Қайднома

Қидирув

Рақибни ҳовурдан тушириш пайти

Рақибни ҳовурдан тушириш пайти

  08.01.2020 02:46
  0
  468
Рақибни ҳовурдан тушириш пайти

Куни-кеча қишлоқдан қайтаётиб, раҳматли Абдужаббор тоғамнинг қадрдони, мактабда бизга бир муддат тарих фанидан дарс берган Жаъфарали Назаровни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, у киши «Друловичга ишонса бўладими? Токиога борамизми?» - деб сўрадилар кексаларга хос оғир-вазминлик билан. Вақт тиғизлиги, ҳамроҳларим сабрсизланишаётгани сабаб, ортиқча ўйлаб ўтирмай жавоб қайтардим: «Ишонаверинг! Олимпиадага, борамиз, албатта!» Футболимиз ва газетамизнинг ашаддий мухлиси билан хайрлашиб, катта йўлдан ўтар эканман, ортимдан: «Ҳой, тўхта, эсимдан чиқибди, «Навбаҳор»да тинчликми?» - деган овоз эшитилди. Машина ойнасидан бошимни чиқариб, сўз қотдим: «Хотиржам бўлинг! Ҳаммаси яхши!»

Таҳририят томон етиб бораётган машина ўриндиғига суяниб, хаёлга чўмдим. Жаъфарали Назаров қаторида Иброҳимжон Ҳусаинов, Аҳмаджон Саидбоев, Абдураҳмон Тўлабоев, Адашали Гавҳаров, Усмонжон Сафаров, Икромжон Усмонов, Шарифбой Турғунов каби 50 ёшдан ҳатлаган, 60 ёшдан ошган, 70 ёшни қоралаган мухлислар бир-бир кўз ўнгимдан ўтишди. Йўқ, уларнинг дарду фиғонларини тўла-тўкис қоғозга туширолмайман, эшитганларимнинг борича ёзолмайман. Лекин мухлислардаги бир жиҳат - умидворлик мени ҳамиша ҳайратлантираверади. Қойил! «Ноумид - шайтон!» дегувчи халқнинг фарзандлари-да булар! Нимасини айтасиз, сайхунободлик Аҳмаджон ака Алламуродов Умра зиёратида олимпиячиларимизга омад тилади. Ғуломжон ака Ҳамидов бемор рафиқаларидан хабар олишга бораётиб, шоша-пиша қўнғироқлашди: «Муҳаммаджон, йигитлар «ўртоқлик»да қатарликларни ҳам енгишибди, чакки эмас-а...».

Ҳа, чиндан ҳам, чакки эмас, чакки эмас! Футболчиларимизнинг шаштлари баланд, орзу-мақсадлари юксак, ишончлари қатъий.

Бўш келманг, йигитлар, бўш келманг, олға,

Эрон футболини енгадиган пайт.

Ватанга ҳозирланг каттакон совға,

Янграсин ҳайқириқ, шодумон ҳайт-ҳайт.

 

Хитойдаги финал ёдингиздадир,

Ошингиз ўшандай «Чин девор»идан.

Корейсча футбол ҳам сизга эмас сир,

Сон Хюн Мин ҳам тушсин сал ҳовуридан.

У ёғи бир қадам йўлланма сари,

Йўлланма не бўпти, орзу - ғолиблик!

Осиё футболин бўлинг сарвари,

Сизга ярашади шундай толиблик...

Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мисраларни ёзиш режада йўқ эди аслида. Чунки ўтган йилнинг шу палласида Эктор Купер жамоасига шеър бағишлаб сўзимиз куйди. Қанча ишонч, рағбат ҳавога учди. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичгани каби шеър ёзишдан, шеър бағишлашдан ҳам чўчиб қолар экансан киши. Шу сабабга кўра, шеър ҳақида ўйламадик. Бироқ мулоҳазаларни қоғозга тушириш жараёнида шеър ўзи келди ва ёзилди. Юрак қурғур, бирибир, энг даъваткор сўзларни катта беллашувларга шайланаётган футболчиларимизга илинаверади. Гоҳо йигитларимиздан ранжисак ҳам, футболимиздан аразлолмаймиз. Ахир Сон Хюн Мин Осиё футболининг энг кучлиси сифатида кўкрак кермоқда, Сардор Азмун ҳам янги марраларни кўзламоқда. Ву Лэйнинг эса «Барселона» дарвозасига гол ургани (яна дербида)дан оғзи қулоғида. Эронлик, хитойлик, кореялик ёш футболчилар улардан ибрат олишмоқчи, акалари йўлидан боришмоқчи. Майли, улар ўзларича хаёл сураверишсин. Бизда ичиқоралик, ҳасадгўйлик йўқ. Аммо ёш футболчиларимизни ёлғизлатиб қўймаймиз.

«Ҳумо Арена»ни қуришда жонбозлик кўрсатаётган Абдурашид, Абдурасул, Абдухалил, Зуҳриддин, Муҳриддин, Жамшидбек ва Хушнудбек каби ажойиб ёш мухлислар айтишдики, шу кунларда «Реал» ва «Барса» тарафкашлигини тўхтатишар экан. Улар аллақачон олимпиячиларимиз эронлик тенгдошларига қарши қандай таркибда майдонга тушишларини муҳокама қилишмоқда. Дриблингда моҳир Достон Иброҳимов, зарбаси замбарак Шароф Муҳиддиновнинг бошланғич таркибдан жой олишлари масаласида баҳслашишмоқда. Уларнинг хулосаларига кўра, Любинко Друлович анойи эмас ва Қатар олимпиячиларини енгган таркибга ўзгартириш киритади, барибир. Бошқача айтганда, эронлик олимпия­чилар учун «сюрприз» бор. Кўпчилик шундай фикрда. «Сюрприз» бўлса, «сюрприз»да! Ғалабани, қотиб қолган қолиплар парчаланиш онларни кутамиз!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz