Суперлига жамоаларининг якунланган футбол мавсумида турлича кўрсаткичлар қайд этганию, хилма-хил таассурот уйғотгани - табиий ҳол. Дейлик, ўз олдига катта мақсадларни қўйган Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси маълум сабаблар бир бўлиб, натижа бобида сезиларли пасайишга юз тутди. Ҳар ҳолда, мавсум-2018да кучли учликка кирган «лочинлар» турнир жадвалида 9-поғонани банд этишдики, буни кутилмаган якун сифатида баҳолаш мумкин. Тушунарлики, футболсевар Наманган ушбу хунук натижадан хафа. Ахир «Навбаҳор» сўнгги йилларда ниҳоят, яна равон йўлга чиқиб олган ва энг олий ўринлар учун курашиш салоҳиятини шакллантираётган эди. Дейлик, жамоа ўйин ва натижа масаласида нисбатан барқарор ҳолатга келганди. Бинобарин, 2017 йили Илҳом Мўминжонов бошқарувида 5-ўринни эгаллаган клуб мавсум-2018 якунида узоқ танаффусдан сўнг яна совриндорлар қаторига кирди. Бироқ бу йил ўйин сифати ҳам, натижа ҳам негадир орқага кетди. Наманганликлар айниқса, Суперлига иккинчи даврасида ёрқинлик ва шижоатни қаергадир йўқотишди. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Биринчи галда, Андрей Канчельскиснинг бемаврид истеъфога чиқарилганини айтиш керак. Россиялик мутахассис ўрнига тайинланган Деян Журжевичнинг бирор-бир каромат кўрсатолмагани - айни ҳақиқат. Канчельскис қайтарилган пайт эса вазият умуман издан чиқиб улгурганди. Боз устига, Абдужамол Исроиловнинг жароҳати, Остон Ўруновнинг эса «Локомотив»га трансфер қилингани ҳам панд берди. Натижада... Хўш, жамоа ичида омадсизлик қандай қабул қилинди? Буни билиш мақсадида «Навбаҳор» етакчиларидан бири Жаҳонгир Меҳмоновни суҳбатга чорладик.
- Сир эмас, «Навбаҳор» бу йил қониқарсиз натижалар қайд этди. Ўйинда мазмун ҳам у қадар чиқмади. Ваҳоланки, жамоа мавсумнинг биринчи ярмида қисман чиройли футбол кўрсатган, маҳсулдорлик ҳам чакки эмасди...
- Ҳа, афсуски, ишларимиз бирдан ортга кетди, оқибатда бу йил жамоамиз сезиларли пасайишга юз тутди. Дарҳақиқат, чемпионатни ёмон бошламаган эдик. Омадсизликка келсак, бунинг сабаблари етарли. Биринчидан, мавсум давомида кутилмаган ўзгаришлар кузатилди. Айрим асосий футболчилар жамоадан кетишди. Умуман олганда, сафимизда Суперлига ўлчами билан айтганда, савияси яхши футболчилар тўпланишганди. Ёзги танаффусда жамоага асосан қуйи лига клубларидан ёшлар жалб этилди. Шунингдек, бош мураббий ҳам алмашди. Кўрдикки, бундай омиллар ўйинга таъсир қилмасдан қолмас экан, барибир. Масъулияти баланд ўйинларда тажрибали футболчилар катта роль бажаришлари ўз-ўзидан тушунарли. Демоқчиманки, муҳим паллада ёш йигитларимизнинг Суперлига ҳавосини ҳали тўлиқ мослашмаганлари яққол сезилиб қолди. Аниқроқ айтсак, кўп ҳолларда уларда тажриба камлиги панд берди. Умуман, жамоанинг орқага кетгани сабаблари жуда кўп.
- Айнан яна қайси омилларни келтира оласиз?
- Такрор айтаман, мавсум бошида яхшигина ижрочилар жамланишган, яхлит жамоа шакллантирилганди. Яъни катта ўйинларда тобланган, бир қатор кучли жамоаларда тўп сурган футболчилар ягона кучга айланишганди. Иккинчи даврага келиб, айримлар кетишди, боз устига, жароҳатлар халақит берди. Улар ўрнига асосан ёш ўйинчилар олинди. Яна қуйи лига клубларидан. Мураббийлар штабининг ўзгаргани энг асосий сабаб эканлиги барчага маълум. Ҳар ҳолда, шундан кейин жамоа ўйинида маром бузилди. Ҳа, тан олиш керак, ёшларга эътибор қаратилиши - яхши. Аммо натижани ҳам ўйлаш керак. Ахир Суперлига ва қуйи лига ўртасида катта фарқ бор. Ёш футболчилар элитага бирданига мослашиб кетолмайдилар, барибир. Бунинг учун уларни тайёрлаб бориш талаб этилади. Қисқаси, мавсум ўртасидаги ўзгаришлар қимматга тушди. Аслида ўйинимиз у қадар ёмон чиқмади, фақат мураккаб ва муҳим учрашувларда тажрибасизлик ўз сўзини айтди...
- Қолаверса, ўйин чизгисида майдон марказида ҳаракатларни бошқарадиган, «қора» ишларни талаб даражасида бажарадиган футболчилар йўқлиги ҳам сезилди. Нима, таркибда етакчиликни ўз зиммасига оладиган ўйинчи йўқмиди?
- Масалан, Абдужамол Исроилов ва Азим Аҳмедов ўрни билинди. Ҳа, Аюбхон Нўъмонов ва Шаҳзод Шайманов сафдан чиққан етакчилар йўқлигини билинтирмасликка ҳаракат қилишди. Дейлик, Шайманов анчадан буён юқори лигада ўйнамоқда - маҳоратли йигит. Меҳнат қилишдан қочмайди. Шайманов биринчи даврада ҳам қўлидан келганича наф келтиришга уринди. Айнан у марказда ҳам бемалол ўйнаш салоҳиятига эга. Ҳар ҳолда, Шаҳзод мавсум давомида келган айрим футболчиларга қараганда, ақллироқ ҳам. Бироқ мухлислар негадир уни кўп танқид қилишди. Аслида Шаймановга раҳмат айтиш керак. Зеро, қийин пайт жамоани ташлаб кетмади, ҳар томонлама ёрдам беришга интилди. Менга ёқадиган томони, ушбу ярим ҳимоячи асосан майдон марказида ҳаракатлансада, унда гол уришга хоҳиш юқори. Мана, ўйинларда етарлича вазиятлар яратди. Аммо ҳужум чизиғи эффектли ўйнолмади. Футболда айнан ҳужумчидан гол кутиш керак. Тўғри, ярим ҳимоячилар ҳам ҳужумларда фаол иштирок этишади, рақиблар дарвозасини ишғол қилишади. Лекин уларнинг бош вазифалари - олдинги чизиқ вакилларига вазиятлар яратиб бериш. Фурсатдан фойдаланиб, Шаҳзодга жамоа номидан миннатдорчилик билдираман. Шундай меҳнаткаш йигит билан битта жамоада ўйнаётганимдан хурсандман.
- Сизнингча, футболчилар потенциалидан тўғри фойдаланилдими? Эҳтимол, улар ўзларига мос позицияда ҳаракат қилишмаган ёки функцияни бажаришмагандир...
- Оддий мисол, Иван Соловьёвда нега вазиятлар кўп бўлмади? Негадир бунга кўпчилик эътибор қаратмади. Яна Шайманов ҳақида гапиришга мажбурман - у тез-тез ҳужумга қўшилиб, олдинги чизиқ вакилларига ёрдам беришга интилди. Аюбхон Нўъмоновни ҳам марказда ўйнатиш мумкин. Азиз Ибрагимовни олайлик, шундай тажрибали футболчи хусусиятларидан талаб даражасида фойдаланмадик. Кўп ҳолларда Суперлига ҳавосига кўникмаган йигитларга ишонч билдирилди. Муҳаммад Султонов каби иқтидори баланд футболчимиз кўп, лекин уларга ҳали бор. Демакки, ўйинчилардан тўғри фойдаланилмагани ҳам панд берди. Ваҳоланки, таркибда жароҳатланганлар ўрнини муносиб тўлдирадиган йигитлар йўқ эмасдилар. Айрим ноўрин қарорларнинг пасайишга олиб келгани аччиқ ҳақиқат...
- Умуман, жамоа ҳужумчиларининг айниқса, иккинчи даврада кам гол уришгани нима билан боғлиқ?
- Мураббий алмашганидан сўнг кўплаб футболчиларнинг ўйин чизмасидаги ҳаракатлари бузилди. Қайсидир маънода айримлар ҳафсаласизликка тушиб қолишди, ҳатто. Бу кайфиятга боғлиқми ёки бошқа сабаби бор - очиғи ўзим ҳам тушунмадим.
- Деян Журжевич қисқа муддатда жамоага нимадир ўргата олдими? Ёки нимани ўзгартиришга эришди?
- У фақат селекция ишларини амалга оширгани билан ёдда қолди. Яъни ёш иқтидорларга имконият беришни маъқул кўрди. Бу мураббий Ўзбекистонда анчадан буён ишламаганди. Шу сабабми, кўпчиликни танимасди. У билган ва таниган футболчилар эса бошқа клубларда ўйнашаётганди. Тўғриси, кези келганда, Журжевичга биз ҳам баъзи маслаҳатларни бердик. Аммо якуний қарорни унинг ўзи чиқарарди, барибир.
- Жамоа етакчиси сифатида легионерларнинг мавсум давомида кўрсатган ўйинларини қандай баҳолайсиз?
- Улар ҳам мураббий алмашгач, ўз даражаларида тўп суришмади. Аслида анча яхши ўйин кўрсатиш салоҳиятига эга эдилар. Қайтараман, жамоага нима бўлганини ўзимиз ҳам тушунмадик. Ахир легионерлар биринчи даврада чакки ўйнашмаганди. Иккинчи даврадаги ҳаракатларини назарда тутиб айтсак, улар даражасидаги футболчилар ўзимизда ҳам топиларди. Демоқчиманки, маҳаллий ўйинчилар бизда тўп сурган хорижликлар кам эмаслар. Зеро, легионер маҳаллий ўйинчилардан икки, керак бўлса, уч баравар кучли бўлиши лозим.
- Жамоанинг ҳозирги машғулотларини кимлар олиб боришмоқда? Мураббий яна ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ бера оласизми?
- Тўғриси, ҳеч нарса билмайман. Ҳозирда Мустафо Байрамов ва Аъзам Ражаббоев мураббийлигида шуғуллана бошладик. Андрей Канчельскис, Александр Беленков ва Павел Синельников энди келишса керак...
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20