2019 йил якунланишига бир неча кунлар қолди. Ҳар бир йил ўзбек футболи учун турли воқеаларга бой тарзда ўтган, навбатдагиси ҳам бундан холи бўлмади. Ундан мухлислар, футбол жамоатчилиги турлича таассуротлар олишди. Миллий чемпионатимиз бошланганидан буён, ҳеч бир мавсум қизиқарли ҳолатлар, муҳокамали мавзуларсиз ўтмаган. Сир эмаски, ҳар бир мавсум ниҳоясига етгач, ҳар бир жамоа вакиллари ўзларига яраша сарҳисоб қилишади: ким қандай ишлади, қандай натижалар қўлга киритилди, қайси мусобақада совринлар жамғарилди, амалга оширилган ўзгаришларнинг фойдаси ва зарари, ҳаммаси таҳлил қилинади. Биз ҳам, анъанамизга мувофиқ тарзда, 2019 йил давомида ўзбек футболида рўй берган диққатга арзигулик воқеаларни яна бир карра ёдга олиб, тегишлича хулосаларни чиқардик.
ОСИЁ КУБОГИ ВА КУПЕРНИНГ ЖАМОАСИ
Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси жорий йилнинг январь ойида Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилган Осиё кубоги мусобақасида иштирок этди. Бир қарашда, мазкур турнирда аргентиналик мутахассисдан ҳеч қандай натижа кутмаслигимиз кўзда тутилганди. Боиси, мураббий жамоани ҳали тўлиқ шакллантиришга улгурмаган, футболчилар унинг услубига мослашишлари учун вақт керак эди. 2018 йилнинг сентябрь, октябрь, ноябрь ойларида ташкил этилган йиғинлар эса шунчаки танишув вазифасини ўтади. Эътиборлиси, муҳим турнирга яқин қолганда, ҳеч қандай ўртоқлик учрашувлари ташкил этилмади. Шундай бўлсада, гуруҳ босқичидан ўтиб олган термамиз янги форматдаги Осиё кубогининг нимчорак финалида Австралия тўсиғидан ўтолмади. Аслида, адолат юзасидан олиб қараганда, бош жамоамизда тартиб юзага келгандек кўринганди. Лекин натижа ҳамиша ҳар нарсадан устун бўлган. Қанчалик чиройли ўйин кўрсатилмасин, кўрсаткичлар биринчи ўринга қўйилаверади. Натижалар қониқарсиз тус олса, мураббий олдида жавоб берилиши лозим бўлган саволлар кўпаяверади, мухлис-у мутахассислар норозилиги ортаверади...
СУПЕРЛИГА. PEPSI ЭМАС COCA COLA
2018 йилда Олий лига номи Суперлигага ўзгартирилди, мусобақа илк бор титул ҳомийга эга бўлди: «Супер» бўлиши кутилаётган чемпионатимиз Pepsi савдо белгиси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Натижада, мавқе жиҳатидан бироз ўсишга эришилди. Мухлисларни трибуналарга жалб қилиш мақсадида стадионларда текин ичимликлар тарқатилди. Лекин жорий йил бошида Cola Cola вакиллари ПФЛга таклиф билан чиқишди. Эндиликда улар нафақат чемпионат ўйинлари, балки Ўзбекистон кубогига ҳам ҳомийлик қилмоқчи эканликларини айтишди. Манфаатли таклиф ўз вақтида қаноатлантирилиб, ПФЛ тасарруфидаги барча мусобақалар Cola Cola белгиси остида ўтди.
Бу жараённи ПФЛ вакили Диёр Имомхўжаев қуйидагича изоҳлаганди: «Нега Pepsi эмас, айнан Coca Cola? Ҳадеб клубларнинг бадал пулларига қараб қолмай, ўз аравангни ўзинг торт, деяпти одамлар. Улар тўғри айтишяпти. Теледастурдаги чиқиш давомида Coca Cola берган таклиф Pepsi таклифидан яхшироқ бўлди, аммо биз Pepsi вариантини қолдирдик, дегандим. Ўртадаги фарқ катта бўлмагани учун вазият таваккал қилишга арзимасди. Pepsi билан келишув оғзаки амалга ошди. Шартномалар расман 5 март куни имзоланиши кўзда тутилганди. 4 март куни эса Coca Cola янги таклиф юборди, буниси Pepsi берган таклифдан салмоқлироқ кўринганди. ПФЛ юришни давом эттирди ва бир йўла Ўзбекистон кубоги учун ҳам Coca Cola билан келишувга эришди. Ўз вақтида, «МЮ» Nike ва Adidas компанияларини алмаштирган. Бу каби ўзгаришлар исталган футбол клуби ва исталган лига билан рўй берадиган ҳолат. ПФЛ ўз аравасини ўзи тортишга интиляпти. Бироқ шуни талаб қилаётган айрим одамлар энди ўша теледастурда айтган сўзларимдан фойдаланишяпти. «Пусть говорят» эвазига ташкилот ютяпти, шуниси муҳим. ПФЛ имзолаб бўлинган шартномани бекор қилмади, бу биринчидан. Иккинчидан, ПФЛ шартнома борасида олдинга юриш қилди. Учинчидан, ПФЛ нафақат бадал пулларини оширмади, балки камайтириш йўлига ўтди. Тўртинчидан, ПФЛ Суперлига клублари футболчиларини бепул суғурталаб беряпти. Бешинчидан, ПФЛ клублар бўйнида бўлган ҳакамлар, инспекторлар, комиссарлар харажатини ҳам қоплайди».
РЕГЛАМЕНТГА ҚАРШИ
БОРГАН ПФЛ
Мавсум бошида навбатдаги чемпионат баҳслари ўтган йилгидек тўрт даврали, «олтин очко»лар қоидасига биноан ўтиши кўзда тутилганди. Иштирокчилар сони 12талигача қолиши деярли аниқ эди. Бироқ қуръа ташлаш маросимига оз фурсат қолганида, ички чемпионат, клублар сони, формат кутилмаганда бошқача кўриниш олди. Эндиликда 14та клуб, икки даврали тизимга қайтилди. Бундан кўриндики, «олтин очко»ли, 12та клубли тизим ўзини оқламади. Очиғи, бунда ўткинчи ўйинлар кўпайди. Жамоаларда мотивация йўқолди. Энди, азиз мухлис, солиштиришни ўзингизга қолдираман. Ўз кучи билан Суперлигага чиққан «Андижон» қаторига «Динамо» ва «Сурхон» ҳам қўшилди. «Бунёдкор»нинг Про-лигага туширилиб юборилиши ҳақидаги хабарлар ассосиз бўлиб чиқди. Бизни ҳайрон қолдирган жиҳати, гарчи чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолган бўлсада, жамоалар ким билан, қачон ўйнашини билмай, тайёргарлик кўришди. Қуръа ташлаш маросими эса жуда кеч ўтказилди. Футболи ривожланган давлатларда чемпионат тақвими, финал ўтадиган стадионлар, терма жамоа йиғинлари йил бошидаёқ ФИФА кунлари инобатга олинган ҳолда анча олдин тасдиқланади. Жамоалар эса шунга қараб ҳозирлик кўришади. Бизда-чи? Битта тақвим йил давомида бир неча маротаба ўзгартирилади.
Суперлига-2019нинг дастлабки туридан ўрин олган, ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтган «Навбаҳор» - «Қўқон-1912» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида наманганликлар устози Андрей Канчельскис бу борадаги муаммоларни рўй-рост айтганди: «Ниҳоят, мавсум бошланди. Чунки биз буни жуда интиқлик билан кутгандик. Чемпионат бошланиши жуда чўзилиб кетди. ЎФА доим ўзгаришлар қилаверади. Ҳозирги ҳолат ҳам ғалати. Иккинчи тур ўйини 20 кунлик танаффусдан кейин бошланади. Билмадим, ЎФАдагилар қандай ишлашади? Умуман, улар нимани исташади, тушунмайман. Кейинчалик нима бўлишини тасаввур қилиш қийин. Кўп жиҳатлар тушунарсиз. Чемпионат бошланди, лекин яна танаффус кузатиляпти. Кейинги ўйинни яна 20 кун кутишимизга тўғри келади».
Умид қиламизки, кейинги йилдан бундай ноқулайликларнинг олди олинади. Футболимизга тоза ҳаво олиб кираётган шахслар тақвим масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишларига ишонамиз. Ҳа айтганча, ЎФА президенти Абдусалом Азизов илк йиғилишда формат ўзгартирилмаслигини алоҳида таъкидлади. «Регламент, чемпионат формати ва жамоалар сонини ҳар йили ўзгартиришни тўхтатамиз. Кейинги мавсумда ҳам чемпионатда худди шунча клуб қатнашади. Суперлигага чиқишни хоҳлаганлар эса спорт принциплари асосида курашиб, йўлланмани қўлга киритишсин. Турли аралашувлар орқали жамоаларни олий дивизионга олиб чиқишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди», - дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
«ПАХТАКОР» ВА «ЛОКОМОТИВ» ОЧЛ ГУРУҲ БОСҚИЧИДА
Осиё Чемпионлар Лигасида клубларимиз учун 1}2 квотаси тақдим этилди. Ўзбекистон чемпиони «Локомотив» тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни қўлга киритган «Пахтакор» ҳамда мамлакат кубоги соҳиби бўлган АГМК иштирокни «плей-офф» босқичидан бошлашди. Миржалол Қосимов шогирдлари бу йўлда Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» жамоаси қаршилигини енга олишмади. Гуруҳ босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган «темирйўлчилар» ва «шерлар»га эса ўз квартетларида кучли клублар рақиблик қилишди. Айниқса, «Пахтакор»нинг «ўлим гуруҳи»дан жой олгани ҳақида кўп гапирилди. Мазкур гуруҳда вакилларимиздан ташқари Қатарнинг «Ал-Садд», Эроннинг «Персеполис» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клублари кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб боришди. Афсуски, Шота Арвеладзе шогирдларини дуранг ҳам қаноатлантирадиган сўнгги тур ўйинида имконият бой берилди. Шерзод Аъзамовнинг ҳимоядаги кечирилмас хатолари, Санжар Қувватовнинг ишончсиз ҳаракатлари туфайли охирги учрашув «Пахтакор»нинг мағлубияти билан якунланди.
«Локомотив» эса, кетма-кет учинчи йилдирки, гуруҳдан чиқолмади. Андрей Фёдоровнинг халқаро тажрибаси йўқлиги, таркибда етакчиларнинг камлиги «темирйўлчилар»га панд берди, десак тўғри бўлади.
ЯНГИ ТУРНИР - ЛИГА КУБОГИ
Ўзбек футболи Европа мамлакатларидаги футболдан ҳар томонлама ўрнак олишга ҳаракат қилмоқда. Жорий йилда футболимиз тарихида яна бир янги турнир - Лига кубоги мусобақасига асос солинди. Бундан кўзланган мақсад, биринчи галда, учрашувлар сонини кескин ошириш экани таъкидланди.
ПФЛ вакили Диёр Имомхўжаев бу борадаги саволларга ҳам батафсил жавоб берди. «Ўзбекистон Лига кубоги нега керак эди? Кўп берилди шу савол, жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бир йил аввал Суперлигада 12та жамоа иштирок этганди (шуниси маъқул вариант деган фикримни ўзгартирмаганман). 2019 йилда жамоалар сони 14тага етказилди. Бу эса Суперлигада ўйинлар сони камайишига олиб келди. Бир йил аввал иштирокчилар чемпионатда 32 турда майдонга тушган бўлсалар, бу йил ўйинлар сони 26тага тушиб қолди. ОФК бир мавсум давомида профессионал жамоалар минимум 27та ўйинда иштирок этиши керак, деган талабни қўйган. Суперлиганинг бирор клуби Ўзбекистон кубогидаги биринчи ўйинидаёқ мағлуб бўлса, айнан 27та учрашув ўтказган бўлади. Энди солиштириб кўринг. Айтайлик, биз ҳавас қиладиган АПЛ жамоалари бир мавсумда, нари борса, 40та учрашув ўтказишади, бизнинг клублар эса 27та. Фарқ жуда сезиларли. Ўтган йили «Локомотив» бир мавсумда 40та учрашувда иштирок этган. Бизнинг шароитда бу яхши кўрсаткич. Лигани тарк этган «Нефтчи» эса 34та ўйин ўтказган. 27 ва 34 орасидаги фарқ катта. Лига кубоги мана шу тафовутни нисбатан яқинлаштиради. Гуруҳ босқичида жамоалар минимум 3та учрашув ўтказиши инобатга олинса, демак, оддий жамоада бир мавсумда 30та ўйинда майдонга тушиш имкония-ти бор. Хўш, бу ўртоқлик турнирими? Йўқ, расмий мусобақа. Чунки унда олинган қизил карточкалар, санкциялар қолган турнирларга таъсир ўтказади. Клублар унга қандай муносабатда бўлишни ўзлари ҳал қилишлари мумкин. Кимдир Гвардиолага ўхшаб, ҳамма мусобақаларда зафар қучмоқчи бўлади, кимдир эса Клопп-нинг йўлидан юриб, чемпионат ва халқаро майдонни танлайди...».
Бу мавсум аввалида айтилган гаплар эди. Қўшимча тариқасида шуни айтишим мумкинки, мазкур турнир айрим клублар таркибидаги катта рақобат сабабли захирада қолиб кетаётган футболчиларга ўзларини кўрсатишлари учун яхшигина имкониятни тақдим этиши билан ҳам аҳамиятли.
ЎФАга ФУТБОЛ ОДАМЛАРИ КЕЛДИ
Ёз ўрталарида ЎФА раҳбариятида катта ўзгаришлар рўй берди. Биринчи вице-президент Умид Аҳмаджонов ўз аризасига кўра ишдан олинди ва унинг ўрнига Равшан Эрматов тайинланди. Бошқа лавозимларга ҳам футбол ичидаги, шу соҳа фидойилари бўлган мутахассислар тайинланди.
Равшан Эрматовга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Унда муҳими, ўз ишига виждонан ва сидқидил ёндашиш хислати мавжуд. Кўп ўтмай ПФЛ раҳбари Омон Ғофуров ҳам ишдан олинди. Мазкур лавозимни собиқ ҳакам, «Бунёдкор» клубида турли йўналишлар бўйича фаолият юритган Даврон Шоқурбонов қабул қилиб олди. Роппа-роса бир ойдан кейин ЎФА президенти ҳам алмашди - Абдусалом Азизов футболимизнинг янги раҳбари бўлди.
Шундан сўнг аксарият мутахассислар футболимизда уйғониш, янгиланиш ва ривожланиш бошланаётганини тахмин қилишди. Терма жамоалар бўлими бошлиғи сифатида Азиз Ҳайдаров иш бошлади. Даврон Файзиев матбуот ва медиа департаменти директори бўлди. Вилоятлар ва ҳудудий футбол федерациялари билан ишлаш вазифаси Бахтиёр Шириновга топширилди. Қисқаси, айни пайт ҳар бир бўлимда ўз касбининг усталари фаолият юритишмоқда.
ЖЧ САРАЛАШИ ВА КУПЕРНИНГ ИСТЕЪФОСИ
Миллий терма жамоамиз сентябрь ойида жаҳон чемпионати-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаши доирасидаги юришини бошлади. Шундоқ ҳам танқидлар остида қолган Эктор Купер Фаластин сафаридан мағлубият билан қайтгач, унинг манзилига йўлланган эътирозлар кўпайганидан-кўпайди. Ижтимоий тармоқлар, ОАВда у ҳақдаги салбий фикрлар болалади. Мухлислар, журналистлар, ўзини ўзбек футболига дахлдор ҳисоблаган ҳар бир киши борки, аргентиналикнинг истеъфосини талаб қила бошлади. «Унинг услуби, фалсафаси бизнинг футболга мос эмас» қабилидаги фикрлар кўпайди. Ишқибозлар ҳужумкор ўйин исташди.
Бир неча ҳафтадан кейин ЎФА мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатди. Гарчи термамиз унинг бошқарувида асосан ҳимоявий ўйин кўрсатган бўлсада, ҳар ҳолда, жамоада бироз тартиб бор эди. Маълумки, хорижлик мураббийни таклиф этиш орқали қитъамизнинг кучли термаларига қарши баҳсларда ғалаба қозонишни йўлга қўйиш кўзда тутилганди. Яман, Фаластин, Туркманистон каби жамоаларни ўзимизнинг мураббийлар ҳам қойилмақом тарзда мағлуб эта олишган. Эрон, Жанубий Корея, Австралия, Япония каби рақиблар билан ўйинларда эса вакилларимизга нимадир етишмасди. Хорижлик мураббий айнан шу «нимадир»ни топиб, муаммога ечим излаши лозим эди. Купер эса дастлабки турдаёқ Фаластинда ўйинни бой берди ва бу мағлубият унинг истеъфога чиқарилиши учун етарли омил бўлди.
ВАДИМ АБРАМОВНИНГ
ҚАЙТИШИ
Купернинг кетиши ва Абрамовнинг терма жамоа постига келиши оддий мухлисда икки хил тасаввур уйғотди:
1) Ниҳоят, ҳужумкор ва томошабоп ўйин кўрамиз. Абрамовдан 2011 йилги мазмунли футбол ва ижобий натижаларни кутамиз. Ҳар қандай рақибни ютамиз. Ҳақиқий эркакларча футбол кўрамиз, мазза қиламиз. Очиғи, Куперникидан кўра Абрамовнинг услуби кўпчиликка ёқади. Қайсидир маънода, Яман ва Сингапур термалари билан ўйинларда юқоридаги фикрлар ўз тасдиғини топди. Бироқ Саудия Арабистони ва Фаластин жамоаларига қарши баҳслардан сўнг иккинчи фикр юзага келди;
2) Тўғри, Абрамовнинг услуби ҳужумкорликка асосланган. Лекин бизга чиройли ўйин баробарида натижа ҳам керак. Очиғини тан олиш лозим, расмий ўйинларда қитъамиз грандларига қарши очиқ футбол таклиф қилмаганмиз. Лекин Абрамов даврида исталган терма билан учрашувларда вакилларимиз айнан кўпчилик кутган ҳужумкорликни намойиш этишди. Бироқ натижа қониқарли эмас. Бизга футболчиларимизни ҳам тактик томондан, ҳам жисмоний жиҳатдан яхши тайёрлай оладиган мутахассис керак.
Муҳим ўйинлар арафасида ўтказилган иккита йиғин, ундан кейин бўлиб ўтган баҳслар мухлисларда турлича таассурот қолдирди. Бироқ ишонамизки, бари ҳали олдинда. Шахсан Абрамов билан бу борада суҳбатлашганимда, миллий жамоанинг муаммоси футболчиларда эмас, балки ички чемпионатимизнинг даражасида эканлигини алоҳида таъкидлади. Суперлиганинг бугунги савияси халқаро майдонда аслида ҳолатимиз қандайлигини кўрсатиб беради. ФИФА ва ОФК тасарруфидаги мусобақалар биз учун бамисоли ойна вазифасини ўтайди.
Хуллас, мана шундай воқеалар билан ёдда қолган Ўзбекистондаги футбол мавсумига ҳам якун ясалди. Умид қиламизки, янги - 2020 йил футболимиз учун ҳар қачонгидан омадлироқ ва муваффақиятлироқ кечади. Айниқса, биз учун 2020 йилдаги расмий мусобақаларни очиб берадиган олимпиячиларимиздан умидимиз катта. Уларнинг азалий орзуимиз - Олимпиада йўлланмаси билан ортга қайтишларини чин кўнгилдан хоҳлаймиз. Шунингдек, клубларимизга Осиё Чемпионлар Лигаси ва ички мусобақаларимизда омад ёр бўлишини тилаймиз. Муҳими, қандай ўзгаришлар амалга оширилишидан қатъий назар, уларнинг бари ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилсин.
А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20