Қайднома

Қидирув

Такуми Минамино: «Жамоа тараққиётига ҳисса қўшсам, бас»

Такуми Минамино: «Жамоа тараққиётига ҳисса қўшсам, бас»

  08.01.2020 09:32
  0
  345
Такуми Минамино: «Жамоа тараққиётига ҳисса қўшсам, бас»

АПЛда чемпионлик шаробини ичишга ҳозирланаётган «Ливерпуль» сафига қўшилган япониялик ёш ҳужумчи Такуми Минамино Англиядаги истиқболига ишонч билан қарамоқда. У «қизиллар» аъзоси сифатида клуб сайтига берган биринчи интервьюсида асосан ўз трансфери, Мерсисайд жамоаси мухлислари, шахсий мақсади ва кўзлаётган марралари ҳақида гапирди. Такуми суҳбат бошида алоҳида таъкидлади: «Ливерпуль» футболчиси бўлиш - азалий орзум эди!».

 

- Такуми, Ливерпулга хуш келибсиз! Ҳозир нималарни ҳис қиляпсиз?

- «Ливерпуль» аъзосига айланиш орзуларимдан бири эди. Мана, жамоа либосини кийиш вақти келди ва бундан бағоят хурсандман.

- «РБ Зальцбург»га миннатдорчилик билдириш ва жамоа билан муносиб хайрлашиш имкониятига эга бўлдингизми?

- «Зальцбург» фаолиятимда муҳим ўрин тутган клуб ва охиригача шундай бўлиб қолади. Жамоадош дўстларим, бош мураббий ва мухлислар билан бинойидек хайр­лашдим. Ўйлайманки, улар ўйинларимни эслаб, ҳамиша менга мухлислик қилишади.

- «Ливерпуль» фанатлари трансферингиз расмийлаштирилишини сабрсизлик билан кутишди. Бу ҳақда нималарни биласиз?

- Ҳа, бу ҳақда кўп эшитдим, барчасига гувоҳ ҳам бўлдим. Муҳими, мутлақо хотиржамман. Японияда «Ливерпул»нинг обрўси жуда баланд. Ҳар бир япон футболчиси бу жамоада ўйнашни орзу қилса керак. Дейлик, трансфер масаласида якуний тўхтамга келиш учун кўп вақт сарфлаганим йўқ. Қисқаси, таклифни ҳеч иккиланишсиз қабул қилдим.

- «Зальцбург»да 1,5 йил давомида Наби Кейта билан бирга тўп сургансиз. Ундан «Ливерпуль» ҳақида нималарни сўрадингиз?

- Тўғриси, ҳали бафуржа гаплашишга фурсат бўлгани йўқ. Набини яхши биламан, у эса мени. Шундай экан, яна елкама-елка туриб, тўп суриш онларини интиқлик билан кутяпман.

- Умуман, Англия Премьер-лигасига қандай таъриф берасиз?

- Шубҳасиз, дунё футболидаги энг кучли лигалардан бири. Ўзи фаолиятим бир текисда ривожланса, кун келиб, АПЛда ўйнаш имконини ҳосил қилишимни билардим. Лекин очиғи, ҳеч қачон тўғридан-тўғри «Ливерпуль» сафига қўшилиш ҳақида ўйламаган эдим. Демак, тақдиримдан хурсанд бўлишим керак.

- Жорий мавсумнинг биринчи қисмида «РБ Зальцбург» сафида чиндан ҳам, қойилмақом даражада ўйнадингиз. Хўш, январдаёқ Юрген Клопп жамоаси ­ўйинига таъсир ўтказа олармикинсиз?

- Менга имконият беришгани заҳоти муваффақиятга ҳисса қўшиб, жамоанинг бир бўлаги бўлишга уринаман, албатта. Ўйлайманки, бу қўлимдан келади. Барчаси реалликка айланиши учун бор салоҳиятимни ишга соламан.

- «Ливерпул»нинг айниқса, ҳужум чизиғида кучли рақобат бор. Бунга тайёрмисиз?

- Ҳа, жамоада жаҳон миқёсидаги ижрочилар тўпланишган ва улар билан рақобатлашиш осон эмаслигини тушунаман. Мураккаб синов олдида турибман, янги чорловга тайёр эканлигимни амалда кўрсатишга тайёрман. Ўйлайманки, кучли рақобат жамоа учун жуда муҳим, демак, бу борада нолишимга асос йўқ.

- Жорий мавсум «Ливерпул»га қарши 2 марта ўйнадингиз. Қизиқ, бу учрашувлар асносида янги жамоангиз ҳақида нималарни билиб олдингиз? Хусусан, «Энфилд» ёқдими?

- Жамоа ҳам техник, ҳам жисмоний томондан курашишга чанқоқ. Кўрсатилаётган футбол сифати ва савияси эса жуда баланд. Бир сўз билан ифода этганда, ўйинларда ЧЛ ғолибига қарши тўп сураётганимизни яққол ҳис қилдик. «Энфилд»га келсак, Японияда кўпчилик ушбу афсонавий аренани яхши билади. Менимча, стадион сеҳр­ли кучга эга. Бунда трибуналардаги ўзига хос муҳит, шунингдек, арена тарихи ва анъаналарини назарда тутяпман. Жумладан, «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши кечган ўйинимиз бир умр хотирамда сақланиши турган гап. Ахир биз бу ерда мислсиз даражада фантастик муҳитга тушиб қолдик.

- Юрген Клопп билан ҳамкорликдан қандай самара кутяпсиз?

- Албатта, ижобий якун. Умид қиламанки, ҳамкорлик давомида ҳар томонлама ўсишга эришаман. Клопп билан немис тилида гаплашиш имконияти бу борада менга маълум енгилликлар берса, ажабмас. Биламизки, Клопп замонавий футболда дунёдаги энг кучли менежерлардан бири, шубҳасиз. Унинг қўл остида янги қирраларимни очишни истайман. Агар жамоа натижалари ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўша олсам, бу шахсан ўзим ҳам ривожланишга қадам ташлаганимни билдиради.

- Энди «Ливерпул»даги энг яқин режа ва мақсадларингизга тўхталсангиз.

- Аввало, жамоа таркибида ўз ўрнимни топиш, унинг тараққиётида муҳим роль ўйнаш ва албатта, Премьер-лига ҳамда Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлишни истайман. Ҳозирча мақсадлар шу...

- Охирги савол: «Ливерпуль» мухлисларига нима дея оласиз?

- «Энфилд» майдонида тўп суриш, «қизиллар» мухлислари билан кўришиш онларини сабрсизлик билан кутяпман. Яна ўша гаплар - гол уриш ва самарали узатмаларга муаллифлик қилиш асносида жамоа ютуқларига ҳисса қўшмоқчиман. Хуллас, фанатлар билан эҳтиросларимни бўлишиш имкониятига илҳақман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz