Қайднома

Қидирув

Бугунги рақибимиз Эрон Олимпия термаси ҳам кучлими?

Бугунги рақибимиз Эрон Олимпия термаси ҳам кучлими?

  09.01.2020 12:33
  0
  377
Бугунги рақибимиз Эрон Олимпия термаси ҳам кучлими?

U-23 тоифасидаги Осиё чемпионати-2020даги илк рақибимиз - Эрон олимпия термаси салоҳияти қандай? Форслар бу ёш тоифасида ҳам катталар миқёсида бўлгани каби ўта важоҳатлими? Жамоа таркибида таниқли футболчилар борми? Қуйида championat.asia сайти маълумотлари асосида ушбу рақиб билан танишиб чиқамиз.

2018 йилнинг апрель ойида хорватиялик таниқли Златко Кранчар Эрон олимпия жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу мутахассис Германияда ўтказилган ЖЧ-2006 орқали танилган эди. Ўшанда Кранчар Хорватия миллий жамоасини мундиалга олиб чиққанди. Хорватлар ЖЧ гуруҳ босқичида унинг қўл остида Бразилия (0:1), Япония (0:0) ва Австралия (2:2) термалари билан ўйнаб, якунда 3-ўринни банд этишган. Кранчар бошчилигида Эрон олимпия термаси 2019 йилни Қатарда ташкиллаштирилган халқаро мусобақа билан бошлади. Форслар Дохада аввалига Тожикистон термасига 1:2 ҳисобида ютқазишди, кейин Қувайт (5:0) ва Қатар (2:1) жамоаларидан устун чиқишди.

Эрон олимпия термаси Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳсларини ўз майдонида ўтказди. Март ойида бўлиб ўтган расмий баҳслардан олдин эса Теҳронда Сурия олимпиячиларига қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этилди ва унда Кранчар шогирдлари 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Саралаш босқичида эса Туркманистон (3:1) ва Яман (3:0) термалари мағлуб этилди. Сўнгги турда Ироқ олимпия жамоаси билан дуранг қайд этган (0:0) форслар 7 очко тўплаган ҳолда, ОЧ финал раунди йўлланмасини қўлга киритишди. Бироқ Эрон футбол федерацияси раҳбарияти жамоанинг саралашда намойиш этган ўйинидан қониқмади ва май ойи бошида Златко Кранчарни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига маҳаллий мутахассис Фарҳод Мажидини тайинлади. Форслар янги мураббий бошқарувида илк ўртоқлик ўйинини сентябрь ойида ўтказишди. Ёдингизда бўлса, юртимизда меҳмон бўлган Эрон U-23 термаси Олмалиқ ва Тошкентда ташкил этилган «ўртоқлик»­ларни тегишлича 0:1 ва 1:4 ҳисобида бой берди.

Шу мағлубиятлар сабабми, Эрон ФФ октябрь ойи бошида Фарҳод Мажидини ҳам ишдан бўшатди. Эндиликда олимпия термасига Эрон миллий жамоаси собиқ футболчиси Ҳамид Эстили устозлик қилмоқда. У 1998 йили Францияда ўтказилган ЖЧда АҚШ термаси дарвозасига гол ургани билан танилганди. Форслар октябрь ойида Эстили бошчилигида Қатарда Австралия олимпиячилари билан куч синашиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ноябрда эса Эрон U-23 жамоаси Индонезияда йиғин олиб бориб, маҳаллий олимпия термаси билан 2 бора ўйнади - 1:1 ва 1:2. Ноябрь ойи охирида Эстили жамоаси Дохада Қатар U-23 термасига ют-қазди - 1:2.

Ҳамид Эстили 15 декабрь куни маҳаллий журналистларга берган интервьюсида Осиё чемпионатига тайёргарлик кўнгилдагидек кетмаётгани ҳақида кескин гапирди: «Машғулотлардан умуман кўнглим тўлмаяпти, чунки барча футболчилар ҳали сафимизга қўшилишгани йўқ. Федерация билан оғзаки келишувга кўра, Эрон чемпионати вақтинча тўхтатилиши лозим эди, лекин ундай бўлмади. Боз устига, «Истиқлол» ва «Сепаҳон» ўз ўйинчиларини жамоага қўйиб юбормади. 20 декабрь куни Дохага учишимиз керак, лекин таркибимиз тўлиқ эмас. Ўйлайманки, Эрон футбол федерацияси вазиятни тўғри тушунган ҳолда, тайёргарлик дастурига ўзгартириш киритади. Биз жуда кучли гуруҳдан жой олганмиз. Яхши натижа кўрсатиш учун шунга яраша шайланиш керак. Ҳозир барча жамоалар тўлиқ таркиб билан шуғулланяпти, биз эса муаммолар гирдобидамиз...».

Хуллас, Эрон олимпиячилари декабрь ойининг сўнгги 10 кунлигида Дохада йиғин олиб боришди. Унинг давомида Қатар термаси билан 1та ўртоқлик учрашуви ўтказилди. 2:2 ҳисобида якунланган баҳсдан кейин Эстили оддийроқ фикр билдирди: «Яхши ўйин ўтказдик. Бу учрашув биз учун ўзига хос дарс бўлди. Шу орқали Ўзбекистон U-23 термасига қарши баҳс олдидан футболчиларни охирги марта синовдан ўтказиб олдик. Қатарликларга қарши ҳам ҳужумкор, ҳам ҳимоявий футбол намо-йиш этдик. Ўйинда рақибнинг икки футболчисига қизил карточка кўрсатилди, лекин биз уларнинг майдонда қолишларини хоҳладик. Мақсадимиз Қатар термасининг тўлиқ таркибига қарши ўйнаб, ўз кучимизни баҳолаш эди».

Эрон олимпиячилари Таиландга 2 январь куни боришди. Жамоанинг Осиё чемпионатида қатнашадиган футболчилари орасида икки нафар легионер бор. Ярим ҳимоячи Меҳди Меҳдихани «Вараздин» (Хорватия) клубида фаолият олиб бормоқда. У жорий мавсум Хорватия олий лигаси доирасидаги 10та ўйинда майдонга тушди. Ҳужумчи Оллоҳёр Сайадманеш эса Туркиянинг «Фенербахче» клуби аъзосидир. Тўғри, у айни пайт биринчи лига вакили - «Истанбулспор»да ижара муддатини ўтамоқда. Оллоҳёр бу клуб сафида 7 марта майдонга тушди, аммо ҳали гол урмади.

Эрон олимпия терма жамоасининг Осиё чемпионати-2020га берган якуний «заявка»си

 

Дарвозабонлар

Мераж Исмоили («Зоб-Оҳан»)

Ҳабиб Аббосифар («Нафт Масжед»)

Меҳди Нуроллоҳи («Сайпа»)

Ҳимоячилар

Меҳран Дерахшан («Зоб-Оҳан»)

Омид Нурафкан («Сепаҳон»)

Ориф Агҳаси («Фулад»)

Шаҳин Таҳерхани («Истиқлол»)

Можтабо Нажжариан («Фулад»)

Ҳусайн Саки («Санъат Нафт»)

Матин Каримзода («Парс Жонуби»)

Ярим ҳимоячилар

Амирҳусайн Ҳусайнзода («Сайпа»)

Жаъфар Салмани («Санъат Нафт»)

Сина Замеҳран («Шаҳр Кодро»)

Муҳаммад Ходабандеҳло («Пайкан»)

Меҳди Меҳдихани («Вараздин», Хорватия)

Ризо Деҳгани («Нассажи»)

Ҳужумчилар

Муҳаммад Моҳеби («Сепаҳон»)

Меҳди Гаеди («Истиқлол»)

Ризо Жабиреҳ («Санъат Нафт»)

Али Шожаи («Нассажи»)

Амир Рустайи («Персеполис»)

Ризо Шокари («Тракторсози»)

Оллоҳёр Сайадманеш («Истанбулспор», Туркия)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz