Қайднома

Қидирув

Келинг, бирга ўйлаймиз ёки ҚАТАР-2022 ЙЎЛИДАГИ ХАВОТИРЛИ БЕКАТ

Келинг, бирга ўйлаймиз ёки ҚАТАР-2022 ЙЎЛИДАГИ ХАВОТИРЛИ БЕКАТ

  07.01.2020 09:26
  0
  601
Келинг, бирга ўйлаймиз ёки ҚАТАР-2022 ЙЎЛИДАГИ ХАВОТИРЛИ БЕКАТ

Ақлга сиғмайди, лекин бу факт! Мана, 20 йилдан ошдики, жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоасини қандайдир ёвуз қисмат таъқиб қилмоқда. Ҳар ҳолда, ҳар бир циклда муайян ўйин бизнинг фойдамизга ҳал бўлишига йўл қўймаган (албатта, турли сабабларга кўра) ҳал қилувчи лаҳзалар кузатилган...

ЖЧ-98. 1997 йилнинг сентябрь ойида Тошкентда БАА терма жамоа­сига қарши кечган ўйин. Биринчи бўлимнинг охирги қисмида Миржалол Қосимов пенальтидан фойдаланолмади, бу вақтда вакилларимиз 1:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Яна 3 дақиқадан кейин эса ҳакам жамоамиз ҳужумчиси Шуҳрат Мақсудовни майдондан четлатди. Якунда ўйинни 2:3 ҳисобида бой бердик. Кейинги турда футболчиларимиз Япония термасини қабул қилиб, узоқ вақт ягона гол устунлигини сақлаб қолишди, аммо японлар 90-дақиқада мувозанатни тиклашга муваффақ бўлишди - 1:1. Навбатдаги учрашувда эса ҳақиқий фалокат юз берди - Ўзбекистон миллий жамоаси ўз майдонида Жанубий Корея термаси олдида мутлақо ожиз кўринди - 1:5. Шу тариқа биринчи уриниш ўхшамади.

ЖЧ-2002. Саралаш турниридаги тақдиримизни меҳмонда Уммон термасига қарши кечган аламли ўйин натижаси ҳал қилди. Босқич финишига атиги 2 тур қолган паллада вакилларимиз ўйиннинг биринчи бўлимида рақиб дарвозасига жавобсиз 2та гол уришди, бироқ якуний натижа дилларимизни хуфтон қилди - 2:4. Оқибатда охирги баҳсда Хитой терма жамоаси устидан қозонилган ғалаба ҳеч нарсани ўзгартиролмади - биз яна ЖЧдан четда қолдик.

ЖЧ-2006. Германия мезбонлик қилган мундиал саралашида ҳам жамоамиз тақдирга «нуқта» қўйган ўйин­га юз тутди. Баҳрайн термасига қарши кечган «плей-офф» босқичининг илк ўйинида япониялик ҳакам пенальтини қайта тепиш имкониятини бермай, жуда катта хатога йўл қўйди. Оқибатда ўйин қайта ўтказилди ва араблар сафарда урилган гол эвазига курашни давом эттирадиган бўлишди, биз эса...

ЖЧ-2010. Яна Тошкентдаги ўйин, яна Баҳрайн термаси рақиб. Араблар бу сафар ҳал қилувчи голни ҳакам томонидан қўшиб берилган 5-дақиқада нишонлаб, «плей-офф» раундида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

ЖЧ-2014. 2013 йилнинг баҳорида Жанубий Кореяда ҳал қилувчи ўйин бой берилди. Аламлиси, ҳимоячи Акмал Шораҳмедовнинг автоголи мағлубиятга асос бўлди. Саралашнинг охирги турида эса Қатар термаси 5:1 ҳисобида тор-мор этилди, бироқ шундай йирик натижа ҳам жамоамизга наф бергани йўқ. Яъни голлар нисбати бўйича бирозгина яхшироқ кўрсаткич қайд этган Жанубий Корея миллий жамоаси Бразилияга йўл олди, биз эса «плей-офф»да иорданлар тўсиғидан ўтолмадик.

ЖЧ-2018. Россия мундиали йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритган саралаш ўйинлари ҳали хотиралардан кўтарилмагани аниқ. Бу сафар Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Жанубий Корея термаси дарвозасига 1тагина гол урса, барчаси гулистон бўларди, бироқ футболчиларимиз бу ишнинг уддасидан чиқа олишмади ва мухлисларни яна «шок» ҳолатига туширишди. Эҳ, ўйиндаги битта ҳолатни эсланг: зарбалардан бирида тўп ко­рейслар дарвозаси тўсини билан «ўпишди». Шуни образли тарзда ифода этсак, Россия-2018 мундиали биздан қандайдир 5 сантиметр нарида эди...

ЖЧ-2022. Мана, ФИФАга аъзо бўлганимиздан буён 6та ЖЧни ўтказиб юбордик. Ҳисоб бўйича 7-уриниш ҳисобланган саралаш биз учун ўта даҳшатли тарзда бошланди. Хайриятки, янги бош мураббий тайинланишидан сўнг умумий ҳолат бироз ўнгланди, аммо 2017 йилнинг 5 сентябридан кейин, яъни орадан 2 йил ўтгач, ўзбекистонлик мухлислар яна «шок» ҳолатига тушишди. Йўқ, ҳозир 2:1 ҳисоби якунда қанақасига 2:3га айланиб қолганини яна муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Келинг, яхшиси, биргаликда гуруҳ босқичида юзага келган ҳолат ва жамоамиз имкониятлари хусусида ўйлаймиз...

Демак, эслатиб ўтамиз, гуруҳларда 1-ўринни эгаллаган жамоалар ке­йинги босқичга тўғридан-тўғри йўл олади. 8та гуруҳнинг ҳар бирига назар солсак, ҳозирга қадар 1та жамоа 4та, қолганлари 5тадан ўйин ўтказганини қўрамиз. Аввало, шу ҳолатни эътиборга олиш керак.

«А» гуруҳи. Яққол фаворит - Сурия терма жамоаси: 5та ғалаба, 15 очко, тўплар нисбати - 14-4 (}10).

«В» гуруҳи. Иккинчи гуруҳда ҳам ажралиб турган фаворит бор -  Авс­тралия термаси: 4та ўйин (захирада 1та), 4та ғалаба, 12  очко, тўплар нисбати - 16-1 (}15).

«С» гуруҳи. Бунисида етакчилик роли Ироқ термаси қўлида: 3та ғалаба, 2та дуранг, 11 очко, тўплар нисбати - 9-2 (}7).

«D» гуруҳи. Пешқадам - Ўзбекистон миллий жамоаси: 3та ғалаба, 2та мағлубият, 9 очко, тўплар нисбати - 12-6 (}6). Потенциал етакчи - Саудия Арабистони термаси: 4та ўйин (захирада 1та), 2та ғалаба, 2та дуранг, 8 очко, тўплар нисбати - 8-4 (}4).

«Е» гуруҳи. Бу ерда Қатар миллий жамоаси яққол етакчи, лекин у бўлажак жаҳон чемпионати мезбони ва саралашда танловдан ташқари ҳолатда қатнашмоқда (фақат ОК-2023 йўлланмаси учун курашмоқда). 2-ўринда бораётган Уммон термаси натижаси ҳам чакки эмас: 4та ғалаба, 1та мағлубият, 12 очко, тўплар нисбати - 11-4 (}7).

«F» гуруҳи. Навбатдаги бешликда Япония термаси яққол фаворит: 4та ўйин (захирада 1та), 4та ғалаба, 12 очко, тўплар нисбати - 13-0 (}13).

«G» гуруҳи. Ҳозирча Вьетнам термаси етакчи ролида: 3та ғалаба, 2та дуранг, 11 очко, тўплар нисбати - 5-1 (}4).

«Н» гуруҳи. Потенциал пешқадам - Жанубий Корея термаси: 4та ўйин (захирада 1та), 2та ғалаба, 2та дуранг, 8 очко, тўплар нисбати - 10-0 (}10).

Хуллас, ҳозирги ҳолатда қуйидаги жамоаларда кейинги раундга тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти яхшироқ:

1. Сурия - 15 очко, }10

2. Япония - 12}3 очко, }13

3. Австралия - 12}3  очко, }15

4. Уммон - 12 очко, }7

5. Ироқ - 11 очко, }7

6. Жанубий Корея - 8}3 очко,  }10

7. Саудия Арабистони - 8}3 очко, }4

8. Малайзия - 9 очко, }2

Албатта, бунда маълум шартли ҳолатлар мавжуд. Зеро, 2020 йили жамоалар яна 3  ёки 4 мартадан майдонга тушади. Бу турнирнинг деярли иккинчи давраси демакдир. Шундай экан, ҳали айрим нарсалар ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.

Давом этамиз. Энди саралашни 2-ўринда якунлашга имконияти баланд жамоаларга назар ташлаймиз.

1. «А» гуруҳи. Хитой: 4та ўйин (захирада 1та), 2та ғалаба, 1та дуранг, 1та мағлубият, 7 (}3) очко, тўплар нисбати - 13-2 (}11).

2. «В» гуруҳи. 2-ўринга 2та жамоа яққол давогар. Ҳозирча ҳар иккиси тенг кўрсаткичга эга: 3тадан ғалаба, 1тадан дуранг, 1тадан мағлубият, 10тадан очко. Қувайт: тўплар нисбати - 17-3 (}14). Иордания: тўплар нисбати - 10-2 (}8).

3. «С» гуруҳи. Баҳрайн - 2та ғалаба, 3та дуранг, 9 очко, тўплар нисбати -3-1 (}2).

4. «D» гуруҳи. Ўзбекистон - 3та ғалаба, 2та мағлубият, 9 очко, тўплар нисбати - 12-6 (}6).

«Е» гуруҳи. Кейинги раундга чиқиш учун яна 2та даъвогар бор. Ҳар иккиси 2тадан ғалаба, 1тадан дуранг ва 2тадан мағлубият қайд этган ҳолда, 7тадан очко тўплаган. Қирғизистон: тўплар нисбати - 10-5 (}5). Тожикистон: тўплар нисбати -  6-8 (-2).

«F» гуруҳи. Курашни давом эттиришга яна 2та номзод. Малайзия: 3та ғалаба, 2та мағлубият, 9 очко, тўплар нисбати - 8-6 (}2). Таиланд: 2та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият, 8 очко, тўплар нисбати - 6-3 (}3).

«G» гуруҳи. Моҳиятан олганда, 2-ўринга бирданига 3та жамоа даъвогарлик қилади. Туркманистон: 3та ғалаба, 2та мағлубият, 9 очко, тўплар нисбати - 8-5 (}3). Ливан - 2та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият, 8 очко, тўплар нисбати - 5-3 (}2). КХДР: 2та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият, 8 очко, тўплар нисбати - 4-3 (}1).

Катта эҳтимолки, айнан шу 14та жамоадан 4таси кейинги раундга йўл олади. Ҳа-я, ҳозирча ўз гуруҳида 3-ўринда «осилиб» турган даҳшатли Эрон термаси ҳам бор. Эслатиш ўринли, 2-ўрин эгалари рейтингида аввало, очколар миқдорига, кейин урилган ва қўйиб юборилган голлар ўртасидаги фарққа қаралади. Қайта такрорлаш керак, ҳозирги муҳокамаларимиз айни ҳозирги кўрсаткичлар бўйича бўлди. Март ва июнь ойига белгиланган навбатдаги ўйинлар барчасини кескин ўзгартириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Зеро, биламизки, футбол кутилмаган ҳолатлар ва «сюр­приз»ларга бой. Қисқаси, якуний натижалар билан 9 июнь куни бўлиб ўтадиган охирги тур учрашувлари тугагач, танишамиз. Ҳозирча эса жамоамиз жойлашган гуруҳдаги ҳолатни таҳлил қилиш билан чекланганимиз маъқул. Бунда аввало, қолган ўйинларга назар солиш керак:

7-тур. 26 март (чоршанба). Саудия Арабистони - Яман, Фаластин - Сингапур (Ўзбекистон термаси дам олади)

8-тур. 31 март (сешанба). Сингапур - Саудия Арабистони, Яман - Ўзбекистон (Фаластин термаси дам олади)

9-тур. 4 июнь (пайшанба). Саудия Арабистони - Фаластин, Ўзбекистон - Сингапур (Яман термаси дам олади)

10-тур. 9 июнь (сешанба). Саудия Арабистони - Ўзбекистон, Фаластин - Яман (Сингапур термаси дам олади)

Шартли равишда Сингапур (7 очко), Яман (5 очко) ва Фаластин (4 очко) термалари гуруҳнинг 2та етакчиси ўртасидаги курашга қўшилмаслигини тахмин қилиб турамиз, гарчи бу жамоаларнинг ҳар бири «қон суриш» салоҳиятига эга бўлсада. Хуллас, тасаввур қилинг, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони термалари 9 июнга қадар ўз ўйинларини муваффақият ўтказиб, йўқотишсиз боради. Бундан тақдирда араблар ҳисобидаги очколар сони 17тага етади. Биз эса 15 очкога эга бўламиз. Тушунарлики, шундай сценарий якунида жамоамиз учун энг яхши вариант - меҳмонда Саудия Арабистони термасини мағлубиятга учратиш. Футболчиларимизнинг бу ишни уддалашлари учинчи босқич йўлланмаси кафолатланишини англатади. Лекин Саудиядан дуранг натижа билан қайтиш ҳам ёмон эмас. Шунда жамоамиз жами 16 очко билан 2-ўрин соҳибларига насиб этадиган 4та йўлланмадан бирига бемалол қўл узатиши мумкин. Агар шу 4та чиптага даъвогарларга реал кўз билан қарасак, потенциал имконияти анча юқори жамоаларни кўрамиз:

Хитой - 10 очко (тўплар нисбати: }11)

Қувайт 10 очко (тўплар нисбати: }14) ёки Иордания 10 очко (тўплар нисбати: }8)

Баҳрайн - 9 очко (тўплар нисбати: }2)

Малайзия - 9 очко (тўплар нисбати: }2) ёки Таиланд -  8 очко (тўплар нисбати: }3)

Туркманистон - 9 очко (тўплар нисбати: }3), Ливан - 8 очко (тўплар нисбати: }2) ёки КХДР - 8 очко (тўплар нисбати: }1)

Қирғизизтон - 7 очко (тўплар нисбати: }5)

Тўғри, Осиёда янги кучли жамоалар пайдо бўлгани хусусида қатъий ишонч билан гапиришга ҳали эрта, лекин 2-ўринга даъво қилаётган ушбу термалар очколар учун жиддий кураш тақдим этиши - факт.

Футболда тахмин қилиш - яхши иш эмас. Турнир йўли давомида ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Ҳозирда мухлисларимиз табиийки, Ўзбекистон миллий жамоаси кейинги босқичга гуруҳ ғолиби сифатида ўтиши ёки якунда 2-ўрин соҳиблари рейтингида кучли 4таликка киришидан умидворлар. Шу жойда «Экипаж» фильмидаги учувчи сўзларини бироз ўзгартирамиз: «Якуний хулоса - сафарда Саудия Арабистони термасини енгиш керак». Йўқ, ҳозир Ар-Риёдда икки марта (ЖЧ-2006 саралашида Равшан Ҳайдаров бошқарувида 0:3 ва ЖЧ-2010 саралашида Рауф Инилеев бошқарувида 0:4) ютқазганимизга эътибор қаратиш шарт эмас. Дейлик, Инилеев жамоаси Тошкентдаги баҳсда саудларни 3:0 ҳисобида доғда қолдирганди. Умуман олганда, саудияликларга қарши 11 марта майдонга тушганмиз: 4та ғалаба, 1та дуранг ва 6та мағлубият, тўплар нисбати - 15-24. Лекин булар эски ўйин­лар натижаси.

Ўйлаймизки, келтирилган рақамлар мухлисларга юзага келган ҳозирги ҳолат устида обдон ўйлаш имкониятини яратади. Битта факт шуки, биз мамлакатимиз бош жамоасини анчадан буён жаҳон футбол форумида кўришга илҳақмиз, садоқатли мухлисларимиз бунга тўла муносиблар. Демак, Ўзбекистон термасига орзумизни амалга оширишида омад тилаймиз!

Владимир САФАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz