Қайднома

Қидирув

«Айнтрахт»ни қандай жин урди?

«Айнтрахт»ни қандай жин урди?

  03.01.2020 09:15
  0
  481
«Айнтрахт»ни қандай жин урди?

Ўтган мавсум кашфиётларидан бирига айланган «Айнтрахт» (Франкфурт) Бундеслига-2019|2020ни ҳам бинойидек бошлади. Дейлик, чиройли, ҳужумкор футболни йўлга қўйиб олган камтарин жамоа ноябрнинг илк куни «Бавария»дек грандни нақ 5:1 ҳисобида тор-мор қилди. Бироқ шундан кейин кўз тегдими, «Айнтрахт»нинг ишлари кескин орқага кетди. Ахир франкфуртликлар «Бавария»ни енгишганидан кейинги 7та турда атиги 1 очко олиб, турнир жадвалида 13-ўринга тушиб қолишди. Даҳшат! Наҳотки, «Бавария» қарғиши шунчалик кучли бўлса...

Эсингизда бўлса, айнан 1 ноябрь куни бўлиб ўтган «Айнтрахт» - «Бавария» ўйинидан сўнг Мюнхен жамоаси раҳбарияти хорватиялик Нико Ковачни бош мураббий лавозимидан бўшатган эди. Ахир «Бавария»дек жамоанинг 1:5 кўринишидаги мағлубиятга қандайдир кескин муносабат билдирмаслиги мумкин эмас. Дарвоқе, Ковач айнан «Айнтрахт»даги самарали фаолияти билан мюнхенликлар назарига тушганди. Хуллас, 10-тур доирасида бўлиб ўтган ўша учрашувдан сўнг Франкфурт клуби ҳисобидаги очколар сони 17тага етди ва у турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилди. Қолаверса, «Айнтрахт» ўша вақт 2-ўринда бораётган «Боруссия» (Дортмунд)дан атиги 2 очкога ортда қолаётганди. Боз устига, жамоани олдинда нисбатан енгил ўйинлар кутаётганди - чидаса бўладиган тақвим. Ҳар ҳолда, «Айнтрахт» 10-турга қадар баҳайбат тўртлик («РБ Лейпциг», «Бавария» ва 2та «Боруссия») билан ўйнашга улгурганди. Бироқ қарангки, енгилроқ тақвим салбий таъсир қилдими ёки номдор рақиб устидан қозонилган чиройли ғалаба футболчиларни талтайтириб юборди, ҳарқалай, «Айнтрахт» кейинги 7та турда 6 марта мағлубиятга юз тутди ва атиги 1 очко билан чекланди.

Инсоф юзасидан айтиш керак, омадсиз серия ичидаги ҳар бир ўйинда «Айнтрахт» албатта, қандайдир кўнгилсизлик ёки ноқулайликка дуч келди:

1. «Фрайбург» - 0:1. Учрашув охирида ҳимоячи Давид Абрахам рақиб жамоа бош мураббийи Кристиан Штрайх билан тўқнашиб кетди ва йил охирига қадар дисквалификация қилинди.

2. «Вольфсбург» - 0:2. Иккинчи гол «Айнтрахт дарвозабони Феликс Видвальднинг кулгули хатоси ортидан юзага келди.

3. «Майнц» - 1:2. Ўйин маълум вақт тўхтаб қолди. Гап шундаки, «Айнтрахт» фанатлари майдонга турли буюмларни улоқтиришди.

4. «Герта» - 2:2. «Айнтрахт» энг охирги лаҳзаларда иккинчи жавоб голини уриб, мағлубиятдан қутулиб қолди. Ҳа, жамоанинг 7та ўйинда 7марта енгилиши ҳам ҳеч гап эмасди.

5. «Шальке» - 0:1. Рақиб жамоа дарвозабони Алекс Нюбелнинг оддий вазиятлардан бирида Мият Гачиновични «ўлдириб» қўйишига оз қолди - ўхшовсиз тўқнашув.

6. «Кёльн» - 2:4. Франкфуртликлар бу сафар аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, бироқ охирги 18 дақиқа оралиғида 3та гол қўйиб юбориб, яна мағлубиятни тан олишди.

7. «Падерборн» - 1:2. Кечагина ўзгача иштиёқи ва важоҳати билан ажралиб турган жамоа ҳаттоки, Бундеслиганинг мутлақ аутсайдерига ҳам бас келолмади.

«Айнтрахт» шунинг баробарида Европа Лигаси гуруҳ босқичида ҳам 2та ўйинни бой берди. Тўғри, жамоа аввалги натижалари эвазига турнирнинг кейинги босқичига чиқди. Лекин факт шуки, франкфуртликлар «Бавария»ни чинакамига «калтаклаш»ганидан кейин барча турнирларда жами 10 марта майдонга тушиб, 8та ўйинда мағлуб бўлишди. «Айнтрахт» энди шу омадсиз давр туфайли ЕЧЛ йўлланмаси ҳақидаги ўйларини бир четга суриб, Бундеслигада «жон» сақлаб қолиш учун курашишга мажбур. Тўғри, жамоа 2019 йилни, яъни биринчи даврани 13-поғонада якунлади, аммо уни 16-ўрин эгаси билан атиги 3 очко ажратиб турибди. Еврокубоклар зонасидаги охирги жамоадан эса нақ 10 очкога ортда бормоқда.

Хўш, шу қадар омадсизликнинг сабаби нима? Кўпчилик бу борада аввало, жамоанинг трансфер сиёсатини тилга олмоқда. Бинобарин, «Айнтрахт» раҳбарияти муваффақиятли мавсумдан кейин ёзда кучли марказий ҳужумчилари - Себастьян Аллер ва Лука Йовични жами 100 миллион еврога пуллади. Бир қарашда, жамоа савдоларни вақтида амалга оширгандек, аммо натижага қарасак, бу хулоса ўз аҳамиятини йўқотади. Хуллас, икки етакчи ҳужумчидан айрилган мураббийлар штаби олдинги чизиқда Гонсалу Пасиенсия, Бас Дост, Андре Сильва ва Деян Йовеличга умид боғламоқда. Улардан дастлабки икки нафари жами 11та гол муаллифига айланди, Сильва эса ҳозир талаб даражасидаги спорт формасида эмас, Йовелич ҳали анча ёш. Дарвоқе, 6та гол билан «Айнтрахт»нинг иккинчи рақамли тўпурари бўлиб турган Мартин Хинтереггер позиция бўйича ҳимоячи ҳисобланади. Гарчи ҳужумчилар ўзларини кўрсатолмаётган бўлсаларда, «Айнтрахт»да маҳсулдорлик бобида катта муаммо йўқ - жамоа 17та турда 27та гол урди. Умуман, франкфуртликлар атиги 3та учрашувда рақиб дарвозасига йўл тополмадилар. Зарбалар сонига қарасак, «Айнтрахт» бу борада биргина «Бавария»дан орқада, холос. Жамоа шунинг баробарида ўз дарвозаси томон кўп зарба йўллашларига йўл қўйиб бермоқда (Бундеслигадаги атиги 5та клуб Франкфурт дружинасидан кўпроқ зарба қабул қилган). Дейлик, «Айнтрахт» айни пайт етакчилар қаторида бораётган Менхенгладбах «Боруссия»сидан ҳам кўп зарба йўлламоқда, аммо иккинчи томондан, рақибларга ҳужумни якунлаш имконини бериш масаласида айрим аутсайдерларга нисбатан ҳам ёмонроқ кўрсаткичга эга.

Умуман олганда, «Айнтрахт» ўйин сифати бўйича чорасиз эмас асло, аммо кўзда тутилмаган оддий хатоликлар ҳаддан ортиқ даражада тез-тез кузатилмоқда. Яна футболчиларга характер етишмаётгандек, улар омадсизликдан кейин ўйин боришини сира ўзгартиролмаяптилар. Балки танаффус «Айнтрахт»нинг ниҳоят, ўзига келиб олишига хизмат қилар... Голландиялик ҳужумчи Бас Дост «Падерборн»га қарши кечган учрашувдан кейин худди шу мазмунда гапирди: «Ўйлашимча, бўш вақт юзага келгани айни муддао бўлди - барчамиз оиламиз ёнига борамиз, дам оламиз ва кучлироқ бўлиб қайтамиз. Биламан, жамоамиз ўзини кўрсата олади ҳали. Бунга ишончим комил».

«Айнтрахт» ўтган мавсум Европа Лигаси ярим финалига чиққан ва бу босқичда «Челси» билан куч синашиб, фақат пенальтилар сериясидагина мағлубиятга учраганди. Энди жамоа ички чемпионатга кўпроқ эътибор қаратмаса бўлмайди. Қолаверса, бу сафар ЕЛдан эртароқ тушиб кетиш хавфи ҳам йўқ эмас - немислар февралда Австриянинг «Зальцбург» клуби билан ҳисоб-китоб қилишади. Биласиз, бу жамоа ЧЛ гуруҳ босқичида ҳаттоки, «Ливерпул»га ҳам муносиб қаршилик кўрсатди...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz