2019 йилнинг ёзида «Бавария» «Атлетико»дан ҳимоячи Лукас Эрнандесни сотиб олди. Трансфер суммаси 70 млн. еврони ташкил қилди ва бу Мюнхен клуби тарихидаги энг қиммат харид бўлди. «Қизиллар» таркибни ёшартиришни давом эттиришмоқда, аммо жамоадаги марказий ҳужум позицияси дахлсизлигича қолмоқда. Роберт Левандовскининг «Бавария» учун муҳимлиги шубҳалардан холи - 31 ёшли форвард нафақат кўп гол урмоқда, балки унда жароҳатлар сабаб ўйинларни ўтказиб юбориш ҳолати жуда кам кузатилади (сўнгги уч мавсум давомида атиги 8та учрашувда майдонга тушмади). Аммо ҳар қандай жамоага иккинчи ҳужумчи керак, ҳаттоки, «Бавария»га ҳам. Championat.com мюнхенликлар сафидаги келажаги порлоқ форвард ҳақида сўз юритади.
2018 йилнинг январида ушбу ролни бажариш учун «Хоффенхайм»дан Сандро Вагнер олиб келинди. Мюнхенликлар тарбияланувчиси қадрдон клубида узоқ ушланиб қолмади - бир ярим мавсум давомида Вагнер бор-йўғи 30та ўйинда қатнашиб, 10та гол урди. Бошқа вазиятларда Левандовскининг ўрнини тўлдириш вазифаси ё Томас Мюллер ёки бошқа бирор футболчи зиммасига юклатилди. Мисол учун, Иван Перишич яқинда ЕЧЛ доирасидаги «Тоттенхэм»га қарши баҳс (3:1)ни ҳужум марказида бошлаганди.
2019 йилнинг декабрь ойи бошларида «Бавария» вингери Кингсли Коман тиззасидан жароҳат олди. Мюнхенликлар олдида ҳужумни ўринбосарлар таркибидагилар эвазига кучайтириш мажбурияти пайдо бўлди - декабрдаги ўйинлар «заявка»сига Леон Даяку (18 ёш), Сарприт Сингх (20 ёш) ҳамда Жошуа Зиркзее (18 ёш) киритилдилар. Бу футболчиларнинг ҳаммаси Бундеслигада дебютини нишонлади, ўз ҳаракатлари билан «Бавария»нинг асосий жамоасига фойда келтириш эса фақат Зиркзеега насиб қилди.
Жошуа «Фрайбург»га қарши сафарда кечган ўйиннинг 90-дақиқасида майдонга тушганида, ҳисоб 1:1 бўлиб турганди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётганда, рақиб жарима майдончаси ичида пайдо бўлган Зиркзее Серж Гнабри томонидан узатилган тўпни тўрга жойлаб қўйди. Жошуанинг голи «Бавария»га ғалаба келтирди, аммо бу ўйиндаги сўнгги гол эмасди - қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчиси ўтиб бораётганда Гнабри «Фрайбург» дарвозабонини ранжитиб, якуний ҳисоб (3:1)ни ўрнатди.
Кейинги турда «Бавария» ўз майдонида «Вольфсбург»га қарши ўйнади. Мюнхенликлар, гарчи ташаббусга эришган бўлсаларда, дастлаб яратилган имкониятлардан фойдалана билмадилар. 83-дақиқада Зиркзее Филиппе Коутиньонинг ўрнига майдонга тушди. Натижада «Фрайбург» билан ўйин сценарийси такрорланди - ўйинга қўшилиши ҳамоно, Жошуа гол урди, бир неча дақиқадан кейин эса Гнабри рақиб дарвозасини ишғол қилди (2:0).
Жорий мавсум «Бавария» ўзидан нисбатан кучсизроқ бўлган жамоаларга қарши баҳсларда қимматли очколарни йўқотди: «Герта» ва «Аугсбург» билан дуранг ўйнади, «Хоффенхайм» ва «Айнтрахт»га ютқазди. Зиркзеенинг уринишлари туфайли қўлга киритилган иккита ғалабадан кейин «Бавария» турнир жадвалида «Лейпциг» билан орадаги очколар фарқини қисқартиришга эришди. Мюнхенликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ёш шогирдининг муваффақиятини шундай изоҳлади: «Жошуа учун хурсандман. Бундай ёш ва иқтидорли футболчиларнинг пайдо бўлиши клубнинг фойдасига ишлайди, аммо навқирон ўйинчилар билан ишлаётганда эҳтиёткор бўлишимиз керак».
Зиркзее ҳақида
Жошуа - «Фейеноорд» тарбияланувчиси. Унинг Нидерландия клуби ёшлар таркибидаги сўнгги мавсуми анча сермаҳсул кечганди - 27та ўйинда 33та гол. Шундан кейин Европа клублари ёш форвардга қизиқиш билдира бошлашди.
Зиркзее «Эвертон» либосини кийиши ҳам мумкин эди. 16 ёшида у Ливерпуль жамоаси кўригидан ўтган, ҳатто «ирислар» таркибида халқаро турнирда ҳам қатнашганди. «Эвертон»нинг собиқ бош мураббийи Рональд Куман Жошуанинг савиясини юқори баҳолаганди. Аммо кейинчалик футболчининг ўзи Мюнхенга кўчиб ўтишни маъқул кўрди.
Зиркзее «Бавария» таркибида гол урган энг ёш футболчилар рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб турибди. У «Фрайбург» дарвозасини ишғол қилганида, 18 ёшу 210 кунлик эди. Жошуадан яхшироқ натижани Альфонсо Дэвис (18 ёшу 135 кунлик) ва Роке Санта Круз (18 ёшу 12 кунлик) қайд этишган.
Гарчи Зиркзеенинг бўйи анча узун (193 см.) бўлсада, у жуда чаққон ва тезкор ҳужумчилар тоифасидан. Жошуа ҳужум марказидан ташқари, бироз орқароқда ва қанотларда ҳам ўзини эркин ҳис қилади. Зарбаси ёмон эмас, стандарт вазиятларни аъло даражада бажара олади.
Зиркзеенинг «Бавария» асосий таркибида пайдо бўлиши қайсидир маънода кутилмаганда рўй берди. Ким билади дейсиз, агар Коман жароҳат олмаганда, Жошуа катталар жамоасида қачон дебют қилган бўларди. Дастлабки голини тасодифга йўйиш мумкин, иккинчиси ҳам шу каби ҳолатда урилгандир, аммо Зиркзеенинг учинчи голи ҳақиқат қарор топганига ишора. «Бавария»да келажакда Роберт Левандовскининг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган ажойиб ҳужумчи улғаймоқда. Ҳозирча Жошуа иккинчи форвард роли билан қониқиш ҳосил қилиб туради.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20