Қайднома

Қидирув

Тизимли муаммолар таҳлили

Тизимли муаммолар таҳлили

  23.12.2019 01:52
  0
  394
Тизимли муаммолар таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 4 декабрдаги ПФ-5887-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш концепциясида мамлакатда футболни ривожлантиришга 15та тизимли муаммолар тўсқинлик қилаётганлиги келтириб ўтилган.

1) иқтидорли болалар ва ўсмирларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизими замон талабларига жавоб бермаслиги, миллий терма жамоаларимизда сифатли спорт захирасининг мавжуд эмаслиги;

Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда натижани биринчи ўринга қўйиш - ҳамма муаммоларнинг илдизидир. Бундан ташқари худди қўшиқчиларда бўлгани (улар овозини асраш учун маълум бир ёшда қўшиқ айтмасликлари керак) сингари, футболчиларда ҳам у 14-15 ёшга етганида майдонда ҳаракат қилишдан тийилиши, кўпроқ назарий-тактик машғулотларга урғу бериши, дарс қилиши лозим.

2) футболчиларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолати паст даражада бўлганлиги ва халқаро талабларга жавоб бермаслиги. Масалан, махсус чидамлилик ва тикланиш тезлигини баҳолаш бўйича «YoYo» тестидан миллий ва олимпия терма жамоасининг бирорта ҳам футболчиси ўта олмаган;

Бу муаммо ҳақида 2017 йил сўнгида бизнинг футбол ОАВда кўп гапирилганди. Янги ташкил этилаётган Суперлига футболчиларига қўйилган талаблардан бири «YoYo» тестидан ўшанда жуда кўпчилик ўтолмаганди. Бу масала ҳақида футболда илмий иш қилувчи академик гуруҳ гапира қолгани маъқул.

3) футболни ривожлантириш ва бошқарув тизимида маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш ҳолати қониқарсизлиги;

Футбол маркетингида бироз бўлса-да ўсиш бор, буни тан олиш керак. Лекин клублардаги бошқарув механизми аниқ бир футболи ривожланган мамлакат моделидан олинмаган. Суперлигада 14та клуб бўлса, ҳар бирининг бошқаруви турлича. Бир клубда клуб президенти якка раҳбарликни амалга оширса, бошқасида клуб бош мураббийи футболчиларига ойлик тўлаб юради, унинг транферларидан улуш олади.

4) малакали кадрлар билан таъминлаш тизимида, замонавий футбол талаблари асосида «футбол таҳлилчиси», «спорт селекционери» (скаут), «спорт менежери», «спорт маркетологи», «спорт шифокори», «спорт психологи», «спорт фармакологи», «спорт диетологи», «спорт ҳуқуқшуноси» каби мутахассисларга бўлган эҳтиёжларни қондириш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги;

Агарда клубларимизда спорт ҳуқуқи соҳасидан мутахассислар бўлганида, улар бу клубларни аллақачон хусусий клубга айлантириш масалаҳатини берган бўлардилар. Спорт тиббиётига оид мутахассисларнинг жамоа­да бўлиши, бўлса ҳам бир неча малакали ходимлар бўлиши учун жамоалар футболчилар соғлиғи учун чин дилдан қайғуриши керак.

5) ҳудудларда болалар ва ўсмирлар футбол жамоа­лари ўртасида ўқув-машғулот жараёнлари ва мусобақалар паст савияда ташкил этилаётганлиги;

Болалар футболида мураббий қандай эканлигига қараб, унинг ўқувчилари келажагига баҳо берса бўлади. Болалар мураббийига профессионал клублар яхши шароит яратиши керак, бунинг учун лозим бўлса, клублар тижорий гуруҳлар сонини профессионал гуруҳлар сони билан тенглаштиришлари ҳам мумкин. Ўсмирлар жамоа­лари ўртасидаги мусобақаларда кўп нарса футболчиларнинг психологик жиҳатдан тайёргарлиги, уларнинг совуққонлик кўникмасига эгалигига боғлиқ.

6) болалар ва ўсмирлар футболидаги тренерларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги;

Болалар жамоалари мураббийи меҳнатига ҳақ тўлаш, аввало, у етиштирган футболчилар катта клублардан жой олганда, унинг меҳнати учун улуш ажратилиши муаммоси бутун мамлакат миқёсида футбол қонун-қоидаларига асосан ҳал қилинишига боғлиқ. Францияда бир ёш футболчи профессионал клубга жойлашганда, унинг биринчи мураббийи ва жамоаси трансфернинг 2 фоизигача ҳиссадор бўлади. Осиё мамлакатларида ҳам бу қоида бор, лекин ҳаммасида ҳам ишламайди.

7) футболни ривожлантириш, футбол бўйича тадбирларни ташкиллаштириш, ёшларни футболга жалб қилиш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш борасида ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти сустлиги;

Ҳудудий футбол ассоциациялари сонини 14тадан 4-5тагача қисқартириш керак. Шунда самарадорлик ошади. Мисол учун, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё учун битта Марказий минтақа федерацияси тузилади. Суперлигада келгуси мавсумда бу минтақадан фақат «Сўғдиёна» иштирок этишини инобатга олсак, бизнинг таклифимиз реалликка анча яқин.

8) футбол инфратузилмасининг ҳолати (футбол майдонларининг қопламалари, ёритиш тизимлари, мультимедиа анжомлари билан таъминлаш даражаси, мухлислар учун мўлжалланган трибуналар) бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ҳамда ўқув-машғулот ўтказиш учун мўлжалланган спорт инвентарлари меъёрлари эскирганлиги;

Спорт инвентарларини ўзимизда ишлаб чиқариш вақти келди. Етакчи спорт брендларининг франшизаларини олиш орқали юртимизнинг исталган ҳудудида футбол тўплари, спорт экипировкалари ишлаб чиқариш ва уни яқин қўшни давлатларга ҳам сотиш мумкин.

9) футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини ва мусобақаларни марказлаштирилган ҳолда ўтказиш имкониятини берувчи ягона ўқув-машғулот маркази мавжуд эмаслиги;

Мамлакатимиз иқлими қишнинг якунида ҳам ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун бемалол имкон беради. Қозоғистон клубларининг Тошкент вилоятларида ўтказаётган йиғинлари фикримиз исботи бўлиши мумкин. Ягона ўқув-машғулот маркази давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилса, терма жамоалардан бўш пайтда бу марказ хизматларидан бошқа клублар ҳам фойдаланиши мумкин.

10) футболчиларнинг функционал диагностикаси ва реабилитацияси марказлари, фармакология таъминоти ҳамда илмий асослантирилган методологияси тизими мавжуд эмаслиги;

Маълумки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спортчилар — мамлакат терма жамоалари аъзоларининг мусобақаларга тиббий-биологик ва тиббий—психологик тайёргарлигини таъминловчи бош тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Спорт тиббиёти учун масъул марказ бор экан, бу муаммонинг ечимини излашда улардан кўмак олиш, лозим бўлса, «Челси» ва «Арсенал» клубларида ташкил этилган тиббий марказларга бориб, малака ошириб келиш лозим.

11) футбол клубларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда миллий чемпионатимиздаги футбол учрашувларининг шаффофлигини таъминловчи механизмнинг белгиланмаганлиги, келишилган ўйинлар ўтказиш каби ҳолатларнинг мавжудлиги;

Суперлигамиздаги клубларнинг номлари ўзи тўп сураётган шаҳар ёки вилоят номига уйғун бўлиши мумкин, лекин уларга эгалик қилувчи ташкилотлар яқин-яқингача ҳам ҳар йили ўзгарарди, тез-тез банкрот бўларди. Ҳатто шундай ҳоллар учраганки, биринчи давра якунида клубларда бошлиқлар алмашгач, у клубга эгалик қилиб турган хўжалик юритувчи субъектларни алмаштириб, олдинги эгаси билан шартнома тузган ва кейинги даврада ўйнамаган футболчиларни қарз ҳам қилиб қўйишган! Келишилган ўйинларнинг ҳужжат билан тан олинганлиги - энди бу алоҳида ҳикоя, алоҳида тарих.

12) аксарият профессионал футбол клубларининг фаолияти Осиё Футбол Конфедерацияси ва бошқа халқаро талабларга жавоб бермаслиги;

Оддийгина мисол, ОФК 2020 йилги қитъа миқёсидаги халқаро мусобақаларда қатнашиш учун Суперлигадан атиги 7та жамоани лицензиялашдан ўтказган: «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор», «Сўғдиёна», «Металлург», АГМК, «Навбаҳор».

13) футболни ривожлантириш учун ажратилаётган пул маблағлардан самарали фойдаланилмаслиги;

Ҳеч кимга сир эмас, биздаги профессионал клубларнинг 90 фоизи, балки кўпроғи ҳам давлат ташкилотларидан молиялаштирилади ёки молиявий кўмак олади. Футболга чин дилдан меҳр берган тадбиркорнинг пулига ташкил этилган клублар эса доим ҳам охирги йўлга қадар бора олмаяптилар.

14) халқаро ва миллий даражадаги футбол мусобақаларида қатнашувчи спортчиларнинг биологик ёшини сунъий кичрайтириш каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги;

Натижага эришиш учун бу каби қинғирликлар асосан Осиё ва Африка давлатлари жамоаларида учраб туради, ҳаммасини ўша футболчи катта бўлгач, ўз клуби сафидан ҳам ўрин олмай қолиши ошкор қилиб қўяди. Ҳужжатларни қалбакилаштириш эса - жиноят.

15) футболда коррупцион схемалар ва келишилган ўйинлар мавжудлиги, фаолият устидан шаффоф назорат тизими йўлга қўйилмаганлиги.

Муаммолар санаб борилгани сайин, оддий эътиборсизлик, уқувсизликдан онгли равишда амалга оширилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятларга қараб ўсиб бориш одамни жиддий хавотирга солади. ЖЧ-2018да финалгача етиб борган Хорватияда ҳам футбол коррупцияси борлиги исботланган, лекин ўша мамлакатнинг ўзида ҳам бунга қарши кураш бормоқда.

 

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz