Қайднома

Қидирув

Жоау МАРИУ: «Локомотив» мени сотиб олишидан умидворман»

Жоау МАРИУ: «Локомотив» мени сотиб олишидан умидворман»

  23.12.2019 09:06
  0
  406
Жоау МАРИУ: «Локомотив» мени сотиб олишидан умидворман»

Eвро-2016 ғолиби Жоау Мариунинг Россия Премьер-лигасида пайдо бўлиши ўтган ёзнинг кутилмаган воқеликларидан бири бўлди. Уч йил олдин Европа чемпиони бўлган ушбу ярим ҳимоячи «Интер»нинг 21-асрдаги трансфер рекордини қайд этганди (у миланликлар таркибига 40 миллион евро эвазига қўшилганди). Бироқ Мариуга «А» серияга киришиб кетиш насиб этмади. Португалиялик футболчи аввал ўз кучини Англиянинг «Вест Хэм» клубида синаб кўрди, кейин эса Москвага ташриф буюрди. Москванинг «Локомотив» жамоаси Жоауни кейинчалик харид қилиш шарти билан 18 миллион евро эвазига ижарага олди ва ҳозирданоқ бунинг топ-ижара бўлганлиги маълум. Мариу «темир­йўлчилар» таркибида ўзининг нималарга қодирлигини тўлиқ намойиш этиб, жамоанинг ўйин сифатини оширган ҳолда, Чемпионлар Лигасидаги ёрқин ўйинлари билан яна Европа клублари назарига тушди. Шундай экан, 2020 йилнинг ёзи «қайноқ» бўлиши аниқ. Боиси, португалиялик футболчи ёки «Локомотив» билан тўлақонли шартнома имзолайди ёки янги имкониятлар билан Италияга қайтади. Sport24 сайти Жоау Мариу билан Москвада учрашиб, суҳбат уюштирди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- «Краснодар»га қарши кечган баҳсдан сўнг «Локомотив» устози Юрий Сёмин бармоғингиз синганлиги ва жорий мавсум охиригача сафдан чиққанлигингизни таъкидлади. Бу қачон юз берди? Ахир, ўша баҳсда учрашув якунигача майдонда ҳаракат қилгандингиз-ку!

- Бармоғим ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида синди. Вазиятларнинг бирида тўпга зарба беришга ҳаракат қилдим. Аммо рақиб футболчиси Мануэл Фернандеш ва «Краснодар»нинг яна икки ўйинчиси ушбу зарба йўлига тўғаноқ бўлишди. Шунда тўқнашув юз берди. Ўшанда бироз оғриқ сезилди, аммо ўйин охиригача муаммосиз ўйнадим. Эртасига терма жамоа таркибига қўшилиш учун Португалияга парвоз қилдим. Кечқурун бармоғимда яна оғриқ бўлди. Лекин ўшанда бармоғимнинг синганлигини тасаввур ҳам қилмагандим. Бунга фақат Португалияда ўтказилган рентген текширувидан ке­йингина ойдинлик киритилди.

- Ҳалиям якка тарибда машғулот олиб боряпсизми?

- Ҳа, бироқ жамоанинг биринчи йиғинигача жароҳатимдан фориғ бўламан. Тикланиш жараёни 6 ҳафтача чўзилиш мумкин. Аммо ҳозир ҳам ўзимни яхши ҳис қиляпман. Энг ачинарлиси, «Локомотив»нинг жорий йилдаги сўнгги баҳслари - «Байер», «Динамо» ва «Арсенал» клубларига қарши кечган ўйинларни ўтказиб юборишимга тўғри келди.

Ёзда «Локомотив» таркибига жамоа Чемпионлар Лигасида иштирок этаётганлиги учун қўшилганлигингизни айтгандингиз. Бироқ баҳорда клуб энди ҳаттоки, Европа Лигаси мусобақасида ҳам қатнашолмайди. Шу боис, ҳозир Россияга келганлигингиздан афсусланмаяпсизми?

— Йўқ, ахир мен ЧЛда тўп сурдим-ку, тўғрими? «Локомотив»нинг менга шундай имконият тақдим этганлигидан хурсандман. Гарчи ЕЛга йўлланма ололмаган бўлсак-да, менимча, буни амалга оширишга кучимиз етарди, бу унутилмас онлар эди. Янаям аламлиси, ЕЛ йўлланмаси тақдири «Байер»га қарши кечган баҳсда, мен жамоага ёрдам беролмай қолган ўйинда ҳал бўлди. Энди биз мартда қайтамиз ва мен «Локомотив»нинг кейинги мавсумда ЧЛда иштирок этиши учун барча имкониятимни ишга соламан.

Икки йил олдин Криштиану Роналду сизни Португалиянинг энг ёш иқтидорли футболчиларидан бири деганди. У айни пайт Европа топ-лигаси эмас, Россияда ўйнаётганлигингиздан ҳайрон бўлдими?

— Ахир, бу ҳаёт-ку! Сен олдинга қараб интиласан, аммо битта нотўғри қўйилган қадам барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Асосийси, ҳар бир ҳолатдан сабоқ олиш. Ҳозир мен Россияда жуда бахтлиман. Рост гапиряпман.

Анчадан буён Роналду билан танишсиз. Айтинг-чи, у камералар ва бегона кишилар йўқ пайтида, яъни оддий ҳаётда қандай инсон?

— Доимо ёрдам беришга тайёр туради. Масалан, ёш футболчиларни терма жамоага чақиришса, Роналду уларнинг таркибга мослашишлари учун ёрдам беради. Криштиану — ҳақиқий сардор, етакчи ва шунчаки, ажойиб инсон. Шунингдек, Роналду мусобақалашишни яхши кўради ва ҳаттоки, машғулотларда ҳам енгилишни ёқтирмайди.

— Айниқса, Месси «Олтин тўп»ни 6-марта қўлга киритганидан кейин...

— Роналду келаси йили мазкур сов­рин соҳибига айланиш учун ҳаракат қилади ва бунинг уддасидан чиқишидан умидворман.

- 2016 йилнинг ёзида Эдер билан биргаликда Европа чемпионати ғолиби бўлгандинглар. Ўшанда уч йилдан сўнг, у билан битта жамоада, яна Москвада тўп суриш хаёлингизга келганмиди?

- Таъкидлаганимдек, футбол ҳаёти мавҳум. Ўша оқшом Парижда биз бошқа ҳеч нарса борасида ўйламагандик. Терма жамоамизнинг Европа чемпионатидаги илк совринини қўлга киритганидан хурсанд бўлгандик.

«Локомотив» таркибига трансфер ойнаси ёпилишига 4 кун қолганида қўшилдингиз. Россияга келиш борасида узоқ иккиландингизми?

— Йўқ, таклифга жуда тез розилик билдирдим. Боиси, ўша пайт Италияда эдим ва «Интер»нинг менга муносабати маълум эди. Шу боис, хизматларимга қизиққан ва ЧЛда ўйнайдиган жамоани изладим. Евро-2020да қатнашиш учун ўйин амалиётига эга бўлишим лозимлигини билардим. «Интер»ни майдонга тушишим ёки захирада қолишим номаълум бўлган клубга алмаштиришнинг фойдаси йўқ эди.

Кейинги режалар қандай? Ёзда ижара муддатингиз тугайди ва сизда «Локомотив»да қолиш ёки «Интер»га қайтиш варианти бўлади...

— Тўғрисини айтсам, «Локомотив»ни танлардим. Менга клуб, шаҳар ёқади. Шунинг учун Италияга қайтишдан кўра, Москвада қолишни афзал биламан. Лекин футболда эртага нима юз беришини олдиндан билмайсиз. Умид қиламанки, «Локомотив» мени харид қилишнинг уддасидан чиқади ва келишиб оламиз.

Москвада салкам 4 ойдан буён яшаяпсиз. Мазкур шаҳарга учта сўз билан таъриф беринг-чи?

— Катта, чиройли ва совуқ. Ҳеч қачон бундай об-ҳавода футбол ўйнамагандим. Аслида бу ерга ўтган йилги жаҳон чемпионати пайтидаги дам олиш кунлари ташриф буюргандим. Аммо ҳозир шаҳарни яхшироқ биламан. Москвада кўплаб ажойиб ресторанлар жойлашган. Лекин автомобиллар тиқини... Бир куни базага бир ярим соатда етиб бордим.

Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

— Одатда, бир кунда икки марта машғулот ўтказамиз. Бунга қўшимча равишда тренажёр залига ҳам бораман. Қолган вақтимни уйда ўтказаман. Шунингдек, шаҳар марказида сайр қилишни ёқтираман. Марказий «универмаг»га кириб, нимадир сотиб олишим мумкин. Ёки кечки овқатга бораман.

Нима учун Италияда ўйинингиз унчалик қовушмади? «А» серия РПЛдан қанчалик кучли?

— «А» серияда ўйнаш қийин. Солиштириш учун далиллар бор. Масалан, Англияни оладиган бўлсак, у ерда ўйинлардаги юқори тезлик ва тажовузкор услуб боис тўп суриш осон эмас. Лекин бунга тезда кўникиб кетасиз. Италияда эса барча ўйин­лар тактикага асосланган, майдонда нималар юз бераётганлигини тушуниш кўп вақт талаб этади. «А» серияда илк марта ўйнаётганлар учун ушбу чемпионатдаги ҳар бир жамоа ажойиб тактикага эга кашфиётдек туюлади. Россияда эса ҳаммаси бошқача: бу ерда бир-бири билан рақобатлаша оладиган 5-6та жамоа бор.

Ёзда Италиянинг тажовузкор мураббийи бошқарувидаги клубдан кетиб, Россияда 72 ёшида ҳам ҳиссиётга берилувчан Юрий Сёмин бошқараётган жамоа таркибига қўшилдингиз. Таассуротлар қандай?

— Биринчи навбатда, унга нисбатан ҳурматим баланд. Чунки Сёмин «Локомотив» тарихида қандай роль ўйнаганлигини яхши биламан. Айниқса, футболда совринлар ва кубоклар натижалар салмоғидан дарак беради. Кўплаб мукофотларни қўлга киритиш - бу жуда катта гап. Ўйлайманки, унга нисбатан нафақат мен, балки барча ҳурмат билан қарайди.

Италияда деярли ҳар ҳафта ирқ­чилик борасида можаролар юзага келади. Шундай ҳолат сиз билан «Интер» ёки «Локомотив»да юз бердими?

— Айрим футболчиларнинг олдинроқ Россияда шундай муаммога дуч келишганини яхши биламан. Лекин мен бу борада ҳеч қандай муаммога йўлиқмадим. «А» серияда эса футболчилар билан шундай ҳолатлар кузатилганига гувоҳ бўлганман. Бу жуда қайғули, боиси, Италия кўпчилик учун севимли, инсонлар дам олиш ва байрам кунлари вақтларини чоғ ўтказиш учун ташриф буюрадиган давлат. Ирқчилик - улкан муаммо ва Италияда бунга қарши курашишлари шарт. Аммо бунинг учун, аввало, мамлакатда ирқчиликнинг борлигини тан олиш керак. Чунки италияликлар ҳозир ҳаммаси жойида деб ўйлашмоқда.

Футболдаги ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайсизми?

— Ирқчилик фақатгина футболга хос эмас! Бу биринчи навбатда сиёсий ва умумий муаммо. Лекин ҳеч нарса амалга оширилмаса, албатта, бу борада ўзгариш бўлмайди. Ирқчиларни қамоққа олиш, судларда жазо тайинлаш керак. Бутун Италияда ўзгаришларни амалга ошириш лозим.

Акангиз Уилсон Эдуарду сиз билан биргаликда Портуда ўсди, аммо Ангола терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Ҳаммаси жуда оддий: ота-онамиз анголалик, аммо Португалияга кўчиб келишган ва акам билан мен ушбу мамлакатда таваллуд топганмиз. Отам доимо акамнинг Ангола термаси сафида ўйнашини хоҳларди. Унда шундай имконият пайдо бўлганида, Уилсон буни хурсандчилик билан қаршилади. Оиламизда барча мамнун, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Футболга кириб келишингиз қай тарзда юз берган?

— Аслини олганда, менда танлаш имконияти ҳам бўлмаган. Чунки акам профессионал футболчи. Дадам билан амаким ҳам футболчи бўлишган. Демак, футбол мен учун оилавий касб. Футбол ўйнашни жуда эрта - 5 ёшимда бошлаганман. Икки ёки уч йил мобайнида Портуда шуғулландим, шу шаҳарда улғайдим ва барчаси у ерда бошланган. 15 ёки 16 ёшимда эса футбол мен учун хоббидан кўра кўпроқ аҳамиятга эга эканлигини тушундим. Шундан сўнг, «Спортинг» таркибидан жой олдим ва илк профессионал шартномамни имзоладим. Бу энди барчаси жиддий тарзда давом этади, дегани эди.

Кўтарма пуллари бормиди?

— Ҳа, ёзма бонус сифатида кўтарма пули бор эди. Менимча, ушбу маблағ 5 минг евро атрофида эди. Ўша лаҳзаларда ажойиб ҳиссиётни бошимдан кечирганман. Шу ернинг ўзидаёқ барча оила аъзоларимизни йиғиб, ресторанда тушлик қилиб берганман. Қолган пулни эса дўкондан кийим харид қилишга сарфлаганман.

Айтганча, жамоадошингиз Гжегож Криховяк Варшавада кийимлар дўкони очибди. Сизда ҳам шахсий бизнесингизни йўлга қўйиш режаси борми?

— Йўқ. Эндигина 26 ёшга тўлдим ва шахсий бизнес борасида ўйлашга ҳали эрта. Бу ҳақда ўйласам, футболчилик фаолиятимга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Айни пайт бутун хаёлим футболда. Балки кейинчалик бирор нарса билан шуғулланарман, лекин ҳозир эмас.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz