Қайднома

Қидирув

Федерико Вальверде: «Гол – ишонч ва эркинлик самараси»

Федерико Вальверде: «Гол – ишонч ва эркинлик самараси»

  24.12.2019 10:31
  0
  377
Федерико Вальверде: «Гол – ишонч ва эркинлик самараси»

Ёш ярим ҳимоячи Федерико Вальверде бугунги «Реал»да тобора ишончли тўп сурмоқда. «Қироллик клуби» бош мураббийи Зайниддин Зидан эса уни жамоа келажаги сифатида таърифламоқда. Федерико яқинда Уругвайнинг  Tunel  журнали мухбирлари билан суҳбатда Мадриддаги фаолиятининг бошланиши ҳамда бош мураббий билан ўзаро муносабати хусусида гапириб берди.

- Зидан каби афсонанинг «Мадрид»дек номдор жамоасида муҳим ўйинчилар қаторидан жой олишга қандай эришдинг?

- Бу мақомга эришиш учун бутун умр меҳнат қилганим ўз-ўзидан тушунарли. Аслида юксак мақсадларни кўзлаган ҳар бир футболчи ўз устида ишлашдан асло тўхтамайди. Демоқчиманки, бор куч-қувватимни футболга бағишлаганман. Бошланишида роса қийналганим рост. Модрич, Каземиро, Рамос, Бэйл, Бензема каби афсоналар билан ҳамхона бўлишнинг таърифи йўқ. Ҳозир уларнинг ҳар бири билан бемалол мулоқот қила оламан. Муҳими, ўз ўйиним эвазига жамоада муносиб ўрин олдим. Тўғри, тан олишим керак, аввалига хатога йўл қўйишдан чўчиб, эркин тўп суролмадим. Энди эса ўзимни жамоанинг бир қисми сифатида тасаввур қиляпман. Айнан жамоадошларим кўмаги билан шундай мартабага эришдим. Бундан ташқари, шахсий ҳаётимдан ҳам жуда мамнунман.

- Фаолиятингнинг муваффақиятли босқичида айнан кимлар сенга энг муҳим жиҳатларни ўргатишди?

- Аввало, Зайниддин Зидан. Айнан у салоҳиятимга ишониб, менга асосий таркибдан жой берди. Муҳим учрашувларда 21 ёшли тажрибасиз ўйинчини майдонга туширишга кўплаб мураббийлар юраги дов бермайди. Боз устига, жамоа керакли натижаларга эришолмаётган мураккаб вазиятда. Зидан мендан жамоа учун ўйнаш, тўпни эгаллаган заҳоти ўз имкониятимни тўлиқ намойиш этишни сўрайди. Шунингдек, тўп узатишда ақл билан иш тутишни талаб қилади. Асосийси, мураббий кўрсатмаларига мувофиқ, ҳужумларда фаол қатнаша бошладим, яна ўрта масофалардан зарба йўллаш имкони туғилса, буни пайсалга солмаяпман. Тўғриси, олдинлари бу борада роса иккиланардим.

- Шахсий фикрингча, қайси позицияда яхшироқ ўйнайсан?

- Испаниядагилар таъбири билан айтганда, ўнг қанот ярим ҳимоячиси ўрнида. Бу бизнинг тилимизда - «саккизлик» позицияси. «Реал»да айнан «саккизлик» ролини бажаряпман, бунда Каземиродан сал олдинроқда тўп сураман. Шу тариқа ҳужумчиларга кўпроқ ёрдам бериш имкониятига эга бўляпман. Лекин керакли пайт ортга қайтишим керак. Муҳими, бунга улгуряпман. Шунингдек, ҳужумлар чоғи тўп ўнг қанотга қайтиши мумкинлигини ҳам унутмаслигим керак. Айнан шундай вазиятларда гол уриш учун яхшироқ имконият юзага келади. Зидан ҳам шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, мени ҳужумга яқин позицияга қўймоқда. Аслида марказий чизиқнинг исталган нуқтасида бемалол ўйнай оламан, деб ўйлайман.

- Хўш, қайси позицияда ҳаракатлансанг, жамоага кўпроқ манфаат келтиришинг мумкин?

- Айнан «саккизлик» позициясида. Боиси, айнан шу чизиқда дарвозага зарба йўллаш ва гол уриш вазияти кўпроқ юзага келади. Ўйлашимча, ўз имкониятларимни шу ерда тўлароқ намойиш эта оламан. Мана, Зидан менга шундай имконият бермоқда. Айнан гол уришга иштиёқим баландлиги учунми, Каземиро позициясида ўзимни бироз ноқулай ҳис қиламан. Умуман олганда, агар қаерда ўйнаш ихтиёрини ўзимга қўйиб беришса, ҳеч иккиланмай «саккизлик» позициясини танлайман. «Реал»да ҳам, Уругвай терма жамоасида ҳам.

- Сўзинг исботи сифатида дастлабки голни нишонлашга ҳам улгурдинг...

- Ўзи тезроқ голлар ҳисобини очиш ҳаракатида эдим. Ниҳоят, мураббий берган эркинликдан фойдаланиб, олдинга интилдим ва мақсадимга етдим. Бу гол - ишонч ва эркинлик самараси!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz