Қайднома

Қидирув

Саркис Адамян: «Юлдузларни ҳурмат қиламан, аммо қўрқмайман»

Саркис Адамян: «Юлдузларни ҳурмат қиламан, аммо қўрқмайман»

  03.01.2020 05:11
  0
  425
Саркис Адамян: «Юлдузларни ҳурмат қиламан, аммо қўрқмайман»

Уч йил аввал бу футболчи Германиянинг тўртинчи дивизионида ўйнаётган, бутсаларини михга илишни ўйлаётганди. Яхшиямки, бундай йўл тутмади: ҳозир у Бундеслиганинг асосий кашфиёти. «Хоффенхайм»да порламоқда: «Бавария» билан ўйинда «дубль» қайд этди, «Кельн» ҳамда Дортмунд «Боруссия»сига қарши баҳсларда гол+пас расмийлаштирди, кубок баҳсида «Дуйсбург» дарвозасини ишғол қилди. Яқинда Саркис Адамян sport24 мухбирига интервью бериб, болалик даври, қуйи лигалардаги қийинчиликлар ва муваффақият сари йўл ҳақида гапирди.

- 1993 йили Ереванда туғилганман, - дея эслайди Саркис. - Болалигимда бувим ва бобом билан битта уйда яшардик. Мен - оилада энг кенжасиман, уч опам бор. Беш йилдан сўнг катта оиламиз Германияга кўчиб ўтишни маъқул кўрди. Арманистон умрбод қалбимда қолади, у ерга қайтишни хоҳлайман. Мен арманча тарбия кўрганман: уйимизда чироқ ўчиб, яқинларим билан шам ёқиб, суҳбатлашиб ўтирган оқшомларни асло унутмайман. Қийин эди, аммо гашти бўлган - ҳозиргидан анча қизиқ. Умуман, буни ҳозирги ёшлар тушунишмайди. Отамнинг пойафзал фабрикаси бор эди, шу боис уйда егулик топиларди. Отам тинмай ишлар, оиласининг муҳтожлик кўришини истамасди. Германияда ҳам шундай бўлди. Эндигина футболчилик фаолиятини бошлаганимда, ота-онам мени ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашди. Ҳозир отам Гамбургда юк машинаси ҳайдайди, онам эса шу шаҳарда синглисининг эрига тегишли меҳмонхонада ишлайди. 11 ёшимда Германиянинг ўсмирлар жамоаларида ўйнашни бошладим. Тил борасида муаммо бўлмаган, кўчиб ўтишимиз ҳамоно немисчани ўргандим. Орадан 3 йил ўтиб, Росток шаҳридаги интернатга кирдим. 19 ёшимгача ўша ерда яшадим, ҳақиқий дўстлар орттирдим. Бу давр мен учун жуда муҳим - шу таълим масканида ўсиб-улғайдим. Интернатдаги ростоклик болалар билан ҳозир ҳам гаплашиб тураман. Муваффақият йўлида ҳамма нарса қилдим. 14 ёшимда оиламни тарк этиб, Германиянинг турли ҳудудларини кездим. Қийналдим, аммо ота-онам мамлакатнинг тўртинчи дивизионида ўйнаётганимда ҳам тўғри тушунишарди.

- 4-Бундеслигада қандай қилиб мотивация топиш мумкин?

- 24 ёшимда ўша ерда ўйнаётганимда, агар бир-икки йил ичида ўзгариш бўлмаса, бошқа иш билан шуғулланиш, ўзимни эплаш, ҳаётда нимагадир эришиш ҳақида ўйладим. «Ганза» билан шартномамни узайтиришмагани - энг мураккаб давр. Клубсиз қолдим, ярим йил ўринбосарлар сафида шуғулландим. Футболчи сифатида ҳеч кимга керагинг бўлмаса, кучсизланиб қоларкансан. «Синиб» қолишим ҳеч гап эмасди, аммо бу синовга бардошим етди. Натижада «Нойштрелиц»дан таклиф олдим. Ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, жамоада ўзимни кўрсатишга эришдим. У ерда ҳам, «Штайнбах»да ҳам ҳар мавсум деярли 20тадан гол урдим.

- Қандай қилиб 4-лигада пайдо бўлиб қолдингиз?

- Агентларим бор эди, аммо улар яхши эдилар, деёлмайман. Ҳозир агентим бошқа - ҳақиқий профессионал. Биз ҳар ҳафта гаплашиб турамиз, у қимматли маслаҳатлар беради. «Нойштрелиц»дан кейин айнан у менга тузукроқ вариантларни топиб берди, унинг уринишлари эвазига 2017 йили 2-дивизион вакили «Регенсбург» таркибига қўшилдим, мазкур клубда мураббийлар штаби ҳам менга ишонч билдирди. Албатта, кўп нарса футболчининг ўзига боғлиқ, аммо маҳоратли агент - муваффақият омили.

- 4-дивизиондаги энг  эсда қоларли воқеа ёдингиздами?

- Бир жамоага қарши ўйнагандик, ҳозир номи ёдимда эмас. Қанотда финт ишлатиб, рақиб ҳимоячисини алдаб ўтдимда, тезлигимни оширдим. Кейин у ёнимга келиб: «Нима қиляпсан? Ҳеч нарсага эришолмайсан, йигитча», деди. Унинг жаҳлини чиқаргандим, жаврашдан тўхтамади: «Тўртинчи лига - сенинг максимум ютуғинг, бу ердан ҳеч қачон чиқиб кетолмайсан».

- Умид қиламанки, унинг уйида Бундеслига ўйинлари намойиш этилади.

- Мен ҳам умид қиламан. (Кулади). Ўша футболчининг гапларини трибунада менга мухлислик қилаётган дўстларим ҳам эшитишганди. Ҳозир улар ўша воқеани тез-тез эслатишади: «Саркис, тўрт йил аввал ҳеч нарсага эришолмаслигингни айтишганди». Қизиқ бўлганди. Ҳозир 2-дивизионда тўп суриш ҳам ёмон эмас. Лекин 4-лигадан қисқа муддатда Бундеслигага чиқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

- Вазият шу қадар тез ўзгарганда нимани ҳис қилдингиз?

- Ростини айтсам, ҳамон ишонгим келмайди. Уч йил - тўртинчи дивизионни унутиш учун катта муддат эмас. Ахир ҳозир Германиянинг энг яхши жамоаларига қарши майдонга тушяпман, голлар уряпман - ҳатто жаҳон чемпиони Мануэль Нойер қўриқлаётган дарвозага ҳам. Ҳиссиётларни таърифлаш қийин, фантастика. Балки қачондир ишонарман, аммо ҳозир буларнинг барини тўлиқ англаб етиш қийин. Фанатлар номимни айтиб ҳайқиришади, бир сафар «Хоффенхайм» мухлислари «Боруссия»га қарши баҳсдан сўнг ғалаба қўшиғини биргаликда куйлаш учун трибунага чиқишимни сўрашганди. Жуда ёқимли ҳиссиётларни бошдан кечирдим.

- Ушбу воқеалардан кейин Саркис Адамян анча ўзгардими?

- Тўрт йил аввал қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Ҳаммасини тушуниб турибман. Бошдан кечирган синовларимни қадрлайман. Яратгандан, ота-онамдан, шерикларимдан, барча агентларимдан, ҳаттоки, ўша қуйи лигада қолиб кетишимни айтган йигитдан ҳам миннатдорман. Бу мен учун муҳим тажриба.

- Қуйи лигаларда ўйнагандан кейин асосан нималарга кўникиш қийин кечди?

- Бундеслигадаги ўйин темпига. Мослашиш учун бир-икки ой керак бўлди, шу боис дастлаб ўйиним қовушмади. Аммо бунга тайёр эдим - шартнома тузишдан олдин «Хоффенхайм» спорт директори билан барини келишиб олгандик. Умуман, бу ерга келган ҳар бир футболчи маълум вақтга эҳтиёж сезади - жамоанинг ўзига хос услуби бор.

- Альфред Схредер сал қолса Голландия термаси мураббийи бўлиши мумкин эди, «Хоффенхайм»-дан олдин «Аякс» мураббийлар штабида ишлаган. У қандай мутахассис?

- Биринчи навбатда, Схредер - яхши инсон, кейин эса ажойиб мураббий. Футболчилар билан кўп гаплашади, ҳамманинг натижага эришишида кўмаклашади, жумладан, менга ҳам ёрдами теккан. Футбол билан яшайди, ҳақиқий профессионал. Иттифоқо, машғулотда шундай деганди: «Саркис, сенга ишонаман, ҳали вақтинг келади, ишлашдан тўхтама». «Аякс» Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққанда, Схредер Тен Хагнинг штабида ишлаган. Бу кўп нарсадан далолат беради.

- Тасаввур қилинг, мавсум якунлангач, дарвозасини ишғол қилган жамоаларингиз сизга таклиф билан чиқишса, «Бавария»ни танлайсизми ёки «Боруссия»ни?

- Шу ёшимда, қолаверса, тўртинчи дивизиондаги иштирокимдан кейин бундай жамоалар таркибига қўшилишимни тасаввур қилиш қийин. Бу ҳақда ўйламаяпман, бугунги кун билан яшаяпман. Ҳеч нимани ўзгартирмоқчи эмасман. «Хоффенхайм»да ўйнаётганимга эндигина ярим йил бўлди, шартномам 2022 йилгача тузилган. Мазкур клубда футболдан завқ оляпман, хаёлим фақат шу жамоа билан банд.

- Бирор марта Германия термасида тўп суриш ҳақида ўйлаганмисиз?

- Болалигимдан фақат Арманистон миллий жамоасида ўйнашни хоҳлаганман, бу менинг ватаним. Чақиришларини орзиқиб кутдим, у ерда тўп суришдан фақат хурсанд бўламан. Орзуим шу.

- Арманистон термасига қараганда, «Хоффенхайм»да ўйинингиз яхшироқ чиқяпти. Бу нима билан боғлиқ?

- Аниқ айтиш қийин. Рости, нега бундай бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман. Ишончим комил, ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз учун бор куч билан ишлашимиз лозим. Бунинг учун ҳам вақт керак, шундай экан, умид қиламанки, тез орада Арманистон термаси билан катта ютуқларга эришамиз.

- Термада Генрих Мхитарян сизга маслаҳат берганми?

- Ҳозирча ҳаммасини яхши уддалаяпман. Агар эҳтиёж туғилса, Генрих менга ёрдам беришига ишончим комил. У жуда яхши йигит, ҳақиқий сардор, бу жамоа учун жуда муҳим. Мхитарян - Арманистон фахри.

- Авваллари фақат телевизор орқали кўрган футболчиларга қарши майдонга тушганда, нималарни ҳис қилдингиз?

- Ҳеч қачон қўрқув ва ҳаяжон бўлмайди. Майдонга тушганимда, биринчи навбатда, ўзимга қарайман, жамоамга фойда келтиришга интиламан, бунинг учун ҳамма нарсага тайёр тураман. Нойер дарвозасига йўлланган «дубл»дан кейин тушундимки, чўчишга ҳожат йўқ. Юлдузлар қуршовида турганим аҳамиятсиз. Тўғри, уларни ҳурмат қиламан, аммо қўрқмайман.

- «Инстаграм»даги саҳифангизда бир қиз билан тушган суратларингизни кўрдик. У ҳақда гапириб беринг.

- Берлиндаги ресторанда танишганмиз. Унинг ёнига бориб, ўзим сўз очгандим. Шундан буён 7 йил ўтди. Энг оғир ва мураккаб даврда Анна ҳамиша ёнимда бўлди. 4-дивизиондан Бундеслигагача бирга эдик. Бу мен учун жуда муҳим ва қадрли.

- Бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?

- Афсуски, бўш вақт кам бўлади. Яқинларим билан ресторанга боришни, шунингдек, ўйинлар ўйнашни ёқтираман. Уйда қолиб, фақат футбол ҳақида ўйлашни маъқул кўрмайман.

- Янги йилда режаларингиз қандай?

- Муайян мақсадим йўқ. Бутун футбол олами сиз ҳақингизда гапириши ажойиб, албатта. Яқинда дўстим фотосуратимни «Инстаграм»га қўйишганини айтди - у бунга мендан ҳам кўпроқ қувонди. Ўзимга қолса, ҳеч қачон супермашҳур бўлиш ёки мавсумда қанчадир гол уришни мақсад қилмаганман. Ўйиндан-ўйинга фақат олға боришга интиламан.

- Таътилни қандай ўтказасиз?

- 1 январь куни қаллиғим билан Дубайга бораман, 3 январдан эса Испанияда йиғинимиз бошланади. Бундеслига ўйинлари 18-санадан давом эттирилади, шу боис, ҳордиқ чиқариш учун вақт кўп эмас. Йил самарали кечди, шундай экан, енгил тин олишни хоҳлайман. Умид қиламанки, янги йил янада қувончли келади. Нафақат мен, балки ҳамма учун!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz