Қайднома

Қидирув

Юлдузларнинг суюкли гўшаси - "Фигаро" сартарошхонаси...

Юлдузларнинг суюкли гўшаси - "Фигаро" сартарошхонаси...

  25.12.2019 11:23
  0
  450
Юлдузларнинг суюкли гўшаси -

Одатий иш кунларининг бирида Буэнос-Айресдаги Фигаро сартарошхонаси усталари икки дақиқага телевизор қаршисида тўпланишди. Зангори экран орқали ЕЛ доирасидаги «Рома» - «Боруссия Менхен­гладбах» беллашуви намо­йиш этилаётган, 95-дақиқада 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган немислар 11 метрли жарима зарбасини амалга оширишга ҳозирлик кўришаётганди. «Нуқта»дан йўлланган аниқ зарба эвазига Штиндль ҳисобни тенглаштирди, сартарошлар иш жойларига тарқалишди.

Футболчиларнинг қадрдон маконига айланган бу гўшага аргентиналик юлдузлар тез-тез келиб турадилар, салон соҳиби Мессининг сочини олиб, шу ердан ЖЧ-2014га кузатиб қўйганди.

Фигаронинг муҳити ўта мафтункор ва ҳайратланарли, у ердагилар футболнинг ашаддий мухлислари. «Тоттенхэм» вакили Эрик Ламела, «Рома» аъзоси Диего Перотти, «ПСЖ»дан Лео Паредес, «Ривер Плейт» бош мураббийи Марсело Гальярдо етакчилигидаги Карлос Тевес ва бош­қа футболчилар, барча ёш тоифаларидаги Аргентина терма жамоаларининг ўйинчилари шу салоннинг доимий мижозлари ҳисобланадилар. Асосий мижоз - табиийки, Лео Месси.

Сартарошхонанинг футболчилар орасида танилишига ҳозир «Зенит» таркибида тўп сураётган Себастьян Дриусси сабабчи бўлганди. Россияга кўчиб ўтишига қадар у барча касбдошларига шу салонни таклиф этарди.

«Сенга катта раҳмат, Себа. Сен билан ҳамкорлик қилганимдан мамнунман. Чиройли футболкани совға қилганингдан миннатдорман. Агар сен бўлмаганингда, ҳеч қачон «Ривер» билан ҳамкорлик қилмаган бўлардим» - салон «босс»и Тано Дель Касале «Инстаграм» орқали Дриуссига ўз миннатдорчилигини йўллаганди.

Тано - сартарошхонани очган Уго Дель Касаленинг ўғли. Ҳозир Фигаро оилавий сулола муассасаси мақомида, Танонинг отаси ёнида ўғли Диего ҳам хизмат қилмоқда. Лекин қарийб 50 йилдан бери фаолият юритаётган Фигаро яқинда футболчиларнинг бош салони мақомига эга бўлди.

«Ҳаммаси Дриуссининг илк ташрифидан кейин бошланди, - дейди Тано. - Мен унинг сочини олдим ва фотосуратини ижтимоий тармоққа жойладим. Шундан кейин футболчи мижозлар сони кўпайиб кетди».

Орадан бир неча ой ўтгач, Танонинг соч олиш услубига «Ривер» ўйинчилари қизиқиб қолишди, Себастьян унга жамоанинг расмий сартароши лавозимини таклиф этди.

Дриуссининг энг яқин дўсти Леандро Паредес ҳам салон фаолиятига юксак баҳо берди ва уни Аргентина терма жамоаси билан ҳамкорликка чорлади. Шу тариқа Фигаро мамлакатнинг асосий футбол сартарошхонасига айланди.

Ҳозир Тано ва унинг ҳамкасблари икки йўналишда иш олиб боришмоқда. Биринчиси - сартарошхона. Сочни севимли футболчи соч турмаги асосида турмаклашнинг баҳоси 400 рубль атрофида, турмакка шахсан Тано ижросида эга бўлиш - 700 рубль.

Фигаро - шунчаки соч турмаклаш эмас, у ерда янги услублар яратишади: сочларни Мессининг 2016 йилдаги сочи рангида бўяш, соқолларни тартибга келтириш мумкин. Бунинг учун қўшимча ҳақ олишади, албатта. Аммо турмаклар ягона услубда амалга оширилади. Салонга келганларнинг қай бири футболчи, қайсиси одатий мижоз эканлигини аниқлаш қийин.

Иккинчи йўналиш - жамоалар базаларида хизмат кўрсатиш. Дриусси Диегони илк бор «Ривер»га таклиф этганидан кейин сезиларли ўзгаришлар юз берди. Ҳозир сартарошлар Аргентина чемпионатидаги жамоалар ва ёшлар терма жамоаси билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Тано эса жамоа тимсолига айланди. Энди «Ривер» уни ҳар йили Майамидаги мавсумолди йиғинига олиб кетади, энг ёрқин саёҳати - Мадридда ташкил этилган «Бока»га қарши Либертадорес кубоги финал беллашуви. Тано бу йил Перуда бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда ҳам жамоа ёнида бўлди. Бироқ бу гал омад «Ривер»дан юз ўгирди - 89-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида олдинда борган жамоа 2 дақиқа ичида 2та гол ўтказиб юборди ва совринни «Фламенго»га бой берди.

2014 йилда Бразилия мундиалига отланган Месси Буэнос-Айресда тўхтаб, соч олдирганди. У турмак услуби танлашни Танонинг ўзига топширди. Шу тариқа Фигаро салони ҳақида «альбиселесте» вакиллари ўртасида қизғин баҳс юзага келганди.

Сартарош энг машҳур мижозининг қиёфасига сезиларли ўзгаришлар киритди: пешонасига тушиб турадиган сочларини кесиб ташлаб, қолганини юқорига кўтарди. Янги услуб Леога маъқул келиб, Барселонага қайтганидан кейин яна бир неча марта Танога мурожаат қилди.

Таажжубки, Тано - «Реал» мухлиси. Айтишича, болалигида отаси у «Қироллик клуби» ўйинларини томоша қилиши учун декодер олиб берган экан. «Бир гал Роналдонинг ўйинини кўриб, шу жамоага кўнгил қўйдим», - дейди Диего.

Аргентинанинг «442» сайтига берган интервьюсида Тано футболчиларнинг соч олдиришларига оид айрим маълумотларни маълум қилди. Футболчилар сартарошга тез-тез мурожаат қилишади, кўпинча, учрашувлар арафасида: «Баъзан «Ривер» базасига ҳафтада икки марта бораман».

Футболчиларнинг олифта турмакларга қизиқишлари 2014 йилдаги ЖЧдан кейин кучайиб кетди. Асосий намуна вазифасини Марко Ройс ижро этди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz