Қайднома

Қидирув

Ҳимматингизга тасанно ёки АНГЛИЯ КЛУБЛАРИ ХАЙРИЯ ИШЛАРИГА ҚАНЧА САРФЛАЙДИ?

Ҳимматингизга тасанно ёки АНГЛИЯ КЛУБЛАРИ ХАЙРИЯ ИШЛАРИГА ҚАНЧА САРФЛАЙДИ?

  28.12.2019 01:01
  0
  379
Ҳимматингизга тасанно ёки АНГЛИЯ КЛУБЛАРИ ХАЙРИЯ ИШЛАРИГА ҚАНЧА САРФЛАЙДИ?

Маълум бўлишича, Британия футболида саховат кўрсатиш бобида Лондоннинг  «Челси»си ёнига тушадиган клуб йўқ. «Аристократлар» раҳбарияти ҳар йили жамоа номи остида фаолият юритувчи хайрия жамғармасига 7,5 миллион фунт стерлингдан кўпроқ ажратади. Қанчалик ажабланарли туюлмасин, бу борада иккинчи ўрин АПЛнинг яна қайсидир бой иштирокчиси эмас, балки Чемпионшипнинг камтарин вакили «Чарльтон»га тегишли. Британия футболи ичидаги воқеаларни ёритиш билан шуғулланувчи footy.com портали яқинда Англияда хайрия ишларини назорат қилувчи махсус комиссия тақдим этган маълумотларга асосланиб, мамлакатнинг энг саховатпеша жамоалари рейтингини шакллантирди.

Аввало, айтиш керак, ўзига хос ушбу рейтинг 2018 йил апрель - 2019 йил апрель оралиғидаги 12 ой ичида хайрия ишларига ажратилган сумма юзасидан тузилган. Энди кучли 5таликдан жой олган клубларга дахлдор муҳим фактларга эътибор қаратамиз:

1. «Челси» асосан Plan International хайрия ташкилотига катта ёрдам беради. Лондон клуби шунинг баробарида фарзандлари оғир хасталикка чалинган 70та оилани доимий тарзда моддий томондан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Қолаверса, клуб раҳбарияти масаланинг маънавий томонига ҳам бефарқ қарамайди - футболчилар ва ёш бемор мухлислар ўртасида тез-тез турли учрашувлар ташкиллаштирилади.

2. «Чарльтон» фақат болалар эмас, қарияларга ҳам ғамхўр клубдир. Қариялар уйини ўз қарамоғига олган Up & At ~Em жамғармаси айнан «Чарльтон»нинг моддий кўмаги асосида фаолият юритмоқда. Жамғарма нафақахўрларни руҳан қўллаб-қувватлашда ҳам жамоа футболчиларига таяниши мумкин. Асосийси, қариялар уйида барча шарт-шароитлар олий даражада.

3. «Норвич»нинг хайрия дастури чекка шаҳарчалар ва кичик аҳоли ҳудудларида футболни кенг тарғиб этишга йўналтирилган. Жамоа шу кунга қадар турли жойларда 22та майдон қуриб берди. «Норвич» бундан ташқари, жисмоний имконияти чекланган одамларни ҳам футболга жалб қилади. Яъни махсус марказларни ногиронларнинг тўп тепишлари ва югуришлари учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди.

4. «МЮ» хайрия йўналишларининг барчасида ўта фаол. Бунда айниқса, ижтимоий тармоқлардаги лойиҳа таҳсинга сазовор. Дейлик, клубнинг хайрия ишларига мослашган саҳифасида 1 миллиондан кўп обуначиси бор. «МЮ» шунингдек, бир неча йирик дастурларда иштирок этади. Жамоа юлдузлари шу лойиҳалар доирасида жойларда болалар билан бевосита учрашиб, уларга футбол ва спортнинг нақадар муҳимлигини тушунтиришади. Умуман, «қизил иблислар» раҳбарияти турли хайрия жамғармаларига доимий тарзда маблағ ажратади.

5. «Эвертон» ҳам хаста болаларни даволаш марказларининг доимий ҳамкори. Клуб яна шахсий жамғармаси - «Қалби бор уй» фаолиятига асло бефарқ қарамайди. Бу жамғарма уйсиз қолган одамларни турар-жой билан таъминлайди. «Эвертон» очган жамғарма йирик спорт ташкилотлари ва брендлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

«Уотфорд» дарвозабони Бен Фостер яқинда олижаноблик фазилатини намойиш этди. Фахрий голкипер «Кристал Пэлас»га қарши кечган ўйин (0:0)дан сўнг уйига қайтишда йўлда ноқулай аҳволга тушган қарияни кўриб, унга ёрдам қўлини чўзди. Маълум бўлишича, қариянинг автомобили аккумулятори панд бергач, у уйига пиёда етиб олишга қарор қилган. Бироқ йўл ярмига бориб-бормай, бобонинг мадори қурийди ва у ўтириб қолади. Уйигача эса ҳали чамаси 16 километр масофа бор эди. Хуллас, Фостер бобони уйига элтиб қўйиб, ювинтиради, кийимларини алмаштиради. Якунда эса қарияга кейинги мавсум абонементи олиб беришини айтади. Чунки бобо охирги 60 йил давомида «Уотфорд»нинг уй учрашувлари абонементини харид қилиб келган экан. Хайрлашув чоғи эса олижаноб дарвозабон нотаниш бобони ўз уйига - Рождество байрамига таклиф қилади. Қариянинг қариндошларидан бири бу воқеани «Твиттер»га олиб чиққач, Фостер шаънига сон-саноқсиз ижобий фикрлар билдирилди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz