Қайднома

Қидирув

Ёрдам – совриндан устун ёхуд олийжаноб Месут Озил ҳақида...

Ёрдам – совриндан устун ёхуд олийжаноб Месут Озил ҳақида...

  11.01.2020 01:56
  0
  493
Ёрдам – совриндан устун ёхуд олийжаноб Месут Озил ҳақида...

2019 йилнинг сўнгги ойида «Арсенал» ярим ҳимоячиси Месут Озил негатив хабарлар туфайли омма диққат марказида бўлди. Мавсум бошида эса ўғрилар ҳужумига учради, яхшиямки, «канонирлар» сафидаги жамоадоши Сеад Колашинац уни қутқарди. Кейинчалик Озил гарчи соғ-лом бўлиб, машғулотларда қатнашсада, «Арсенал» асосий таркибига киролмади. Бу ҳам етмагандек, у сиёсий можарога аралашиб қолди: Месут Хитой давлатини уйғурларга зулм қилаётганликда айблади. Чин ўлкасида шу заҳотиёқ «Арсенал» ўйинлари трансляцияси тақиқланди, Озилнинг номига тааллуқли ҳамма нарса йўқ қилинди.

Буларнинг бари Озил билан жорий мавсум давомида рўй берди. Бундан аввал эса у Германия термасини ҳам можаро билан тарк этганди. Эндиликда Месут ижара асосида Туркияда тўп суриши мумкин. Унга «Фенербахче» даъвогарлик қиляпти.

Ўйинидаги пасайиш ва сурункали можаролар Озилнинг бошқа бир жиҳатига таъсир кўрсатмади. Футболчининг яқин келажакдаги мақсади - минглаб болаларга ёрдам қўлини чўзиш, уларни қутқариш.

Совғаларни хайрияга ишлатди

2019 йилнинг 7 июль куни Месут Озил ва Амине Гюлше Истанбулда никоҳ маросимини ўтказишди. Бундан аввал «канонир» куёв «Инстаграм»даги саҳифасида эътиборли қайд қолдирганди: «Фанатлар мен ва дўстларимдан тилаклар ва тўй совғалари ҳақида сўрашди. Балки бу иш профессионал футболчи учун енгилроқдир, аммо қурби етадиганларнинг барчасини ўзига хос лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақираман. Амине иккимиз минг нафар болакайнинг операцияси харажатларини ўз зиммамизга олмоқчимиз. Агар дунёда шунга ўхшаш амалиётлар кўпайса, бундан жуда хурсанд бўлардим».

Ўшанда Озил BigShoe жамоаси ҳақида сўзлаб берганди. Тобора ривожланиб бораётган ушбу тизим аъзолари футбол ва спорт ихлосмандлари бўлиб, улар операцияга муҳтож камбағал болаларга ёрдамлашишади. «Инстаграм»да BigShoe обуначилари сони 3638 нафарга етган. У ерда кўмак қўлини чўзаётган турли ўйинчилар номлари алоҳида тилга олинади. Жумладан, Филипп Лам, Антонио Рюдигер ва Поль Погба ҳақида постлар бор.

Шунга ўхшаш бир нечта қайдлар Озил билан боғлиқ. «2014 йилдан буён бутун дунё бўйлаб эҳтиёжманд болаларга операция ўтказиш учун ёрдам бераётган BigShoe фондини қўллаб-қувватлаяпман. Биз биргаликда тезкор даволаниш имкониятига эга бўлмаган болалар яшаётган ҳудудларга германиялик ва швейцариялик шифокорларни тиббиёт ускуналари билан бирга олиб борамиз», - деганди Озил.

Месут 2014 йили лаб хасталиги билан оғриган бразилиялик болакайларга ёрдам бериш жараёнида қатнашгани ҳақида гапирганди. 2016 йили Озил ва Погба ёнғиндан жабр кўрган ва маймоқлик касаллигига дучор бўлган африкалик болаларга кўмаклашишганди. BigShoe лойиҳаси Германияда жаҳон чемпионати ўтказилган пайт - 2006 йили старт олган. У кўп жиҳатдан Озилнинг иштироки туфайли машҳурликка эришган.

Месут 2019 йил ёзида берган ваъдасини босқичма-босқич бажармоқда, ҳозирга қадар етарлича харажат қилиб улгурди, 2020 йилда ҳам қиладиган ишлар кўплигини таъкидлади. «BigShoe лойиҳасига сўнгги икки йил мобайнидаги ажойиб ҳамкорлик учун миннатдорлик билдираман. Тўйимизга таклиф этилган ҳар бир меҳмон, мухлис ва ушбу лойиҳага ўз ҳиссасини қўшган ҳаммага раҳмат. Шунингдек, хайрия ишларида қатнашаётган халқаро тиббиёт жамоаларига ҳам алоҳида ташаккур айтаман», - деб ёзди Озил.

Июлда Озил Германия термасининг ЖЧ-2014даги ғалабасини ёдга олганди. Ўшанда ҳам хайриядан сўз очди: «Медаллар ва совринлар бизга аввалги муваффақиятларни ёдга солади. Бу болалар, жаҳон чемпионатидаги ютуғимиз бизга шунчаки совриндан кўпроқ нарса берганини ҳам англатиб туришади. Энг муҳими - соғлом ва бахтиёр кичкинтойлар. Ҳаётда бошқаларга ёрдамлашишдан яхшироқ нарса йўқ!».

2014 йили Озилнинг иштироки туфайли34 нафар болакай керакли тиббий амалиётдан ўтишганди. «Арсенал» ҳам Месутнинг ташаббуси билан бошланган хайрия ишларида билвосита қатнашарди. Клуб ногирон болаларга махсус таклиф йўллаб, уларга «канонирлар»нинг уй ўйинларини стадиондан кўриш имкониятини тақдим этган. «Аслида, бу ҳақда гапиришни ёқтирмайман. Мен эзгу ишлари билан мақтанмайдиган авлод вакиллариданман. Бу - камтарлик», - дейди Озил.

Эндиликда германиялик ярим ҳимоячи «Инстаграм»даги 21 миллиондан кўпроқ обуначига эга саҳифасида хайрли ташаббуслари ҳақида қайдлар қолдирмоқда. Бундан кўпчиликнинг кўнгли таскин топмоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.



Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz