Қайднома

Қидирув

Итальян ошхонаси, CR7 бренди ва... КРИШТИАНУ РОНАЛДУНИНГ ОТАШИН ИНТЕРВЬЮСИ

Итальян ошхонаси, CR7 бренди ва... КРИШТИАНУ РОНАЛДУНИНГ ОТАШИН ИНТЕРВЬЮСИ

  01.01.2020 12:47
  0
  593
Итальян ошхонаси, CR7 бренди ва... КРИШТИАНУ РОНАЛДУНИНГ ОТАШИН ИНТЕРВЬЮСИ

«Ювентус» клуби ва Португалия миллий жамоаси сермаҳсул ҳужумчиси яқинда DAZN телеканалида меҳмон бўлиб, журналистларнинг бир қатор қизиқарли саволларига жавоб қайтарди. Замонавий футболнинг бош юлдузларидан бири жумладан, шахсий бренди - СR7 ва итальян таомлари ҳақида гапирди, яна энг яхши голини эслади.

- Айтингчи, сизни қандай аташлари маъқул: Криштиану ёки CR7?

- Тўғриси, бунинг шахсан ўзим учун катта аҳамияти йўқ. Уйда яқинларим Роналду, дея мурожаат қилишади. Дейлик, онамга ҳам, синглимга ҳам шуниси маъқул. Мактабда эса мени асосан Криштиану, деб чақиришарди, футболда эса номларим кўпайди - Криш, Ронни ва ҳоказо. Кўчада мухлисларим кўпинча CR7 иборасини қўллашади. Чамамда, улар шунисини ёқтиришади.

- CR7 - бу глобал бренд. Дунёнинг энг йирик брендларидан бирига айланганингизга муносабатингиз қандай?

- Менинг оламим - футбол, аммо унинг ташқарисидаги ҳаёт ҳам жуда муҳим. Мана, бизнес билан фаол шуғуллана бошладим. Менимча, спортчининг қайсидир бошқа соҳага қизиқиши ва фаолият юритиши табиий ҳол. Бунда ортиқча ажабланадиган томони йўқ. Хуллас, бизнес дунёсида иш бошлаганимдан бахтиёрман. Лекин алоҳида таъкидлашим керак, мен учун ҳамон ҳаммасидан муҳимроғи - футбол.

- Таниқли бренд ролини бажариш ва оддий инсон образига қайтишни қандай уддалаяпсиз?

- Менимча, ҳамиша бир хилман. Ҳар ҳолда, асл ҳолим, ўзлигимни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Оддий айтганда, икки хил тушунча бир кишида мужассам. Биринчи навбатда, футболчиман ва одамларнинг менга қараб, «Криштиану шунақа йигит-да», деб ўйлашларини ёқтираман.

- Энди чемпионатга доир саволларга ўтсак: Италияда гол уриш мураккаблиги қай даражада? 10 баллик рейтинг билан ифодалаганда...

- Ўйлашимча, мураккаблик 7 баллга тенг.

- Фикрингизча, айни пайт энг кучли ҳимоячи ким?

- Очиғини айтганда, мен учун машғулотларда ёнма-ён шуғулланадиган Леонардо Бонуччи, Жоржио Кьеллини ва Маттейс де Лигтга қаршилик қилиш қийинроқ. Авваллари Кьеллинини энг кучли ҳимоячи сифатида кўрардим. Ўша пайт ЕЧЛда Жоржиога қарши тўп суриш мен учун чинакам чорлов ҳисобланарди. Энди эса «Юве»даги ҳимоя учлиги вакилларини эътироф этаман. Чунки ҳар куни машғулотларда уларнинг нақадар кучли эканликларига амин бўляпман.

- Италия миллий таомларига 10 баллик шкалада баҳо берсангиз...

- Оҳ, итальян таомлари жону дилим. Бу ерда фақат таомлар эмас, умуман, итальян маданияти ҳам мени чинакамига ром этди.

- «А» серия ва ЕЧЛ ўртасида қандай тафовут бор?

- Тушунарлики, икки турнир бир-биридан кескин фарқ қилади, уларни таққослаш мумкин эмас. Ўйлашимча, агар Европа ва жаҳон чемпионатларини ҳисобга олмасак, ЕЧЛ футбол оламидаги энг нуфузли мусобақадир. Шахсан мен уни бошқа ҳар қандай турнирдан юқорига қўяман.

- «Юве»да нима кўпроқ ёқмоқда?

- Клубда ҳаммаси маъқул бўлганини олдин ҳам кўп бора такрорлаганман.  Юксак маданият, ажойиб муҳит, Италиянинг энг номдор ва ғайриоддий тарихга эга клуби. Муҳими, жамоада жуда бахтиёрман. Ўйлайманки, «Юве» таркибида ҳали кўплаб совринларни қўлга киритаман.

- Италия ҳақидаги илк таассуротларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз...

- Стадионда ўтказилган таништирув маросимини бир умр унутмайман. Тақдимотга оила аъзоларим, дўстларим ва клуб президенти ҳамроҳлигида чиққандик.

- Бундан 16 йил муқаддам «МЮ» сафига шундай тантана билан қўшилган эдингиз...

- «Спортинг» ва «МЮ» ўртасида ташкиллаштирилган ўртоқлик учрашувини яхши эслайман. Ўшанда ҳаяжонланган бўлсамда, ўз ўйинимдан тўлиқ қониққандим. Эсимда, қизиқарли беллашув ниҳоясига етгач, Алекс Фергюсон ёнимга яқинлашиб, шундай деганди: «Йигитча, бизнинг клубга ўтишинг керак». Ўшанда 18 ёшда эдим ва машҳур мураббийнинг сўзларидан ўзгача тўлқинланганимни тан оламан. Тез орада номдор жамоа сафидан жой ҳам олдим. Бинобарин, сэр Алекснинг ўзи мени ўз жамоасида кўришни истаганди.

- Мана, орадан анча вақт ўтди, футболга нисбатан муносабатингиз нечоғли ўзгарди?

- Йўқ, ўзгариш йўқ, лекин энди ҳаммаси бошқача. Демоқчиманки, фаолиятнинг дастлабки босқичида ёндашув бироз бошқачароқ бўлади, барибир. Дейлик, футболчи ортиқча ташвишларсиз тўп суради. Муҳими, ҳамон сафдаман ва бундан мамнунман, албатта. Қолаверса, айрим жиҳатларда умумий қарашим нисбатан ўзгаргани ҳам рост. Нима бўлишидан қатъий назар, асосий мақсад ўша-ўша: ғалабалар ва совринларга эришиш. 18 ёшли йигит фақат роҳатланиб ўйнаш ҳақида ўйлайди, мотивацияси жуда кучли бўлади. Ўша иштиёқ, ўша муносабат мени ҳали тарк этгани йўқ. Демак, яна бир неча мавсум талаб даражасида ўйнай оламан.

- Қизиқ, ўзига хос голни нишонлаш услубини қай тариқа кашф этгансиз?

- Ҳаммаси «Реал»да бошланган эди. Ўйинда ғалаба қозонсак, атрофимдагилар «сиууу», дея ҳайқиришарди ва беихтиёр бунга жўр бўлардим. Аммо нима учунлигини билмайман. Хуллас, голни нишонлаш услуби мутлақо табиий ҳолда туғилди. Эсимда, Лос-Анжелесда ўтказилган мавсумолди тайёргарлиги жараёнида «Челси» билан куч синашгандик. Ўша ўйинда гол уриб, уни шундай тарзда нишонладим. Мухлислар бунга изоҳ сўрашганида, тайинли жавоб беролмадим. Чунки сабабини ўзим ҳам билмайман. Хуллас, ҳаммаси табиий эҳтирос маҳсули.

- Беҳисоб голларингиздан қай бирини энг чиройлиси сифатида эътироф этасиз?

- Энг гўзали - ажойиб стадионда ажойиб жамоанинг ажойиб дарвозабони Жанлуижи Буффон дарвозасига урилган гол. Маҳаллий мухлислар олқиши ўша учрашувни мен учун унутилмас оқшомга айлантирганди. Буффоннинг менга айтган гаплари? Қачондир у билан гаплашиш имконияти туғилса, ажойиб инсонни кўришимни яхши билардим. Жижи чиндан ҳам, жуда қувноқ ва самимий йигит. Ўша голдан кейин мени табриклаганида, унинг олижаноблигига қойил қолгандим. Қисқаси, илк учрашувимиздан фақат ёрқин хотиралар қолган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz