Қайднома

Қидирув

Халоскор ролидаги Қирол ёки яна Марадона ҳақида гаплашамиз...

Халоскор ролидаги Қирол ёки яна Марадона ҳақида гаплашамиз...

  30.12.2019 10:14
  0
  375
Халоскор ролидаги Қирол ёки яна Марадона ҳақида гаплашамиз...

Ўзининг бетакрор ўйинлари билан футбол оламида қирол мақомига сазовор бўлган Диего Армандо Марадона яшил майдонни тарк этганидан кейин кўп вақт ўтган бўлсада, ҳозир ҳам суюкли соҳасидан узоқлашган эмас ва доимо кенг жамоатчилик эътиборида. Хўш, айнан ҳозир дон Диего қандай юмушлар билан банд?

Ўтган йили Марадона Мексиканинг «Дорадос» клубини бошқариб, уни олий лигага олиб чиқиш остонасида турганди. Бироқ тўсатдан саломатлиги ёмонлашиб, даволаниш учун у ўз ватанига қайтишга мажбур бўлди. Аргентинада эса қирол ҳали даволанишга улгурмай туриб, бир қатор янги таклифларга эга бўлди. Тарқалган хабарларга ишонадиган бўлсак, камида 4та клуб уни бош мураббийликка таклиф этганди.

Ниҳоят, жарроҳлик амалиёти ва муолажа жараёни ортда қолгач, қирол 5-рақамли таклифга розилик берди. Афтидан, 59 ёшли афсона шифохонада бекорчиликдан анча зерикиб қолган шекилли, астойдил тер тўкиш мақсадида сўнгги ўринда бораётган «Химнасия»ни қутқаришга бел боғлади. Ҳали мавсум якунига етмади, аммо қиролнинг уринишлари самара бермаган тақдирда ҳам клубдагилар ундан норози бўлмасликларига шак-шубҳа йўқ.

Боиси, Марадонани ўз сафига жалб этиш билан «Химнасия» тарихий ишни амалга оширди. Тирик афсона туфайли клуб аъзоларининг сони геометрик прогрессия бўйича орта бошлади. Янги аъзоларни расмийлаштириш масаласида юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида мутасаддилар хизматчилар сонини 3 бараварга оширишга мажбур бўлишди. Чунки клуб бир кунда кўпи билан 200 кишини қабул қилишга мўлжалланганди. Дон Диегонинг шарофати билан мухлислар ташрифи 3-4 бараварга ошиб кетди. Натижада 3 кун ичида клуб аъзоларининг сони 10 фоизга ўсди.

 

Мотивация ва Ғалаба тангоси

Марадона дастлабки учрашувдаёқ ўз шогирдларига трибуналарни тўлдириб ўтирган ишқибозларни кўрсатиб, ҳеч бўлмаганда шуларнинг ҳурмати учун чиройли ўйин кўрсатиш лозимлигини уқтирди. Табиийки, мураббийнинг эътибори мухлислар кўнглини тоғдек кўтарди.

Бироқ зафарли дамларга етишиш осон бўлмади - «Химнасия» қаторасига учта учрашувда имкониятни бой берди. Адолат юзасидан айтганда, тақвим ҳам янги бош мураббий зарарига ишлади. Аввалига жамоа амалдаги чемпион - «Расинг» (1:2) билан, кейин сафарда «Тальерас» (1:2) билан беллашди. Ундан кейин Ла-Платага ташриф буюрган «Ривер Плейт»ни енга олмади - 0:2.

Хуллас, собиқ бош мураббий даврида бошланган омадсиз серия 7та учрашувга чўзилди. Унга барҳам беришни дон Диего «Годой Крус» майдонида уддалади. Тўғри, аввалига «Химнасия» 2 тўп устунлигини бой бериб қўйди, лекин кейинчалик мезбон жамоанинг 2 нафар футболчиси майдондан четлатилгач, ғалабани ўз томонига оғдирди - 4:2. Марадона ижросидаги зафар тангоси ўша куниёқ Интернет мулкига айланди.

Зафарли оқшомда қиролни меҳмонлар учун ажратилган трибунани деярли тўсиб қўйган улкан баннер билан кутиб олишди. Унда Марадона, Лео Месси ва Рим папаси Франциск Понтифик сиймолари акс эттирилганди. Дарвоқе, Папа «Сан Лоренсо» клубининг ашаддий мухлиси бўлиб, диний маҳкама бошқарувини ўз зиммасига олган йили суюкли жамоаси Либертадорес кубогини қўлга киритганди.

 

3 кунлик истеъфо

Марадона «Химнасия»ни охирги ўриндан кўтаргач, кутилмаганда истеъфо сўраб ариза берди. Бунга клуб президенти Габриэль Пеллегринининг янги сайловда қатнашишдан бош тортганлиги сабаб бўлганди. Лекин мухлислар Диегони қайтишга мажбур этишди. 3 кунлик ишсиз даврида мураббийни 2 воқеа ҳайратда қолдирди. Биринчидан, фанатлар клуб офиси томон норозилик юришини ташкил этишди. Иккинчидан, ёш футбол мухлисининг эҳтиросли хитоби қиролни титратиб юборди: «10-рақам, қайт!»

Иккинчи воқеа Россияда ҳам машҳур бўлиб кетди. Боиси, болакай либосида Нева дарёси устидаги кўтарма кўприк тасвирланган, остида эса «Мен Питерни севаман!» ёзуви битилганди.

Марадона ёш мухлисига шахсан миннатдорчилик изҳор этди ва янги президент Мариано Коуэн билан келишиб олганлиги, ҳеч қаёққа кетмаслигини маълум қилди. Орадан 3 кун ўтгач, «Химнасия» ўз майдонида Сарандининг «Арсенал»ига қарши майдонга тушди. Афтидан, истеъфо воқеаси кўпчиликнинг руҳиятига ўз таъсирини ўтказганми, Марадона шогирдлари 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрадилар. Аммо йилни яхши кайфиятда якунлашга эришдилар. Аввалига, қарийб 1 соат давомида озчилик бўлиб тўп суришган бўлсада, «Банфилд» майдонидан жанговар (1:1) дуранг билан қайтишди. Кейин «Сентраль Кордоба» устидан иродали (2:1) ғалабага эришган ҳолда қишки таътилга йўл олишди. Умуман, қирол раҳбарлигида жамоа 4 ғалаба, 1 дуранг ва 6 мағлубият билан 13 очко жамғарди. Бунгача «Химнасия» 5та ўйинда атиги 1 очкога эга бўлган ва кубок мусобақасидан чиқиб кетганди.

 

Ўзи йиҒлади, Федерерни ҳам йиҒлатди

Диего - ўта кўнгилчан инсон. Афсонанинг ўз майдонидаги дастлабки ғалабаси ҳиссиётларини жиловлай олмаган мураббийнинг кулгили йиқилиши билан мухлислар хотирасидан жой олган бўлса, ажабмас: учрашувда шогирдлари қулай вазиятдан фойдалана олишмагани бунга сабаб бўлганди. Аммо унинг ўйиндан ке­йинги интервью чоғида тўккан кўз ёшлари барча қатнашчилар қалбини тўлқинлантириб юборди. Ўша ғалаба эвазига «Химнасия» 24 жамоа ўртасида 21-поғонага кўтарилди, охирги ўрин соҳибидан 5 очкога илгарилаб кетди, 19-ўриндаги «Колон»ни эса бор-йўғи 2 очко ажратиб турарди.

Футболга бевосита алоқаси бўлмаган бошқа бир воқеа ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Буэнос-Айресда бўлиб ўтган Александр Зверев ва Рожер Федерер ўртасидаги теннис беллашувидан кейин таблода қиролнинг швейцариялик ракетка устасига мурожаати пайдо бўлди. Марадонанинг эътирофи шу қадар эҳтиросли ва самимий эдики, Федерер кўз ёшларини тия олмади.

 

Миллат бойлиги

Дон Диего - миллат фахри ва тирик афсона. У фақат битта клубга тегишли бўлиши мумкин эмас. У бутун Аргентинага тегишли. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Бока Хуниорс»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи бўлган Марадонанинг Марсело Гальярдо билан учрашувини кузатиш кифоя қилади. Маълумки, Гальярдо худди Марадона каби машаққатли йўлни «Бока»нинг ашаддий рақиби - «Ривер Плейт» сафида босиб ўтганди.

«Ньюэллс Олд Бойз»га қарши сафар беллашувида дон Диегони асл қирол мақомида кутиб олишди. «Химнасия» устози шунчаки ўриндиқдан эмас, император тахтини эслатадиган ҳашаматли креслодан жой олди. Айнан шу жиҳат ҳамманинг хотирасига муҳрланади, ҳатто меҳмонлар уларнинг суюкли жамоаларини 4:0 ҳисобида маҳв этишгани ҳам ҳеч кимни ранжитмади. Энди қиролнинг дастхати туширилган креслони ўта эҳтиёткорлик билан музейга жўнатиш мумкин.

Бу воқеа маҳаллий мухлислар учун сюрприз бўлмаслиги ҳам мумкин. Сабаби, Диего 90-йиллар аввалида «Ньюэллс» сафида бир неча марта майдонга тушганди. Демак, у мухлислар учун бегона эмас. Учрашув тугаганидан кейинги мурожаати эса улар ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлайди.

Айтганча, ўйин бошланиши арафасида «Ньюэллс» мухлислари «Химнасия» тўхтаган меҳмонхона яқинида Марадона шарафига қўшиқлар куйлашди. Буни эшитган қирол эса ўз хонаси айвонига чиқиб, самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди, рақсга тушди.

Яқинда дон Диего тадбирларнинг бирига «Аргентинос Хуниорс» футболкасида ташриф буюрди. Бошқа кишининг шундай қилишига аргентиналиклар изн бермасликлари аниқ. Бироқ қирол учун ҳаммасини кечиришади. Боз устига, бу Марадонанинг илк жамоасига алоқадор бўлса. Ўз навбатида, Марадона ҳам тўпланган мухлислардан 1995 йилдаги асоссиз эътирофлари учун узр сўради. У пайтда қирол «Бока» таркибида эди.

 

Жажжигина жанжалчалар

Тан олайлик, Диегодек даҳонинг портрети жанжалларсиз кемтик бўлиб қолади. «Банфилд» билан кечган ўйиндан кейин мураббий бор аламини учрашув ҳакамига сочди, уни фалокат, ёлғончи ва қўрқоқ деди. Шунда ҳам ғазабидан тушмагач, ҳакамнинг кўриш қобилияти Андреа Бочеллиникидан ҳам паст эканлигини таъкидлади. Очиғи, қирол шу ерда бироз ошириб юборди. Чунки италиялик машҳур қўшиқчининг кўзлари болалик пайтидаёқ ожиз бўлиб қолганди.

Марадонанинг Мексикадаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмдан жой олган бир лавҳа ҳам томошабинларда салбий таассурот қолдирди. Трибунадаги болакайларга дастхат бериш чоғида у ердаги қий-чувга қиролнинг асблари дош бера олмади: «Агар сиз «Диего» деб бақиришни давом эттирсангиз, ҳозироқ кетаман. Мен сизларни ҳурмат қиламан, лекин сизлар ҳам мени ҳурмат қилишингизни истайман».

 

Белоруссияни унутмаган

Фаолиятини ўз ватанида давом эттираётган бўлсада, Брестнинг «Динамо»сига фахрий президент этиб тайинланганини Марадона унутмаган. Аввалига уни клубнинг стратегик тараққиёти учун масъул мутахассис, деб эълон қилишганди. Бироқ қиролнинг Белоруссия билан алоқаси шунчаки расмиятчилик мақомида. Шундай бўлсада, буюк афсонанинг номи клуб нуфузини оширгани аниқ. Қолаверса, айнан «Динамо» ўз тарихида илк бора чемпионлик унвонини қўлга киритиб, БАТЭнинг узоқ йиллик ҳукмронлигига чек қўйди. Таъкидлаш жоизки, дон Диего «Динамо»нинг тарихий ғалабасини эътиборсиз қолдирмади - «Инстаграм» орқали йўлланган табрик қутлови испанчада ёзилган, лекин рус тилидаги «Табрикларимни қабул қилинглар» ибораси билан якунланганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz