Ҳисобот ҳафтасидаги беллашувлар натижалари топ-чемпионатлар вакилларининг ўз анъаналарига содиқ эканликларини исботлади - янги йил арафасидаги баҳслар азалдан жуда муросасиз ўтади. Бундан ташқари, жадвал тубидаги очко улашиш билан банд бўлган жамоаларда жонланиш кузатилади.
Англия. Шогирд устоздан устун
АПЛнинг 18-тури «Эвертон» - «Арсенал» беллашуви билан бошланди. Эътиборлиси, мазкур баҳс арафасида бу икки жамоада бош мурабббий алмашди. Мезбонлар энди Карло Анчелотти раҳбарлигида фаолият юритадилар, меҳмонлар эса буёғига собиқ «тўпчи» Микель Артета раҳбарлигида майдонга тушадилар. Янги мураббийлар ўз ўтмишдошларининг сўнгги учрашувини трибунадан кузатишди.
Фикримизча, 0:0 ҳисоби билан ниҳоясига етган баҳс на Анчелотти, на Артета ва на мухлисларни қониқтирди. Томонлар, аввало, ўз дарвозалари дахлсизлигини таъминлашга эътибор қаратишди. Камсонли ҳужумларда зарбалар жуда оз бўлди. Охир-оқибат, томонлар нурсиз дурангга имзо чекишди. Шу тариқа «Эвертон» хавфли ҳудуддан узоқлашиш, «Арсенал» эса еврокубоклар ҳудудига яқинлашиб олиш имкониятини йўққа чиқаришди.
Бирмингемда эса мухлислар чинакам муросасиз беллашув гувоҳига айланишди. Жадвалда ёнма-ён бораётган «Астон Вилла» билан «Саутгемптон» фақат ғалаба илинжида майдонга тушганликларини илк дақиқаларданоқ намойиш этишга киришдилар. Бу қарама-қаршиликда омад «авлиёлар» томонида бўлди - танаффусга қадар урилган икки гол якунда меҳмонларга 3 очкони тақдим этди ва улар мезбонлар билан ўрин алмашиб олишди.
Турнинг марказий учрашувида «Манчестер Сити» «Этиҳад»да «Лестер»ни қабул қилди. Табиийки, Гвардиола шогирдлари ўйиннинг аҳамияти нақадар муҳим эканлигини ҳис этган ҳолда бор имкониятларини ишга солишди. Тўғри, меҳмонлар ҳам амалдаги чемпион майдонидан мағлубиятсиз серияни давом эттирган ҳолда қайтишни мўлжаллашганди. Вардининг тезкор рейди эвазига улар ҳисобни очишга ҳам муваффақ бўлишди. Бироқ ана шу голдан кейин «шаҳарликлар»ни тўхтатишга ожизлик қилишди. Аввалига Риёд Маҳрез мувозанатни тиклаган бўлса, Гюндоганнинг танаффус арафасидаги аниқ зарбаси майдон эгаларини олдинга олиб чиқди.
Шубҳа йўқки, «тулкилар» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун асосий эътиборни ҳужумга қаратишди. Лекин таваккал бу сафар панд берди - мезбонлар ишончли ҳимояланиш баробарида, қулай вазиятдан фойдаланишни ҳам унутишмади. Шу тариқа Габриэль Жезус Шмейхель дарвозасига учинчи тўпни киритди - 3:1. Ўйиннинг қолган қисмида ҳужумлар давом этган бўлсада, ҳисоб ўзгармади. Натижада «Сити» «Лестер» билан фарқни 1 очкогача қисқартирди.
Ўз уйида «МЮ»га қарши майдонга тушган «Уотфорд» чинакам жасорат намунасини кўрсатди. Жадвалдаги вазиятдан бехабар мухлис бу учрашувни томоша қилганида, шубҳа йўқки, мезбонларнинг сўнгги поғонада бораётганига ишонмаган бўларди. Қизиқ, шундай шиддат, маҳоратни «Уотфорд» қаердан олди? Бен Фостернинг сэйвлари, ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари, олдинги чизиқ вакилларининг самарали зарбалари... Аслида Сульшер жамоаси ёмон ўйнамади. Лекин тиришқоқ мезбонларни доғда қолдиришни уддалай билмади.
Доимо қизиқарли ва муросасиз тарзда кечадиган навбатдаги дерби беллашувида «Тоттенхэм» «Челси»ни синовдан ўтказди. Аниқроғи, Моуриньо ўзининг собиқ шогирди бўлмиш Фрэнк Лэмпардни. Имтиҳон Виллианнинг «дубл»и туфайли шогирд фойдасига ҳал бўлди. Ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши ҳеч гап эмасди. Чунки меҳмонлар барча жабҳаларда майдон эгаларидан устунлик қилишди. Сон Хюн Миннинг майдондан четлатилиши эса мезбонлар ҳужум чизиғининг заифлашишига сабаб бўлди.
Испания. «Атлетико» тўртликка Қайтди
Ла Лиганинг 18-тури арафасидаги «Эль-Класико» нурсиз (0:0) дуранг билан якунлангач, қўшҳокимлик сақланиб қолганди. Ҳисобот тури тенгликка барҳам берди. «Камп Ноу»га ташриф буюрган «Алавес» чемпионга жиддий қаршилик кўрсата олмади. Антуан Гризманн ва Артуро Видалнинг аниқ зарбалари майдон эгаларига бўлимни 2:0 ҳисобида якунлаш имконини берди.
Танаффусдан кейин Месси учинчи тўпни рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Натижада «Алавес»нинг жавоб голидан кейин юзага келган интрига яна ғойиб бўлди. Ниҳоят, 75-дақиқада Луис Суарес пенальти эвазига тўртинчи голни ургач, ўйин тақдири тўла-тўкис ҳал бўлди.
Шу оқшом «Вильярреал» ўз майдонида «Хетафе»дан устун келиб (1:0), 10-ўринга кўтарилиб олди. «Хетафе» эса ўз ўрнини «Атлетико»га бўшатиб берди. Симеоне жамоаси бу турда Севильяга сафар уюштириб, «Бетис»ни 2:1 ҳисобида маҳв этди ва 4-поғонага кўтарилиб олди.
Турнинг охирги учрашуви «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтди. Бильбаонинг «Атлетик»ини қабул қилган «Реал» яна очко йўқотди (0:0) ва етакчилик мақомини «Барса»га бериб қўйди.
Германия. Энди «РБ Лейпциг» етакчи
Ҳисобот ҳафтасида Бундеслига вакиллари 2тадан учрашув ўтказишди. Натижада қўшалоқ турни йўқотишларсиз ўтказган «Бавария» совриндор учликка кўтарилди. Амалдаги чемпион аввал меҳмонда «Фрайбург»ни (3:1), кейин Мюнхенда «Вольфсбург»ни (2:0) енгди. Дортмунднинг «Боруссия»си эса ўз майдонида «РБ Лейпциг» билан жанговар (3:3) дурангдан сўнг Зинсхаймда «Хоффенхайм»дан енгилди - 1:2. Аввалги турда «Падерборн» дарвозасига 2та жавобсиз гол урган «Боруссия Менхенгладбах» Берлинда «Герта» дарвозасига йўл топа олмади (0:0) ва «байроқ»ни «Лейпциг»га қайтарди. Ўз уйида қўшимча вақтдаги икки гол туфайли («Бавария» - 1:3) дурангни қўлдан чиқарган «Фрайбург» Гельзенкирхенда «Шальке»ни муҳим 2 очкодан маҳрум этди - 2:2.
Қаторасига икки марта («Майнц» - 0:5; «Кёльн» - 0:1) мағлубиятга учраган «Вердер» 17-ўринга тушиб қолди. «Падерборн» эса «Айнтрахт»ни ишончли тарзда енгиб (2:1), қўшнисига яқинлашиб олди. Сўнгги дақиқада 3 очкони расмийлаштирган «Фортуна» («Унион» - 2:1) 16-поғонани банд этди. Тақвимнинг қалтис ҳазилини қарангки, кейинги турда жамоа ўзидан бир очкога ортда қолаётган «Вердер»ни қабул қилади.
Италия. «Аталанта» уйҒонди, чоҒи...
8 январь санасига кўчирилган «Лацио» - «Верона» учрашувини инобатга олмаганда, «А» серия етакчилари учун 17-тур муваффақиятли ўтди. «Ювентус» Генуяда «Сампдория»дан 3 очкони тортиб олди, «Интер» «Жузеппе Меацца»да «Женоа»га (4:0), «Рома» эса Флоренцияда «Фиорентина»га (4:1) имконият қолдирмади. «Аталанта»... Бергамода «Милан»ни 5та жавобсиз гол билан меҳмон қилди. Таажжубки, жамоа тизгини Стефано Пиоли қўлига ўтгач, «россонерлар» 4 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, ўз ўйинларини топиб олгандек эдилар. Бироқ дастлабки бўлимда тезкор гол билан кифояланган мезбонлар танаффусдан кейин ярим соат ичида яна 4та тўп киритишди. Оқибатда «Милан» 21 йил давомидаги энг йирик мағлубиятини тан олди.
Дарвоқе, «россонерлар»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи Женнаро Гаттузо «Наполи»даги навбатдаги ўйинини иродали (2:1) ғалаба билан нишонлади. Режо-Эмилиядаги беллашувда «Сассуоло»нинг 29-дақиқадаги голига неаполликлар 57-дақиқада жавоб қайтаришди. Орзиқиб кутилаётган ғалаба голини эса 94-дақиқада Элмас амалга оширди.
Туринга 20-ўрин соҳиби мақомида йўл олган СПАЛ «Торино»нинг тезкор голини ўтказиб юборган бўлсада, танаффусга қадар мувозанатни тиклади, 81-дақиқада эса охирги поғонани тарк этиш имкониятини берган 3 очколик голни амалга оширди. «Брешиа» эса еврокубоклар ҳудудига талпинаётган «Парма»дан очко тортиб олишга муваффақ бўлди. Аниқроғи, аутсайдер Балотеллининг 72-дақиқадаги аниқ зарбаси эвазига олдинга чиқиб олган ва ғалабага яқин турганди. Лекин мезбонлар қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида мувозанатни тиклашга улгуришди.
Франция. 0:3га жавоб - 5:1!
Қуръа ва тақвимнинг ҳукмига биноан, ўтган ҳафта «Монако» «Лилль» билан икки марта ўз майдонида куч синашди. 17 декабрь оқшомида рақиблар Франция Лига кубогининг нимчорак финалида беллашишган ва учрашув меҳмонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етганди. Уч кундан сўнг улар ички чемпионат доирасида майдонга тушдилар. Баҳс яна Осимхеннинг тезкор голи билан бошланган бўлсада, бу гал князлик клуби кўтаринки кайфиятда тўп сурди. Натижада Желсон Мартинш тез орада ҳисобни тенглаштирди, Кейта Бальде ўз жамоасини олдинга олиб чиқди, Бен-Йеддернинг «дубл»и ва Гликнинг қўшимча вақтдаги голи ҳисобни йирик (5:1) кўринишга олиб келди. Қизиғи шундаки, Леонарду Жардим жамоаси жорий мавсумда илк бора 4 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияни қайд этди. Бир қарашда, серия узун эмас. Лекин шу қисқа вақт ичидаги муваффақият «Монако»ни 7-ўринга олиб чиқди. Йўқотилган очколар бўйича олганда, жамоа айнан «Лилль» эгаллаб турган 4-поғонага кўтарилиб олиш имкониятига эга.
«ПСЖ» одатий анъанасини давом эттириб, «Амьен»ни йирик (4:1) ҳисобда маҳв этди. «Мец» «Дижон» майдонида қўлга киритган очко эвазига «қора» гуруҳни тарк этди. Шунингдек, «Марсель» Ним»ни 3:1 ҳисобида енгиб, ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. «Ренн» «Бордо» дарвозасига урилган ягона гол эвазига навбатдаги 3 очкога эга бўлди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20