубль» қайд этгандим. Кийиниш хонасига кирдик, ҳаммаси жуда яхши кетаётганига ишончим комил эди. Бироқ сэр Алекс кутилмаганда нимадир деб бақирди, инглиз тилида гапиргани учун уни яхши тушунмадим. «Нима бўляпти ўзи?» деб ҳайрон эдим. Кейин тушундимки, менга танбеҳ бераётган экан. Фергюсон иккита яққол вазиятни кўкка совурганимдан норози эди. Мураббийнинг ўша пайт қанчалик жаҳли чиққанини сўз билан ифодалаш қийин, буни фақат кўрсангиз тушунасиз. Гапининг охирида бу ҳали ғалаба эмаслиги, ўйин якунланмаганини таъкидлади. Сэр Алекс ғолибликка кўникканди. Жамоаси 3:0 ҳисобида олдинда бораётгани ҳам унинг учун етарли эмасди. У ҳақ экан, иккинчи бўлимда «Эвертон» мувозанатни тиклади, агар Руд ван Нистелройнинг 89-дақиқадаги голи бўлмаганда, тайёр ғалабани бой беришимиз ҳеч гап эмасди.
- «МЮ»даги дастлабки ўйинларингиздан бири Чемпионлар Лигаси доирасида Жозе Моуриньонинг «Порту»сига қарши кечганди. Ўша учрашувнинг 90-дақиқасида Коштинья тўп киритиб, икки ўйин натижасига кўра португалияликларни олдинга олиб чиққанида Жозенинг майдонга югуриб чиққани ёдингиздами?
- Ҳа, ўшанда уни тўхтатишни хоҳлаганман! Аламли ҳолат эди, аммо «Порту» чиндан ҳам кучли бўлган, ўша йили турнир ғолиблигига эришганди. Бу футболнинг бир қисми, спортнинг ушбу турини айнан шунинг учун яхши кўраман. Бугунги кунда, масалан, «Ливерпуль» чиройли ўйин кўрсатганда Юрген Клопп-нинг қандай қувонаётганини кузатаман. Бундай ҳаяжонли ҳаракатларни ҳамиша қўллаб-қувватлайман.
- Нега Барри Хейлс Руд ван Нистелройдан яхшироқ бўлган?
- (кулади) «Фулхэм»даги боғлиқлигимиздан завқланардим. Барри ҳамиша керакли жойда пайдо бўларди. Эсимда, бир ойга яқин вақт мобайнида қаторасига кўплаб ҳолатларда тўпни дарвоза томон йўллаганман, аммо деярли ҳар сафар Хейлс уни эгаллаб олиб, гол урарди. Нима бўлаётганини тушунмай қолардим! У жуда ақлли ҳужумчи эди, сўнгги чизиқда ўйнарди. Мен эса марказдан ташқари, қанотларга ўтишни ҳам ёқтирардим. Ван Нистелройга келсак, у жарима майдончаси ичида беназир эди. Пенальти нуқтасидан дарвоза чизиғигача бўлган жой уники эди, шу зонада унга тенг келадиганини ҳали учратмадим.
- Лига кубоги доирасидаги «Уиган»-га қарши баҳсда сэр Алекс Рудни захирада қолдириб, сизни асосий таркибга киритганидан кейин голландиялик амплуадошингиз билан муносабатларингиз қандай кечди?
- Ван Нистелрой ҳамиша менга илиқ муносабатда бўлган: мураббийнинг танловидан қониқмаслиги мумкин эди, аммо бу ҳолат шериклари билан алоқаларига таъсир ўтказмаган. У фақат футбол ва гол уриш ҳақида ўйларди, бунинг учун уни жуда ҳурмат қилардим. Биламан, кўпчилик Руд клубни мен туфайли тарк этган деб ўйлашади, аммо буларнинг бари сафсата. У ажо-йиб ўйинчи бўлган, эҳтимол, ван Нистелрой мураббий билан чиқиша олмагандир. Балки Фергюсон унинг ўрнини босишимга ишонгандир. Умуман, биз Руд билан биргаликда ҳам яхши ўйнай олардик. Голландиялик баъзан аксарият ҳужумчиларга ўхшаб худбинлик қиларди: ҳамма узатмалар у томон узатилишини хоҳларди, аммо бу истак жамоа хоҳишига мос келмасди. Фергюсон ёшларнинг ўсишини хоҳларди, Руни ва Роналдуга имконият берарди, майдонда ҳаммага бирдек жой топиш осон эмасди, Руд учун эса захира ўриндиғида ўтириш ёқмаган.
- Бир сафар ван Нистелрой машғулот пайтида Роналдуга гапириб, уни йиғлатгани ростми?
- Ҳа, бунақаси бир неча марта кузатилган. Бу шафқатсизлик: Криштиану ўшанда эндигина отасидан ажраганди, унга зуғум ўтказиш керакмасди. Шу каби гап-сўзлар футболдан нафас оладиган кўплаб ўйинчиларда учрайди. Ишончим комилки, ҳозир ван Нистелрой ўшанда ортиқча сўзларни гапирганини тан олиши аниқ.
- Сеск Фабрегас «Олд Траффорд»да Алекс Фергюсонга пицца бўлагини ирғитганини кўрганмисиз?
- Йўқ, кўрмаганман, аммо «Манчестер Юнайтед» фанати сифатида бундай ҳолатлар «Арсенал»ни ёмон кўришимга сабаб бўлади. Менга «канонирлар»нинг ўйини ёқади, лекин юқоридаги каби вазиятлар жаҳлимни чиқаради. Бу ҳаддан ошиш, уни оқламайман.
- Ўзингизга қайси голингиз кўпроқ ёқади?
- Қийин савол... «Мец»даги дастлабки голим чиройли чиққан, худди шу гап «МЮ»даги илк голимга ҳам тааллуқли - жарима зарбасидан «Саутгемптон» дарвозасини ишғол қилгандим. Шунингдек, Франция термасида биринчи марта тўп киритганим ҳам эсимда, Зайниддин Зидан узатма берганди, ўшанда. Ўша гол урган вазиятимда олинган суратни ҳамон сақлайман, ошхонамга илиб қўйганман, зеро у мен учун машаққатли меҳнат рамзи ҳисобланади. Астойдил меҳнат қилмай туриб термага кириб бўлмайди. Ўша вазият мен учун кўп нарсани англатади.
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20