Қайднома

Қидирув

Жулио Сезар: «Қизиқарли ўйинга нима етсин?»

Жулио Сезар: «Қизиқарли ўйинга нима етсин?»

  26.12.2019 01:32
  0
  402
Жулио Сезар: «Қизиқарли ўйинга нима етсин?»

21 декабрь куни ниҳоясига етган Клублар ўртасидаги ЖЧнинг ҳал қилувчи баҳси «Ливерпуль» ва «Фламенго» жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Финал ўйини бошланишидан олдин нуфузли совринни майдонга олиб тушиш миссияси асли бразилиялик, лекин «Интер» ҳамда «Бенфика»даги фаолияти ортидан Европани иккинчи ватани сифатида таърифлайдиган афсонавий дарвозабон Жулио Сезарга топширилди. Бинобарин, у 2010 йили «Интер» таркибида бу кубокни қўлга киритган эди. Хуллас, Қатарга фахрий меҳмон мақомида ташриф буюрган Сезар ҳал қилувчи баҳс арафасида fifa.com сайтига махсус интервью ҳам берди.

 

- Жулио, «Ливерпуль» ва «Фламенго» ўртасидаги ҳал қилувчи учрашув олдидан турнир кубогини айнан сиз майдонга олиб тушасиз. ФИФАнинг ушбу таклифини қандай қабул қилдингиз?

- Албатта, қувонч ва мамнуният билан! Мутассаддилар мени шундай шарафга лойиқ кўришганидан беҳад бахтиёрман. Улар 2010 йили «Интер» билан мазкур нуфузли мусобақада ғолиб чиққанимни эслатиб, кубок билан яна бир марта майдонга тушиш имкониятини тақдим этишди. Рафиқам ва фарзандларимдан ҳаяжонли дақиқаларни тасвирга туширишларини илтимос қиламан. Тўғри, улар ҳозир Лиссабондалар. Лекин умид қиламанки, мени телевизор орқали кўрсатишганида, барчасини ёзиб олишни унутмайдилар (кулади).  ФИФАга эса яна бир бора чексиз миннатдорчилик билдираман.

- Нуфузли мусобақанинг иштирокчиси ва кубок соҳиби сифатида ҳозир финалга тадорик кўраётган футболчилар ҳолатини бошқалардан кўра, яхшироқ тасаввур қиласиз. Айтингчи, улар айни пайт нималарни кўпроқ ўйлаётган бўлишлари мумкин?

- Футболчи ҳар қандай учрашув арафасида фақат ва фақат муваффақият қозонишни ўйлайди. Айниқса, ҳал қилувчи баҳс олдидан ғалаба ҳақида бош қотириши турган гап. Ўйлайманки, «Ливерпуль» ҳам, «Фламенго» ҳам фақат ғалаба қозониш илинжида майдонга тушади. Чунки бу ўйин ҳам клублар, ҳам футболчилар учун бирдек тарихий аҳамиятга эга. Ахир чемпионлик мақомига эришиш - ҳар бир футболчининг чин орзуси. Ўйинчилар бундай имкониятга эга бўлиш йўлида йиллаб тер тўкишади. Хуллас, финалда бор диққат-эътибор ўйинга қаратилишига шубҳа йўқ. Тўғри, шу билан бирга озгина ҳаяжон ҳам бўлиши тайин. Аммо буниси нормал ҳолат.

- Клублар ўртасидаги ЖЧ-2010да кубокни бошингиз узра баланд кўтаргансиз. Айтингчи, ўша турнирдан қандай хотиралар қолган?

- Аввало шуни таъкидламоқчиманки, Жанубий Америкада бу мусобақанинг мавқеи жуда баланд. Ҳаттоки, Либертадорес кубоги турниридан ҳам юқори туради. Шунинг учун «Интер» сафида зафарга эришгач, ватандошларим Лусио ва Майкон каби бошқалардан кўра, кўпроқ қувонганман. Шунингдек, аргентиналик клубдошларимиз ҳам ўзгача шодланишганди.

- Энди Жанубий Америкадан келган мухлислар билан бирга «Фламенго»ни қўллаб-қувватлаяпсиз, шундайми?

- «Фламенго» - 40 миллионга яқин мухлисга эга катта жамоа. Менимча, Қатарга ҳам клуб ортидан жуда кўп мухлислар келишган. Тўғри, бу борада аниқ маълумотга эга эмасман. Лекин чин фанатлар «Фламенго»ни ҳеч қачон ёлғизлатиб қў­йишмайди ва Қатарда ҳам ҳаққоний қўллаб-қувватлаш асносида жамоага ўзгача далда беришлари аниқ. Албатта, «Ливерпуль» ҳам етарлича мухлисларга эга - бу ҳаммага маълум. Қисқаси, трибуналардаги қизғин тарафкашлик майдондаги муросасиз қарама-қаршилик тафтидан қолишмаса керак, менимча. Умуман, ҳар икки жамоа совринга ҳақли, ахир заифлар финалга чиқишмайди.

- «Фламенго»нинг дунё бўйича энг кучли жамоа мақомини қўлга киритиши мухлислар учун қандай аҳамият касб этади?

- Бунинг аҳамияти жуда баланд - тарихий ютуқ саналади. Зеро, «Фламенго» 1981 йили жаҳон чемпиони бўлганди. Орадан 38 йил ўтиб, яна шундай мартабага эришиш имкония­ти туғилди. Ҳа, совринни қўлга киритиш осон эмас. Боиси, ҳозирги «Ливерпуль» сайёрамиздаги энг сара клублардан биридир. Тан олиш керак, Юрген Клопп охирги 3 йил ичида ўта аҳил ва уюшқоқ жамоа шакллантирди. Менимча, «Фламенго» ҳар қандай ҳолатда ҳам, осонгина таслим бўлмайди. Чунки жамоа сўнгги мавсумни аъло даражада ўтказди: аввал Бразилия чемпионати, кейин Либертадорес кубогида ғолиб чиқди. Хуллас, муросасиз ва қизиқарли беллашувдан умидворман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz