Қайднома

Қидирув

Адриано Галлиани: «Монца» «А» серияга чиқади ва Анчелоттини чақираман»

Адриано Галлиани: «Монца» «А» серияга чиқади ва Анчелоттини чақираман»

  30.12.2019 09:30
  0
  353
Адриано Галлиани: «Монца» «А» серияга чиқади ва Анчелоттини чақираман»

Италия футболининг таниқли функционерларидан бири Адриано Галлиани Corriere dello Sport нашрига берган интервьюсида фаолиятининг муҳим босқичлари ва ҳозир амалга ошираётган ишлари хусусида атрофлича тўхталди. Галлиани вақтида доимий ҳамкори Сильвио Берлусконига нисбатан садоқатини қуйидагича изоҳлаганди: «Аслида на бой, на машҳур ва на хушсурат эдим. Берлускони туфайли бадавлат, таниқли ва рисоладагидек инсонга айландим. Онам қўлимдан етаклаб, футбол тўгарагига олиб келганида, 5 ёшли болакай эдим. Унинг қандайдир қариндоши клуб президенти эди. Илк кундаёқ футболни чинакамига севиб қолганман. 1985 йили эса Берлускони мени ўз жамоасига чақирганди». Галлиани фаолияти давомида кўплаб ёрқин ғалабалар, қувончли онлар ва бир қатор омадсизликларга гувоҳ бўлди.

 

- Ҳозир «С» серияда «Милан» моделини такрорлаяпсиз ва «Монца» рақобатчиларига умуман имконият қолдирмайдиган трансфер сиёсатини олиб бормоқда...

- Тўғриси, кўпчилик шу масалада жиддий хатога йўл қўймоқда. Бу «Милан» модели эмас. «Монца»да фаолият бошлаганимга 1 йил бўлди. Лекин Берлускони клубни харид қилишидан аввалроқ анча ишларни амалга ошириб қўйгандик. Дейлик, жамоа таркибини кучайтириш учун 3 млн. евро, спорт маркази, стадион, инфратузилмани шакллантириш учун эса 5 млн. евро сарфладик. Иш ҳақи эса алоҳида мавзу.

- Айтишларича, Берлусконини айнан сиз «Монца»ни харид қилишга кўндирган экансиз. Энди у жамоанинг асосий мухлиси.

- Сильвио 40 йилдан буён Аркорада истиқомат қилади. Яъни Монцадан атиги 2 километр узоқда. Уйидан стадиондаги ёритгичлар кўриниб туради. Хуллас, уни даъват қилишга эҳтиёж йўқ эди. Таклифга Берлускони 1 дақиқаю 15 сониядан кейин жавоб қайтарди: «Бўлди, сотиб оламиз». Мана, Сильвио чиндан ҳам, ашаддий мухлисга айланди. Унинг сафар учрашувларига ҳам бораётганини алоҳида фахр билан тилга оламан. Футболга муносабатларимиз бир хил, клубдаги ўрнимиз ҳам. Бу нафақат футбол, балки барча жабҳаларда муваффақиятга эришиш учун жуда муҳим.

- Очиғи, Берлускони ва Галлианидек дарғаларни учинчи дивизионда кўриш бироз ажабланарли.

- «Монца» мен учун биринчи навбатда, эҳтирослар чашмаси. Одиссей Итакага қайтди.

- Демак, «Галлианига айтиб қўй, тайёргарлигини кўраверсин, мен қайтаман» ибораси бежиз эмас, шундайми?

- Ким шундай деди?

- Анчелотти шундай ҳазиллашганди. Ҳозир у бошқа юмушлар билан банд.

- 1,5 йилдан кейин «Монца» «А» серияга чиқади, мен эса Анчелоттини чақираман. Яратгандан умид қилган ҳолда, дадил интилган киши манзилига етади, албатта. Биз йўлга отландик, мақсадга тезроқ эришиш ниятидамиз. Бунинг учун олдингизга шунга яраша вазифаларни қўйишингиз лозим. Баъзан уларни адо этамиз, гоҳида йўқ. Берлускони ҳам астойдил бел боғлаган, у «А» серияга қайтиш орзуси билан яшамоқда. Сильвио - режаси амалга ошмагунча тинчимайдиганлар сирасидан.

- «Миланчи» сифатида қайси кунни ўчмас хотира манбаи сифатида кўрсата оласиз?

- Шубҳасиз, бизга дастлабки Чемпионлар кубогини тақдим этган Барселонадаги финал оқшомини. Тўлалигича қизил-қора рангли «Камп Ноу», финал ҳуштаги янграганидан кейин Берлусконининг ёниб турган кўзлари. Уни ҳеч қачон шунчалик бахтиёр кўрган эмасман. Шунингдек, ҳал қилувчи баҳс арафасидаги Рамбл оқшоми хотирамга абадий муҳрланган. Мени ва яқин дўстим Чезаре Кадеони мухлислар қуршаб олишганди. Афсуски, у энди орамизда йўқ, Фанатлар мени кўчанинг охиригача қўлларида кўтариб боришганди. Меҳмонхонадан стадионга автобусда йўл олганимизда, чиптасиз қолган юзлаб мухлислар йўлимизни тўсиб олишди. Шунда Сакки футболчиларга мурожаат қилди: «Агар бугун ғалаба қозонолмасак, мана шу мухлисларга ўзларингиз тушунтириб берасизлар». Энг аламли кун ҳам бор - Истанбул финали...

- Ҳа, бундай мағлубиятни унутиш қийин.

- У ҳаттоки, инсонни ўлдириши ҳеч гап эмас. Фақат Анчелоттидек метин ирода соҳибигина мураккаб вазиятдан чиқиб кетди, жамоани ўзига келтирди. Яъни у ўз шогирдларини моҳирлик билан тинчлантирганди. Акс ҳолда... Аслида «Ливерпул»дан анча кучли эдик. Аммо 119-дақиқада Дудек сеҳрли тарзда Шеванинг 2та аниқ зарбасини қайтарганида, имкониятни бой берганимизни тушундим. 2 йилдан кейин Пирлонинг илк зарбасидан сўнг тўп йўл-йўлакай Инзагига тегиб, дарвозадан жой олди. Хуллас, дўстим Флорентино Перес таъбири билан айтганда, бу - футбол.

- Анчелотти «Наполи»да жиддий муаммоларга дуч келди...

- Агар мураккаб вазиятлардан омон чиқиб кетишга уста мураббийни сўрасангиз, бу - Анчелотти. Унга ҳеч иккиланмай ишонч билдириш мумкин.

- Қизиқ, сиз алоҳида ёқтирадиган мураббий ким?

- Аллегрига меҳрим баланд. Уни «Кальяри»да кўрганимдаёқ «Милан»-га муносиб эканлигини тушунган ва хато қилмагандим. Биз ҳозир ҳам алоқани узмаганмиз, ҳафтада 3-4 марта қўнғироқлашиб турамиз.

- Берлускони вақтида Массимилианони лавозимидан четлатмоқчи бўлганида, уни роса ҳимоя қилгансиз.

- Келинг, мавзуни ўзгартира қолайлик. Негадир бундай ҳолатни эслолмаяпман (кулади).

- Ибрагимович мавзусига нима дейсиз? Унинг қайтишига...

- Йўқ, йўқ. Ҳозир «Милан»нинг муаммоларига бошқалар жавоб изламоқдалар.

- Дуч келган мураббий «Милан»-ни бошқаришни уддалай олмайди, тўғрими?

- «Милан»нинг ҳамма учун эмаслиги ҳам, «Сан Сиро»да тўп суриш осон эмаслиги ҳам ҳақиқат. Ўртамиёна жамоалар вакиллари дастлабки хатодаёқ трибуналар босимидан гангиб қолишлари аниқ.

- Хуллас, танловингиз - Аллегри? Нега Сакки эмас?

- Арриго - муҳаббат.

- Анчелоттичи?

- У ҳам. Карло билан футболчилик даврида 5 йил, мураббийлик соҳасида эса 8 йил ҳамкорлик қилдим. Биргаликда Европа Чемпионлар кубогида 4 марта ғолиб чиқдик. Карло 5-кубокни қўлга киритишга ҳам яқин турганди. «Барселона» билан кечган беллашувни ҳеч қачон унутмайман. Ўшанда рақиб Кафуни тўхтатиб қолиш учун ҳаттоки, Это~Они ҳам ҳимояга сурганди. Мен учун энг ёрқин мавсум - ярим финалда «Интер», финалда эса «Ювентус»ни маҳв этганимиз. «Милан» мухлиси учун бундан улкан бахт йўқ!

- Капелло ҳақида нима дейсиз?

- Фабио , жаврақи, лекин буюк.

- Берлусконига ҳамон «сизлаб» гаплашасизми?

- Ҳа, у ҳам менга шундай муносабатда. Чезаре Ромити ва Жанни Аньелли ҳам шу усулда мулоқот қиладилар. Чезаренинг бу борадаги фикри асл ҳикмат мақомида: «Сиз» яқинликка халал бермайди, аммо мустақилликни таъминлайди».

- «Милан»га садоқатингизни икки ибора орқали изҳор этсангиз.

- Бир воқеани айта қолай. 2003 йил. Манчестер. Шеванинг пенальтидан урган голи эвазига финалда ғалаба қозондик. Зафарни Кастелло Сфорцескода нишонлаш пайти таниқли психологга кўзим тушди. Шунда унга юзланиб, савол бердим: «Профессор, бир неча кундан бери пенальтидан гол уролмаган Шевченкони тушимда кўряпман. Бу хавотирли ҳолатми»?

- Профессор қандай жавоб қайтарди?

- Бедаво!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz