Қайднома

Қидирув

У энди йўқ, фақат эсланади ёхуд "Инқироз"га учраган «Палермо» ҳақида...

У энди йўқ, фақат эсланади ёхуд "Инқироз"га учраган «Палермо» ҳақида...

  28.12.2019 16:28
  0
  614
У энди йўқ, фақат эсланади ёхуд

Ёздаёқ Италиянинг «Палермо» клубини оғир қисмат кутаётгани ойдинлашган эди. Чунончи, Италия футбол федерацияси қарзга ботган жамоани профессионал мақомидан маҳрум қилди. Кейин янги сармоядорлар топилди ва Сицилия жамоаси «D» серияда иштирокини давом эттирди. Диққатни тортадиган жиҳати, у дастлабки 8та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, тўлақонли ҳаётга қайтаётганига ишора қилди. Лекин бу жамоа ҳуқуқий тарафдан ҳаммамиз билган ўша «Палермо»га дахлдор эмас. «А» сериянинг собиқ иштирокчисининг тўлиқ номи US Citta di Palermo эди, ҳозиргиси эса SSD Palermo, деб юритилмоқда. Қисқаси, еврофутболни неча-неча моҳир ўйинчилар билан бойитган «Палермо» энди йўқ, таназзулга учраган жамоа фақат бир қатор футболчиларни катта саҳнага олиб чиққани эвазига эсга олинади.

 

Сальваторе СИРИГУ (32 ёш)

Позиция бўйича: дарвозабон

«Палермо»да: 2005-2011 йиллар, 80та ўйин

Ҳозирги клуби: «Торино»

 «Палермо» сафига 18 ёшида қўшилган Сальваторе Сиригу аввалига «Кремонезе» ва «Анкона»да ижара муддатини ўтади, кейин италиялик энг истиқболли киперлар қаторига кирди. 2011 йили «ПСЖ» раҳбарияти Сиригу трансферига бежиз 4 миллион евро сарфламади. Фахрий дарвозабон ҳозирда «Торино»да муҳим ролга эга.

Маттео ДАРМИАН (29 ёш)

Позиция бўйича: ўнг қанот ҳимоячиси

«Палермо»да: 2010-2012 йиллар, 16та ўйин

Ҳозирги клуби: «Парма»

«Палермо» Дармианни 2010 йили «Милан»дан сотиб олди, аввалига трансфер ҳуқуқидан ярмини. Жамоа кейинчалик Дармианни «Торино»га сотди - 2,3 миллион еврога. Туринликлар эса яна 3 йилдан сўнг ҳимоячи учун «МЮ»дан 18 «лимон» олишди. Дармиан айни пайт фаолиятини «Парма»да давом эттирмоқда.

Камиль ГЛИК (31 ёш)

Позиция бўйича: марказий ҳимоячи

«Палермо»да: 2010-2011 йиллар, 4та ўйин

Ҳозирги клуби: «Монако»

«Палермо» скаутлари польшалик иқтидорли ҳимоячини назарга олишганида, у атиги 22 ёшда эди. Жамоа шу тариқа «Пяста»га 1 миллион евро тўлаб, Глик билан 5 йиллик шартнома тузди. Лекин атиги 4та ўйиндан кейин уни ижара асосида «Бари»га жўнатди. 2011 йилнинг ёзига келиб, палермоликлар «Торино»нинг таклифини қабул қилиб, Гликни 2,3 миллион евро эвазига қўйиб юборишди. Камиль ҳозирда «Монако» сардоридир.

Симон КЬЕР (30 ёш)

Позиция бўйича: марказий ҳимоячи

«Палермо»да: 2008-2010, 65та ўйин, 5та гол

Ҳозирги клуби: «Аталанта»

Кьер Европада айнан «Палермо» туфайли танилди. Итальянлар 2008 йили даниялик нотаниш йигитча трансфери учун «Мидтъюлланд»га 4 миллион евро беришганди. Кейинчалик «Вольфсбург» марказий ҳимоячини 11,5 «лимон»га харид қилди. Симон айни пайт «Аталанта»да ижара келишуви асосида ўйнамоқда.

ЭМЕРСОН (25 ёш)

Позиция бўйича: чап қанот ҳимоячиси

«Палермо»да: 2014-2015 йиллар, 9та ўйин

Ҳозирги клуби: «Челси»

Эмерсон Палмери «Сантос»дан Италия футболига юзланганида 20 ёшли йигит эди. «Палермо» уни озгина ўйнатиб, «Рома»га пуллади (2 миллион еврога). Римликлар эса бразилиялик учун «Челси»дан нақ 20 миллион евро олишди.

Бриан КРИСТАНТЕ (24 ёш)

Позиция бўйича: марказий ярим ҳимоячи

«Палермо»да: 2016 йил, 4та ўйин

Ҳозирги клуби: «Рома»

«Милан» тарбияланувчиси «Палермо» сафида атиги 4 марта майдонга тушди. Кристанте ўз иқтидорини «Аталанта»да тўлиқ намойиш этди ва 21 миллион евро эвазига «Рома»га ўтди.

Йосип ИЛИЧИЧ (31 ёш)

Позиция бўйича: ҳужумкор ярим ҳимоячи

«Палермо»да: 2010-2013 йиллар, 107та ўйин, 25та гол

Ҳозирги клуби: «Аталанта»

Словениялик футболчи айнан «Палермо»да кўзга ташланди. Эътибор беринг, 2010 йили уни «Марибор»дан 2,3 миллион еврога харид қилган Сицилия клуби 3 мавсумдан кейин футболчи трансфери учун «Фиорентина»дан 9 «лимон» олди. Иличич бугунги «Аталанта»нинг етакчилари қаторида.

Хавьер ПАСТОРЕ (30 ёш)

Позиция бўйича: ярим ҳимоячи

«Палермо»да: 2009-2011 йиллар, 82та ўйин, 16та гол

Ҳозирги клуби: «Рома»

«Палермо»нинг энг омадли трансферларидан бири. Ваҳоланки, итальянлар аргентиналикнинг трансферини «Уракан»дан 7 миллион еврога сотиб олганди. Якунда Хавьерни «ПСЖ»га пуллади. Трансфер суммаси - 42 миллион евро.

Пауло ДИБАЛА (25 ёш)

Позиция бўйича: марказий ҳужумчи

«Палермо»да: 2012-2015 йиллар, 93та ўйин, 21та гол

Ҳозирги клуби: «Ювентус»

Диққат қилинг, Дибалани ҳам Европага айнан «Палермо» олиб келганди. Клуб скаутлари уни Аргентинанинг «Институто»сидан «топишган». Муҳими, 12 миллион еврога харид қилинган Диего 3 мавсумда  40 «лимон»ли ўйинчига айланди.

Андреа БЕЛОТТИ (25 ёш)

Позиция бўйича: марказий ҳужумчи

«Палермо»да: 2013-2015 йиллар, 64та ўйин, 16та гол

Ҳозирги клуби: «Торино»

Моҳиятан олганда, Белоттига ҳам катта футбол йўлланмасини айнан «Палермо» берди. Бу клуб 2013 йили 19 ёшли ҳужумчини «Альбинолеффе»дан ижара келишуви бўйича олганди. Сицилияликлар кейинчалик 5,5 миллион евро тўлаб, унинг трансфер ҳуқуқига эга чиқишди. «Торино»дан эса салоҳияти юқори Белотти учун 8,4 миллион евро ундиришди.

Эдинсон КАВАНИ (32 ёш)

Позиция бўйича: марказий ҳужумчи

«Палермо»да: 2007-2010 йиллар, 117та ўйин, 37та гол

Ҳозирги клуби: «ПСЖ»

«Палермо» тарихидаги бош юлдузлардан бири. Жамоа уругвайлик футболчини «Данубио»дан 5 миллион еврога сотиб олиб, уни моҳир голеадорга айлантирди. Шу тариқа сицилияликлар Кавани учун «Наполи»дан жами 17 миллион евро (5 миллиони бир йиллик ижара тўлови) олишди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz