Қайднома

Қидирув

Лука Модричнинг 12 миллион евролик кошонаси...

Лука Модричнинг 12 миллион евролик кошонаси...

  29.12.2019 01:00
  0
  412
Лука Модричнинг 12 миллион евролик кошонаси...

«Реал» ярим ҳимоячиси Лука Модричнинг Мадриддан сотиб олган қаср мисоли янги уйида 9та ётоқхона, бассейн, кинотеатр ва улкан ертўла бор. Хорватиялик футболчи бу ҳашаматга нақ 12 миллион евро тўлади. Тўғри, Лука шундай шинам ва барча қулайликларни ўз ичига олган турар-жойга мутлақо ҳақли.

«Реал» ярим ҳимоячиси ўз оиласи билан янги уйга кўчиб ўтишга ҳам улгурди. Лука айни пайт турмуш ўртоғи Ваня Боснич (маълумоти бўйича иқтисодчи, у Модрич Загреб Динамо»сида ўйнаган пайт жамоа футболчилари ишларини юритган) билан 3 нафар фарзанди - Иван, Эма ва Софияни улғайтирмоқда. Янги кошонага келсак, у Мадриднинг элит райони - Ла Моралехада жойлашган. «Реал»нинг кўплаб юлдузлари айнан шу ҳудудда истиқомат қилишади. Хусусан, Серхио Рамос ва Карим Бензема Ла Моралехадан шахсий уй сотиб олишган. Модричнинг олдинги уйи ҳам шу районда эди, бироқ хорват футболчиси муҳитни ўзгартиришни истади, чоғи, янги кўчмас мулк соҳибига айланиш йўлида 12 миллион евродан воз кечди. Аслида Лука «Реал» футболчилари орасида камтарлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, у майдондан ташқарида сокин ҳаёт кечиради, ўзини «ўтга ҳам, чўққа ҳам» урадиганлар тоифасидан эмас. Дейлик, «Олтин тўп»-2018 соҳиби Мадриддаги тунги клубларда ҳеч қачон кўриниш бермаган. Энди эса шаҳар марказига боришига ҳам эҳтиёж қолмади — кошонада ҳаёт учун нима керак бўлса, барчаси бор.

Турар-жойнинг ер майдони атиги 10000 квадрат|метрга тенг. Шундан  2700 квадрат|метр ҳудудга уй солинган. Кошонада 9та ётоқхона ва шунча ваннахона, тренажёр зали, массаж хонаси, бассейн, 10та автомобилни сиғдирадиган улкан гараж, катта ёртўла, турли кечалар учун алоҳида зал ҳамда 18 кишига мўлжаллаган мини-кинотеатр бор. Ётоқхоналардан 6таси бинонинг биринчи қаватида жойлашган. Ошхона ва меҳмонхона ҳам пастки қаватда. Тепада эса кўркам боғ шундоқ кўриниб турадиган очиқ айвон бор. Болаларнинг севимли жойи - бу улкан ўйин майдони (ҳудуди 80 квадрат|метрга тенг). Бу ерда турли аттракционлар, телевизор ва ҳаттоки, «учиш»га мўлжалланган сирпанчиқ девор ҳам бор. Лука болалигида бундай нарсаларни орзу ҳам қилолмасди, умуман, у қачондир шундай саройда яшаши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Ҳар ҳолда, бўлажак футболчи Хорватиянинг кичиккина қишлоқларидан бири - Затон Обровачкида туғилган. Модричлар оиласи тез орада қишлоқчадан мажбурий ҳолда кўчиб кетишга мажбур бўлган. Югославиядаги фуқаролар урушида Луканинг бобоси вафот этади. Отаси ҳам ҳарбий хизматга жалб этилган. У авиацион механик. Натижада қаровсиз қолган оила Задар шаҳрига қочиб кетиб, қочоқларга ажратилган отелдан қўним топади. Луканинг ўзи ўша вақтларни жуда яхши эслайди, аммо айтишича, у ўша вақт атрофда уруш кетаётганини тушунган эмас. Демакки, яқинлари болакайни чўчитишни истамай, уруш ҳақида оғиз очишмаган.

Лука айнан Задарда спорт академияга киради, бироқ у ерда таҳсил олиш баҳоси анча баланд эди. Яъни отасининг деярли барча ҳарбий мукофоти боланинг академияда шуғулланишига сарфланади. Муҳими, ёш Лука тезда скаутлар эътиборини қозонади. Тўғри, мураббийлар болакайнинг бўйи пастлиги сабаб, бошида унга шубҳа билан қарашади. Луканинг ориқ ва пакана бўлиб қолганида, балки болалигида кўпинча оч-юпун юргани таъсири ҳам бордир... Хуллас, «Хайдук» мураббийлари икки ҳафтага чўзилган кўрикдан кейин таваккал қилишни истамай, Лукага жавоб бериб юборишади. Загреб «Динамо»сида эса миттигина Лукага дарҳол ишонч билдиришади. Шу тариқа Модрич 2002 йилга келиб, биринчи профессионал шартномасига имзо чекади. Мана, у энди «Реал»да йилига чамаси 10 миллион евро топмоқда. Шуни назарда тутсак, Модрич қимматбаҳо харидларга бемалол қўл ура олади...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz