Қайднома

Қидирув

Жазоирлик жазокор...

Жазоирлик жазокор...

  25.12.2019 01:58
  0
  280
Жазоирлик жазокор...

Очиғи, «Келинг, танишайлик» блогининг навбатдаги сонига soccer.ru ижодкорлари бошқа футболчини мўлжаллаб қўйишганди. Бироқ касбдошларимиз Бундеслига 14-турининг бош қаҳрамонига айланган «Боруссия» М. ва Жазоир термаси ҳимоячиси Рами Бенсебайнига саҳифани навбатсиз ажратишга қарор қилишди. Дарҳақиқат, Рамининг ишончли ва сермаҳсул иштироки нафақат номдор рақиб футболчилари, балки гладбахлик мухлислар учун ҳам чинакам сюрприз бўлди. Ким билади дейсиз, балки жорий мавсум ғолиби тақдирини ҳимоячининг «Бавария» дарвозасига урган бир жуфт голи ҳал қилгандир. Лекин ўшанда африкалик футболчи ўз жамоасининг 1-поғонада қолишини таъминлаганди.

Ҳимоячининг голи - воқеа, «дубл»и - муҳим воқеа, амалдаги чемпионни икки марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этиш эса - овоза қилиниши шарт бўлган воқеа! Келганига бир йил бўлиб улгурмаган ҳимоячи грандга қарши баҳсга бошланғич таркибда майдонга тушди ва ўйин давомида Томас Мюллерни зарарсизлантиришга масъул бўлди, ўзининг асосий вазифасидан ташқари, танаффусдан кейин Но­йер дарвозасига жавоб тўпини киритди, қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида пенальти зарбасини амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олди ва иродали ғалабани келтирган иккинчи голни урди. Бир оқшом учун шунча юмуш. Аммо бунинг эвазига бутун Германияга танилди. Энди немислар дебютант исм-шарифини тутилмасдан талаффуз этишни ўрганиб олишганига шак-шубҳа йўқ.

Аслида Рами Бенсебайни кўпчилик касбдошларидан фарқ қилмайдиган камтарин йигит, димоғдор «мис­тер икс» тоифасидан эмас. Футболчи шу йил Жазоир терма жамоаси таркибида Африка Миллатлар кубогини қўлга киритди, фаол иштироки эвазига юксак эътирофга сазовор бўлди. Аслида Рами турнирнинг рамзий терма жамоасидан ўрин олишга ҳам ҳақли эди. Бироқ ташкилотчилар Жазоир вакиллари 5 нафардан ошиб кетишини истамадилар.

АМК ниҳоясига етгач, гладбахликлар 24 ёшли ҳимоячини «Ренн»дан 8 млн. евро эвазига сотиб олишди. Бунгача Бенсебайни 4 мавсумни («Монпелье» - 1, «Ренн» - 3) Францияда ўтказганди.

«Боруссия» М. ҳимоя чизиғининг сўл қаноти эса анчадан бери Оскар Вендт тасарруфида эди. Бироқ швециялик легионер ҳозир 34 ёшда, мутасаддилар Рамини айнан унинг вориси сифатида харид қилишганди. Мавсум аввалида Вендт ҳар доимгидек ишончли тўп сурди, тезкор ва фаол эди. Қолаверса, бош мураббий Марко Розе ҳар икки қанотни ёш дебютантлар ихтиёрига топширишни истамади. Ўнг қанотда Штефан Лайнер тезда ўз ўрнини топиб олди, чапда эса Оскар тўп суришни давом эттирди. Бунинг ўзига яраша бир қатор сабаблари бор эди, албатта.

Биринчидан, аксарият футболчилар таътилда дам олишаётган ва янги мавсум тайёргарлиги билан банд бўлишганида, Бенсебайни Миср майдонларида қитъа кубогини қўлга киритиш мақсадида тўп сураётганди. Икки ҳафталик ҳордиқ бир зумда ўтди-кетди ва ҳимоячи талаб даражасида тайёргарлик кўришга улгурмади. Натижада Бенсебайни яхши спорт формасини тиклаб олиши учун вақт сарфлашга мажбур бўлди. Бундан ташқари, унинг олдида тил билмаслик муаммоси ҳам йўқ эмасди. Тўғри, жамоадаги француззабон футболчилар Рамини тақдир ҳукмига ташлаб қўйишмади, имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишди. Бироқ ҳимоячи бу билан чекланиб қолмасдан, мустақил равишда тил ўрганишга киришди ва қўлланмалар асосида мутолаа қилди. Энди Бенсебайни мураббий кўрсатмаларини тўла-тўкис тушуна оладиган даражага етди.

Розе эса янги шогирдини босқичма-босқич таркибга жалб этди. Гладбахдаги фаолиятини Рами захира ўриндиғида бошлади. Сентябрь ўрталарида у «Кёльн»га қарши бошланғич таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа тўп сурди. Кейин 2та турни ўтказиб юборди, «Аугсбург» билан бўлган ўйинда қатнашиб, яна захирадан жой олди. Кейин машғулот пайтида олган жароҳати майдонга тушишига имкон бермади. Ниҳоят, «Вердер»га қарши ўйинда гол урди, аммо 2та сариқ карточка туфайли майдонни барвақт тарк этди. Оқибатда «Унион» мухлисларига унинг ўйи­нини кўриш насиб этмади. «Фрайбург»га қарши беллашувда Бенсебайни жанговар ҳолатда эди. Кейин ушбу ҳикоя сабабчиси бўлган «Бавария»га қарши кечган учрашувга навбат келди.

Мюнхенликлар асосий хавф-хатарни Маркус Тюрам, Алассан Плеа ва илк дақиқадан майдонга туширилган Ларс Штиндлдан кутишганди. Лекин чап қанотдан жой олган бўйдор, қорамағиз йигит уларни тиз чўкишга мажбур этишини хаёлларига ҳам келтирмаганликлари аниқ.

Учрашувдаги дастлабки голини ҳимоячи стандарт вазият - бурчак тўпидан унумли фойдаланган ҳолда амалга оширди. Қимматли 3 очкони келтирган иккинчи голини эса 11 метрли жарима зарбасидан урди. Ўша лавҳада мюнхенликлар Маркус Тюрамга қарши ўз жарима майдончалари ичида ўйин қоидасини бузишганди. Жабрланувчи «нуқта»дан зарба йўллаш бобида аввалги мавсумдаги омадсизликларини эслаб қолдими, ҳар ҳолда, бу имкониятни Рамига тортиқ этди. Дебютант эса ўзини йўқотиб қўймади ва зарбани голга айлантирди. Тўғри, Нойер тўпнинг йўналишини топа олган бўлсада, уни қайтара олмади. Шу тариқа «Боруссия» М. пешқадамлик мавқеини сақлаб қолди, ундан 7 очкога ортда қолаётган чемпион эса ҳозирча еврокубоклар ҳудуди ташқарисида.

Албатта, ҳали олдинда етарлича учрашувлар кутиб турибди, «Бавария» ўз ўйинини топиб олишига, чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун бор имкониятини сафарбар этишига шубҳа йўқ. Бироқ гладбахликлар ҳам бўш келмасликлари аниқ. Шундай экан, жазоирлик ҳимоячининг «дубл»и мавсум якунида бебаҳо аҳамият касб этиши ҳам ҳеч гапмас.

Ҳа, майли, шоҳсупа қайси бахтли жамоа томонидан забт этилишидан қатъий назар, «Ренн»даги 3 йиллик фаолиятида урган 3та голни янги жамоасида 5та ўйинда қайд этган Бенсебайни узоқ вақт «Боруссия Парк»нинг олқишларига сазовор бўлишига шубҳа йўқ. Гладбахликлар унга атаб жарангдор шиорлар, ҳатто қўшиқлар яратишга улгурган бўлсалар, ажабланмаймиз.

Рами Бенсебайни терма жамоадаги кўпгина футболчилардан кескин фарқ қилади. Рами - Жазоирнинг соф ўғлони, Франция фуқаролигини қабул қилган, фақат терма жамоа миқёсида тарихий ватани шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрадиган жазоирликлардан эмас. У Константинада таваллуд топиб, футболчилик фаолиятини ҳам шу шаҳарда бошлаган. Дастлабки ихтисоси - марказий ярим ҳимоячи. Кейинчалик анча улғайиб қолган футболчи жамоа манфаатини кўзлаган ҳолда чап қанот ҳимоячиси позициясига ўтди. Рами шунингдек, таянч ҳудудида ҳам ишончли тўп суради. Буни Франциядаги фаолиятида намойиш этганди.

18 ёшга чиққанида Рами Жазоир пойтахтининг «Параду» клуби таркибидан жой олди. Орадан  ҳеч қанча вақт ўтмай, ёш иқтидор соҳибидан хабар топган «Арсенал» уни малака ошириш учун Лондонга таклиф этди. Англия пойтахтида узоқ бўлмаганига қарамасдан, Арсен Венгер жазоирлик ҳимоячини «тўпчилар»нинг 2та ўртоқлик учрашувида майдонга туширди. Шундан кейин Бенсебайни Бельгиянинг «Льерс» клубидан таклиф олди. Айнан шу жамоада унинг фаолиятида юксалиш кузатила бошланди. Яъни, Рамини Бельгиядан Франциянинг «Монпелье»сига чақиришди. Футболчи жанубда завқ билан тўп сураётган паллада шимолга кўчиб ўтишга мажбур бўлди - ижара асосида тўп сураётган ҳимоячи учун «Параду»га «Монпелье»дан кўпроқ маблағни (2 млн.) ваъда қилган «Ренн» уни ўз сафига қўшиб олди.

Агар охирги Африка Миллатлар кубоги «Боруссия» М. скаутларининг эътиборидан четда қолганида, эҳтимол, Бенсебайни ҳозир ҳам «Ренн»да фаолиятини давом эттираётган бўлармиди. Жамоа билан 4 йиллик шартномага имзо чеккан футболчи 3-йилни якунлаган ва раҳбариятдан янги таклиф кутаётганди. Бироқ қитъа чемпионатидаги муваффақиятли иштирок чемпионга «Боруссия» М. эшикларини очди.

Ҳозир ҳимоячи шон-шуҳратга бурканган даврни бошдан кечирмоқда. Кўзойнакда (майдонга контакт линза билан тушади) юришга одатланган камтар йигитча иложи борича телекамера ва микрофонлардан узоқроқ юришга интилади, уларга кўниккан эмас. Балки немис тилини яхши ўзлаштиришга улгурмагани боис хижолат чекаётгандир. Аммо футбол майдонида ҳеч нарсадан тап тортмайди. Футболчи учун муҳими шу.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz