Қайднома

Қидирув

Еврофутбол, еврофутбол, наҳот сенда шунча қут, бол?!

Еврофутбол, еврофутбол, наҳот сенда шунча қут, бол?!

  27.12.2019 01:48
  0
  432
Еврофутбол, еврофутбол, наҳот сенда шунча қут, бол?!

Газетамизнинг марғилонлик ашаддий мухлиси Абдуҳамид ака билан суҳбатлашиб чарчамайсан киши. Муаммолар, камчиликлар самимий мухлисимиз томонидан ҳазил-ҳузул билан айтилади. Бу сафар ҳам Абдуҳамид ака жуда тагдор ҳазиллашди: «Башоратинглар тўғри чиқди. «Ал-Ҳилол» бронзани ололмади!» Шаъмани тушундик. Кўпни кўрган мухлис нишонга тўғри урганди...

Минг афсуски, газетамизнинг пайшанба сонида берилган «Осиё клублари ҳеч вақосиз» сарлавҳаси охир-оқибат, ҳақиқатга айланди. Йўқ, биз бундай бўлишини истамагандик. Шунинг учун «Барселона» - «Алавес», «Бавария» - «Вольфсбург» учрашувларидан вақтинча воз кечиб, бутун борлиғимизни Игорь Кетманов шарҳлаган ўйинга қаратдик. «Қора пантера» қабилида олқишланадиган Гомис пенальтилар сериясида дастлабки зарбани ишонч билан амалга оширганида, ғоят қувондик. Бироқ қувончимиз узоққа чўзилмади. «Монтеррей»нинг шижоатли дарвозабони Карденас ўта совуққонлик ва қатъият билан ҳаракатланиб, жамоаси Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллашини таъминлади. Шу голкипернинг мураккаб вазиятда ўзини тутишига қойил қолдик. Кимдир бундай вақт ҳаяжондан ўзини йўқотади, дағ-дағ титрайди. Мексикалик дарвозабон эса, гўё йўлбарс қиёфасига кирди ва жамоасини қутқарди, ҳаттоки, охирги зарбани ўзи йўллади. Ҳавас қилса арзийди. Бизнинг футболчиларга ҳам юқсин шундай фидоийлик, жонкуярлик, оловлик.

Хуллас, қитъадошларимизга ачина-ачина «Барселона» - «Алавес» ўйин­ига қайтдик. Не кўз билан кўрайликки, ҳисоб 2:1дан 4:1га етибди. Масала ҳал бўлмагани учун голларни такрорий эфирда кўришни мўлжаллаб, телевизор мурватини босдик: «Спорт ТВ»да «Бавария» - «Вольфсбург» ўйини роса қизиётган пайт экан. Абдулла Нурмонов учрашувни завқ билан шарҳлаяпти. «Кўзлари чақноқ тулпор, туёғи чақмоқ тулпор» бўлмиш Жошуа Зиркзее яна гол уриб, Абдуллани баттар ҳаяжонлантириб юборди. «Бавария» - «Вердер», «Фрайбург» - «Бавария» учрашувларини шарҳлаш жараёнида Бобур Акмалов ҳам шу каби ҳаяжонга тушганди. Чунки ҳақиқатан ҳам, Жером Боатенг рақиб Милод Рашицанинг ортидан ҳаллослаб югурганида, «Вердер» ғалаба қозонадигандек туюлганди. Йўқ, ўша «Ливерпул»да ловуллаган, «Барселона»да бўшашган Фелиппе Коу­тиньо аслида нималарга қодирлигини футбол дунёсига кўрсатиб қўйди ва «Бавария» бечора «мусиқачилар» дарвозасига 6та гол уриб ташлади. Ишончимиз комилки, чустлик Сарварбек ўша лаҳзаларда ўғли Санжарбекни 6 бор осмонга отган... Ўтган чоршанба оқшоми Жошуа Зиркзее юлдузи порлади. «Ана кетди, мана кетди» бўлиб турган бир паллада «Бавария» қўшимча дақиқаларда «Фрайбург» қаршилигини енгди. Шанба оқшомида эса «Вольфсбург»ни... Ажабланарлиси, Зиркзее тажрибали Роберт Левандовски, Томас Мюллер, Серж Гнабри ёнида ҳеч қандай босим сезмаяпти. Учрашувларнинг охирги дақиқаларида рақиблар чал­ғишмоқда, «Бавария» эса бор эътиборини гол уришга қаратиб, мақсадига етмоқда. Мюнхен гранди каби кўпни кўрган клублар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Умуман олганда, Бундеслига янгича фикрлайдиган мураббийларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб, гуллаб-яшнамоқда, тобора жўшқин тус олмоқда. Қишки таътилдан сўнг бу жўшқинлик янада ваҳималироқ кўриниш олиши аниқ. Оле-Гуннар Сульшер, Фрэнк Лэмпард, Микель Артета каби яқин тарихнинг таниқли футболчиларига таянаётган АПЛ еврокубоклар пайти бу қудратли кучга қандай қаршилик кўрсатади - буниси энди вақт ҳукмига ҳавола.

Ҳа, оққан дарё оқавераркан-да... Ана, Элдор Шомуродов ҳам Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлишга номзод. Сервер Жепаров шу рутбага икки бор сазовор бўлганида, футболимиз кўкрагига сал-пал шамол текканди. Мана, яна шу кунларга етмоқдамиз, футболимизда ўша шукуҳли дамлар ҳавоси ҳукмрон! Майли, чалғимайлик. АПЛда Карло Анчелотти, Жозе Моуриньо, Хосеп Гвардиола қаторида Сульшер, Лэмпард, Артета фаолият юритаётганлари, янгиланаётган Бундеслига сабаб, Элдор Шомуродовни бирров эсладик. У ўша томонларда тўп суришини ўйладик. Ўйламасликнинг иложи йўқ! Ўйлайверамиз, ўйлайверамиз... Ўйчи-ўйини ўйлагунча эса таваккалчи ишини битиради. Якшанба куни шундай воқеага гувоҳ бўлдик. Оила аъзоларимиз сайловга шоширишса ҳам, «Барселона» - «Алавес» учрашуви такрорини кўрмагунча ўрнимиздан қўзғалмадик. Унгача «Бавария» - «Вольфсбург» учрашуви такрорий эфирининг сўнгги дақиқаларига кўзимиз тушди. Абдулла шарҳ­ни боплаб ўзгартирибди. Лекин оқшомги шарҳ табиий ва бошқача эди, барибир. Абдуҳамид ака буни сездими-сезмади - бунисини билмаймиз. Билганда роса маза қилиб ҳазиллашарди. Дарвоқе, «Спорт ТВ»да такрорий эфир томошабинлари кам-а...

«Домком»имиз Валихон ака қўни-қўшниларни сайловга чорлаётганда, биз аллақачон «Барселона» - «Алавес» учрашувидаги 3 ва 4-голларни кўриб улгургандик. Лионель Месси пенальтини тепмабди - Луис Суаресга илинибди. Ҳамза Жумаев «Барселона» мухлисаси, деб таништирган ёш китобхон қиз тоза севингандир. Қойил! Ёш китобхон қизларимиз ҳам футболга қизиқишар экан. Месси эса пенальтига қизғанмади. VAR бўлмаса, пенальти тепилмасмиди? Балки... Ундай десак, VAR туфайли КўЖЧ финалида пенальти тепилмади. VAR бўлмаганида, Рафиньянинг қай аҳволга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас. Экстра-бўлимлардаги мағлубият - бутунлай бошқа масала. Муҳими - футболчи ўзини айбдор ҳисобламаслиги. Аниқроғи, айбсиз айбдор санамаслиги!

Муҳтарам мухлис! Биз ҳалол футбол тарафдоримиз, тўғрими? Футболчиларимиз майдонга тушиш учун мураббийлар билан савдолашишмайдиган замон келмоқда, нима дедингиз?!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz