Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович: «Милан»га ёрдам бера оламан»

Златан Ибрагимович: «Милан»га ёрдам бера оламан»

  10.01.2020 01:11
  0
  395
Златан Ибрагимович: «Милан»га ёрдам бера оламан»

Аввалги ҳафта Миланда Златан Ибрагимовичнинг «россонерлар» сафига қайтгани шарафига махсус таништирув ва матбуот анжумани ташкил этилди. Эслатма, швециялик голеадор «Милан» билан мавсум охирига қадар мўлжалланган шартномани расмийлаштирди. Ҳужжатда келишув муддатини автоматик тарзда яна 1 йилга узайтириш имконияти борлиги ҳам қайд этилган.

- Мухлислардаги кучли иштиёқни яққол ҳис этиб турибман, - дея гап бошлади Златан Ибрагимович анжуманни очиб берар экан. - Жамоада тўп сурганимда, ҳамма билан муносабатим аъло даражада бўлганди. Мана, бу сафар ҳам мени жуда илиқ кутиб олишди. Жамоа муваффақиятининг 50 фоизи мухлисларга боғлиқ. Улар астойдил қўллаб туришса, майдонда тўп суришимиз осонроқ бўлади. Муҳими, ўйинларга тайёрман, тезроқ майдонга тушишни истайман.

- Журналистлар Европага қайтишингни 2 ойдан буён муҳокама қилишаётганди. Яна айнан «Милан» сафида тўп суришга қачон қарор қилдинг?

- АҚШдаги охирги учрашувдан кейин Паоло мен билан алоқага чиқди. Ўзи 38 ёшда навқиронлик давримдагидан кўпроқ таклифлар олганимни айтишим жоиз. Умуман, чинакам адреналин излаётгандим. Бу ёшда маблағ хусусида ортиқча бош қотирилмайди, бор куч-маҳорат билан тўп суришга ундайдиган мотивация муҳимроқ. Кейинчалик Бобан билан кўп бора гаплашдим. Хусусан, «Милан»нинг «Аталанта»га қарши ўйинидан сўнг тинмай қўнғироқ қилишди. Умуман, қайтиш қарорини чиқаришда асло иккиланганим йўқ. Аслида 2012 йили ҳам кетиш ниятида эмасдим, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмагандим. Мана, яна «Милан»даман ва ёрдам бериш учун барча имкониятларимни сарфлашга тайёрман. «Милан» - жонажон уйим. Эсимда, «Барселона»дан келганимда бу ерда завқ билан тўп суришимни айтгандим. Ҳозирги бош мақсадим ҳам шу. Чунки «Милан»ни қаттиқ севаман.

- Миланга иккинчи ташриф сен учун жиддий даъватми ёки...? Бу ерга жамоани Европа майдонига қайтариш илинжида келганингга умид қилиш мумкинми?

- Вазиятни ижобий тарафга ўзгартириш йўлида жамоага ёрдам беришни хоҳлайман. Нимага эришишимизни эса вақт кўрсатади. Ўйлашимча, «Милан» ҳамон юксак салоҳиятга эга. Ҳа, ҳозирги натижалари талаб даражасида эмас, айниқса, охирги беллашув ўхшамади. Лекин мавсум - спринт эмас, балки марафондир. Ишонч билан астойдил тер тўкиш лозим. Қисқаси, доимо хайрли якунга умид қиламан. Мақсадим - клубга қўлдан келганича ёрдам бериш.

- Кўплаб чемпионлар «Милан»га қайтган бўлсаларда, улар ижобий ўзгаришни амалга оширолмадилар. Хўш, сен асосан нимани ўзгаришга уринасан?

- Бир нарса аниқ - ўз касбимга нисбатан иштиёқ ва кучли эҳтиросни ҳали йўқотган эмасман.

- Дарвоқе, олдинроқ «Милан»нинг янги йўналишига ишончинг комил эмаслигини айтгандинг. Қандай омил фикрингни ўзгартиришга мажбур этди?

- «Милан» ҳамиша «Милан»лигича қолаверади. Тарихни ўзгартиришнинг имкони йўқ. Берлускони кетгач, жамоада кескин ўзгаришлар юз берди. Шахсан мен учун ўтмишдан кўра, келажак муҳимроқ. Қисқаси, клуб ниҳоят, ижобий ўзгаришларга юз тутишидан умидворман. Бунинг учун 200 фоиз ғайрат билан тер тўкишга тайёрман. Агар ишонмаганимда, бу ерга қайтмасдим.

- Янада яхшироқ ўйнай олишингга ишонасанми? Қайси жиҳатлар эвазига?

- Менда жисмоний томондан сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ. Муҳими, ўз салоҳиятимга нисбатан ишонч ҳар қачонгидан-да юқорироқ. Майдонда нима қилиш кераклигини яхши биламан, иқтидоримни тўла намойиш эта олишимга шубҳаланмайман. Бунга тажриба орқали эришдим, албатта.

- Ҳозирги «Милан» қандай таассуротлар қолдирди? Биринчи даврада айнан нималарда хатоларга йўл қўйилди?

- Четдан туриб дангал жавоб бериш мушкул. Чунки жамоа ичида нималар рўй берганини билмайман.  Шундай экан, хатолар хусусида аниқ фикр билдиролмайман. Билганим - «Милан» ҳамиша «Милан»лигича қолади, ҳаттоки, қониқарсиз натижалар ҳам унинг важоҳатини пасайтиролмайди.

- Машғулотларда ҳаммага далда бериб туришингни жамоадошларинг кўп таъкидлашади. Энди 2 нафар фарзанднинг отасисан. Клубдошларингга нисбатан янада талабчанроқ бўласанми?

- Улар олдига энг юқори талабларни қўяман (кулади).  Жиддий гапирсам, аввал қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Ҳар қандай юмушни меҳр ва куюнчаклик билан бажариш лозим. Фидойилик кўрсатмаган футболчи ўз маҳоратини тўлиқ намойиш этолмайди. Демак, барча жамоадошларим фидойилик кўрсатишларини истайман. Ишлаш керак, тамом...

- Райола бу галги қайтишингни сўнгги босқичга қиёслади. Ўзинг қандай фикрдасан?

- Жароҳатдан кейин узоқ ўйладим ва футболда омадли эканлигимни англадим. Кўпчилик майдонга қайтмаслигимни айтганди. Аммо ишлашдан тўхтамадим ва қайтишни уддаладим. Энди яна юксак савияда тўп суришни истайман. Албатта, энди 20 ёшдагидек тезкор ҳаракат қилолмасам керак, лекин тўп билан муомала қилишни ўрганганлар қайси ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини яхши биладилар. Дейлик, тинимсиз югуриш билан амалга ошириладиган ишни 40 метрдан зарба йўллаш орқали ҳам уддалаш мумкин.

- Жамоанинг энг яхши тўпурарлари - Пентек ва Тео. Улар ҳақида нима дея оласан?

- Жамоанинг барча ўйинчилари юксак савияга эгалар. Энди шу савияни амалда намойиш этиш шарт. «Милан» либосида майдонга тушиш - шараф! Фақат натижа оқсамоқда. Бунга барҳам бериш учун ҳар ким ўз вазифасини мукаммал адо этиши талаб этилади.

- Мавсум якунида сени қандай натижа қониқтиради?

- Жамоа вазиятни ўнглаши, қаддини ростлаши лозим. Шахсан мен йигитларга кўмаклашиш, ўйиндан, яна майдонга тушишдан завқ олиш ниятидаман. Футболсиз зерикиб қолдим. Минглаб мухлисларнинг олқишлари ва ҳуштакбозликларини соғиндим. Майли, ҳуштак чалаверишсин - бу шахсан мен учун янада кучлироқ мотивация.

- Демак, жангга шайсан. Роналду билан рақобатлашишгачи? У ҳам мотивация манбаими?

- Ҳамон рисоладаги спорт формасидаман, ёлғиз шуғулландим. Ўйлашимча, ўйинга тайёрман. Криштиануга келсак, унинг Италияда эканлиги - айни муддао. Рақобат натижасини эса вақт кўрсатади.

- Кеча швед футболи учун унутилмас кун бўлди: сен «Милан»да, Кулусевски «Ювентус»да. Бу футболчини биласанми?

- Ватандошларимнинг номдор жамоаларда тўп суришлари Швеция футболи учун фахр ва манфаат келтиради. АҚШда яшаганим боис, барча ўйинларни томоша қилишнинг иложи бўлмади. Лекин Деян хусусида илиқ фикрларни эшитдим. Унинг учун жуда мамнунман.

- Бир пайтлар «Милан»дан кетишни истамагандинг, энди қайтдинг. Жамоада қанча муддат қолишни режалаштиряпсан?

- Клуб билан самимий муносабат шаклланса, балки узоқроқ қолиш имконияти туғилар... Ҳозирча ўз ўйиним билан ижобий ўзгаришга эришишни истайман. Агар мавсум охиригача фойда келтира олишимни исботласам, фаолиятимни давом эттираман. Ҳаммасини қайтадан бошламоқчиман. Чунки Ибрагимовичман. Ўтмишни унутиш лозим. Фақат маҳоратимни кўрсатсам, бас. Бу аввало, ўзим учун муҳим.

- Охирги «Лос-Анжелес дербиси»да ҳаводан узатилган тўп учун курашларда кўп ғолиб чиқдинг, гол урдинг, ассистентлик ҳам қилдинг. Шуни назарда тутсак, «Милан»га кераклигингга шубҳа қолмайди.

- Қайтараман, бу аввало, ўзим учун жиддий синов. Италия футболида кескин бурилиш ясамоқчиман. Бунинг учун кўп тер тўкишим лозим. Майдонга тушиб, натижа бермаслик - ҳеч кимга ёқмайди. Мақсадим битта - ҳар қандай йўл билан жамоага ёрдам бериш. Анча улғайдим, ўйин услубим ўзгарди, лекин майдонда нима қилишни ҳамон яхши биламан.

- Пиоли билан майдондаги вазифанг хусусида гаплашиб олдингми?

- Кеча кўришдик, аммо бафуржа суҳбатлашишга фурсат бўлмади. Кун жуда тиғиз ўтди. Бироз фикр алмашишга улгурдик, холос. Ҳали барчасини хотиржам гаплашиб оламиз.

- Ўтган йилиёқ қайтишинг мумкин эди. Ўшанда трансфер нима учун амалга ошмади?

- Леонардо билан гаплашгандим, аммо тайёр эканлигимга амин эмасдим. Аввало, яхши спорт формасига кириш ва ўзимга тўлиқ ишонч ҳосил қилишни истадим. АҚШда вақтни чакки ўтказмадим ва Италияда тўп суриш, «Милан»га ёрдам беришга тайёрлигимни ҳис этдим.

- «Милан»даги 2-мавсумда Ночерино туфайли ўйининг очилиб кетганди...

- Йўқ, мен туфайли унинг ўйини очилган.

- Ҳозирги таркибда қайси футболчи сендан Ночерино каби манфаат олиши мумкин?

- Йигитлар билан яхши таниш эмасман, уларни фақат телевизор орқали кўрганман. Одатда барча жамоадошларимга ёрдам беришга интиламан. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Агар ким ақлли бўлса, манфаат топади.

- «Милан» 17та учрашувда 16та гол урди. Сен эса фаолиятинг давомида 363та.

- Янглишдингиз, 500дан ортиқ гол урганман.

- Яхши-яхши, яна 150тадан ортиқ голга ассистентлик қилгансан. Шуниси муҳимроқдек туюлмоқда.

- Бу ўйинимнинг бир қисми. Гол урмасам, самарали узатмани амалга ошираман. Футбол - жамоавий ўйин. Статистикани яхшилашга ҳаракат қиламиз. Қатъий ишонч билан майдонга тушсак, ишимиз бароридан келаверади.

 

Сўз

- Барчани янги йил билан муборакбод этаман. Бетакрор футболчи билан дийдорлашиб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Умидворманки, унинг сафимизга қўшилиши катта самара беради. Ҳамма натижага илҳақ. Йўқ, Златан ортига яширинмоқчи эмасмиз. Унинг қайтиши мавсумга ўзгариш киритишига умид боғлаймиз. Златан ҳаммамизга ёрдам беради.  Звонимир Бобан («Милан» футбол директори).

 

Златан Ибрагимович эътирофлари

Либосидаги рақам хусусида:

- Барча бўш рақамларни фарзандларимга кўрсатдим. Улар «21»ни танлашди. Тўнғич ўғлим шу рақам остида ўйнайди.

Қўрқув хусусида:

- Қачондир қўрқувни ҳис этганманми? Йўқ, асло...

Златанометр ибораси хусусида:

- Златанометр»да доимо 200 рақами ёниб туради.

«Милан» хусусида:

- Барчаси зўр: буюк клуб, буюк жамоа, буюк «Сан-Сиро».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz