Қайднома

Қидирув

Юрий Пшеничников: «Термада ўйнаш учун ЦСКАга ўтишга мажбур бўлганман»

Юрий Пшеничников: «Термада ўйнаш учун ЦСКАга ўтишга мажбур бўлганман»

  09.01.2020 01:11
  0
  407
Юрий Пшеничников: «Термада ўйнаш учун ЦСКАга ўтишга мажбур бўлганман»

Хабарингиз бор, 2019 йил охирида (20 декабрь) афсонавий ўзбек дарвозабони, буюк Лев Яшиннинг шогирди ва ворисларидан бири, «Пахтакор» клуби собиқ кипери Юрий Павлович Пшеничников вафот этди. У 1940 йили Тошкентда туғилган. Пойтахт жамоасидаги дастлабки ўйинини 1960 йили ўтказган маҳоратли посбон 1967 йилгача «пахтакорчилар» сафида тўп сурди. Сўнгра, 1968 йили Москванинг ЦСКА жамоасига ўтган Пшеничников 1968 йили мамлакатнинг энг яхши дарвозабони деб топилди, 1970 йилда эса собиқ иттифоқ чемпиони бўлди. 1972 йили «Пахтакор»га қайтиб, яна бир мавсум ўйнади ва шундан сўнг футболчилик фаолиятини якунлади. У Тошкент жамоасида умумий ҳисобда 250та ўйин ўтказган. Пшеничников шунингдек, собиқ иттифоқ термаси либосида 19 марта майдонга тушган. 111та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолгани сабабли Лев Яшин номидаги клуб аъзосига айланган. 2006 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. «ИнтерФутбол»нинг доимий шарҳловчиси Мавлон Шукурзода 2000 йили Юрий Павловичдан интервью олганди. Бугун ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

«Пшеничников, Красницкий, Азизхўжаев, Тазетдинов, Иброҳимов, Суюнов, Стадник, Кольцов, Абдураимов... ўзбек футболининг қойилмақом дебюти шу номлар билан бевосита боғлиқ, айнан шу инсонлар футболимизнинг халқаро аренада тан олинишига сабабчи бўлишган, таъбир жоиз бўлса, тамал тошини қўйишган...

Юрий Пшеничниковнинг дастлабки мураббий Л. Янсон бўлган. Меҳнатсевар ва тиришқоқ дарвозабон аввалига собиқ иттифоқ чемпионатининг «Б» тоифасида қатнашувчи Тошкентнинг «Трудовўе резервў» жамоасида ўйнаган. Юрий Павлович 1960 йилнинг 8 апрелида олий лигада дебютини нишонлаган «Пахтакор»нинг тарихида янги саҳифа очганлардан бири бўлди. У «пахтакорчилар» либосида чемпионатлар, кубоклар ва халқаро ўйинларда жами 300та ўйин ўтказган. Пшеничников ҳақли тарзда буюк Лев Яшиннинг шогирди ҳисобланади, ҳар доим ўз услубини сақлаб қолган.

Юрий Павлович «Пахтакор» сафида ажойиб мавсумларни ўтказган, айниқса, 1962 ва 1963 йилларда. Мавсум-1962да у 32та ўйинда майдонга тушиб, уларнинг 17тасини «қуруқ» якунлаган. 1966 йили «пахтакорчилар» биринчи даврани (18та учрашув) мағлубиятсиз ўтказишди, йил якунида эса 3-ўринни эгаллашди. 36та ўйиннинг барчасида тошкентликлар дарвозасини Пшеничников қўриқлаган. 1967 йили мамлакат термасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Михаил Якушин илк марта Юрий Павловични олимпия жамоасига жалб этди, кейинчалик эса асосий термага чақирди.

1967 йили собиқ иттифоқ термаси Лондондаги машҳур «Уэмбли» стадионида, 100 000 мухлис гувоҳлигида ўртоқлик учрашуви ўтказди. Пшеничников учун бу «юлдузли ўйин» бўлди. Гарчи баҳс дуранг билан якунланган бўлсада, халқаро кузатувчиларнинг ҳаммаси бир овоздан Яшиннинг муносиб вориси улғаяётганини таъкидлашди. 1968 йилдан бошлаб Пшеничников ЦСКА таркибида ўйнай бошлади, 1970 йили ушбу жамоа билан олтин медалларни қўлга киритди.

1972 йили «Пахтакор» биринчи лигада элита йўлланмаси учун курашаётган паллада Пшеничников Тошкентда қайтиб, ўйновчи мураббий вазифасини бажарди. Гарчи у Москвада яшаб, ўша ерда ишлаётган бўлсада, унинг номи ҳамиша дарвозабоннинг ўсиши ва иқтидорини намоён этишига сабабчи бўлган жамоа - «Пахтакор» билан боғланади. Биз, тошкентликлар учун бу жуда ёқимли ҳолат».

- Ассалому алайкум, Юрий Павлович, ишларингиз, соғлиғингиз яхшими? Эски жароҳатлар безовта қилмаяптими?

- Ваалейкум ассалом, сиз билан гаплашиб турганимдан хурсандман. Мени қидираётганингизни айтишганди, қўнғироқ қилганингиз яхши бўлди. Тахминан уч ой аввал Москвадаги Бурденко номидаги госпиталда Россиянинг энг яхши травматологи бошчилигида тиззам операция қилинди. Бундан тўрт йил аввал тос ва сон суягимни боғловчи бўғимларим билан боғлиқ тиббий амалиётни бошдан кечиргандим. Умуман, ҳозирча ўзимни яхши ҳис қиляпман, шифокорларнинг айтишича, яна битта операцияни ўтказиш керак экан. Москвада яшаётган тошкентлик дўстларимдан миннатдорман, улар мени ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашяпти.

- Ҳозир нималар билан бандсиз? Қаерда ишлаяпсиз?

- Ўтган йили ЦСКАда ишладим. Кейин эса соғлиғимга жиддий эътибор қаратишни маъқул кўрдим. Бўш вақтларимда Москва клуби машғулотларига ташриф буюраман, имкон қадар «армиячилар» футбол мактабида болалар мураббийларига ёрдам бераман.

- Оилангиз қандай? Айтишларича, ниҳоят янги квартира беришибди. Нима, ушбу масала аввалроқ кўтарилмаганмиди?

- Ҳеч қачон нимадир ундиришга интилмаганман, бу менинг характеримга тўғри келмайди. Аммо ўтган йили ЦСКА клуби раҳбариятининг ташаббуси билан менга янги хонадон беришди, оилам билан бирга яшаяпман. Умуман, нолишга ҳеч қандай асос йўқ...

- Ўтган йили 60 йиллик юбилейингизни қандай ўтказдингиз? Ушбу санада ўзбекистонликлар сизни табриклашни унутишмадими?

- Жуда яхши нишонладик, қадрдонлар, дўстлар, футбол ташкилотларидан қутловларни қабул қилдим. Оқшомга ватандошларим ҳам келишди. Уларнинг айримлари Москвада ишлашса, баъзилари атайин Тошкентдан етиб келишди. Жуда кўплаб гуллар, илиқ сўзлар, хотиралар бўлди. Совғалар ҳам бисёр эди, улар орасида бир нечта ўзбек чопони ҳам бор. Улардан бирини Ўзбекистоннинг Россиядаги собиқ элчиси Шоқосим Шоисломов жўнатганди. Бу мен учун жуда қадрли ҳадя бўлди... Шунингдек, ёзнинг иссиқ кунида ўтказилган тантанали маросимда эгнимдаги чопон ва бошимдаги дўппини ечмай юрганим кўпчиликнинг ёдида қолди. Албатта, бунда ўзига хос мантиқ бор...

- Ҳойнаҳой, ўша куни кўплаб лаҳзалар эсга олинган бўлса керак... Жумладан, 20 ёшингизда «Пахтакор» дарвозасини қўриқлаганингиз ҳам...

- Дарҳақиқат, кўплаб ёрқин лаҳзалар ёдга олинди... Дўстларим билан ҳовлида ўйнайдиган футбол жамоалари, ўзимиз яшаган маҳаллалар, Тошкентнинг жазирамали кунлари, «Анҳор»нинг совуқ суви, ўзбек бозорлари ва албатта, қадрдон «Пахтакор»ни эсладик...

- Болалигингиз, ўсмирлик йилларингиз, дарвозабонликка келиб қолишингиз ҳақида қисқача гапириб беринг. Ҳаммаси қандай бошланган?

- Болалигим уруш йилларига тўғри келган, у пайтлари ҳамма қийналган, ўсмирлик чоғларимда жангу жадаллардан кейинги давр, янгича ҳаёт қурилаётган пайтларга гувоҳ бўлдим. У пайтлари одамлар анча самимий эдилар, бир-бирларини жуда яхши тушунишарди. Ўша йиллари тошкентлик болалар футболга жуда қизиқишарди, шу тариқа менда ҳам миллионлар ўйинига меҳр уйғонган. Ҳаммаси спортга бўлган муҳаббат туфайли бошланган. Авваллари спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланганман. Аммо футбол мен учун ҳаётдан ҳам муҳимроқ ҳисобланган, уни жуда яхши кўрардим, чин юракдан севардим... қўшимчасига интилиш ва меҳнатсеварликни ҳам унутмаганман. Буларнинг бари якунда мени катта футбол аренаси томон етаклади.

- Сизни илк бор ким дарвозабон сифатида пайқаган? Энг кўп кимдан сабоқ олгансиз?

- Мендаги иқтидорни биринчи бўлиб футбол мураббийи Т.Сафронов пайқаган. Айнан ушбу мутахассис ўсмирлар жамоасида ўйнаётганимда Тошкентнинг «Трудовўе резервў» клубига мени тавсия қилган. Кейинчалик Л.Янсон қўл остида шуғулландим, унинг олдида ҳам қарздорман. «Трудовўе резервў» жамоасида Десятчиков, Фокин, Столов, Кольцов каби ўзбек футболининг ҳақиқий усталари билан бирга ўйнаганман. 1960 йил мавсумида «Пахтакор» олий лигада дебютини нишонлаганди. Гувоҳлик беришим мумкин: бутун жамоа ҳар бир ўйинда борини берган, Россия ва Украина грандларига муносиб қаршилик кўрсатган ва биринчиликни фахрли 11-ўринда якунлаган. Келгуси мавсумда 6-поғона эгалланди. Умумхалқ мадади ва миллионлаб мухлислар севгиси «пахтакорчилар» учун асосий мукофот бўлган. Айнан 60-йилларда футбол Ўзбекистонда «биринчи рақамли спорт тури»га айланган. Бугунги кунгача шундай бўлиб қолаётганидан жуда хурсандман...

- Юрий Павлович, энди бугунги кун ҳақида озгина суҳбатлашсак. Ўзбекистонга бориб турасизми? Сиз учун Тошкент, «Пахтакор» нимани англатади?

- Афсуски, сўнгги йилларда у ерга кўп боролмаяпман. Ўзимга қолса, Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюрардим, ахир у ерда кўплаб дўстларим, қариндошларим бор. Аммо айни пайтдаги муаммоларим ниятларимнинг амалга ошишига тўсқинлик қилмоқда... Тошкентдан ёрқин хотиралар қолган, ахир умрим ўша ерда бошланган, айни кучга тўлган дамларим, ёшлигим шу ўлкада ўтган, у ерда футболчи бўлдим, машҳурлик, ҳурмат-эътибор, мухлислар меҳрини қозондим. Барчаси бевосита қадрдон Тошкент билан боғлиқ. Айнан «Пахтакор»да тўп суриш орқали мамлакат миллий термасидан таклиф олдим, ўша даврнинг етук футболчилари - Стрельцов, Воронин, Шестернев, Численко кабилар билан бирга ўйнадим. Тошкент, шунингдек, кўплаб ёрқин хотиралар билан ҳам қадрли. Онам ўша заминга дафн қилинган... Эсимда, уни кўп марта Москвага кўчиб ўтишга кўндирмоқчи бўлганман, аммо онам ҳар сафар рад жавобини берарди, чунки Тошкентни жуда яхши кўрарди. Бу шаҳар чиндан ҳам барчамиз учун қадрдон бўлиб қолган. Охирги марта уйимга уч йил аввал боргандим. Ўзбекистон пойтахтини танимай қолдим - шаҳар жудаям чиройли тус олган! «Пахтакор» стадионига ҳам ҳар сафар ўзгача ҳаяжон билан кираман. Ахир катта спортдаги биографиям айнан шу арена чимида бошланган. 1970 йили ушбу майдонда ЦСКА таркибида чемпионликни нишонлаганман. Ўшанда қўшимча ўйинда Москва «Динамо»сини мағлубиятга учратгандик. Ўйлашимча, тошкентлик ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида «динамочилар» дарвозабони В.Пильгуйдан битта кам гол ўтказганман. Дарвоқе, футболчилик фаолиятимдаги сўнгги мавсумим - 1972 йил ҳам айнан «Пахтакор» билан боғлиқ...

- Юрий Павлович, гапингизни бўлганим учун узр, ўша йиллари Шароф Рашидовнинг сиз билан шахсан гаплашгани ростми?

- Ҳа, шундай бўлганди. Бу кутилмаганда рўй берган. 1967 йили «армиячилар» клубидан таклиф олиб, уларга ижобий жавоб бергандим. Кўп ўтмай, республиканинг ўша пайтдаги раҳбари - Рашидовнинг ҳузурига таклиф қилишди. Шароф Рашидович Москва жамоасига ўтишим нима билан боғлиқлиги ҳақида сўради. Ростини айтдим, собиқ иттифоқ термаси мураббийлари мени огоҳлантиришди: агар миллий жамоада ўйнашни хоҳласам - ҳар доим уларнинг кўз ўнгида, Москвада бўлишим керак экан. Мен эса термада тўп суришни жуда хоҳлагандим... Шароф Рашидович мени тўғри тушунди. Ортиқча гап гапирмади, автомобиль, квартира ёки шунга ўхшаш «олтин тоғлар»ни ваъда қилмади. Умуман, Москвада ҳам менга бундай нарсалар беришларини айтишмади. Шунчаки, қадрдон жамоамга керакли пайтда ёрдамлашишга сўз бердим. 1971 йили «Пахтакор» биринчи лигага тушиб кетганда, Москвадаги хонадоним телефонига Тошкентдан қўнғироқ бўлди... Охир-оқибат, жиддий жароҳат олганимга қарамай, кейинги мавсумни тўлиқлигича «Пахтакор» сафида ўтказдим. Якунда муваффақиятга эришдик - олий лигага қайтдик.

- Нима деб ўйлайсиз, сўнгги йилларда футбол анча ўзгардими?

- Очиғини айтганда, ҳа. Аммо ҳозирча мақташга арзигулик ҳеч нима йўқ, бозор иқтисодиётидаги ўтиш даврида юзага келган муаммоларни бартараф этиш, ўз йўлини аниқлаб олиш кўпчилик учун қийин кечди... Айниқса, Арманистон, Грузия, Белоруссия сингари мамлакатлар футболида пасайиш юзага келгани ачинарли. Умуман, МДҲдаги аксарият давлатларда футбол савияси тушиб кетди. Бу борада биз Европа футболидан анча ортда қоляпмиз...

- Россия футболининг бугунги ҳолатига қандай баҳо берасиз. Жорий йил 7-8та жамоа медаллар учун жиддий курашмоқда. Эътиборлиси, бошқа ҳудудлар вакиллари пойтахт клубларидан қолишмасликка интилишмоқда. Бу нима билан боғлиқ?

- Агар «Сатурн» ёки «Рубин»нинг кутилмаган парвозини назарда тутаётган бўлсангиз, бу вазият тақозоси билан боғлиқ. Улар чемпионатнинг янги мавсумини муваффақиятли бошлашди, стартга яхши киришдилар, шу тариқа кучларига бўлган ишончлари ортди, ўйинлари очилиб кетди. Мавсум бошида эришилган устунлик туфайли эндиликда етакчиликка ҳам даъвогарлик қилишмоқда. Ўз навбатида, аксарият Москва жамоалари мавсумга тайёр эмасдилар, яъни яхши спорт формасига кириб улгурмагандилар. Ўйлашимча, чемпионатнинг асосий учрашувлари май-июнь ойларида бошланди. Бугунги ўйинлар ҳам бунга яққол далил бўлиши мумкин. 7-8 жамоанинг медаллар учун курашаётгани Россия биринчилигининг якуний қисми анча қизғин кечишига ишорадир.

- Сизнингча, қайси клуб Россия чемпионлигини қўлга киритади?

- Биринчи навбатда, ЦСКАни тилга олишим мумкин. Унинг асосий рақиблари сифатида эса «Зенит» ва «Локомотив»ни айтаман...

- Бугунги ўзбек футболи ҳақида нималар биласиз?

- Ўтган йили ЦСКАда ишлаётганимда, жамоага ўзбекистонлик легионерлар Даврон Файзиев ва Улуғбек Бақоев таклиф этилди. Улар билан суҳбатлашиш асносида ўзбек футболининг бугунги куни, олиб борилаётган ислоҳотлар ва маҳаллий чемпионатдаги ўйинлар ҳақида кўп нарса билиб олдим. Ўзбекистон анъанавий тарзда ўз футболчиларини Европа ва Осиё майдонларига жўнатади. Миржалол Қосимов, Андрей Пятницкий, Игорь Кечинов, Игорь Шквирин кабиларнинг ўйинларини мириқиб томоша қилганман. Бугунги кунда ЦСКАда Саша Гейнрих жуда ажойиб тарзда тўп сурмоқда. Худди шу гапни Киев «Динамо»си таркибидаги Максим Шацких ҳақида ҳам айтишим мумкин. Ўзбекистон термаси 1994 йилги Осиё ўйинларида муваффақият қозонганда, жуда хурсанд бўлгандим. Ўзбек футболининг бугунги кунда ФИФА рейтингида эгаллаб турган ўрни ҳам кўп нарсадан далолат...

- Шу кунларда қайғули сана арафасида турибмиз: «Пахтакор»-79 авиаҳалокатга учраган кун. Ўша машъум ҳодисада ҳалок бўлган футболчиларни яхши эслайсизми?

- 1971 йили «Пахтакор» олий лигадан тушиб кетганда, ортиқча иккиланишларсиз Тошкентга қайтиб, жамоага ёрдам беришга ошиққанман. Айнан ўшанда 1979 йилги авиаҳалокат қурбонига айланган кўплаб йигитлар билан бирга ўйнаганман, машғулотлар ўтказганман. 1972 йили Фёдоров, Ан, Аширов, Карченов сингари етук футболчилар ёнида тўп сурганман, шу ва бошқа ўйинчилар билан бирга олий лигага қайтишни уддалаганмиз. Улар жуда меҳрибон, зийрак ва иқтидорли футболчилар бўлишган. Турли миллат вакилларидан иборат жамоада дўстона муҳит ҳукм сурарди. Ўзига хос ўйин услубига эга «Пахтакор» энг кучли клубларни ҳам чўчитиб турарди. Ростини айтсам, ўша йили Тошкент жамоаси чемпионат медалларига даъвогарлик қилган... Ҳамма йигитларни дўстлик бирлаштирганди. Уларнинг аксарияти ёш бўлишларига қарамай, катта муваффақиятларга эришишган, собиқ иттифоқ футболидаги кўплаб мутахассислар орасида ҳурмат-эътибор қозонишга улгургандилар. Ўша машъум ҳодиса рўй берганда, жуда қайғуга ботгандим...

- Бизнинг мухлисларга тилакларингиз. Ўзбекистон тез орада Мустақиллик байрамини нишонлайди. Балки Тошкентда меҳмон бўларсиз?

- Аввалроқ ҳам шундай таклиф олгандим. Биринчидан, бундай эътибор учун ҳаммага миннатдорлик билдираман. Тошкентга боришни, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқларини биргаликда баҳам кўришни, қадрдонлар, дўстлар билан учрашишни жуда хоҳлайман. «Пахтакор» стадионига ташриф буюриш ва албатта, Мустақиллик байрами муносабати билан уюштириладиган байрам дастурларида қатнашиш истагим бор. Аммо ҳаммаси саломатлигимга боғлиқ. Агар шифокорлар мени оёққа турғаза олсалар, оилам билан албатта Тошкентга бораман. Иккинчидан, собиқ футболчиларини унутмаётган, ҳар доим эслаб, биз ҳақимизда мақолалар ёзаётган барча ўзбекистонликларга раҳмат айтмоқчиман. Ва энг асосийси, 60-йилларда ўзбек футболига тамал тошини қўйган футболчиларни ёддан чиқармаган ўзбекистонлик мухлисларга ташаккур билдираман. Ўзбек халқига тинчлик-осойишталик тилайман.

- Юрий Павлович, энди сўнгги савол: энг катта орзуингиз нима?

- Ўзим ёқтирган иш билан имкон қадар кўпроқ шуғулланмоқчиман. Қолаверса, бошқа ниятларим ҳам бор: Ўзбекистон пойтахтида «Пахтакор» ва Москванинг ЦСКА клуби фахрийлари ўртасида ўйин ташкил этиш. Мазкур учрашувда тошкентликлар сафида тўп суришни хоҳлайман...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz