Қайднома

Қидирув

Шайланинг, бугун ўйин!!!

Шайланинг, бугун ўйин!!!

  09.01.2020 09:28
  0
  294
Шайланинг, бугун ўйин!!!

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун форсларга қарши ўйин билан Осиё чемпионати-2020 (U-23)га киришади. Учрашув таиланднинг Сонгкхла шаҳрида жойлашган «Тинсуланон» стадионида маҳаллий вақт билан соат 17:15 (Тошкентда - 15:15)да старт олади. Вакилларимиз 2-тур баҳсини 12 январь куни Хитой термасига қарши ўтказишади. Иккинчи учрашувга ҳам «Тинсуланон» аренаси мезбонлик қилади, фақат бошланиш вақти бошқа - 18:15 (Тошкент вақти билан). Жанубий Корея олимпиячиларига қарши кечадиган 3-тур ўйини эса 15 январь кунига белгиланган. Буниси Таиланд пойтахти - Бангкокка қўшни Патхумтхани (Патум Тани) шаҳридаги «Таммасат» стадионида соат 15:15да бошланади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоа­си Токио Олимпиадаси йўлланмалари тикилган қитъа чемпионатига катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрди. Хусусан, БААда ташкил қилинган охирги йиғин жуда самарали ўтди. Ҳар ҳолда, Любинко Друлович жамоаси Дубайда 4та ўртоқлик учрашуви ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонди. Жумладан, Ироқ олимпия термаси 2 марта ишончли тарзда мағлуб этилди - 3:1, 4:2. Жамоамиз Таиландга етиб боргач, сўнг­ги назорат баҳсини Қатар олимпиячиларига қарши ўтказиб, унда ҳам ғалаба қозонди - 3:1. Бир сўз билан айтганда, сербиялик Друлович ўртоқлик ўйинлари асносида жамоани чемпионатга муносиб тайёрлаганини кўрсатди. Энди барчасини финал раундидаги расмий учрашувларда исботлаш қолди, холос. Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш учун гуруҳ босқичидан чиқиб, чорак финал тўсиғидан ўтиш талаб этилади. Аниқроқ айтсак, агар Япония термаси ярим финалга чиқса, унда бу босқичнинг барча иштирокчилари Олимпиада чиптасини олади. Бордию, японлар ярим финал довонини забт этолмасалар, ОФК учун ажратилган 3та йўлланмадан бири тақдирига 3-ўрин учун ўйин ойдинлик киритиб беради. Демак, Друлович шогирдлари аввалига мураккаб гуруҳда камида 2-ўринни эгаллашлари керак. Эслатма, шундай тақдирда олимпиячиларимиз илк «плей-офф» раундида Вьетнам|КХДР|Иордания|БАА тўртлиги вакили билан тўқнаш келишади. Кўриниб турибдики, аввало, гуруҳдан чиқишдек мураккаб вазифани уддалаш керак. Шунда катта эҳтимолки, Олимпиадага бир қадам қолади. Тушунарлики, Эрон термасига қарши кечадиган илк баҳс жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўйлаймизки, футболчиларимиз барчасини яхши тушуниб туришибди ва бугун чиройли ўйин ва ғалаба билан барчамизни қувонтиришади.

Умуман олганда, олимпиячиларимиз Таиландга мусобақа стартидан деярли бир ҳафта олдин етиб боришди ва у ерда ҳам машғулотларни кўтаринки руҳда олиб боришди. Сешанба кунги машғулотларнинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ вакиллари учун очиқ бўлди. Жараённи ОФК медиа бўлими ходимлари, Хитой телевидениеси вакиллари, шунингдек, Таиланд нашрлари журналистлари кузатиб боришди. Машғулот аввалида терма жамоамиз бош мураббийи Любинко Друлович ОАВ вакилларига қисқача интервью берди:

- Жамоамиз мусобақага тайёргарликни бир маромда давом эттиряпти. Таркибда иқтидорли йигитлар жамланишган. Олдинда бизни мураккаб учрашувлар кутиб турибди. Зеро, Эрон, Хитой ва Жанубий Корея термалари қитъада муносиб ўринга эга кучли жамоалардир. Рақибларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман - биз ҳар бир жамоа билан тенг­ма-тенг ўйнашга шаймиз. Ўзбекистон термаси аввалги мусобақада ғолибликни қўлга киритган, шундай экан, мухлислар биздан яна муваффақиятли иштирок кутишади. Ўз нав­батида, ўзбекистонлик мухлисларга Олимпиада йўлланмасини тақдим этиш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз, - дея таъкидлади сербиялик мутахассис.

Муҳими, машғулотлар жараёнида футболчилар катта иштиёқ билан ишлашди. Уларнинг ғалабага чанқоқ эканликлари, Ўзбекистон футболи тарихида янги саҳифа очиш ишқида ёнаётганликлари шундоқ сезилиб турди. Ажабмас, шу чанқоқлик, шу ёнувчанлик эвазига бизга Олимпиада йўлланмасини тортиқ этишса. Олға, йигитлар!

***

U-23 тоифасидаги Осиё чемпионати старти арафасида ОАВ томонидан Ўзбекистон олимпия терма жамоасига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ОФК расмий сайти мухбирлари бир қатор футболчиларимиздан интервью олишди. Дейлик, сешанба куни ОФК Медиа бўлими вакиллари терма жамоамиз жойлашган BP Samila Hotel меҳмонхонасида бўлиб, етакчи футболчиларимиздан бири - Ҳожиакбар Алижоновни суҳбатга тортишди. Қуйида «Пахтакор» вакилининг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

- Терма жамоамиз турнирга яхши тайёргарлик олиб борди. Йигитларда кайфият аъло даражада. Барчамиз ўйинларга тайёрмиз. Маҳаллий иқлимга мослашишда ортиқча муаммо бўлмайди, менимча. Зеро, қишки йиғинларни иссиқ мамлакатларда олиб бордик. Қолаверса, Таиландга бироз эртароқ келдик.

2018 йили U-23 тоифасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, мухлисларимиз, яқинларимизни роса қувонтирган эдик. Эндиги мақсадимиз - ўша муваффақиятни такрорлаш ва Олимпиадага йўл олиш. Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиб, бутун Ўзбекистон халқини хурсанд қилишни хоҳлаймиз. Ўйлайманки, ҳамюртларимизга чиройли ғалабалар тақдим этишга қодирмиз.

U-23 Осиё чемпионати

“C” гуруҳи

1-тур

Ўзбекистон – Эрон

9 январь, соат 15:15. “Тинсуланон” стадиони, Сонгхла

2-тур

Хитой – Ўзбекистон

12 январь, соат 18:15. “Тинсуланон” стадиони, Сонгхла

3-тур

Ўзбекистон – Жанубий Корея


15 январь, соат 15:15. “Таммасат” стадиони, Патум Тани


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz