Қайднома

Қидирув

Йилига камида 50та гол ва...

Йилига камида 50та гол ва...

  04.01.2020 03:55
  0
  435
Йилига камида 50та гол ва...

Буюк тўп-урар Лионель Месси Испания чемпионати 18-туридан ўрин олган «Барселона» - «Алавес» (4:1) ўйинида 2019 йил давомида урган голлари сонини 50тага етказиб қўйди. Шу тариқа аргентиналик даҳоча ақлга сиғмас даражадаги кўрсаткичига путур етказмади. Мана, Лео 10 йилдан буён 50та гол маррасини забт этмоқда. Биргина 2013 йил бундан мустасно. Ўшанда Месси 45та гол билан чекланган эди. Лекин шундан бир йил олдин рақиблар дарвозаси тўрини нақ 91 марта (!) силкитганди.

 Қизиқ, 2013 йили Мессининг 50та гол маррасига етишига нима халақит қилганди? Аслида Лео Ла-Лига-2012|2013нинг 2013 йилга тўғри келган деярли барча ўйинларида ўз ҳисобига гол ёзиб қўйган. Фақат 35-турда «Атлетико» дарвозасига йўл тополмаган. Оддий айтганда, Лео қаторасига 14та учрашувда гол қувончини туйганди. Умуман, у шу билан Испания чемпионатида ақл бовар қилмас рекорд ўрнатган - кетма-кет 21та учрашувда гол (2012 йилнинг охирида  чемпионат доирасидаги 7та баҳсда ўз номини таблога ёздириб қўйганди). Месси айниқса, «Осасуна» билан ўйинда яйраганди - «покер». «Райо»га қарши баҳсда эса у илк марта «Барселона»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушади. Аргентиналик юлдуз кейинги мавсумнинг 2013 йилга тўғри келган 11та ўйинида қатнашиб, яна 8та гол уради. Шунингдек, ЧЛда 9та голга муаллифлик қилади (баҳорда - 3та, кузда - 6та). Дарвоқе, шундан 5та гол «Милан»га аталганди. Лео шунингдек, Аргентина миллий жамоаси ўйинларида 6та гол уради, хусусан, Гватемала термаси билан баҳсда «хет-трик»ка эришади. Хуллас, йил давомида жами 48та ўйин, 45та гол - маҳсулдорлик чакки эмас, тўғрими?

Оддий айтганда, Мессининг 2013 йили кўпроқ ўйинда иштирок этишига жароҳатлар халақит берганди. У аввалига апрелда сафдан чиқади. Тўғри, шунда ҳам баъзи учрашувларда майдонга тушади, аммо тўлиқ куч билан тўп суролмайди. Дейлик, ЧЛда «ПСЖ»га қарши кечган 2та баҳсда жами 1 соат ҳаракатланади, «Бавария» билан ярим финал ўйинларидан иккинчисини эса ўтказиб юборади. Умуман, Лео бутун апрель ойида оғриқ билан майдонга тушганди. У шунингдек, Испания чемпионати финиш қисмида томошабинга айланади. Йилнинг иккинчи ярмида эса яна 3 марта жароҳатга йўлиқади - август, сентябрь ва ноябрда (охиргисида йил якунига қадар майдонга тушмаганди).

Хуллас, математик ҳисоб-китобларга кўра, 2013 йилнинг нақ 120 куни Лео учун муаммоли ўтган - у шунча вақт ўйинларда иштирок этолмаган ёки майдонга уколлар ёрдамида тушган. Моҳиятан қараганда, йилнинг учдан бир қисмини жароҳатлар барбод қилган. Энг муҳими, футболчи 2013 йилги ҳолатидан тўғри хулоса чиқариб, овқатланиш тартибини мутлақо ўзгартиради. Бунинг самараси ўлароқ кейинги йили жароҳатлардан холи ўйнаб, 58та гол уради. Шу-шу, барқарорликни қўлдан чиқараётгани йўқ...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz