Қайднома

Қидирув

Энг қўполи – Сон

Энг қўполи – Сон

  09.01.2020 03:16
  0
  287
Энг қўполи – Сон

Энг қўполи – Сон

АПЛни мунтазам кузатадиганлар сўнгги йигирма йил мобайнида ушбу чемпионатнинг энг қўпол футболчиси Жои Бартон, Диего Коста ёки Рой Киндан бири бўлиши мумкинлигини тахмин қилишлари турган гап. Аслида, бундай мақом кореялик ювошгина Сон Хюн Минга тегишли эканлиги хаёлларига ҳам келмайди. Нима ҳам дердик, статистика билан баҳслашиб бўлмайди. «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси 1997 йилдан буён АПЛда бир тақвим йилида уч марта тўғридан-тўғри қизил карточка олган ягона футболчи бўлди.

 «Челси» билан ўйиндаги қилиқ

Сон Хюн Мин ўзига хос рекорд қайд этишига сабаб бўлган сўнгги «қизил»ини Премьер-лига 18-тури доирасидаги «Челси»га қарши баҳсда олди. Лэмпард бошчилигидаги жамоа 2:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада Рюдигер кореяликни йиқитди. Ўша вазиятда қизишиб кетган Сон ётган ҳолда германиялик ҳимоячини тепди. «Челси» аъзоси зарба берилгани ҳамоно оғриётган жойини чангаллаганча чимга қулади.

Бир неча дақиқадан кейин Рюдигер ўрнидан турганида, ўйинни бошқариб борган ҳакам Энтони Тейлор баҳсли қарор чиқарди. Видеотакрорлар орқали ўша эпизодни бир нечта ракурсда кўриб чиққан ассистентларининг ёрдамидан сўнг рефери кореяликка тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди.

Албатта, Соннинг ўша пайтда айби борлиги аниқ эди, аммо бу қоидабузарлик четлатиш учун етарли эмасдек туюлганди - бундай зарбадан сўнг Рюдигернинг жиддий жароҳат олиши амримаҳол эди. «Тоттенхэм» устози Жозе Моуриньонинг ҳам ўйиндан сўнг германиялик ҳимоячига қараб кулиб қўйгани бежиз эмасди.

«Сон Хюн Миннинг четлатилиши? Умид қиламанки, Антонио Рюдигер қовурғалари синганидан кейин тезроқ тузалади, чунки унинг шундай жароҳат олганига ишончим комил. Агар ҳакам Рюдигерга дарҳол сариқ карточка кўрсатганида, Сон бундай ҳаракат қилмасди. Реферининг эътиборсизлиги туфайли шундай эмоционал муносабатнинг бўлиши табиий. Ҳакам ва VAR вазиятни таҳлил қилишлари лозим. Мен учун футбол - бу футбол, Премьер-лига эса - Англия футболи. Ўйлашимча, бу қизил карточка жуда ғалати эди», - деди Моуриньо.

Ҳазил ўз йўлига, лекин ўша «қизил» туфайли «шпорлар» хавбеки учта ўйинга дисквалификация қилинди. «Тоттенхэм» томонидан Тейлорнинг қарори юзасидан йўлланган апелляция қаноатлантирилмади ва Сон жамоасининг «боксинг дэй»даги учта ўйини - «Брайтон» (26 декабрь), «Норвич» (28 декабрь) ҳамда «Саутгемптон» (1 январь) билан учрашувларни ўтказиб юборди.

Гомешга қарши даҳшатли фол

Кореялик вингернинг 2019 йилдаги иккинчи қизил карточкасини ҳам яхши эсласангиз керак. АПЛ 11-тури доирасидаги «Эвертон»га қарши баҳсда Сон рақиб жамоа ярим ҳимоячиси Андре Гомешни «подкат» усулида тўхтатиб қолишга уриниб, унинг оёғига тепди. Натижада португалиялик йиқилаётганда қўрқинчли жароҳат олди - ўнг оёғининг тўпиқ қисми синди. Дастлаб ҳакам Сонга сариқ карточка кўрсатмоқчи эди, аммо «Эвертон» ярим ҳимоячисининг жиддий шикастланганини кўргач, чўнтагидан «қизил»ни чиқарди.

Ўша тўқнашув пайтидаги ҳиссиётлар тарқаб, эпизод астойдил таҳлил қилингач, кореяликнинг ҳаракатлари ўта қўпол эмас деб топилди. Англия футбол ассоциацияси «Тоттенхэм» апелляциясини қаноатлантириб, вингернинг қизил карточкасини бекор қилди.

«Борнмут» билан учрашувдаги туртиш

Мавсум-2018|2019нинг охирги ўйинларидан бирида Сон майдондан четлатилди. Таъбир жоиз бўлса, ўтган йили айнан шу «қизил»га кореялик муносиб эди. Ўшанда «Борнмут»га қарши кечган баҳснинг биринчи бўлими охирларида Сон ўйин тўхтатилганига қарамай, тўпни олиб қўйишга уринган Хефферсон Лермани жаҳл аралаш туртиб юборгани учун жазоланганди.

Ўша учрашув якунланганидан кейин «Тоттенхэм» кореялик футболчига кўрсатилган карточка бўйича апелляция берди. Бироқ ҳакамнинг қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Натижада «шпорлар» ярим ҳимоячиси учта ўйинга дисквалификация қилинди. Шу тариқа Сон АПЛнинг жорий мавсуми стартини ўтказиб юборди.

Соннинг шубҳали кўрсаткичи бўйича хулосалар оддий. Кореяликка берилган 3та «қизил»дан иккитаси жуда баҳсли, шундай экан, қайсидир маънода, «шпорлар» вакили «вазиятлар қурбони»га айланди, дейиш мумкин. Лекин барибир, «Тоттенхэм» вингери ҳиссиётларини назорат қилиш бўйича бироз ишласа ёмон бўлмасди. Акс ҳолда, заруратсиз карточкалардан ўзини асрай олмайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz