Қайднома

Қидирув

Юлдузларга таниш Али...

Юлдузларга таниш Али...

  07.01.2020 05:56
  0
  256
Юлдузларга таниш Али...

Россиялик машҳур аралаш жанг санъати устаси Ҳабиб Нурмагомедов Қозоғистонга ташрифи чоғи 11 ёшли Али Турганбеков билан танишди. Бу болакай туғма ногирон (оёқлари йўқ). Турганбековлар оиласи  кейинчалик Али мактабда таълим олишини ўйлаб, мамлакат пойтахтида кўчиб ўтган. Чунки у туғилган шаҳарда бунинг учун шароит йўқ эди. Али ва Ҳабиб учрашувига келсак, улар самимий руҳда суҳбатлашишди, якунда болакай фахрий меҳмонга «ПСЖ» футболчилари дастхати туширилган тўпни совға сифатида берди. «Менимча, Ҳабибдек буюк чемпион ва ҳурматли шахснинг инсонийлик сифатлари, кучли эътибори, меҳрибонлиги ва соддадиллиги ҳар қандай нарсадан қадрлироқ», - деб ёзди Али кейинчалик «Инстаграм» тармоғида.

Мана, орадан кўп ўтмай, Алининг яна бир орзуси ушалди - у португалиялик Криштиану Роналду билан учрашди. «Ювентус» юлдузи қишки таътилдан фойдаланиб, Дубайга сафар қилди. Ҳабиб эса ўша ерда футболчи билан гаплашиб, Алини ўз ёнига чақиртирди. Учрашув чиройли тарзда ташкил этилди - Али аввалига тўпни португалиялик юлдузга ташлаб берди ва улар озгина ўйнашгач, ўзаро гаплашишди. Айтиш жоиз, қозоқ болакайининг «Инстаграм»даги саҳифасида 80 мингдан кўп обуначи бор. Жумладан, у кўплаб, футбол юлдузлари билан ёзишиб туради. Дейлик, испаниялик моҳир дарвозабон Икер Касильяс билан шахсан таниш. Али яна машҳур Хави билан бирга ўйнаб ҳам кўрган. Декабрь ойида эса «МЮ» ўйинини стадионнинг ўзида кузатди. Ўшанда уни майдонга Жесси Лингард махсус аравачада олиб тушди. Умуман олганда, УЕФА президенти Александер Чефериндан тортиб, «Ливерпуль» вакиллари - Муҳаммад Салоҳ ва Юрген Клоппгача - ҳамма Алини яхши танийди.

Турганбеков яна «ПСЖ» юлдузлари билан ҳам учрашган. Неймар-ку майли, Лионель Месси ҳам Алини яхши билади. У вақтида тўп билан ишлашда чакки эмаслигини Андрей Шевченко олдида ҳам намойиш этганди. Буюк Диего Марадона эса қозоғистонлик болакай билан учрашувда уни меҳрибонларча ўпиб қўйганди. «Марадона ўғлим билан ҳаммага машҳур юлдуз эмас, худди отаси ёки бобосидек кўришди. Бу унинг қалби дарё инсон эканлигидан далолат. Бошида бошқача ўйлагандим - «Диего ўғлим билан шунчаки, суратга тушиб, дастхат беради ва кетади». Амалда эса у Али билан яқин қадрдонлардек роса мириқиб суҳбатлашди. Ўғлим ёнида деярли ярим кун қолиб кетгани туфайли режалари буткул ўзгариб ҳам кетди», - дея ҳикоя қилганди болакайнинг онаси.

Турганбеков гарчи оёқсиз туғилган бўлсада, футбол ўйнашга имкон топади. Муҳими, буни яхши уддалайди ҳам. Али яна сузиш билан шуғулланади. Ўтган йили Туркия компанияларидан бири унга протез тайёрлаб берди, лекин болакай ҳозирча сунъий оёқларда бемалол югуролмайди. Савол туғилади: ногирон бола жаҳон тан олган юлдузлар билан қандай учрашмоқда? Оиласининг жуда бой эканлиги ҳақида тарқалган гап-сўзларни болакайнинг онаси мутлақо инкор қилганди: «Йўқ, оддий, кўп болали оиламиз. Турмуш ўртоғим ягона таъминотчи. 4 нафар фарзандимиз бор, ўзим уй бекаси, болалар тарбияси билан бандман. Эрим эса муҳандис бўлиб ишлайди». У яна клубларга оила бошлиғи мактуб ёзишини айтганди. Мисол учун, Алининг «ПСЖ» машғулотлар базасига боришига Қозоғистоннинг биринчи президенти жамғармаси ёрдам берган.

Алини илҳомлантирган асосий шахс - бу кам учрайдиган хасталик билан туғилган Ник Вуйчич. Унда қўллари ҳам, оёқлари ҳам йўқ. Иккиси аввалига Москвада, кейин Қозоғистонда учрашган. Вуйчичнинг айтишича, у 10 ёшида ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо буни уддалолмаган. Шундан сўнг ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлаган. Вуйчич кейинчалик Брисбенда иқтисодчи мутахассислиги бўйича ўқиган, оратор сифатида танилган ва ногиронларга ёрдам қўлини чўзишга мўлжалланган жамғармага асос солган. Шу тариқа оила қурган Ник ҳозирда 4 нафар фарзанднинг отасидир. «Шундоқ муваффақиятга яқин турганини тушунмайдиган кишигина ўзини омадсиз, деб билади. Бу ҳаётда енгилгина қўл тушириб, таслим бўлиш ярамайди», - дея таъкидлайди Вуйчич. Ҳа, Али машҳур спортчилар билан танишиш баробарида айнан матонатли Ник Вуйчичдан ибрат олиб яшамоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz