Қайднома

Қидирув

Болажон Жейми ва Ребекка муҳаббати

Болажон Жейми ва Ребекка муҳаббати

  10.01.2020 09:26
  0
  385
Болажон Жейми ва Ребекка муҳаббати

АПЛ-2019|2020нинг биринчи ярмида барчани ҳайрат кўчасига етаклаган «Лестер» декабрга келиб чарчаб қолдими, кетма-кет 3та ўйинда ғалаба қозонолмади. Боз устига, икки топ-клуб - «Манчестер Сити» ва «Ливерпул»га қарши ўйинларда мутлақо ожиз кўринди. Ҳар ҳолда, «тулкилар» 2та учрашувда умумий -1:7 ҳисобида мағлуб бўлишди. Жамоа бош мураббийи Брендан Рожерс эса йил ҳисобидан охирги ўйинда бир неча етакчи футболчиларга дам берди. Яъни «Лестер» Лондонда «Вест Хэм» билан бўлган ўйинни Бен Чилуэлл, Жеймс Мэддисон, Чаглар Суюнжю, Рикарду Перейра ва Юри Тилеманссиз бошлади. Камига кутилмаганда, АПЛнинг тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган Жейми Варди ҳам сафдан чиқди. У ўйинда оилавий сабаб туфайли қатнашолмади - турмуш ўртоғининг кўзи ёриди. Хуллас, «Лестер» деярли иккинчи таркиб билан ўйнаб ҳам ғалаба қозонди, гарчи бошида пенальтидан фойдаланолмаган бўлсада. Тўғри, sport24.ru сайтининг қуйидаги мақоласи «тулкилар» эмас, балки бош «тулки» - Жейми Вардининг муҳаббати ҳақида.

 

*********

Жейми Варди 27 декабрь куни пешқадам «Ливерпул»га қарши кечган ўйинга қадар 5 октябрдан буёғига ҳар бир учрашувда самарали ҳаракатни амалга оширганди. Фахрий ҳужумчи жумладан, «Иттиҳод»да «Манчестер Сити» билан бўлган ўйин-да ҳисобни очди, бироқ кейинчалик Кевин де Брюйне, Илкай Гюндоган ва Габриэль Жезус ғалабани «шаҳарликлар» томон оғдиришди. Жейми кейин Англия Лига кубоги чорак финалидан ўрин олган баҳс («Эвертон»га қарши)нинг пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани амалга оширди. Қисқаси, Жейми ажойиб спорт формасида эди. «Вест Хэм» билан ўйинни эса узрли сабабга кўра, ўтказиб юборди. У учрашувдан сўнг «Твиттер» тармоғидаги саҳифасида турмуш ўртоғи Ребека ўзини яхши ҳис қилаётгани ва янги туғилган қизалоғи ҳам соғлом эканлиги ҳақида хабар ёзди. Айтиш жоиз, бу Варди ва Ребека Николсон оиласидаги 6-фарзанд (!)дир. Тўғри, улардан 2 нафари (Меган ва Тейлор) Ребеканинг олдинги никоҳидан. Дарвоқе, Жеймида ҳам аввалги турмуш ўртоғидан қизи бор. Айни пайт футболчининг собиқ аёли ўша қизи билан аҳён-аҳёнда учрашади, холос. Яъни Вардининг тўнғич фарзанди ҳамон унинг ёнида. Оиланинг қолган 3 нафар фарзанди Ребека ва Жейми никоҳидан туғилган.

*********

Ребека хоним август ойидаёқ ижтимоий тармоқларда 5-фарзандига ҳомиладор эканлигини ҳақида хабар қолдирган эди. У ҳозир 37 ёшда. Жейми билан оила қурганига эса 3,5 йил бўлди. Тўғри, жуфтлик анча олдинроқ танишган: 2014 йили. Ўшанда Ребека хоним Жеймининг туғилган куни шарафига уюштирилган байрам оқшомини ташкиллаштиришда иштирок этганди. Айтишларича, иккиси ўртасида тезда кучли муҳаббат туғилган: Бека ижтимоий тармоқлар орқали доимий тарзда Жеймига севги изҳори билдиради. Мана, битта мисол: «Чинакам муҳаббат садоқат, ишонч ва самимийлик талаб қилади. Шоколад, гуллар ва қимматбаҳо совғалар - иккинчи масала. Асосийси, қалб туғёни».

*********

Варди ва Ребека муҳаббати оғир синовлар ва кучли босимга ҳам учраган. Дейлик, футболчи шу севгиси туфайли онаси ва ўгай отаси билан муносабатларни узишга мажбур бўлган. Гап шундаки, Лиза ва Фил ўртадаги ёш тавофути туфайли Жеймининг Ребека билан турмуш қуришига қарши чиқишган. Чунончи, аёл футболчидан нақ 5 ёш катта. Қолаверса, Жеймининг яқинлари бўлажак келин ўтмишига ҳам бефарқ қарашмаган. Зеро, Ребека вақтида тунги клубда промоутер сифатида ишлаган. Оддий айтганда, Лиза ва Фил ўғилларидан шу қадар ранжишганки, ҳаттоки, тўй маросимида ҳам қатнашишмаган. Пекфертон саройида тўй базми бўлаётган паллада фоторепортёрлар Лиза хонимнинг йўлда ишга кетаётганини суратга олишган ҳаттоки. Яъни аёл ўғлининг тўй куни худдики, ҳеч нарса бўлмаётгандек ўз юмушлари билан шуғулланган...

*********

Бека айниқса, ижтимоий тармоқларда ўта фаол ва кўпинча фанатларнинг изоҳларига жавобан кескин фикр билдиради. Умуман, у мухлислар билан унча келишолмайди. Шунга яраша, фанатларнинг Ребекага муносабатлари ҳам яхши эмас. Хоним бир ёшли қизалоғи Софини «Лестер»нинг 9-рақамли футболкасида суратга олиб, уни ижтимоий тармоққа қўйганида ҳам, кичик жанжал юзага келганди. Гап шунчаки, ўша футболка орқасида фамилия ўрнида «Отажон» ёзуви бор эди. Бу «Лестер» мухлисларига ёқмадими, улар хонимни ҳақоратлаб, унга таҳдид солишгача боришди. Натижада Жеймининг ўзи ўртага тушиб, ижтимоий тармоқдаги «уруш»ни тўхтатди бир амаллаб.

*********

Ребека оғир болаликни бошдан кечиргани ва шунинг таъсирида асабий бўлиб қолганини ошкора тан олади. У ўтган йил кузда айниқса, иккинчи турмуши вақти қаттиқ азоблангани ҳақида ёзди: собиқ эри Стив Кларк у билан ўта шафқатсиз муносабатда бўлган экан. Бека ажрашишга қарор қилган пайт Кларк қамоқда эди: унинг айби билан содир бўлган йўл ҳаракати фалокатида икки киши ҳаётдан кўз юмган.

*********

«Лестер»нинг чемпионлиги ва жамоа тарихи ҳақидаги фильм сценарийси муҳокамага қўйилганида, Ребека хоним муҳим роллардан бирини ижро этиши ҳақида хабарлар чиққанди. Зеро, у Вардига ижобий таъсир ўтказиб, ҳужумчининг ўз иқтидорини тўлиқ намойиш этишига катта ҳисса қўшган. «Лестер» футболчилари ҳам Жейми учун ҳамхонасининг далдаси нақадар муҳимлигини кўп бора таъкидлашган. Бундан ташқари, Варди томонидан қуйи лига ва ҳаваскорлар жамоалари футболчилари учун очилган махсус академияни ҳам айнан Ребека бошқармоқда.

*********

Ребека хоним ўтган йилнинг октябрида ҳам эътибор марказига тушди. Аниқланишича, хоним Уэйн Руни ҳамхонаси Колиннинг «Инстаграм»даги саҳифасидан очиқ суратни кўчириб, уни «сариқ матбуот» (аниқроғи, The Sun нашри)га тақдим этган. Колин айбдорни топиш учун маълум вақт барча билан алоқани узиб, фақат Бекага ўз саҳифасига кириш кодини берган. У шу тариқа сурат айнан Жеймининг маҳбубаси томонидан «ўғирлангани»ни аниқлаган. Ребека эса айбловга жавобан жуда қўрс оҳангда жавоб йўллади: «Шундай майда-чуйда ишлар билан шуғулланишим қолувди... Пул мен учун муаммо эмас. Умуман, Колин олдида ўзимни оқлашга ҳам ор қиламан». Бу можарога ҳаттоки, «Рома» клуби ҳам аралашди: Италия клуби шунчаки, Беканинг «Инстаграм»даги саҳифасини блоклаб қўйди. Бокс промоутери Эдди Хирн эса Ребека ва Колин ўртасида рингда жанг уюштириш таклифини ўртага ташлади. Ҳаммаси Вардининг Руни аккаунтидан юз ўгиргани билан якунланди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz